Ямоқчи билан Шоғариб

Бор экан-да йўқ экан, оч экан-да тўқ экан. Бир замонда Валихон деган бир подшо бор экан. Унинг шаҳрида Холдор деган ямоқчи ҳам бор экан.
 Подшо: “Мен мамлакатда адолат ўрнатайин, юрт-елни кезайин, фуқароларнинг гап-сўзини эшитайин. Қани, улар нималарни орзу қилар экан, шунга қараб иш кўрайин”, — дебди. Подшо кеч бўлганда эски-туски кийимларини кийиб, бошига йиртиқ саллани ўраб, фақир кишига ўхшаб чиқиб кетар экан, одамларнинг гап-сўзларини эшитиб қайтар экан.
Подшо бир куни кечаси бир маҳаллада айланиб юрса, бир дўкондан ашула товуши эшитилибди. Секин бориб қулоқ солса, ўчоққа осилган қозонда шақирлаб овқат қайнаяпти, бир одам унинг овозига ўйинга тушиб:

Сабзинг билан гўштингга,
Қайна, паловим, қайна!
Қурбон бўлай ўзингга,
Қайна, паловим, қайна!
Биқир-биқир овозинг,
Қайна, паловим, қайна!
Маст бўламан мен ўзим,
Қайна, паловим, қайна!..

деб қўшиқ айтяпти. Подшо бу одамнинг ишидан таъсирланиб: “Билайин-чи, бу одам нимага бундай қилар экан?” деб дўконнинг эшигини тақиллатибди. Ичкаридан:
— Ким у тақиллатаётган? — деган овоз эшитилибди. Подшо:
— Мен, Шоғарибман. Очинг эшигингизни! — дебди.
Дўконнинг эшиги очилибди, подшо ичкарига кирибди. Қараса, ямоқчининг дўкони экан. Ямоқчи билан сўрашиб:
— Ўзингиздан ўзингиз нималар деяпсиз? — деган экан. Ямоқчи:
— Э, Шоғариб! Бола-чақа йўқ! Сўққа бошман, ҳар куни битта паловнинг пулига лойиқ иш қиламан. Харажат қилиб келиб, қозонни қайнатаман. Паловхон тўранинг қайнаган овозига хурсанд бўлиб, ўйинга тушаман. Валихон подшонинг даврида бизга бундан бошқа нима хурсандчилик қолди?! — дебди.
Бу гапларни эшитиб, подшо ҳайрон бўлибди. Ундан:
— Кўпроқ ишлаб кўпроқ пул топсангиз бўлмайдими? — деб сўрабди. Ямоқчи айтибди:
— Шу замонда нима оғир? Валихон подшонинг олиқ-солиғи оғир!
Кўп ишласанг, олиқ-солиғи ҳам кўп бўлади. Менга битта паловга лойиғи етади! — дебди. Подшо:
— Шукр қилсангиз-чи! Агар Валихон подшо ямоқчиликни тақиқ қилиб қўйса, қандай кун кўрасиз? — дебди. Ямоқчи:
— Агар Валихон подшога бизнинг ҳунаримиз кўп кўриниб, тақиқлаб қўйса, у ҳолда қул ўлмас, ризқи қуримас. Бир тирикчилик ўтар. Унинг ғамини еманг, ўтиринг, ошни бирга еймиз, — дебди. Шоғарибни кўрпачага ўтқазиб, қўлига сув қуйибди. Иккаласи ошни ейишибди. Чойни ичишибди. Шундан кейин Шоғариб: “Раҳмат! Биз кетдик энди”, деб ўрнидан туриб, чиқиб кетибди. Ямоқчи эса: “Худога шукр! Бугунги ошни Шоғариб билан бирга едим!” деб хурсанд бўлиб қолаверибди. Подшо ҳам ўрдасига қайтиб бориб ётибди.
Подшо эрта билан туриб, ўйланибди: “Ямоқчи кўп ишлашнинг нима ҳожати бор? Куним ўтса бўлди, деди-я! Қани, ямоқчиликни тақиқлаб қўяй-чи! Куни қандай ўтар экан?!” дебди. Вазирини чақириб келиб, фуқарога буйруқ чиқаришни буюриб:
— Менинг шаҳримда ҳамма янги оёқ кийим кийсин. Эскисини киймасин. Ҳеч ким ямоқчилик қилмасин. Агар кимки ямоқчилик қилса, уйи талонда, ўзи зиндонда! — дебди.
Вазир буйруқни ёзибди. Подшо қўл қўйиб, муҳрини босибди. Вазир жарчига буюрибди. Жарчи шаҳарда қичқириб юриб, буйруқни ҳаммага эшиттирибди.
