Ўтган замонда Оқ подшоҳ билан Қора подшоҳ бўлган экан. Иккиси ҳам доимо бир-бири билан урушиб, бир-бирини енгга олмас эканлар. Кунлардан бир куни Оқ подшоҳ ўз вазирига: шаҳардаги бутун ботир ва полвонларни йиғиб, уруш майдонига жўнатиш учун буйруқ беради. Вазир полвонларни қидирмоқ учун бозорга боради.
Вазир бозорда полвонларни излаб юрганида унга бир кал учрайди, Вазир калдан:
— Э, кал, шу бозорда сен ҳеч бир полвон кўрганмисан? — деди. Кал:
— Тақсир, полвон сизга нима учун керак бўлиб қолди? — деди. Вазир:
— Оқ подшоҳимиз Қора подшоҳ билан бўладиган урушда енгиб чиқиши учун полвон керак, — деди. Кал:
— Э, тақсир, ўша сиз излаб юрган полвон, эр-шер одамингиз мен бўламан, — деди. Вазир асосий муддаони айтиб:
— Агар сен қўрқоқлик қилиб қочсанг, тутиб олиб шартта каллангни оламан, — деди. Кал:
— Агарда мен подшоҳнинг буюрганини қила олмасам, мени сўйиб, гўштларимни қийма қилиб, бозорда сарсон қилинг! — деди. Икковлари подшоҳ олдига келдилар. Подшоҳ калнинг саломига алик олмай:
— Хўш, кал, сен нима учун келдинг, — деди. Кал подшоҳга қараб:
— Сизнинг хизматингизга келдим, буюринг, бажараман, — деди. Подшоҳ вазирга қараб ғазабланиб: “Сен ҳали менга шу одамни олиб келдингми?” — деди.
Вазир таъзим қилиб подшоҳга:
— Тақсир подшоҳ, сизнинг буйруғингизга биноан мен бозорга полвон ва ботирларни қидиргани борган эдим. Шунда бошини қашиб ўтирган шу кални кўрдим. Сўнгра мен калдан ботирларни сўрадим. Кал менга қараб:
— Сизга ботир ва полвонлар нима учун керак? — деб сўради. Мен:
— Оқ подшоҳнинг Қора подшоҳ устидан енгиши учун керак, — дедим. Шу вақтда кал:
— Худди сизнинг айтган кишингиз мен бўламан, ҳамма ишингизни мен бажараман, — деб қасамёд қилиб, сизнинг олдингизга келди, — деди.
Подшоҳ ёстиққа суянган ҳолда калга қараб: “Ҳа… ҳа… ҳали сен Қора подшоҳни енгиб, унинг қизини ва мол-у дунёсини олиб берадиган бўлдингми”, — деди. Подшоҳ бироз ўйлаб:
— Хўп, майли, кал, сен агар урушда енгилиб қолсанг, у вақтда сени ўлдириб, гўштингни қийма қилиб, бозорда сарсон қилиш у ёқда турсин, танангни тегирмонга солиб, ун қилиб, гўштингдан чучвара пиширтириб, онангга бериб бозорда соттираман, —деди. Кал подшоҳга таъзим қилиб, қўрқмай ботирларча жавоб қайтарди:
— Хўп, майли, агар мен енгилсам билганингизни қилинг! Борди-ю, Қора подшоҳни енгсам, у вақтда подшоҳнинг қизини ўзим оламан. Шу шартни мен олдиндан айтиб қўйишим керак, — деди. Подшоҳ: “ҳа… ҳа…” деб кулди ва:
— Нима бўлса-да майли, ишқилиб Қора подшоҳни енгиб, менинг обрўйимни олиб бер! — деди.
Вазир подшоҳга таъзим қилиб, “Тақсир, бўлмаса вақтни ўтказмай, ишни бошлайлик”, деди. Шу вақтда подшоҳ калга:
— Хўш, кал, сенга қанақа от керак? — деди. Шунда кал:
— Бўлмаса мен сизнинг отларингизни бир-бир кўздан кечириб чиқай-чи, менга лойиғи бормикин, шундан сўнг танлаб оламан, — деди. Подшоҳнинг отхонасида бир юз қирқта оти бор эди. Кал буларнинг ичидан ҳеч бирини ёқтирмади: кал отларни қараб юрганида, отбоқарлар: “Ҳали, Қора подшоҳни енгиб, қизини олиб берадиган ботир шуми, ва-а-а” деб, майна ва калака қилишди. Калнинг аччиғи чиқди ва буларнинг шу майна қилишига бозордан бир от танлаб олай-чи, сўнгра Қора подшоҳни енгганимни томоша қилсинлар, деб ўзига қаттиқ аҳд қилди. Кал билан вазир подшоҳ олдига чиқдилар. Кал салом бериб подшоҳ олдига кирди. Подшоҳ:
— Хўш, кал, сенга қайси от ёқди? — деди. Кал илжайиб ерга қараб:
— Э, подшоҳ, бу отларингиз ичида менга ҳеч бири маъқул тушмади, — деди.
