Қадим замонда бир саховатли одам бўлган экан. У одам ҳамиша элга ош-нон улашар ва эл хизматини қилар экан. Дашт-саҳроларга борса, қўй боқишга ёрдам берар, дарёга борса — балиқларга нон-гўшт ташлаб ўтар экан.
Унинг бир ўғли бор экан. Отаси ўлиб рўзғор шу боланингбошига тушибди. Бола бева қолган онаси билан кун кечира бошлабди.
Кунлардан бир куни бир савдогар халққа келиб:
— Ким менинг бир кунлик хизматимни бажарса, олти ой боқаман ва рўзғорига олти ойлик овқатини бераман, —дебди.
Савдогарнинг гапини эшитган бола ҳам бир кун хизмат қилиб, олти ойлик овқат ва ҳақини олишга орзуманд бўлибди.
Савдогар ҳам болани ўзи билан бирга олиб кетибди. Болани олти ой боқибди, олти ойлик ҳақини, озиқ-овқатларни ҳам рўзғорига берибди ва уни чақириб шундай дебди:
— Энди келишганимиздек, олти ой еб-ичдинг, дам олдинг, ҳақингни ҳам олдинг, энди бир кунлик хизматимни жойига қўясан, — дебди.
— Маъқул, — дебди бола ҳам.
Савдогар қирқ туя, қирқ тўрва, қирқ хуржун олибди-да, болани бир туяга миндириб, ўзи бир туяга миниб йўлга тушишибди. Тонгдан йўлга чиқиб ярим тунгача йўл босиб, бир қудуқ олдига келиб тўхтабдилар.
Савдогар болага қараб:
— Энди сени шу қудуққа тушираман, қирқ хуржун билан қирқ тўрвани ҳам юбораман. Қўлингга нима илинса, шу хуржун ва тўрваларга солиб, менга юбораверасан, — дебди.
— Хўп, — дебди бола.
Савдогар боланинг белига икки юз газлик арқонни боғлаб қудуққа тушираверибди, бола ҳам ҳали етарман, ҳали етарман деб тушаверибди. Охири боланинг оёғи ерга тегибди. Савдогар хуржунни ҳам, тўрвани ҳам қудуққа ташлабди.
Бола қўлига илинган нарсаларнинг нима эканлигини ўзи ҳам билмай-кўрмай, тўрваларни, кейин хуржунларни ҳам тўлдириб юқорига юбораверибди. Бир вақт бола қараса, на хуржун, на тўрва қолибди, на юқоридан арқон тушибди. Шундай қилиб, савдогар болани қудуқда қолдириб, ўзи олтин-кумуш, гавҳар-марваридларни олиб кетиб қолган экан.
Бола савдогарнинг ҳийласини сезибди-да, “тақдир шу экан-да” деб, бир неча кечани ўтказибди. Болани ўлим ваҳимаси босиб келаверибди. У ёқ-бу ёқларда ётган одам каллаларини кўриб қўрқибди.
Бола хафа бўлиб, бошини ерга солиб ўтирса, вағур-вуғур овоз кела бошлабди. Бола:
“Бу не овоз?” — деб бошини кўтариб қараса, олдида бир йигит турганмиш.
— Дўстим, юр изимдан, — дебди йигит.
Бола йигитнинг орқасидан бораверибди. Йигит болани бир дарёга олиб бориб, бир қайиққа ўтқазибди ва:
— Қаёққа десанг, шу ёққа олиб бораман, — дебди.
— Мен ўз элимга боришни истайман, — дебди бола. Йигит қайиқни ҳайдай туриб, болага:
— Энди кўзингни юм, оч десам, очасан, — дебди. Бола кўзини юмибди ва йигит “оч” деганда, очган экан, у ўзини дарё қирғоғида кўрибди.
— Энди, хайр, — дебди йигит.
— Тўхта, сен ким бўласан, менга бунча яхшилик қилган? — деб сўрабди.
— Мен сенинг кўп нон-тузингни еганман. Отанг менга турли нарсалар келтириб берар эди, энди шунинг хизматини бажардим. Хайр, — дебди-да, йигит бир балиқ суратига хириб, дарёга чўкиб кетибди.
Бола отаси туфайли қайтган яхшиликка хурсанд бўлиб, уйига йўл олибди. Келиб қараса, уйда на нон, на бир чақа пул бор экан. Бола “ёнимда нон пули борми, йўқми”, деб қараса, чўнтагидан гавҳарлар тўкилаверибди. Қараб томоша қилгудек, бир фурсатда рўзғор яхшиланиб кетибди.
Кунлардан бир кун яна ўша савдогар мурид истаб:
— Кимки бир кун хизмат қилиб берса, олти ойлик ҳақини олади, — деб жар солиб келибди.
Бола ўйлабди: “Агар мен бормасам, бошқаси борар, ўлиб кетар ё омон қолар, кел, бу қотилнинг жойини топдириб қўяй”. — дебди-да, савдогарнинг ёнига бориб,
— Мен бораман, — дебди.
Савдогар болани ўзи билан бирга олиб кетиб, олти ой роса иззатда тутибди. Олти ой ўтгандан кейин аввалги гапини такрорлаб:
— Энди хизматга! — дебди.
Бола савдогар билан ўша таниш қудуқ бўйига борибди. Савдогар яна боланинг белига арқонни боғлаётган экан, бола:
— Хўжам, аввал бу қудуқнинг ичига қандай тушишимни ўзингиз бир кўрсатиб беринг, — дебди.
— Эй, шуни ҳам билмаган анқов буласанми, мана қараб тур, — деб савдогар ўзининг белига арқонни боғлаб қудуққа озгина тушган экан, бола арқонни кесиб юборибди-да:
— Энди шу макон ҳам гўринг, ҳам дўзахинг бўлсин,— дебди.
Туяларни ҳам қўйиб юборибди. Ўзи эса қутилганига шукур қилиб элатга қайтиб келибди ва тўйлар қилиб, уйланиб, бола-чақали бўлиб, яхши яшаб, мурод-мақсадига етибди.