Ўтган замонда бир камбағал йигит мардикорчилик билан кун кўрар экан. Қиладиган иши ғишт қуйиш ва усталарга ғишт ташиб бериш экан. Шу меҳнат орқасида овқат ва кийим-бошидан орттириб тўплаган пулига уйланибди. Уй-жой қилиб, хотинини шу меҳнат билан топган пулига боқар экан. Ўзи шаҳардан четроқда, бир қишлоқда яшар экан.
Бир куни шу шаҳарнинг подшоси арк солдирмоқчи бўлиб, шаҳарнинг машҳур усталарини чақирибди, маслаҳатлашиб, усталар билан келишиб аркни қуришга буйруқ берибди. Шунда усталарга ғишт бериб турадиган мардикорлар устага ғишт етказиб беролмабди. Усталарнинг иши эса тўхтаб қолибди. Усталар подшодан ғишт итқитадиган киши сўрабдилар. Подшо шаҳарга жарчи қўйиб, не-не йигитларни олдириб келибди. Ҳеч қайсиси бу ишнинг уддасидан чиқа олишмабди. Шунда шаҳарга яна жарчи қўйиб, ҳалиги қишлоқдаги мардикорни топтириб келишибди. Йигит усталарга ғишт ташлаб беришга бел боғлаб, ишни бошлаб юборибди. Ҳар бир ғиштни устага отганда устадан беш метр юқори чиқиб кетибди, усталарнинг иши юришиб кетибди.
Шунда подшо мардикорнинг ғишт отишини кўриб ҳайрон бўлиб қолибди. Бир куни бунинг сабабини билиш учун подшо бир кампирни қўйибди, унга:
— Мардикор уйига бормасдан илгари, унинг уйига борасан-да, хотинининг аҳволини, муомалаларини бир баҳона билан билиб келасан, — дебди.
Кампир мардикордан илгари унинг уйига меҳмон тариқасида борибди. Йигит кечқурун уйига келиши билан хотини эрининг олдига чиқиб, салом бериб:
— Келинг, тўрам, — деб, офтобада қўлига сув қуйиб, бошқа озода кийимларини берибди. Остига кўрпача ташлаб, орқасига ёстиқ қўйиб, чойни тайёрлаб, овқатини ҳам олиб келиб қўйибди. Ўзаро меҳрибонлик, ҳурмат билан гаплашиб, овқатни ейишибди. Буни кўрган кампир эрталаб келиб подшога кўрган, эшитганларини ва хотинининг эрига бўлган муносабатини айтиб берибди. Эртасига йигит келиб яна усталарга аввалгидек ғишт итқитиб бераверибди. Бу сафар ҳам подшо ҳайрон бўлибди. Яна кампирни чақириб:
— Бугун яна бир баҳона билан йигитнинг уйига бориб, хотинига: “Сиз ақлли, чиройли, боодоб аёл экансиз, бу мардикор йигитни мунча ҳурмат қилмасангиз, сиз подшобоп хотин экансиз. Подшога бориб айтган эдим, сизга ошиқ бўлиб, олмоқчи бўлиб қолди, мени сизга совчи қилиб юборди”, деб уни ийдир, ишқилиб хотинни йўлдан чиқар, — дебди.
Кампир йигитнинг уйига келиб, ҳийла-найрангни подшо айтганидан ҳам дўндириб юборибди. Хотин ўша куниёқ ўзгарибди-айнабди, бир хил хаёллар билан эри ишдан келганида рўйхуш бермай, кундалик қиладиган ҳурматларини жойига қўймабди, муомаласи ҳам бошқача бўлибди. Кампир воқеадан подшони хабардор қилибди. Эртаси йигит ишига келиб, кундалик отадиган ғиштини ярмига ҳам етказа олмабди. Ўша куни иш тўхтаб қолибди. Буни подшо кўриб эртасига кампирга:
— Яна бор, “кечаги гапни подшо сени синамоқ учун айтган экан, ўз эрингдан қолма”, дегин, — дебди.
Кампир эртаси хотин олдига бориб, подшонинг сўзини айтибди. Хотин эса, яна эрини илгаригидай ҳурматлай бошлабди.
Йигит эртаси ишга келганида усталарга ғиштни аввалгидек отибди, усталарнинг иши юришиб кетибди. Шунда подшо эр-хотин ўртасидаги муомаланинг кучи нақадар муҳимлигини ўзи синаб, қойил қолган экан.