Одам ва унинг аъзолари

Эрта билан тўрт оёқлаб юради,
Тушда икки оёқлаб юради,
Кечқурун уч оёқлаб юради.
(Одам — болалиги, йигитлиги, кексалиги)

Тўртида тариқдай,
Ўттизда айиқдай,
Тўқсонида товуқдай.
(Одам — болалиги, йигитлиги, кексалиги)

Ўзи битта,
Калласи иккита,
Думи битта,
Оёғи олтита.
(От минган одам)

Бир тўбада етти тешик.
(Бош, оғиз, бурун, кўз ва қулоқ)

Букдим, букдим,
Ариқдан у ёққа ташладим.
(Соч ўрими)

Қора тол бутоқсиз.
(Соч ўрими)

Тоғда таёқ серкиллар.
(Соч ўрими)

Жарга илон ёпишган.
(Соч ўрими)

Уй устида сара ёй.
(Қош)

Том устида қўш чироқ.
(Кўз)

Кундузи ёнар,
Кечаси сўнар.
(Кўз)

Бир ола чилбирим бор,
У тоғдан бу тоққа етади.
(Кўз)

Оҳурда ола бузоқ ўйнайди.
(Кўз)

Қўш инда қўш сичқон ўйнайди.
(Кўз)

Ола кабутар?
Топилмас гавҳар.
(Кўз)

Икки оғайни бир-бирини кўрмайди.
(Кўз)

Қаричдан яқин,
Осмондан узоқ.
(Кўз)

Атрофи чакалакзор,
Ўртаси ёруғ юлдуз.
(Кўз билан киприк)

Сандиқчамни очдим, ёпдим,
Сачоқлари ташқарида қолди.
(Кўз билан киприк)

Бир қудуқнинг бошида қирқ қиз,
Ҳам қопишар, ҳам тепишар.    
(Кўз билан киприк)

Ойнам усти қопқоқли,
Атрофлари чачоқли.
(Кўз билан киприк)

Кундузи таёқлашар,
Кечаси қучоқлашар.
(Киприклар)

Устида икки дарча,
Ўртасида бир кунда.
(Бурун)

Текис жойда қўш тўла.    
(Бурун)

Қирли тоғдан қизил кўйлакли қиз юмалаб тушди.
(Бурун қони)

Бир тешикда ҳамма олам.
(Қулоқ)

Эшитади, кўрмайди,
Кўради, эшитмайди.
(Қулоқ, кўз)

Уёққа қарасангиз кўрмайсиз,
Бу ёққа қарасангиз кўрмайсиз.
Бошингизга қарасангиз кўрмайсиз,
Соянгизга қарасангиз кўринади.
(Қулоқ)

Ғазнадир, тўлмас,
Бир кун бўш бўлмас.
Бўш қолса, турмас,
Усиз жон бўлмас.
(Оғиз)

Оқ кучугим аравадан сакради.
(Тупук)

Ўра,
Ўра бошида шўра.
(Оғиз, мўйлов, соқол)

Жар бошида бир туп шувоқ.
(Соқол)

Челакча,
Челакча ичида балиқча.
(Оғиз, тил)

Темир қўрғон ичида,
Қизил тойчоқ ўйнайди.
(Тил)

Ҳамма вақт оғзимда,
Ҳеч юта олмайман.
(Тил)

Юриб, оқ товуғимни йўқотдим.
(Тупук)

Бир боғ похол, бели боғлиқ.
(Соқол)

Қизил бузоғимни оғилдан ҳайдасам, чиқмайди.
(Тил)

Тег десам, тегмайди,
Тегма десам, тегади.
(Лаб)

Кичкина охурча,
Ичи тўла михча.
(Оғиз, тиш)

Сандиқ тўла оқ садаф.
(Оғиз, тиш)

Оғил тўла оқ эшак,
Устида кўрпа-тўшак.
(Оғиз, тиш)

Бир уйим бор туйнуксиз,
Ичи тўла юлдуз.
(Оғиз, тиш)

