Бир замонда бир хасис бой ўтган экан. Унинг минг тилла пули бор экан. Бу пулини битта бўз халтага солиб, оғзини маҳкам тугиб, ҳеч кимга ишонмай, иридан бўйнига осиб, қўлтиғига тушириб олар, кечаси ётганида маҳкам қучоқлаб ётар экан. Эрта билан турганида, мабодо кечаси ухлаб ётганимда хотиним очиб бирортасини олиб қўймадимикан деб, халтани очиб, тиллаларини санаб, яна боғлаб қўяркан. Бой бирор жойга кетса, тиллаларни хотинининг кўз олдида санаб сандиққа солиб қулфлаб, калитини хотинига бериб кетар экан. Ҳатто бозорга бирор нарса олишга борса ўғрига олдириб қўймайин деб, чўнтагига пул солиб бормас экан. Хотинига, агар менга пул керак бўлса, одам юборсам, мана бу бўз чорсини бериб юбораман, сен шунда тиллани бериб юборасан деб тайинлар экан. Бир куни бой бозорга борибди. Ўзи билан бирга Матмуса деган хизматкорини ҳам олиб борибди. Бой бозорни айланиб, кўп нарсаларни кўриб, харидор бўлибди. Охири битта от, битта мол, қўй, гуруч, ун, сабзи-пиёз харид қилибди. Эгаларига пул бермабди, улар ҳам бойнинг кетидан эргашиб юра берибди. Улар бойдан пулларини қистабди. Бой:
— Ҳозир ёнимда пул йўқ. Хизматчим бориб, уйдан пул олиб келади, сўнг пулларингизни оласиз, — дебди. Бой хизматкорига:
— Матмуса! — дебди. Хизматкори:
— Лаббай, хўжайин, — дебди. Бой Матмусага белидан бўз белбоғини ечиб узатибди ва:
— Уйга, келинбувингга бор, бўз халтадаги тиллани берсин, тезда олиб кел! — дебди.
Хасис бой эрта билан Матмусани нонушта қилдирмай эргаштириб кетган, бозорда ҳам овқат олиб бермаган экан. Матмуса қорни оч, юргани ҳам мадори йўқ, белбоғни елкасига солиб, имиллаб уйга кетаётган экан. Шу бозорда Абдураҳмон деган ўғри бор экан. У бу бойнинг катта пули бўлса керак, бир илож қилиб ўғирлаб оламан, деб бу ҳам бойнинг кетидан эргашиб юрган экан. Бой Матмусага ҳалиги гапни айтганини эшитиб, унинг орқасидан тушибди. Шу пайт бир томондан қўнғироғини жангир-жунгир қилиб, бир қатор туя ўтиб қолибди. Матмуса анграйиб, туяларга қараб, ҳуши кетиб турган экан, Абдураҳмон унинг елкасидаги бўз белбоғини шилт этиб илиб қочибди. Икки оёғи тўрт бўлиб, чопиб, бойнинг уйига борибди-да:
— Келинбуви, келинбуви! — деб бойнинг хотинини чақирибди.
Бойнинг хотини ичкаридан товуш берибди. Абдураҳмон ўғри:
— Бой бувам бозордан харид қилди. Сен келинбувингга бор, бўз халтадаги тиллани берсин, олиб келгин, деб юборди, — деб бўз чорсини узатибди. Хотин тиллани олиб, бўз чорсига ўраб берибди. Абдураҳмон ўғри тиллани олиб йўлга тушибди. Йўлнинг ярмидан ўтганда Матмусага дуч келибди. Уни ўтказиб туриб, бўз чорсини йўлга ташлабди-да:
— Ҳай, ошна! — деб чақирибди. Матмуса орқасига қайрилиб қараган экан, Абдураҳмон:
— Чорсингиз тушиб қолибди, олинг! — дебди. Матмуса, чорсини тушириб қўйган эканман-да, деб қайтиб келиб олиб, ўғрига раҳмат айтиб кета берибди. Ўғри эса, бозорга бормай тўппа-тўғри уйига қараб кетибди.
Матмуса хўжайининикига бориб, унинг хотинини чақирибди. Хотини товуш берибди:
— Бойбувам келинбувингга айтгин, бўз халтадаги тиллани берсин, олиб келгин, дедилар. Мана, бўз чорсиларини бериб юбордилар, — деб бўз чорсини узатибди. Бойнинг хотини:
— Бой пулга неча марта одам юборади? Ҳали биттанг келиб: “Бойбувам халтадаги тиллани берсин!” деб, тиллани олиб кетди-ку, — дебди.
