Зулхумор

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан. Қадим замонларда ёшини яшаб, ошини ошаган бир чол билан кампир ўтган экан. Уларнинг ҳуснда ягона, қизларнинг сараси, кўзларининг оқ-у қораси, битта-ю битта Зулхумор исмли қизлари бўлган экан.
Зулхумор ёшлик чоғлариданоқ ақлли, чаққон, хушчақчақ экан. У ҳар ишда онасига кўмаклашар, юмушда ҳар қандай чаққон кишига тенглашар экан. Ўн икки-ўн уч ёшларида бирам чарх йигирадиган бўлибдики, асти қўяверинг. Кейинроқ у ҳатто онасига чарх йигиртирмайдиган, кампирни чархнинг ёнига ҳам келтирмайдиган қилиб қўйибди. Бу ишдан унинг ота-оналари шод бўлиб, бир бурда нон топилиб, қорнилари тўқлиги учун дард-у ғамларга ёт бўлиб кун кечираверишибди.
Кунлар ўтибди, йиллар бўлса бирининг кетидан бири қувиб кетавериб, қиз ўн саккиз ёшга чиқди деганда отаси, яна бир йилдан кейин онаси вафот этишибди. Уйда қизнинг ёлғиз ўзи қолибди, кўз ёши тўка-тўка, ахир толибди.
Уларнинг уйи яқинида бир сайргоҳ бор экан. Кунларнинг бирида қиз уйда зерикибди-да, кечки пайт кўнгил чигилини ёзиб, соф ҳаво олгани шу сайргоҳга чиқиб дам олибди. Унинг ёнидан ўтган ҳам, кетган ҳам бир назар ташламай ўтолмабди, лекин ёнига келиб бирон оғиз сўз дейишга ҳеч кимнинг юраги бетламабди. Қизга жуда ҳам келишган, қадди-қомати эндигина тўлишган, йигирма икки-йигирма уч ёшлар чамасидаги бир йигит ошиқ-у беқарор бўлиб қолибди, қадамини унинг изидан солибди. Охири Зулхумор уйига кириб кетаётган пайтда, ундан яқин кунларнинг бирида кўришиш учун ваъда олибди.
Орадан икки-уч кун ўтгандан кейин қиз яна сайргоҳга чиқиб, бу сафар бошқа бир йигитга рўпара бўлибди. Бу йигит ҳам қўярда-қўймай Зулхуморнинг ваъдасини олибди.
Учинчи марта ҳам худди шундай ҳодиса юз бериб, Зулхумор учинчи йигитга ҳам сўз берибди. Энди Зулхуморни қўятуриб, йигитлардан ҳол сўрайлик.
Ҳаммалари ҳам ошиқ-у беқарор, “Қачон бўлар экан у қиз менга ёр”, деб кунларни санайверишибди. Охири улар кутган кун ҳам етиб келибди.
Сайргоҳнинг кунботар томонидаги чинор тагига бир-бирларига ёт, кўнгиллари тўла оҳ-у дод уч йигит тўпланишибди. Улар бир-бирларидан нима гап, деб сўрашай деса, тиллари бормай, учовларининг ҳам кўзлари нигорон бўлиб тураверишибди.
Охири улардан бирининг тоқати тоқ бўлиб, иккинчисига:
— Дўстим, мабодо илинганимиз бир қармоқ эмасмикан, сизни ҳам алдаган ўша қиз бўлмасин? — дебди.
— Ие, тўхтанг, нима деяпсиз, — деб сўзга аралашибди учинчиси, — айтаётган-ларингиз Зулхумор бўлмасин, ҳа, ишқилиб қойил қилибди, ўлмасин.
Ҳаммалари ҳам бир зумгина ўйга толишибди, сўнг биргалашиб қизнинг кулбаси томон йўл олишибди.
— Ақлим бовар қилмаяпти, — дебди иккинчи йигит гап очиб, — наҳотки… ҳаммамиз ҳам алданган бўлсак.
 Улар эшикни тақиллатишган экан, бошқа бир қиз чиқиб, таъзим билан ҳаммаларини ичкарига таклиф этибди.
