Ёввойи мушук

Бир ёввойи мушук бор экан. У тўқайда яшамоқчи бўлибди.
Тўқайга кириб бораётса, йўлда тулки учраб қолибди. Мушук ўйлабди: “Бу қандай жонивор экан? Тағин мени еб қўймасин!” У жунларини ҳурпайтирибди.
Тулки ўйлабди: “Бу ким бўлди экан? Умримда бунақа сержаҳл жониворни кўрганим йўқ. Ўзи зўр кўринади, кўзларини ёнишини кўринг!”
— Йўл бўлсин, ошна, — дебди тулки.
— Тирноқларим ўткир, тишларим кескир, тўқайга бораяпман, — дебди мушук.
— Нима учун? — деб сўрабди тулки.
— Гўшт ейман. Қорним оч, миёв-миёв, — дебди мушук.
Тулкининг жони ҳалқумига келибди.
— Юринг мен билан, — дебди қўл қовуштириб, — овқатланамиз.
Бирга кетибдилар.
Йўлда бўри учрабди. Мушук букчайиб олибди, кўзлари ёнар экан. Бўри қўрқибди: “Бу ким бўлди экан?” — дебди ичида. У тулкидан сўраган экан, тулки:
— Янги подшо, — дебди. — Жим, бўлмаса тилка-порангни чиқаради…
— Ростми? — дебди бўри қўрқиб.
Бўри индамай бирга кетаверибди. Йўлда айиқ учрабди.
— Йўл бўлсин? — дебди-ю, мушукка кўзи тушибди.
— Бу жонивор ким? — деб сўрабди у.
Мушук жунларини ҳурпайтирибди. Бели букчайибди, кўзлари ўтдай ёнибди.
— Тирноқларим ўткир, тишларим кескир, гўшт ейман, гўшт… миёв! — деб қичқирибди у.
Тулки айиқнинг қулоғига шивирлабди:
— Ҳушёр бўл, тағин терингни шилиб олмасин.
— Шунақа зўрми? — дебди айиқ. — Синаб кўрамиз.
Шундай дебди-ю, ваҳимага тушибди: “Ростдан ҳам теримни
шилиб олса-я!” — дебди ичида.
Мушук йўл-йўлакай: “Бу балолардан қандай қутуламан энди!” — деб миёвлар экан зорланиб.
Йўлда у пар-р-р этиб учган беданага ташланиб, ана-мана дегунча еб қўйибди. Буни кўриб, шерикларини баттар ваҳима босибди.
Айиқ, бўри, тулки кенгашибди:
Уни зиёфат қилайлик, кейин бир йўлини қилиб қутуламиз, — дейишибди.
Улар бир қўчқорни келтириб, мушук олдига ташлабдилар.
— Қани, пойлайлик-чи, нима қиларкин? — дебди улар.
Бўри чуқурга, тулки хазон ичига кириб, айиқ бўлса дарахт устига чиқиб, барглар панасига яширинибди.
Мушук чираниб, гўштни еяверибди. У чинқирар, миёвлар, тепинар, уринар, кўзлари ёнар экан.
Бўри билан айиқнинг капалаги учибди.
Тулки бўлса хазон тагига ўтириб: “Қани, кўрай-чи, нима қилаяпти экан?” деб ўйлаб, хазон орасидан мўралабди.
Мушук хазоннинг шитирлаганини эшитиб қараса, бир нарса милтиллаб кўринибди. У сичқон деб ўйлаб, бирдан тулки кўзига чангал солибди.
Тулки бор овози билан:
— Вой ўлдим! — деб дод солибди-ю, қочиб кетибди.
Мушук қўрқиб, ўзини чуқурга ташлаган экан, у ердан
бўри вой-войлаб қочиб чиқибди. Мушук энди ўлдим, дарахтга чиқиб жон сақлай, — деб дарахтга чирмашиб чиққан экан, дарахт тепасида яшириниб турган айиқ:
“Теримни шилгани чиқаяпти. Тезроқ қочай”! — деб ўйлаб, бирдан ўзини дарахт устидан пастга ташлаб юборибди.
Мушук дарахт тепасида титраб-қалтираб қолибди. “Энди қаёққа қочсам?” деб ўйлабди. Лекин қочгани йўл тополмай, дарахт тепасида қолаверибди.
Тулки, бўри, айиқ бўлса мушукни кўрса, беш тош йўлга қочадиган бўлибди.