Бир замонда катта бир сой бўйида кичкина бир уй бўлар экан. Бу уйда чол, унинг Зумрад деган қизи, ўгай она ва унинг Қиммат деган арзанда қизи турар эканлар. Кампирнинг Зумрадни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ экан. У ҳадеб қизни уриб, қарғаб, эртадан кечгача ишлатаркан, бечорага бирпас ҳам тинчлик бермас экан.
Зумрад чиройли, одобли, мулойим, ақлли қиз экан. Уни бир кўрган киши яна кўрсам деб орзу қилар экан. Хуллас, у жуда ажойиб қиз экан. Қиммат эса ишёқмас, инжиқ ва димоғдор экан. Унинг бутун куни уриш-жанжал ва тўполон билан ўтар экан.
Зумрад эрта билан барвақт кўзасини кўтариб, сой ёқалаб булоқ бошига бораркан, йўлда учраган лола гуллар бошларини эгиб, унга салом берарканлар. Зумрад майсалар устида ўтириб дам олганида гуллар уни олқишлар, булбуллар қувониб унга ҳикоялар айтиб берарканлар.
Аммо худди шу гуллар кампирнинг арзандасини севмас, уни эркаламас эканлар, чунки бу қиз уларни юлиб ташлар, хушбўй гулларни ҳидсиз деб тепкилар экан. Шунинг учун ҳам улар Қиммат келар бўлса, қовоқларини солиб, юмилиб қоларканлар.
Буларнинг ҳаммаси ёвуз кампирнинг ғазабини келтирар экан. Кампир эса, буни Зумраддан кўраркан.
Бир кун кампир Зумрадни ёмонлаб, чолга дўқ урибди:
— Қизинг беодоб, ишёқмас, уни ҳайдаб юбор! Бўлмаса сен билан бир нафас ҳам бирга турмайман!
Чол нима қиларини билмай қолибди. Ахири кампир:
— Қизингни ўрмонга обориб адаштириб кел! У билан бирга турмайман! — дебди.
Чол қизини адаштириб келиш учун тоғ-тошларни кезиб, бир ўрмонга борибди. Ота-бола ўрмон ичида узоқ юришибди. Ахири қуюқ сояли бир жойга бориб тўхташибди. Кейин чол ўтин кесгани кетибди. Зумрад ёлғиз қолибди.
Шу пайтда бирдан шамол турибди. Чол эса ўрмондаги бир катта дарахтга болтасини осибди-да, унга оғирроқ тош боғлаб, қаттиқ итариб юборибди. Болта у ёқдан бу ёққа урилиб тўқиллайверибди.
Шамол жуда кучайибди. Болта шамол кучи билан узоқ вақт дарахтга урилиб “тўқ-тўқ” қилиб товуш чиқарибди.
Зумрад “Отам ўтин кесаётибди”, деб ўйлаб, отасини анчагача кутибди. Кеч бўлибди, отасидан дарак бўлмабди. Шамол тўхтабди. Қиз ўрмондаги чучмомаларни териб юриб, бехосдан болта осилган дарахт тагига бориб қолибди. Қараса, отаси йўқ эмиш.
— Вой шўрим қурсин! Вой, отажон?! — деб уввос солиб йиғлаб, тўрт томонга югурибди. Ҳеч кимдан дарак бўлмабди, қиз адашиб қолибди. Ўрмон унга яна ҳам ваҳимали бўлиб кўринибди. Қиз қаёққа боришини билмай, ахири кичик бир сўқмоқдан чопиб кетаверибди.
Зумрад узоқ йўл босибди. Қоронғида гуллар унинг йўлини ёритибди. Кетатуриб бир вақт қараса, узоқда милтиллаган чироқ кўринибди, итнинг ҳуригани эшитилибди. Қиз ўша томонга қараб юраверибди. Тезда кичик бир уйга етибди. Уйнинг деразасидан қараса, бир кампир ўтирган эмиш. Қиз севиниб, кампир олдига кирибди, бошидан кечирган воқеаларни кампирга бирма-бир айтиб берибди.