Уч йигит киришга ҳам ҳайрон, кирмасликка ҳам, эшик ёнида бир-бирларига қарашиб, кирамизми, кирмаймизми дегандек бош қашлашиб, охири биринчи йигит ичкарига йўл бошлабди.
Улар уйга кириб қарашса, Зулхумор кўрпа-тўшак қилиб ётган эмиш, ёнида табиб унга нималарнидир уқтираётган эмиш.
Табибнинг гапларини маъқуллаётган ранги-рўйи заъфарон Зулхумор уларни кўриб, бошини кўтарибди. Йигитлар қизни кўп безовта қилмаслик учун тезгина унинг атрофига ўтиришибди. Ерга қараб, йигитлардан уялиб:
— Сизларни кўп овора қилдим, — дебди Зулхумор. — Ҳеч бирингизга йўқ дегани тилим бормади, сизларни ранжитгани кўнглим бўлмади. Ҳеч қайсингизни алдамоқчи эмасдим. Энди бўлар иш бўлди. Ҳар бирингизга биттадан шартим бор, шу шартни бажарган йигитга бўлай майли ёр.
Йигитлар қизнинг шартига қулоқ солишибди.
— Бири шуки, — деб давом этибди Зулхумор, — ўлкамиздан жуда узоқда, ғор ичида, яъни анча катта тузоқда узоқ йиллардан бери сақланиб келган бир кўзгу бор. Бу оддий эмас, сеҳрли кўзгу, агар бу кўзгу кимнинг қўлига тушгудек бўлса, шу дунёдаги истаган ери ва кишисини кўра олади. Шуни олиб келиш керак. Иккинчиси бу ҳам ўша ўлкага қўшни, бир ғор ичида учар гилам сақланар эмиш. Унинг устига ўтирган киши кўз очиб-юмгунча истаган жойида ҳозир бўлармиш. Бу гилам хислатларга бой эмиш, шу шартни бажармоқчи бўлган йигитга икки ой муҳлат берай.
Табиб гапга аралашиб, қиздан илтимос қилиб:
— Учинчи шартни, қизим, мен айтсам, — дебди. Бунга қиз рози бўлибди, йигитлар ҳам кўнишибди.
— Учинчи шарт шуки, — дебди табиб, — машриқ томонининг фалон ерида бир юрт бор. У мамлакатга Қорахон подшолик қилади. Унинг қўл остида беҳисоб бойлик, ер-сув, боғ-роғ бор. Хон саройида бир туп ажойиб олма ўсади. Қадди жуда баланд, унинг сояси ҳар қандай дарахтни ҳам тўсади. Шу дарахтнинг учида ярми қизил, ярми оқ бир дона олма бор. Шу олмани албатта келтириш керак, қиз шу олмани еса шифо топади.
Йигитларнинг учовлари шартларни ўзаро бўлишиб олиб, йўл анжомларини ҳозирлаб, муродимга етаманми, йўқми деган хаёлга толиб, тўғри ўша томонларга йўл олишибди. Ҳаммалари ҳам йўл юриб, йўл юришса ҳам мўл юриб, охири бирин-кетин мўлжал қилган манзилларига етиб боришибди.
Олма келтиргани борган йигит Қорахон саройига яқинлашибди, улкан дарахтни кўриб ақли шошибди. У олма узоқдан кўзга ташланмабди, “Йўқ экан”, деб йигитнинг кўзи ёшланмабди. Аксинча, у: “Қандай бўлмасин шу олмага етаман, дилдоримга элтаман”, деб умид қилибди.
Қорахон саройига кириш жуда ҳам машаққат экан. Дарвозаларда бўлса доим соқчилар тураркан. Саройга киришнинг йўлини ахтариб, ҳалиги йигит ўн кеча-ўн кундуз турли хил режа тузибди. Охири, ўн биринчи кечада дарвозабонларни беҳуш қилиб, саройга ўтиб олибди ва олма дарахтининг тагига етиб борибди. Кўп ўйлаб ўтирмай, жон-жаҳди билан дарахтга тирмашибди. Табибнинг айтганини қилиб, пастга қарамай, толганини ҳам, чарчаганини ҳам билмай, ўзини аямай юқорига кўтарилаверибди.
Бу йигит муродига етай деб қолибди, олмани қўлга олиб, қайтиб кетай, деб қолибди. Энди гапни кўзгуга кетган йигитдан эшитайлик.