Подшонинг буйруғини Холдор ямоқчи эшитиб: “Подшо ямоқчиликни тақиқ қилиб қўйган бўлса, бугунча сабр қилай. Сабр туби сариқ олтин деганлар. Худо бир йўлга бошлар!” деб кўрпани тўрт қават солиб, ётиб, кечгача ухлабди. Асрдан кейин ўрнидан туриб: “Энди бирорта чой қайнатиб, қотган-қутган нон бўлса еб, бу кечани ўтказай!” деб, қўшнисининг ҳовлисига ўт сўраб чиқибди. Қўшнисининг эшигини очиб кирса, қўшнисининг хотини бир бегона йигит билан турган экан. Ямоқчини кўриб қўрқиб кетибди:
— Жон тоға! Бировга айтманг, — деб ҳалиги йигит чўнтагидан бир сўм чиқариб бериб, ўзи чиқиб кетибди.
Ямоқчи пулни олиб, суюниб: “Худо етказди!” деб, бу пулга паловга лойиқ гўшт, ёғ, гуруч, сабзи-пиёз ва иккита нон олиб келибди. Гўшт, сабзи-пиёзни тўғрабди. Қозонни осиб, ошни бошлабди.
Валихон подшо кечқурун: “Қани, яна борай-чи! Бугун ямоқчининг ҳоли нима бўлди экан!” деб бориб қулоқ солса, дўконда яна палов биқирлаб қайнаяпти, ямоқчи эса, унинг овозига қўшиқ айтиб, ўйинга тушяпти. Подшо таажжубланиб, эшикни тақиллатибди. Ямоқчи:
— Ҳа, ўйинимни буздинг-а! Кимсан ўзинг! — дебди. Подшо:
— Шоғарибман! — дебди. Ямоқчи эшикни очиб:
— Э, Шоғариб! Келинг!— деб ичкарига киргизибди. Подшо кириб гап бошлабди:
— Нималар қиляпсиз?
— Ҳе, ошимнинг шақирлаб қайнаганига хурсанд бўлиб ўйинга тушаётувдим. Ўйинни ҳам буздингиз, — дебди. Шоғариб:
— Подшо ямоқчиликни тақиқлаб қўйди. Бари ямоқчилар “дод!” дейишяпти. Сиз пулни қайдан топдингиз? — дебди. Холдор ямоқчи:
— Ҳа, кеча сиз, агар Валихон подшо ямоқчиликни тақиқлаб қўйса, нима қиласан, деган эдингиз. Мен бир тирикчилик бўлса, ўтиб кетар деган эдим. Ямоқчиликнинг тақиқланганини эшитиб, кечгача ухлаб ётдим. Кечқурун ўрнимдан туриб, қўшнимникига ўт сўраб чиқсам, қўшнимнинг хотини бир бегона йигит билан турган экан. Устига кириб қолибман. Мени кўриб қўрқиб кетди. “Бировга айтманг!” деб ялиниб, қўлимга бир сўм пул берди. “Худо етказди!” деб, бозорга чиқиб харажат қилиб келдим. Қўшнимнинг хотини у йигит билан гаплашмаса, бу палов қаерда эди? — дебди.
Шоғариб айтибди:
— Агар сизнинг у йигитдан пора олиб, қозон қайнатганингиз подшонинг қулоғига етиб қолса, подшо сизни чақириб сўроқ қилса, нима жавоб қиласиз? — дебди. Холдор ямоқчи:
— Бу гапни сиздан бошқа ҳеч кимга айтганим йўқ. Агар сиз бориб айтиб қўймасангиз, ким айтар эди? — дебди. Шунда Шоғариб:
— Э, биздек ғарибга подшо билан гаплашиш йўл бўлсин! Мен унинг кўчасидан ҳам ўтолмайман. Ҳамма ёқ подшонинг қулоғи, деворингизнинг кесаги ҳам подшонинг қулоғи, — дебди.
Ош пишибди. Ҳар икковлари бирликда чойни ичишибди. Сўнг Шоғариб раҳмат айтиб, хайрлашиб чиқиб кетибди.
Намоз вақти бўлса ҳам ямоқчи ҳали уйқудан тургани йўқ экан. Эшиги тақиллаб қолибди. Ямоқчи уйғониб туриб эшикни очса, шомуртини шопдай қилиб, подшонинг мирғазаблари турибди. Улар:
— Сени подшо чақиртирди. Тез олдимизга туш! — дейишибди. Ямоқчининг кайфи учиб, иликлари қалтираб кетибди:
— Менинг ҳеч гуноҳим йўқ-ку! Мени олиб борманглар, —деб ялинибди. Мирғазаблар: “Ҳозир юрасан!” деб дўқ қилиб ҳайдаб олиб кетишибди ва Валихон подшога тўғри қилишибди. Ямоқчи подшога қўл қовуштириб турибди. Подшо сўрабди:
— Қанақа хиёнат қилдинг?