Матмуса бозорга қайтиб бориб, хасис бойга:
— Хўжайин! Мендан илгари битта хизматчингизни юборган экансиз. У тиллаларни олиб кетган экан, мен қуруқ қайтиб келдим, — дебди. Бу гапни эшитиб, бойнинг кайфи учиб, иккала кўзи олайиб, қинидан чиқай деб, турган жойида тахтадай қотиб қолибди.
Хасис бойга нарса сотганлар:
— Бойбува! Пулимизни беринг! Кеч кириб кетяпти. Бозорлигимизни олиб тезроқ уйимизга кетайлик, бизни кўп куттириб қўйдингиз, — дейишибди.
Бой бир вақт ўзига келиб:
— Мени худо уриб қўйибди. Нарсаларингизни олмайман. Ҳар ким ўз нарсасини олиб кета берсин, — дебди. Одамлар:
— Эй, хасис бой! Йўқ пулга бизни аҳмоқ қилдингми! — деб бойни сўкиб-сўкиб, нарсаларини олиб кета беришибди.
Бой бу ишни Абдураҳмон ўғридан бошқа ҳеч ким қилмайди, деб ўйлабди. Отини минибди-ю, уйига бормай, тўппа-тўғри Абдураҳмон ўғриникига бориб, эшигини тақиллатибди. Абдураҳмон ўғри чиқиб қараса, бой келибди:
— Ҳа, келинг, бойбува! Қани отдан тушинг, меҳмонхонага кирайлик. Хизматда бўлайлик, — дебди. Ичида: “Вой қузғун бой-ей! Тиллани олганимни сезиб кепти-да!” деб ўйлабди. Бой отдан тушибди. Абдураҳмон ўғри отни етаклаб, бойни ташқари ҳовлисига бошлаб кирибди.
Отни отхонага боғлаб, бойни меҳмонхонага олиб кириб ўтқазибди. Олдига дастурхон ёзибди, кечқурун палов қилиб олиб чиқибди. Хасис бой ўғрига дардини айтолмабди. Ўғриникида бир кеча ётибди. Эртасига яна кетмабди. Уч кун ўтса ҳам кетмабди. Беш кун ўтсаям кетмабди. Ўғри: “Бу хасис бой қачон кетар экан?!” деб ўйлабди. Бой қирқ кунгача ҳам кетмабди. Абдураҳмон ўғри бойнинг ўзини ва отини боқиб, бу ҳам бойга сир бермай, ёмон гапирмай юра берибди. Охири Абдураҳмон ўғри зерикибди. Бойга:
— Бойбува! Меҳмон деган бир кун ётади, икки кун ётади. Ҳа, боринг, ўн кун ётсин. Сизнинг келганингизга қирқ кун бўлди. Ҳали қўзғалай демайсиз! Ё бирор иш билан келганингизни айтмайсиз. Менда бирор ишингиз бормиди? — дебди.
Бой:
— Сен менга ростини айт! Бизнинг уйга бориб минг тиллани олиб келганмисан, йўқми? Агар олиб келган бўлсанг, олиб келганман, дегин! Бўлмаса: “Хотиним талоқ бўлсин, олганим йўқ!” деб қасам ичгин, — дебди. Ўғри мардлик қилибди. Бойдан бу гапни эшитиб, хохолаб кулиб юборибди ва:
— Бой ота! Қайдан билдингиз? — деб сўрабди. Бой:
— Сендан бошқа уста, учар ўғри борми? Сендан бошқа ҳеч ким олмайди, — дебди. Шунда ўғри:
— Рост, бой ота! Тиллаларингизни мен олиб эдим. Бир тилласини ишлатдим. Бир кам минг тилласи турибди, — дебди. Уйига кириб, бир кам минг тиллани бўз халтаси билан олиб чиқиб, бойга берибди.
Бой тиллаларни санаб, бўз халтага солибди, оғзини боғлаб, чўнтакка солиб, кетмай, яна ёта берибди. Орадан ўн кун ўтибди. Абдураҳмон ўғри бойдан:
— Энди нимага кетмай ётибсиз? — деб сўрабди. Хасис бой:
— Бир тиллани бер. Бермасанг, кетмай ёта бераман, — дебди.
