Ҳашаротлар

Кичкина митти,
Шохини тираб сув ичди.
(Ари)

Зув-зув борар,
Зув-зув келар.
Достон ўқир,
Ғалвир тўқир.
(Ари)

Учиб юрган қарғанинг
Инин бузиб бўлами?
(Ари)

Тутдан бизга кўйлак тўқир.
(Ипак курти)

Кўк еб, олтин ўрайди.
(Ипак курти)

Дарахт шохида саксон тухум.
(Ипак курти)

Бир қушим бор, суяги йўқ.
(Капалак)

Қаноти бор,
Қони йўқ.
Тухум қўяр,
Сони йўқ.
(Капалак)

Овҳу лайлак, увҳу лайлак,
Сувдан ўтар, суяксиз лайлак.
(Капалак)

Ўзи йўқдек,
Товуши ўқдек
(Қора чигиртка)

Ўтириши ўймоқдай,
Бақириши тойлоқдай.
(Қора чигиртка)

Ўтириши тулкидай,
Ўт ейиши йилқидай.
(Чигиртка)

Арангдай-парангдай,
Икки кўзи запарангдай.
(Чигиртка)

Ҳўкиз шохли,
Буқа бўйинли,
Қийғир қанотли,
Эшак сағирли,
Туя оёқли.
(Қора чигиртка)

Ўзи қора, қанотли,
Шохлари бор, тирноқли.
(Қўнғиз)

Қора ўзи, қарға эмас,
Шохлари бор, ҳўкиз эмас,
Олти оёқ, туёқсиз,
Учади, чиғиллайди,
Ўтириб ер ковлайди.
(Қўнғиз)

Ис билади, ит-эмас,
Ин қазлайди, тулки эмас,
Қаноти бор учади,
Ўзи қуш эмас.
(Қўнғиз)

Кичкина лўли,
Кейинига етмайди тўни.
(Қўнғиз)

Бир отим бор ажабгина,
Думлари бор гажаккина,
Ҳали келса кўрарсиз,
Қўрқа-қўрқа ўларсиз.
(Чаён)

Ўзлари ажабгина,
Қуйрўқлари гажаккина,
Ҳали ўпса кўрасан,
Йиғлай-йиғлай ўласан.
(Чаён)

Бели-бели беланг от,
Бели нозик куранг от.
Тоққа минса тоймас от,
Ўлат текса ўлмас от.
(Чумоли)

Бели қиздай, куранг от,
Тоғи тошдан тоймаган,
Ҳалов туя ўлмаган,
Бели ингичка куранг от.
(Чумоли)

Буранг-буранг, буранг от,
Бели қайқи, куранг от,
Тоғу тошдан қайрилмас,
Оёқлари тайрилмас.
(Чумоли)

Жиндай, жиндай, жиндай қиз,
Чип тепага чиқди қиз,
Болаларин ияртиб,
Ундан юқори чиқди қиз.
(Чумоли)

Тоғдан тоймас от,
Милтиқ тегмас от.
(Чумоли)

Жонзоқ бувам туяси
Жар ёқалаб юради.
(Чумоли)

У ёқдан, бу ёқдан
Карвон ўтди, кўрдингми?
(Чумолилар)

Узун тор кўча,
Ичи тўла лўлибачча.
(Чумоли уяси)

Қаторма-қатор,
Занжирдек қатор.
(Чумолилар)

Узун-узун улоғ,
Йўлларга тузоғ.
(Чумоли)

Жони бор, қони йўқ,
Ер остида сони йўқ.
(Чумоли)

Бели қилдай,
Боши хумдай.
(Чумоли)

Йўл устида гўжа қайнар.
(Чумоли)

Мингта қўйим сиғади,
Бир боғ бедам сиғмайди.
(Чумоли уяси)

У ёққа боради,
Бу ёққа боради,
Бўз тўқийди.
(Ўргимчак)

Тўр билан ўраб олган,
Пашшага занжир солган.
(Ўргимчак)

Кичкина-митти,
Қўлимга олсам, қовурғаси синиб кетди.
(Чивин)

Ўзи йўқдай, ботирим,
Овози ўқдай, ботирим,
Шапалоқ юртга бориб,
Ўлиб қолган, ботирим.
(Пашша)

Чийдим, чийдим, чийдим қуш,
Чий бошига қўнди қуш.
Қирғини келди, қирилди,
Маҳали келди, тирилди.
(Чивин)

Ис билади, ит эмас,
Ўзи кичик, бит эмас,
Одамни кўп талайди,
Қон ичиб, у тўймас.
(Кана)

Сой ичида саксонбой.
(Бурга)

Қоронғи том ичида
Қора бузоқ диркиллар.
(Бурга)

Албар-жалбар йўртиб юрар,
Ушлай десам, ҳуркиб кетар.
(Бурга)

Пичагина бўйи бор,
Такакидан тўни бор.
(Бурга)

Тўқай ичида тўнғиз.
(Бит)

Чел тагида қурбақа.
(Бит)