Шов тегирмоннинг тоши.
Олтин эгарнинг қоши.
Шуни топган йигитнинг
Юз йигирма икки ёши.
(Тиш)

Жар ёқалаб тош қўйдим,
Жийрончани бўш қўйдим.
(Тиш, тил)

У ёғи арра, бу ёғи арра,
Ўртасида гўшти барра.
(Тиш, тил)

Ўра,
Ўранинг юқорироғи шўра,
Шўранинг юқорироғи булоқ,
Булоқнинг юқорироғи чироқ,
Чироқнинг юқорироғи қалам,
Қаламнинг юқорироғи чангал.
(Оғиз. мўйлов, бурун. кўз, қош, соч)

Ҳовузча,
Ҳовузча устида булоқча,
Булоқча устида чироқча,
Чироқча устида қаламча,
Қаламча устида айвонча,
Айвонча устида чакалакзор.
(Оғиз, бурун, кўз, қош, пешона, соч)

Чанғароқда қўш чироқ,
У не бўлди, болқантўз?
Уй устида сари ёй,
У не бўлди, болқантўз?
Зарна ерда қўш тўла,
У не бўлди, болқантўз?
Ҳовузи бор, суви йўқ,
У не бўлди, болқантўз?
Қатор-қатор қора нор,
У не бўлди, болқантўз?
Уй ортида қўш терак,
У не бўлди, болқантўз?
(Чанғароқда қўш чироқ
Кўз дегани эмасми?
Уй устида сари ёй,
Қош дегани эмасми?
Зарна ерда қўш тўла,
Бурун деган эмасми?
Ҳовузи бор, суви йўқ,
Оғиз деган эмасми?
Қатор-қатор қора нор,
Соч дегани эмасми
Уй ортида кўш терак,
Соч ўрими эмасми?)

Беш отим,
Бешови ҳам қашқа отим.
(Бармоқлар)

Беш оғайни ёш эди,
Ичида бири бош эди.
(Бармоқлар)

Катта-кичик беш ўртоқ,
Уюшса бўлар тўқмоқ.
(Бармоқлар)

Бир отадан беш ўғил.
(Қўл, бармоқлар)

Икки онага бештадан бола,
Ҳар бирининг оти бор.
(Қўл, бармоқлар)

Бир супада беш бола.
(Қўл, бармоқлар)

Косов,
Косов бошида бешов,
Бешов бошида беш ойна.
(Қўл, бармоқлар, тирноқ)

Бир ўчоққа беш косов.
(Оғиз, беш бармоқ)

Қув ёғоч-а, қув ёғоч.
Қув ёғочда беш ёғоч,
Беш ёғочга қор ёққан,
Қор устига қон томган.
(Қўл, бармоқлар, тирноқ, хина)

Ўнта оға-ини бошидан
Ўнта ой тушиб кетди.
(Бармоқлар, тирноқ олиш)

Бешта ботир, Орқаси ялтир.
(Тирноқ)

Икки отим бор,
Бир-биридан чопоғон.
(Оёқ)

Турсанг турар,
Етсанг ётар.
(Оёқ)

Отамдан бир мерос олдим,
Ерга кўмсам чиримас.
(Исм)

Яратганга ёпишган.
(Исм)

Ҳамма нарсага ёпишган.
(Исм)

Газлаб олинмас, пудлаб сотилмас,
Ҳар кимда бирдан ортиқ бўлмас,
Ўзиникини бировга тортиқ қилмас,
Исми бўлса ҳам, жисми бўлмас,
Кўзга кўринмас, қўлга тутилмас,
Фойдадан холи эмас, йўқдан топилмас,
Шолининг похоли эмас,
Эчкининг соқоли эмас.
(Ақл)

Бир нафасда оламни кезар.
(Фикр)

Югургандан ўтади,
Бир вақтда етади,
Ўқ эмас, отилади,
Қуш эмас, учади.
(Фикр)

Узоқнинг у ёғинда,
Яқиннинг бу ёғинда.
Кўринмас кўзга,
Тинч бермас бизга.
(Хаёл)