Ямоқчи:
— Тақсир, мен хиёнат қилганим йўқ? — дебди.
Подшо айтибди:
— Сен хиёнаткор бўлмасанг, подшолик ишига аралашиб, бировлардан пора олиб ермидинг?
Ямоқчи жуда қўрқибди:
— Э, подшоҳим! Мен порахўрлик қилганим йўқ! — дебди.
Подшо:
— Порахўрлик қилмасанг, бу кеча паловни қаердан топдинг? — дебди. Ямоқчи:
— Сиз ямоқчиликни тақиқлаб қўйган экансиз. Кечгача иш қилмай ётдим. Кечқурун чой дамлаб, қотган-қутган нон бўлса еб ётай деб, қўшнимникига ўт сўраб чиқсам, хотини бир бегона йигит билан турган экан. Мени кўриб қўрқиб кетди-да: “Бировга айтманг”, деб ҳалиги йигит бир сўм берди. Шу пулга палов қилиб еган эдим, — дебди. Подшо айтибди:
— Бунақа бузуқчиликни тақиқлаш подшоликнинг иши бўлади.
Сен бу ишни подшоликка билдирмай, порани ўзинг еб кетибсан, гуноҳкорсан! — деб ғазаб қилибди. Ямоқчи қўрқиб: “Подшо энди мени ўлдирар экан-да!” деб ўйлабди.
Подшо айтибди:
— Сен шу қилган гуноҳинг учун эшигимнинг тагида бир йил қоровуллик қилиб берасан!
Холдор ямоқчи: “Ўлмай қолганимга шукр! Қоровуллик қилсам, қилиб берай!” деб ўйлаб:
— Хўп, тақсир! — дебди. Подшо ямоқчининг қўлига битта қилич берибди ва:
— Бор! Сен ҳов анави дарвозанинг ёнида пойлоқчи бўлиб тур! Ўғри келса, чопасан! — дебди. Ямоқчи бориб, кечгача пойлоқчилик қилибди. Ўғри келмабди. Кечгача подшо унга овқат бермабди. Ямоқчининг қорни очибди. Кечқурун уни подшо яна ҳузурига чақиртирибди.
Ямоқчига катта бир отни кўрсатибди ва:
— Шу отни уйингга обориб, чакса ем, уч боғ беда бериб, боқиб, эрта билан олиб кел, — деб буюрибди. Ямоқчи отни миниб, чиқиб кетибди. Йўлда: “Подшонинг пойлоқчиси шунақа оч аҳволда ишлайдими? Қорнинг очиб, ўлар ҳолга келганинг етмай, энди мана бу отни боқиб келасан, дегани ортиқ бўлди-ку. Мен бунга чакса ем билан уч боғ бедани қаердан топдим”, деб хафа бўлиб кета берибди. Йўлда кетаётса, бир ғалвирфуруш дўконда иш қилиб ўтирган экан. Унга подшо берган қилични икки сўмга гаровга қўйибди. Пулига паловга еткудек харажат қилибди, икки боғ беда, юз пайса ем олиб уйига келибди. Отга емни едириб, гўшт-ёғни тўғраб, паловни бошлаб юборибди.
Валихон подшо: “Ямоқчини кун бўйи оч қўйдим. Боз устига боқиб келасан, деб отимни ҳам бериб юбордим. Қани, бориб кўрайин-чи, ямоқчи бугун нима қилар экан?” деб кечаси ямоқчининг дўконига бориб, қулоқ солибди. Қулоқ солса, дўконда яна палов қайнаяпти-ю, ямоқчининг вақти чоғ:

Қозонимни қайнатган,
Қайна, паловим, қайна!
Подшоликнинг қиличи.
Қайна, паловим, қайна!..

— деб ўйинга тушяпти. Подшо ямоқчининг бу ишидан завқланиб, кулибди ва эшикни тақиллатибди:
— Кимсан?
— Шоғарибман!
Ямоқчи эшикни очибди. Шоғариб кирибди. Ямоқчи у билан сўрашиб, кўрпачага ўтқазибди. Шоғариб ундан ҳол-аҳвол сўрабди. Ямоқчи:
— Э, Шоғариб! Бугун бир ўлимдан қолдим, эрта билан подшонинг мирғазаблари подшонинг олдига ҳайдаб борди. Подшо: “Сен пора олибсан!” деб ўлдириб қўйишига бир бахя қолди. Яна ўзига инсоф бердими, ўлдирмай эшигига пойлоқчи қилиб қўйди. Кечгача пойлоқчилик қилдим. Бирор одам келиб: “Нима қилиб ўтирибсан, қорнинг очмадими?” деб сўрамади. Жуда оч қолдим. Кечқурун подшо отини берди. Шу отни обориб, чакса ем, уч боғ беда билан боқиб келасан, деди. Нима қилай! Уйда ҳеч нарсам йўқ. Қилични ғалвирфурушга гаровга қўйиб, ошга харажат қилдим, подшонинг отига ем, беда олиб келдим, — дебди.