Уйга шундай чиройли қизчанинг келганини кўрган кампир жуда қувонибди. Бу кампир ўрмонда яшайдиган сеҳргар кампир экан. Кампир қизнинг йиғлаганини кўриб:
— Кўп хафа бўлма, қизим, сенга ёрдам бераман, — деб қизни овутибди. Қиз ҳам унга:
— Раҳмат! Мен сизни онамдек кўраман. Буюрган ишингизни жоним билан қиламан, — деб жавоб берибди.
Шу чоқ кампирнинг уйи тепасига жуда кўп қушлар йиғилибди, улар қизчани мақтаб, сайрашибди. Қушлар тилини билган сеҳргар кампир яна ҳам қувонибди. Хосиятли қизга дунёда топилмайдиган расмли китоб ва қўғирчоқлар бериб:
— Оппоқ қизим, ширин қизим! Дўмбоғим, мунчоғим! — деб қизнинг бошини силаб эркалабди.
Улар узоқ вақт бирга туришибди. Кампир қизчани яхшилаб парвариш қилибди. Зумрад озода қиз бўлгани учун уйни супуриб-сидириб, ойналарни артиб-суртиб, ҳамма ёқни чиннидай қилиб қўяр экан. Буни кўриб кампир яна ҳам қувонар экан.
Бир кун кампир қизга ош қилиб бермоқчи бўлиб:
— Томдан ўтин олиб туш, қизим, — дебди. Қиз дик этиб ўрнидан туриб:
— Хўп бўлади, онажон, — деб дарров томга чиқибди.
Том баланд экан, ундан ҳамма ёқ кўринар экан. Қиз атрофга қараб туриб, бирдан ўз уйининг томини кўриб қолибди. Юраги орзиқиб йиғлаб юборибди. Буни эшитган кампир:
— Нега йиғлайсан, жон қизим? — деб сўраган экан. Қиз:
— Кўзимга уйимиз кўринди, отамни соғиндим, — дебди.
Кампир уни алдаб-сулдаб юпатибди, икковлари овқат пишириб ейишибди.
Эрта билан кампир қизга:
— Нарсаларингни йиғиштир, қизим! — дебди.
Қиз қўғирчоқларини йиғиштирибди. Кампир қизга:
— Томда қизил ва оқ сандиқ бор, оқ сандиқни қолдириб, қизил сандиқни олиб туш! — дебди-ю ўрмонга кириб кетибди. Бир вақтдан кейин ўрмондан саман от қўшилган бир арава етаклаб чиқиб, қизни аравага ўтқазибди.
— Қизил сандиқни уйга боргандан кейин оч! — деб кампир қизга бир калит берибди.
Қиз кампир билан қайта-қайта хайрлашиб йўлга чиқибди. Бир зумда арава қизнинг уйи олдида ҳозир бўлибди. Шу пайтда уй эшиги олдида чол ўз қизини соғиниб, унинг дардида йиғлаб ўтирган экан. Қиз меҳрибон отасини кўриши билан:
— Салом, отажон! — деб отасининг бағрига ташланибди.
Чол бениҳоят хурсанд бўлганидан анчагача кўз ёшларини тўхтатолмабди. Ахири йиғидан тўхтаб, қизига:
— Оппоғим, мени кечир, — дебди.
Улар уйга киришибди. Қизнинг келгани ҳаммага маълум бўлибди. Қўни-қўшнилар йиғилишибди. Қиз қизил сандиқни очиши билан ҳамма ҳайрон қолибди: қизил сандиқ асл моллар билан лиқ тўла экан. Мол шунча кўп, шу қадар ажойиб эмишки, Зумраднинг бутун умрига етиб ортар эмиш.
Бу нарса ўгай онани оғир ташвишга солибди.
У чолга қизи Қимматни ҳам тезда ўрмонга олиб бориб адаштириб келишни буюрибди. Чол “Хўп” деб, Қимматни дарров ўрмонга адаштириб келибди.