У йигит йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, айтилган ғорга етиб борибди. Қорнинг ичига кўз ташлаб, ҳайрон қолибди. “Таваккал, — дебди у, — бир бошга бир ўлим, қайтиб кетсам изза бўламан, уят ўлимдан қаттиқ деган гап бор”.
Шунда у қиличини маҳкам ушлаб, ғорнинг ичига кирибди. У бироз йўл босгандан кейин ўнгга, сўнг сўлга қайрилибди. Бир жойга келиб қараса, ғордаги кўзгу турган ерни бир улкан дев қўриқлаб ётган эмиш, унинг ёнида мурда чаноқлари тўдаланиб қолган эмиш.
“Бу қандай бало экан, — деб ўйлабди йигит, — бу дев билан олишиб кўзгуни қўлга киритиш қийин бир муддао-ку, энди нима қилай, ҳарна бўлса ҳам орқага қайтма-ю, мардлик кўрсатай”. Йигит девни туртиб уйғотибди.
Дев ғойибдан пайдо бўлиб қолган бу йигитни даст кўтариб ерга ураман, деган экан, йигит чаққонлик қилиб, қилич билан унинг шохини уриб синдирибди, девни шахтидан туширибди.
— Мен, — дебди дев, — сенинг хизматингдаман, нима буюрсанг, ҳаммасини адо этаман.
— Сен қўриқлаб ётган шу ғор ичида кўпдан бери пўлат сандиқ сақланар экан, уни олмоқ фақатгина сенинг қўлингдан келаркан. То сен шуни олиб бермагунингча муродимга етмайман, бу диёрни тарк этиб, ўз ўлкамга кетмайман.
Дев чор-ночор эшикни очиб, ичкарига йўл олибди. Уни йигит остонада кутиб қолибди. Кўп вақт ўтмай дев кичик бир сандиқ билан чиқиб, йигитга таъзим қилибди.
— Сандиқни оч, — дебди йигит.
— Нарироқ қоч, — дебди дев.
Дев сандиқни очган экан, унинг ичида каттакон илон беҳуш, кулча бўлиб ётганмиш. Дев кўзгуни олганида илон бошини кўтарибди, дев эса сандиқни дарҳол ёпибди. Шунда бирдан ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетибди, йигитнинг кўнгли ёришибди.
Йигит ақл-ҳушини бир ерга тўплаб, кўзгуга бундай қараса, бир шериги машаққат билан учар гиламга етишибди-ю, кирса чиқмас ғорнинг ичида қаёққа боришини билмай, сарсон-саргардон бўлиб юрган эмиш. Иккинчиси бўлса дарахт тепасида олма узаётган эмиш. Қиз тўшакда ҳолдан тойиб ётганича жони узилаётган эмиш, ёнида табиб йигитларни кутиб дам қизга, дам йўлга тикилиб ўтирган эмиш.
“Энди нима қилдим, — деб ўйлабди йигит, — кўзгуни олиб борганим билан дардга шифо бўлмайди, барибир қизнинг ҳам кўнгли тўлмайди”.
— Энди, — дебди у, девга кўзгуни кўрсатиб, — вақтни бой бермай, мени тезлик билан ўша учар гиламни олиб, кирса чиқмас ғорнинг ичида юрган йигитнинг ёнига олиб бор, икковлашиб у йигитни ҳалокатдан қутқарайлик, кейин ихтиёринг ўзингда, қаерни хоҳласанг, майли бора қол.
— Бўлмаса кўзингни юм, — дебди дев, — ўзингни шамоллардан эҳтиёт қил.
Йигит унинг айтган гапларига кўниб, ҳаммасига бардош берибди. Дев кўп вақт ўтмай йигитни ҳамроҳи турган жойга олиб келибди.
Дев ғорга кирадиган яширин йўл борлигини билар экан, бу ерга у кўп мартаба кирган экан, йигитни ғорнинг ташқарисига қўйиб, дев унинг ҳамроҳини ғор ичидан олиб чиқибди. Иккинчи йигит кўзгулик йигитни кўриб ҳайрон бўлибди. Дўсти бўлса уни воқеадан воқиф қилибди.