Бир тўкилса,
Қайта тўлмас.
(Обрў, номус)

Асалдан ширин,
Заҳардан аччиқ.
(Сўз, гап)

Бировни суйдирар,
Бировни куйдирар.
(Сўз, гап)

Оғзим очдим, учди кетди,
Самарқанду Бухор бориб етди.
(Сўз, гап)

Оғиздан чиққанча меники,
Оғиздан чиққани элники.
(Сўз, гап)

Ўзи болдан ширин,
Еса бўлмайди.
(Уйқу)

Кичкина — митти,
Тепди, йиқитди.
(Уйқу)

Жар йиқилди,
Қум тиқилди.
(Уйқу)
Ўт эмас, куйдирар,
Пичоқ эмас, сўйдирар.
(Ёлғон сўз)

Саман от миндим, сой кечдим,
Соясини кўрмадим.
Қизил бахмалдан тўн бичдим,
Қийиғини кўрмадим.
(Туш)

Шундан бора бердим тўда қамиш,
Унинг адоғида бир бўлак қамиш,
Унинг адоғида шамчироқ,
Унинг адоғида икки булоқ,
Унинг адоғида тўймас қудуқ.
(Соч, қош, кўз, бурун, оғиз)

Қатордаги қора нор,
Етакдаги жир моя.
(Ота, она)

Қизил чийнинг остида
Қизил кийган ўтирар.
(Келин)

Думалоқ челга майда тол экдим.
(Соч)

Қушдан илдам учар,
Қора ернинг бағрин тешар.
(Кўз)

Дарёнинг нарёғида бир тўп йилқи,
Берёғида бир тўп йилқи,
Тепишар экан-да, қопишар экан.
(Кўз билан киприк)

Жар ёқасида ёрти капа.
(Қулоқ)

Ёна ерда япалоқ арча.
(Қулоқ)

Ёна ерда тойнинг изи.
(Қулоқ)

Уй ичида қизил гўшт.
(Тил)

Қоронғи уйда ўттиз садаф.
(Оғиз, тиш)

Бир сурув эшагим бор,
Бари бир охурдан сув ичар.
(Оғиз, тиш)

Кешта тўла оқ товуқ.
(Оғиз, тиш)

Бир ёриқда кўп каллак
Қистирувли турибди.
(Оғиз, тиш)

Сандиқчада михча.
(Оғиз, тиш)

Ҳай, биз эдик, биз эдик,
Ўттиз икки қиз эдик,
Бир тахтага тизилдик,
Бирар, бирар узилдик.
(Тиш)

Оғилдан чиққан оқ эшак,
Қайтиб жойига келмас.
(Тушган тиш)

Кештадан тушган оқ товуқ,
Қайтиб кештага қўнмас.
(Тушган тиш)

Ўттиз бўри бир жойга макон қўйди,
Ўнта хизматкор, иккита қоровул қўйди.
(Тиш, бармоқлар, икки кўз)

Беш кампир,
Беш кампирнинг орқасида беш муз ёпишиб турибди.
(Қўл, бармоқлар, тирноқ)

Ерга кўмилмайди,
Косага қуйилмайди,
Дунёда ҳамма одам
Ичмай қўймайди.
(Она сути)

Тақрон ерда тойнинг изи.
(Киндик)

Ўзи кенг,
Денгиздан чуқур.
(Фикр)

Осмондан буюк.
(Мақсад)

Ўтда ёнмас,
Сувга ботмас,
Ерда чиримас.
(Тўғрилик)

Бозорда сотилмайди,
Тарозида тортилмайди.
(Уйқу)

Бир отим бор нос,
От, туя кўтармас.
(Уйқу)

Ким суялди,
Ўша уялди.
(Ёлғон сўз)

Бир бўри қўйнинг қонини чиқармай еб ётир.
(Азроил)

Жуммоқ қўйдим, жубин топ,
Жумой бобой уйин топ,
Тағи қўйдим, тағи топ,
Тоғой бобой уйин топ.
(Қабр, мозор)