Шоғариб:
— Хўп, қилични гаровга қўйибсиз. Эртага бориб, яна пойлоқчилик қиласиз. Шунда ўғри келиб қолса, подшо сизга: “Чоп ўғрини!” деса, у ҳолда нима қиласиз? — дебди.
Ямоқчи айтибди:
— Ҳа, унинг ғамини еманг! Келинг, ошни ейлик! Ошдан кейин ёғочдан қилич ясаб, қинига солиб қўяман! — дебди. Ош ейилибди, чой ичилибди, Шоғариб хайрлашиб чиқиб кетибди.
Эрта билан ямоқчи подшонинг отини қашлаб, эгарлаб, юганлаб, устига миниб, ёғоч қилични тақиниб, ўрдага етиб борибди. Отни подшога тўғри қилиб, таъзим қилиб тураверибди. Подшо:
— Бор, кечаги жойингга! Ўғри келса, чопасан!— дебди. Ямоқчи кечаги жойига бориб: “Худоё шарманда қилмагин!” деб, юраги пўкиллаб тура берибди.
Бир вақт подшонинг одамлари: ”Ўғри тутдик!” деб иккита одамнинг қўлини орқасига боғлаб олиб келишибди. Подшо айтибди.
— Ҳов анави янги йигитни чақиринглар! Келиб, бу ўғриларни чопсин!
Ямоқчини чақириб келишибди. Подшо ямоқчига:
— Чоп, ўғриларни! — деб буйруқ берибди. Ямоқчи қўрқиб туриб қолибди. Яна:
— Чоп, — деб буюрибдилар. Ямоқчи: ”Бор, энди ўлдим!” деб ёғоч қилични қинидан чиқариб, ўғринииг елкасига бир солибди. Ёғоч қилич синиб кетибди. Бу аҳволни кўриб подшо “қаҳ-қаҳ” уриб, кулиб юборибди, шу ерда турганларнинг ҳаммаси қотиб-қотиб кулишибди, ўғрилар ҳам кулиб юборишибди. Бечора ямоқчи: “Мен энди ўлдим. Подшо бу ўғриларга: “Ўзини чоп!” деб буюради. Ўғрилар мени чопади!” деб титраб турибди. Шунда подшо кулгидан тўхтаб:
— Яша, ямоқчи! Ўлма, сенинг ишларингга қойилман! Ол! От ҳам сеники, қилич ҳам сеники! Бор, кетавер энди!— деб отни миндириб, ўрдадан чиқартириб юборибди.
Ямоқчи ўлмай қолганига юз шукрлар қилиб хурсанд бўлиб, уйига етиб келибди. Отни боғлабди. Бозорга чиқиб, ғалвирфурушга қилични биратўла пуллабди. Ортган пулига отга ем, беда, паловнинг харажатларини олиб қайтиб келаётса, жарчи бозорни айланиб:
— Подшоҳи аъзамдан рухсат бўлди, ямоқчилар ямоқчилигини қила берсин! — деб чақириб юрганмиш. Ямоқчи: “Эҳ, хайрият!” деб, уйига етиб келиб, отини боқа берибди.
Подшо кечаси яна келибди. Қулоқ солса, қозонда палов қайнаяпти-ю, ямоқчи унинг овозига суюниб, қўшиқ айтиб, ўйнаяпти. Подшо эшикни тақиллатибди. Ямоқчи:
— Кимсан? —дебди.
— Шоғарибман! — дебди подшо.
Ямоқчи бориб эшикни очибди. Шоғариб кириб ўтирибди ва:
— Уста Холдор! Бугун жуда ҳам вақтингиз чоғ! — дебди.
Ямоқчи:
— Ҳе, асти сўраманг! Бугун жуда қизиқ ишлар бўлди, — деб подшоникида бўлган ишнинг ҳаммасини Шоғарибга айтиб берибди ва: — “Қул ўлмас, ризқи қуримас”, деган эканлар. Мана бугун ҳам қозоним қайнаяпти, — дебди. Ош пишибди, ошни иккаласи бирга ейишибди.
Шоғариб:
— Энди мен кетаман! Сиз бир доно кишидан сўраб кўринг! Сиз тантими, подшо тантими! — деб чиқиб кетибди.