Ўғри:
— Сизни отингиз билан эллик кун боқдим. Бунга бир тилладан кўп кетди. Еган овқатингиз, отингизга берган беда ва емларим учун бир тиллани олмай кета беринг-да! — дебди. Бой:
— Сен мени ким деб ўйлаяпсан ўзинг? Минг тилла пулимни эллик кун ушлаб турганингга ҳақ сўрамаяпман-у, эллик кунлик овқатимга ҳақ сўрайсанми? Бир тиллани олмасдан кетмайман! — дебди. Ўғри хотинига кириб:
— Бу хасис бой тилласини ундирмагунча кетмайман, деяпти. Мен кечаси ўлдим деб ётиб оламан. Сен саҳар туриб, болаларингни уйғотасан. Сен: “Вой, тўрам!” деб йиғлайсан. Болалар: “Вой, отам!” деб йиғлайди. Шунда бой кетишга мажбур бўлади, — дебди.
Кечқурун Абдураҳмон ўғри бошини боғлаб, бойнинг олдига инқиллаб кириб борибди ва:
— Бойбува! Мен аллақандай бўлиб кетяпман, ўлиб қолмасам кошки эди. Сиз хабардор бўлиб туринг. Жонга ишонч йўқ. Башарти, кечаси бир иш бўлиб қолса, гўр-кафанга бир-икки тилла қарашасиз-да, — деб уйига кириб кетибди.
Саҳарга борганда, ичкаридан “Вой, тўрам!”, “Вой, отам!” деган йиғи товуши эшитилибди. Бу йиғини эшитиб, ўғрининг қўни-қўшнилари, қариндош-уруғи чиқиб тўпланибди. Бири: “Вой, тоғам!” деб, бири: “Вой, акам!” деб, бири: “Вой, тўрам!” деб йиғлай беришибди.
Абдураҳмон ўғри эса ўзини ўликка солиб ётиб олибди. Тонг отибди, бой кетмабди, қўлига супурги билан пақирни олиб, ҳовлига ва кўчага сув сепиб, супуриб юра берибди. Абдураҳмон ўғрининг таъзиясига маҳалла-кўй тўпланибди. Шунда хасис бой:
— Биз бу раҳматлик билан жуда қадрдон эдик. Битта нон топсак, ўртада баҳам кўриб келганмиз. Мана, менинг келганимга эллик кун бўлди. Эллик кундан бери мени кеткизмайди. Биримиз ўлсак, иккинчимиз ўз қўлимиз билан ювиб, ўз қўлимиз билан лаҳадга қўяйлик, деган шартимиз бор эди. Сувни ўзим иситаман, ўзим ювиб, кафанлайман, — дебди.
Одамлар:
— Баракалла! Сизларнинг аҳдингиз жуда қаттиқ бўлган экан. Ундай бўлса, майли, ювғучи айтмаймиз, — дейишибди. Бой ”ўлик”ни ювиш учун ёввойи жийданинг сертикан новдаларидан кесиб олиб келиб қўйибди. Қозонни осиб, сувни баданни куйдирадиган даражада иситибди. Одамлар “ўлик”ни бир хонага олиб кириб, чўзилтириб қўйишибди. Бой одамларни чиқариб юбориб, уйни ичкарисидан беркитиб олибди. Қўлига ёввойи жийданинг тиканли новдасини ушлаб, “ўлик”ка иссиқ сувни қуйиб, тикан билан ишқалаб, баданини қонатиб, юва бошлабди. Абдураҳмоннинг бадани куйиб ачишса ҳам тишини тишига қўйиб, ғинг демай ёта берибди. Шунда бой:
— Бундай қилиб ётганинг билан, то бир тиллани бермагунча қутулмайсан! — деб баданини тимдалаб, қонатиб юва берибди. Абдураҳмон ҳам чидаб ёта берибди. “Ўлик”ни ювиб бўлиб, кафанлабди.