— Ўйлаб турмайлик бўлмаса, — дебди гиламли йигит, — иложи борича тезроқ олмазор боғга учиб борайлик, ҳамроҳимизни олиб, қизнинг дардига даво бўлайлик.
Шундай қилиб икковлари олмазор боғ томон парвоз қилишибди, кўп ўтмай у ерда ҳозир бўлишибди. Учинчи шериклари ҳам кўзгуга қараб воқеадан хабардор бўлибди, учар гиламни кўриб, кўнгли тўлибди.
Орадан кўп вақт ўтмай учовлон осмонга кўтарилишибди, ҳали қизнинг жони бор эканида унинг ёнига етиб боришибди, Зулхуморойни ўлим чангалидан қутқариб олишибди.
Олмани еб, бироздан сўнг қиз кўзини очибди, тўлишган ойдек ҳар тарафга нур сочибди. Бундай қараса, учала йигит ҳам тепасида унга кўз тикиб турган эмиш, ҳаммалари ҳам мўл йўл босиб ўз бурчларини адо этишган эмиш. Қиз ҳайрон бўлиб, не қилай, дегандек табибга боқибди. Унинг бу иши йигитларнинг учовига ҳам ёқибди. Мўйсафид-табиб воқеани йигитлардан батафсил эшитгандан сўнг, гап бошлабди:
 — Қизим, энди менинг бир нарса дейишим мушкул. Шундай бўлса ҳам маслаҳат тариқасида икки оғиз сўз айтай. Аввало, бу уч йигит ўз бурчини адо этди, балли уларга. Ҳаммалари иноқ бўлиб, сени ўлимдан қутқаришди. Қизим, агар бири кўзгуда ҳамма сирдан воқиф бўлмаса, сен дардингга шифо топа олмасдинг, чунки ўз жонингни ўзинг сақлаб қололмасдинг. Иккинчиси гилам билан етказиб келтирмаса-чи, унда ҳам ҳолингга вой эди, ётаринг тупроқ жой эди. Учинчиси агар олма келтирмаганда, гилам, кўзгу бу дардингга даво бўлмасди. Ана, қизим, энди ўзинг ҳал эт бу ёғини, ҳеч бирининг кўнглини ранжитма.
— Болаларим, — дебди мўйсафид йигитларга қараб, қўлларини тароқ қилиб соқолини тараркан, — Зулхуморга бир вазифа юкламоқчиман, ҳам шу билан уни яна синамоқчиман. У сизлардан бирингизни танлаб ёр бўлсин, аммо бу ишдан сизнинг ҳам кўнглингиз тўлсин. Қолган икки йигит уни синглим дейсизлар, бутун умр бир-бирларингни унутмайсизлар.
Йигитлар бу шартга кўнишибди, қизнинг жавобини эшитиб, кўнгиллари тўлибди.
Энди сизга шундай бир жумбоқ, майли ҳозир топинг, майли ё кечроқ: шошмай бир ўйлаб кўринг-чи! Қиз қандай жавоб бериб, кимга ёр бўлди. Қолганларининг кўнгли не билан тўлди?

Жавоб:

— Сиз, — дебди қиз, улардан бирига қараб, — кўзгуни олиб келдингиз, қаҳрамонлик, шон-шуҳрат нима — билдингиз. Мана энди қўлингизда кўзгу муҳайё, йўқ экан деманг бу қизда ҳаё, истаган ерингизни кўра оласиз, кўнглингиз не истаса била оласиз — қаерда қандай фасл ва ким қандай иш билан банд ва кимлар хурсанд — ҳаммаси ҳам кўзгуда кўринади сизга.
Сиз ҳам не машаққат-ла гиламга етишдингиз, не-не нодонлар билан роса ҳам айтишдингиз, унда икки дўстни ҳам олиб келдингиз, албатта, сизга ҳам “Ҳа” демаклик лозим.
Энди бу дўстингиз-чи, олма келтирди, холос. Лекин у ҳам ваъдасини бажарди қўйиб ихлос. Мен туфайли кўп машаққатлар чекди. Шуларнинг эвазига у менга уйлансин… Чунки у бечорада на кўзгу бор, на гилам, ҳар ким молин олсин-у, у йигит бўлсин мен билан.