Бор эканда, йўқ экан, оч эканда, тўқ экан. Бурунги замонда чол-у кампир бор экан. Буларнинг бир ўғли бор экан. Ўғлининг бир олтин соққаси бор экан. Кунлардан бир кун тирама бўлиб совуқ тушиб қолибди. Булар яйловдан қишлоққа кўчибди. Боланинг олтин соққаси яйловда эсидан чиқиб қолибди. Кейинчалик эсига тушиб:
— Эна, эна, олтин соққам қаерда? — дебди. Энаси:
— Отангдан сўра, — дебди. Бола отаси олдига бориб:
— Ота, ота, олтин соққам қаерда? — дебди. Отаси:
— Эй, болам, яйловда қолибди, ола тойингни миниб, олиб кела қол, — дебди.
Бола дарров ола тойни эгарлаб, устига миниб, яйловга қараб отини чоптириб кетибди. Кун ҳам ботай деб қолибди. Яйловга борса, бир ялмоғиз кампир боланинг олтин соққасини ўйнаб ўтирган эмиш. Бола кампирни кўриб қўрқиб, орқасига қайтай деса, олтин соққасини кўзи қиймабди. Шу турган жойида ялмоғиз кампирдан:
— Ошиғимни беринг, — деб сўрабди. Ялмоғиз кампир:
— Эй, бола, мен ўзим ўлиб бораётган кампирман, ошиғингни олиб бергудай ҳолим йўқ. Ўзинг тойингдан тушиб ол, — дебди. Бола тойидан тушишга кампирдан қўрқиб:
— Олиб бер, дейман, — деб кампирнинг яқинроғига тойни ҳезлаб борибди. Кампир яна:
— Ўзим ўлиб бораётибман, сенга соққани олиб беришга ҳолим келмайди, мана, ўзинг ола қол, — деб соққани берироққа қўйибди. Бола тойини ҳезлаб келиб олтин соққани олиб қочибди. Ялмоғиз кампир дадил ўрнидан туриб бола орқасидан қувиб кетибди. Бола тойини чоптириб қоча берибди. Ялмоғиз кампир қува берибди. Ола той чарчаб қолиб, ялмоғиз кампир боланинг орқасидан етай деб қолибди. Оқшом ўтиб тонг отай деб қолибди. Боланинг олдидан бир яхши тўқимланган эшак чиқиб қолибди. Бола тойни шу ерга ташлаб, эшакка миниб яна қоча берибди. Эшак ҳам чарчаб, ялмоғиз кампир етай деб қолибди. Боланинг олдидан эгар-юганланган бир яхши от кишнаб чиқиб қолибди. Бола эшакдан тушиб, отга миниб яна қоча берибди. Ялмоғиз кампир қувлайверибди. Шу куни оқшомгача чопиб, от ҳам чарчаб қолибди. Ялмоғиз кампир яна болага етай деб қолибди. Бола олдидан жиҳозланган нор туя чиқиб қолибди. Бола отни шу ерга ташлаб, туяни миниб қочибди. Кампир қува берибди. Шу куни туни билан юриб туя ҳам чарчаб қолибди, ялмоғиз кампир ҳам етай деб қолибди. Бир жойга борса, йўлда кўп пода учрабди. Бола туяни шу ерга ташлаб, пода ичига кириб минай деса, ҳеч қайсиси миндирмабди. Боланинг кўзига бир бузоқ кўринибди. Бола бориб дарров бузоққа миниб қочаверибди. Куни билан қочиб, кун кеч бўлиб қоронғи говгум бўлиб қолибди. Кампир яна етай деб қолибди. Бузоқ оғзини очиб нафасини юборган экан, туман тушиб қолибди. Ялмоғиз кампир боланинг қорасини кўрмай адашибди. Бузоқ болани бир тоғнинг камарига олиб борибди. Бола бузоқнинг устидан тушиб, белидаги камари билан бузоқни боғламоқчи бўлибди. Бузоқ болага:
— Мени боғлама, мен ҳеч қаерга кетмайман, сен билан жўра бўламан, — дебди. Боланинг қорни очиб, уйидан белига ўраб чиққан нонидан еб, қолганини яна белига тугиб қўйибди. Шу ерда бола билан бузоқ ухлаб, оқшом ўтиб тонг отибди. Бузоқ ўтлаб келаман деб тоғ устига чиқиб кетибди. Тоғга чиқиб қараса, тоғнинг нариги томонида катта қўрғон, атрофи мевазор экан. У ерга ҳар йили ёзда подшоҳ кўчиб келиб шикор қилар экан. Бузоқ ўтлаб-ўтлаб шу подшоҳнинг қўрғонига бориб қолибди. Подшоҳ қизининг қирқта чўриси бор эди, ҳаммаси ҳам шўх-шўтаноқ қизлар эди. Бузоқни кўриб ушлаб олишди. Устига чопон солиб миниб, ҳовлининг ичида у ёқдан-бу ёққа ўйнай бошлашди. Подшоҳнинг қизи кўшкида ўтириб буларни томоша қилаётса, чўрилар келиб:
— Сиз ҳам бузоққа мининг, — дейишди. Подшоҳнинг қизи бузоққа минишни номус қилиб:
— Ўзларинг миниб ўйнай беринглар, мен шу ерда томоша қилиб қараб ўтираман, — деди. Чўри қизлар яна:
— Мининг, жуда мингич экан, — деб қўймагандан кейин:
— Ҳа, бир миниб кўрай-чи, — деб бузоқ устига минибди. Бузоқ ҳозлининг гоҳ у бошига, гоҳ бу бошига йўрғалаб юрибди. Подшоҳнинг қизи:
— Ҳа, бу жуда ювошгина бузоқ экан-да, — деб кечгача бузоқ устида юраверибди. Кун кеч бўлганда бузоқ чопиб дарвоза олдига бориб, бир оғзини очиб, нафасини чиқарибди. Туман тушиб, чўриларнинг кўзига подшоҳнинг қизи кўринмай қолибди. Бузоқ подшоҳ қизини олиб, тоғдан ошиб, дўстининг олдига қизни олиб келиб:
— Мана, бу қизни сенга олиб келдим. Энди мени сўй, икки кўзимни бир жойга, бутун танамни бир жойга кўм, — дебди. Бола бузоқнинг гапларини қулоғига олиб бузоқни сўйибди. Бутун танасини бир жойга, икки кўзини бир жойга кўмибди. Бола билан қиз эртаси уйқудан турса, бузоқнинг икки кўзи иккита този бўлибди, бутун танаси яхши бир ҳовли бўлибди. Равотнинг ичига ҳар турли каштали гиламлар тўшалган, ҳар хил жиҳозлар билан ясатилган. Қиз билан йигит шу равотда яшай берибди. Йигит иккита този итини овга олиб чиқибди. Овлаб бориб бир дарё лабига келиб қолибди. Қараса, дарё лабида ялмоғиз кампир турибди. Ялмоғиз кампир болани кўриб, қочиб сувга тушиб кетибди. Бола тозиларига:
— Ол, шу кампирни, қўйма! —дебди. Тозилари болага қараб:
— Биз сувга тушамиз, сувнинг бетига қон чиқса, қувонавер, йиринг чиқса, йиғлайвер, — деб ялмоғиз кампир орқасидан сувга тушиб кетибди.
Орадан анча вақт ўтгандан кейин, сувнинг бетига йиринг чиқибди. Бола йирингни кўриб йиғлайверибди. Дарров сувнинг бетига қон чиқиб, дарёнинг ҳамма суви қип-қизил бўлиб кетибди. Бола қувониб турса, тозиси ялмоғиз кампирнинг икки оёғидан судраб чиқиб қолибди. Боланинг душмани ўлиб, қувониб равотига қайтибди. Қараса, уйида меҳмонлар. Подшоҳ қизини излаб амалдорлари билан келиб қолган экан. Подшоҳ севиниб қизини тўй-томошалар билан болага никоҳлаб берибди, уни ўз тахтига ўтқазибди. Бир куни боланинг ота-онаси ҳам ўғлини қидириб юриб шу равотга келиб қолибди. Чол билан кампир шундай бахтга эришган боласини кўриб, вақтлари чоғ бўлибди, яхши келин топиб мурод-мақсадларига етибди.