Одамлар кириб, уни тобутга солиб, гўристонга олиб боришиб, лаҳадга қўйиб, устидан тупроқ тортишибди. Бой:
— Эй, халойиқ! Раҳматлик билан аҳдимиз бор эди. Бир-биримиз ўлсак, гўрнинг тепасидан уч кунгача кетмай, пойлаймиз, дейишган эдик, — деб бой кетмасдан, гўрни пойлаб қолибди. Одамлар тарқаб кетишибди. Ярим кечага борганда, бой гўрни ковлаб: “Қани, чиқ! Бир тиллани бер!” деб кафанидан тортиб, Абдураҳмон ўғрини ташқарига олиб чиқибди. “Бундай қилиб, ўзингни ўликка солиб ётганинг билан бир тиллани еб кета олмайсан!” деб “ўлик”ни судраб, чиллахонага олиб кириб, тепа берибди. Калтак жонидан ўтгандан кейин, Абдураҳмон ўғри ҳам бойнинг жағига тушира берибди. Иккови роса муштлашибди. Ўғри бойни уриб, ҳамма ёғини эзиб ташлабди. Буларнинг шовқинини гўрков эшитиб, келиб қараса, иккита ўлик гўрдан чиқиб мушт-лашаётган эмиш. Гўрков қўрқиб қочиб кетибди. Бой итдай калтак еб, сулайиб ётиб қолибди. Абдураҳмон ҳам мадори кетиб ётиб қолибди.
Шу кеча қирқта ўғри подшонинг хазинасига кириб, тиллаларини ўғирлаб чиқиб, бўлиб олиш учун ҳеч ким йўқ, холи деб, гўристонга келиб қолишибди. Ўғрилар чиллахонага кириб, тиллани бўлишибди. Ўғриларнинг бошлиғи:
— Тиллаларни бўлиб қўйдим. Қани, бир бўлакдан олинглар, — дебди.
Ўғрилар бир-бирига:
— Қани, сен ол! Сен! — дейишибди. Бири:
— Олдин пулни бўлган олсин! — дебди.
Абдураҳмон ўғри буларнинг товушини эшитиб, индамай ёта берибди. Бой эса: “Э, тилланинг конидан чиқиб қолдим!” — деб, ўғриларнинг тилласидан умидвор бўлиб ёта берибди. Ўғриларнинг бирови:
— Қани, тонг яқинлашиб келяпти. Бу ердан тез кетишимиз керак. Оладиган бўлсаларинг, олинглар тезроқ, — дебди. Тиллалар кетиб қолади, деб, хасис бой ваҳимага тушиб, кўзини ола-кула қилиб, тиллаларга қарабди. Уни ўғриларнинг бири кўриб қолиб, қўрқиб кетибди.
Биттаси:
— Ҳе, бу ётган ўлик-да! Бунинг нимасидан қўрқасан! — дебди.
Абдураҳмон ўғри ҳам кўзини ола-кула қилиб ётибди.
Шунда ўғриларнинг ҳар бири бир бўлакдан тиллани олишга қўл узатаётган экан, хасис бой тиллалар кетиб қолмасин, деб қўрқиб, ўзини тиллага отибди. Кетидан Абдураҳмон ўғри ҳам ўзини ташлабди. Буни кўриб, ўғрилар қўрқиб жон-пони чиқай деб, қочиб кетишибди. Тиллаларни бой билан Абдураҳмон ўғри бўлишиб олибдилар. Шунда бой Абдураҳмон ўғрига:
— Энди бир тиллани бер! — дебди. Абдураҳмон ўғри:
— Шунча тиллаларни олиб ҳам тўймадингизми? — дебди. Бой:
— Бир тилламни бермагунингча қўймайман, берасан! — дебди.
Абдураҳмоннинг аччиғи келиб “Бермайман”, дебди. Шу ерда иккаласи яна муштлашиб кетибди.
Ўғрилар чиллахонадан чиқиб қочиб кетаётиб: “Э, биз шунча тиллани ўликка ташлаб кета берамизми, деб йўлдан қайтиб келиб секин қулоқ солишса, булар бир тиллани талашиб муштлашиб ётишган эмиш. Ўғрилар:
— Ҳе, ҳамма ўлик тирилиб чиқиб, шунча тилла биттадан етмай жанжаллашаяптилар, — деб қўрқиб, кетиб қолишибди.
Абдураҳмон ўғри муштлашиб чарчабди. Бу шум бойдан қутулмайдиганга ўхшайман, деб:
— Ҳе, нонкўр, хасис бой! Шунча тиллага тўймасанг, ма, шу бир тилла билан тўйгин, — деб бир тиллани берибди.
Шундан кейин икковлари ҳам ўринларидан туриб, уй-уйларига жўнашибди.