Бир бор экан, бир йўқ экан, бир шаҳарда, бир кунда икки оилада фарзанд туғилибди. Биринчисининг туғилиши хаво айниган, ёмғир ёққан пайтга тўғри келибди. Шунинг учун унга Ёмонвой деб ном қўйишибди. Иккинчиси эса ёмғир тиниб, ҳаво очилиб, офтоб чиққан вақтда туғилибди. Унинг исмини Яхшивой қўйишибди. Иккаласи ҳам вояга етибди.
Бир куни Ёмонвой Яхшивойга, “сени меҳмонга олиб бораман” деб алдаб, чўлга олиб келибди. Шунда Яхшивой:
— Нега мени бу ерга олиб келдинг? — деб сўрабди.
— Нега энди ҳамма сени Яхшивой деб мақтайди. Мен сени бу ерга ўлдиргани олиб келдим, — дебди Ёмонвой,
— Жон дўстим, мени ўлдирмагин. Ўлдиргандан кўра менинг икки кўзимни ўйиб қўя қолгин, — деб ялинибди Яхшивой.
Ёмонвой Яхшивойнинт икки кўзини ўйиб, ўзи яна шаҳарга қайтибди.
Яхшивой чўлда икки кўзи ўйилган ҳолда нола қилиб, оч-наҳор ётаверибди. Охири, аста-секин қўзғалиб, эмаклаб юра бошлабди.
Пайпаслаб-пайпаслаб бир зинага тўғри келибди. Аста-секин зинадан пастга туша бошлабди.
У ерда катта бир чинор ва остида бир ҳовуз бор экан. Яхшивой ҳовузнинг ёнига келиб ётибди, “балки сув олишга келган бирор киши менга ёрдам берар”, деб ўйлабди. Сувга келган кишилар Яхшивойни кўриб, унга нон, сув беришибди. Шундай қилиб кунлар ўтаверибди.
Кунларнинг бирида чинор тагида ухлаб ётганда дарахтнинг тепасига тўртта тўтиқуш келиб, ўзаро суҳбатлашибдилар. Яхшивой тўтиларнинг суҳбатини тинглаб ётаверибди.
Биринчи тўти:
– Оламда нима гаплар бўлаётганини биласизларми? Бир киши кўзи ўйилган ҳолда ётибди. Агар у шу чинорнинг тепасига чиқиб, энг юқорисидаги баргини олиб, кўзига суртса, кўзи очилиб кетади, — дебди.
Иккинчи тўти:
— Нариги томонда, бир кампирнинг асраб қўйган пулини бир сичқон олиб кетиб ўйнаяпти. Агар сичқонни бир кесак билан урса, сичқон қочиб кетади, пулини олиш мумкин, — дебди.
Учинчи тўти:
— Шаҳар четида икки ака-ука оталаридан қолган ҳовли-жойни талашиб жанжаллашиб ётишибди. Агар ўша ҳовлини сотиб олиб, ҳовли ўртасидаги бир жуфт теракнинг тагини ковласа, у ердан бир хум тилла чиқади, — дебди.
Тўртинчи тўти:
— Шаҳримиздаги подшонинг қизи касал, ҳеч ким подшонинг қизини тузата олмаяпти. Кимки подшонинг қизини шу касалдан тузатса, у қизини беради. У қизга уйларидаги қора мушук ошиқ бўлиб қолган. У мушук қиёфасидаги паридир. Агар ўша қора мушукни сўйиб, қонини қизга суртса, қизи тузалиб кетади, — дебди.
Тўтилар учиб кетганидан кейин, Яхшивой улардан эшитган гапларини бажара бошлабди. У чинорнинг тепасига чиқиб, унинг баргини аввал ўнг кўзига, кейин чап кўзига суркаган экан, кўзи очилиб кетибди. Сичқонни ҳам топиб, кесак билан бир уриб пулини олибди. Ўша пулга бориб, ака-укаларидан ҳовли сотиб олибди. Ҳовли ўртасидаги дарахтнинг тагини кавлаб, бир хум тиллани олибди. У роса бойиб, хурсанд бўлиб бозорни айланиб юрса, подшонинг жарчилари маликанинг касал эканлигини, уни даволайдиган табиб кераклиги ҳақида жар солиб юрган экан. Яхшивой, “мен табибман” деб, улар билан бирга шоҳнинг ҳузурига йўл олибди. Саройга кириб борса, шоҳ:
— Кизимни тузатсанг, уни сенга никоҳлаб бераман, лекин тузата олмасанг бошинг кетади. Ўттиз тўққиз табибнинг боши кетди, сен қирқинчисисан, — дебди.
Яхшивой маликанинг ёнига борибди, сўнг мушикни олиб келишни буюрибди. У қора мушукни сўйиб, унинг қонини қизга суртиб даволабди. Шоҳ хурсанд бўлиб қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб, қизини Яхшивойга никоҳлаб берибди.
Кунлардан бир кун Яхшивой ота-онасини соғинганини шоҳга айтибди. Пошдо жуда кўп мол-дунё бериб, уни кузатиб қўйишга бир қанча одамлар қўшиб берибди. Яхшивойнинг ота-оналари суюниб кутиб олишибди. Дўстлари, яқинлари Яхшивойни кўргани келишибди. Ёмонвой Яхшивойни келганини эшитиб, “энди мени ўлдиради” деб гумон қилибди. Қўрққанидан унинг ёнига келмабди ҳам. Яхшивойнинг ўзи Ёмонвойни кўргани борибди ва унга:
— Сенинг орқангдан шунчалик катта давлатга эга бўлдим. Сен ўзинг билмаган ҳолда менга яхшилик қилдинг, — дебди.
Шундан сўнг Ёмонвой ҳам Яхшивойга ялина бошлабди.
— Жон дўстим, сен ҳам менинг кўзимни ўйиб, ўша чўлга ташлаб келгин, — дебди.
Яхшивой:
— Қўй, дўстим, қандай қилиб мен сенинг кўзингни ўяман, — деб кўнмабди.
Ёмонвой эса қистайверибди. Охири ҳеч қўймагач, Яхшивой ҳам Ёмонвойнинг кўзини ўйиб, чўлга ташлаб келибди. Ёмонвой ҳам Яхшивой ётган чинор тагига бориб ётибди, бир пайт ўша тўтилар учиб келиб, суҳбат қура бошлашибди. Тўтилардаи бири шундай дебди:
— Бизнинг гапларимизни бирор киши пойлаб, эшитиб ётганга ўхшайди. Бир кўр йигитнинг қўзи очилибди. Кампирнинг пули сичқондан олинибди. Ўша ҳовлини ҳам сотиб олибди. Подшонинг қизи ҳам касалдан тузалибди. Қани, оғайнилар, пастга тушиб бир қарайлик-чи, ким бизнииг суҳбатимизни эшитиб ётган экан, — деб тўтилар пастга тушишибди.
Ёмонвойни кўриб, тўртта тўти уни тўрт томонидан кўтариб, осмон-у фалакка олиб чиқиб кетишибди ва баланддан ташлаб юборибдилар. У чил-парчин бўлиб пастга тушибди. Яхшивой эса узоқ умр кўриб, тинч-тотув яшаб, мурод-мақсадига етибди.