Кеч кирганда Қиммат, худди Зумрадга ўхшаб, болта осилган дарахт тагига бориб қолибди. Адашганини сезибди. Ҳўнг-ҳўнг йиғласа ҳам, лекин уни овутадиган одам топилмабди. Фақат унинг рўпарасида бойқушлар ўтириб олиб, қоронғи, ваҳимали ўрмонлар ҳақида сайрармиш. Бу куйлар Қимматни ваҳимага солибди. У қўрқиб ўрмондан қоча бошлабди. Қоронғи тушган пайтда сеҳргар кампирнинг уйига кириб борибди. Кампир уни яхши кутиб олибди, овутибди, меҳмон қилибди. Сўнгра қизга қараб:
— Хафа бўлма, қизим, ўзим ёрдам бераман, — дебди.
Аммо Қиммат кампирга яхши сўзлар топиб айтолмабди, чунки онаси унга яхши сўзлар ўргатмаган экан. Кампир уни севмабди, яхши эртаклар ҳам айтиб бермабди, дунёда топилмайдиган суратли китоблар ва қўғирчоқлар ҳам бермабди.
Қиммат эртадан қора кечгача ялқовланиб ўтираверар экан. Уйни йиғиштириб, супурмас экан.
Бир кун кампир ўрмондан қайтиб келиб, унга:
— Томдан ўтин олиб туш, қизим! — деган экан, қиз:
— Ўзингиз олиб тушинг, малайингиз йўқ! — дебди.
Кампир жудаям хафа бўлибди, шунга қарамай қизни алдаб-сулдаб томга чиқарибди. Лекин қиз ўтин олиб тушиш ўрнига том бошида чинқириб йиғлайверибди. Кампир буни эшитиб:
— Нега йиғлайсан, қизим? —деб сўраган экан, Қиммат ер тепиниб:
— Уйимни кўрдим, кетаман, — деб яна ҳўнграбди.
Сеҳргар кампир қизга:
— Жуда яхши, томдаги сандиқни олиб туш, — дебди.
Қиммат сандиқни олиб тушибди. Кейин кампир қизга бир калит узата туриб:
— Мана калит, сандиқни уйингга борганингда очасан, — дебди.
Қиз ўша онда йиғисини ҳам унутиб, оқ сандиқни орқалаб жўнабди. Сеҳргар кампир унга арава ҳам бермабди, қиз оғир сандиқни кўтарганича уйига пиёда келибди.
Қизнинг келишини даставвал олапар ит сезибди. У Қимматнинг онаси олдига бориб:
— Вов, вов, вов, — деган экан, кампир қулоқ солмабди, ит яна вовуллаб:
— Опам келаётирлар, орқалаганлари оқ сандиқ, илон билан лиқ тўлиқ, — дебди.
Кампир ғазабланиб, ўқлоғи билан итни уриб, оёғини синдирибди.
— Менинг ақлли қизим қимматли моллар келтиради, — дебди у.
Қизининг келганини кўриб кампир ўзида йўқ севинибди. Қўни-қўшнилар йиғилибди, сандиқни очмоқчи бўлишибди.
Шунда кампир билан қизи иккиси: “Йўқ, очманглар!” деб ўзларини сандиқ устига ташлабдилар. Кейин икки қулоғидан кўтариб уйга олиб кирибдилар.
Ярим кеча пайти экан, кампир билан қиз эшик-еликни ёпиб, сандиқни очишибди-ю бирданига “Войдод, қутқаринглар!”, “Аждар!”, “Войдод!” деб бақиришибди…
Сандиқда каттакон иккита аждар ётган экан. Қоқвош кампир билан унинг уришқоқ қизи додлашиб, уйни гир-гир айланишибди, қўрққанларидан қулфланган эшикни очишолмабди.
Икки аждар кампир билан қизни ютиб, дарчадан чиқиб кетибди.
“Дод, вой!” деган овозни эшитган қўни-қўшнилар эшикни бузиб ичкари кирибдилар. Қарасалар, ҳеч ким йўқ эмиш. Уйда ёвуз кампирни ҳам, унинг уришқоқ қизини ҳам тополмабдилар.
Шундан сўнг оқ кўнгил Зумрад билан ота иккиси тинчгина яшаб, мурод-мақсадларига етибдилар.