Подшоҳ анча таъналардан сўнг калнинг бозордан ўзи истаган отни сотиб олишига рози бўлди. Подшоҳ вазирга:
— Сен бу кални бозорга олиб бор, ана у токчадаги тиллалардан еттитасини ол, шу билан калнинг кўнглидагидек отни олиб келинглар! — деди. Вазир ва кал етти тиллани олиб бозорга кетишди. Бозордаги отлар калга маъқул тушмади. Сўнгра вазир билан бозорни айланиб юрганда, бир кекса чол деҳқон бир отни бозорга етаклаб кирди. От бозорга кирди-ю, йиқилди. Кал билан вазир отни кўришди. Кал вазирга: — Э, вазир, ана шу от менинг кўнглимдагидек экан, қани энди эгаси сотса, мен олар эдим, уни қаранг, от мени кўриб уялиб ётиб олди-я, — деди. Вазир калнинг бу сўзига кулиб:
— Э, кал, бу отингни ит ҳам искамайди-ку, — деди. Кал:
— Э, тақсир, вазир, мени йўлдан чиқарманг ва ўргатманг! Сиз анови Эррайимбойни танимайсизми, у ҳам очликдан йиқилиб, сўнгра бозорда гадойчилик қилган. Энди у гадойчиликдан бой бўлиб, подшоҳга вазир бўлибди. Яқинда у Эррайимбой подшоҳ қизини олиб, унинг тахтига ўтирмоқчи эмиш, у мен билан илгаридан қалин ўртоқ ва таниш эди. Ажаб эмаски, бу от ҳам ўшанга ўхшаб, менинг ёнимда йўлдош бўлиб, яхшиланиб кетса, иккаламиз Қора подшоҳни енгиб, Оқ подшоҳнинг қизини олсак. Мен шу умидимга эришаман, албатта, — деди.
Калнинг қистови билан мажолсиз, хароб отни савдо қилиб, чол ярим тилла сўраса, кал уч тилла бериб турганда, бозор оқсоқоли:
— Нима гап, нима гап, қанчага битишдингиз, ота, — деб келиб қолди. Чол бўш бўлганидан:
— Шу ўғлим, мана шу отим учун уч тилла бермоқчи бўлиб турибди, — деди. Оқсоқол ва бозор даллоли отнинг баҳосини минг чорак тилла, дедилар. Қолган тилла бозор ва бизнинг ҳақимиз учун, деса, кал бир дўқ қилиб, бозор оқсоқоли ва даллолни қувиб берди. Вазир қизариб-бўзариб, уялиб четга чиқиб тураверди. Кал чолга уч тиллани берди.
Чол дуо қилиб, хурсанд бўлиб кетди. Кал бир аравакашнинг аравасини кира қилиб, отни аравага солиб подшоҳ олдига олиб келди. Вазир эса номус қилганидан калдан кейин бироз кечикиб подшоҳ олдига келди.
Подшоҳ калнинг келтирган отини кўриб, “қаҳ-қаҳ”… уриб:
— Э, кал, сен ҳали шу от билан Қора подшоҳни енгмоқчимисан, бу отинг шамолга қулайди-ку!.. Мен сенга булутга сакрайдиган яхши от олиб берай, ташла буни, — деди. Кал:
— Майли, нима бўлса ўзимдан, ишингиз бўлмасин, енгиб чиқсам бўлдими? — деб подшоҳ, вазир ва отбоқарларнинг сўзига қулоқ солмади. Кал отни икки ой-у етти кун боқди, яна етти кун совитди. Сўнгра от етилиб, яхши от бўлди. Олдига бошқа одамни йўлатмайди. Подшоҳ калга:
— Отинг тайёр бўлдими, урушмоқ учун тайёрмисан? — деди. Подшоҳ отни кўрди ва:
— Кал, энди омадинг келибди, менинг обрўйимни энди оладиган бўлибсан, лекин бошда ичган қасамингни унутма, — деди. Отнинг тайёр бўлганини кўргач, подшоҳ калдан сўради:
— Хўш, кал, энди сенга қанақа қурол ва қанча аскар керак, — деди.
Кал:
— Менга отимдан бошқа ҳеч нарса керак эмас, на қурол ва на аскар… Менга рухсат этсангиз, отамдан қолган қурол бор эди, шуни бориб олиб келсам, — деди. Подшоҳ жавоб берди. Кал ўз уйига бориб:
— Она! Отамдан қолган уруш қуролларини бер, — деди. Онаси:
— Вой болам, отангдан ҳеч нарса қолган эмас. Ҳамма майда-чуйда уй рўзғорларни ҳам сотиб, сени тўйдириш учун сарф қилганман, — деди.
Кал:
— Э, она, отамдан жуда бўлмаса, эски ошпичоқ билан косов ҳам қолган эмасми? — деди.
— Ҳа, болам у бўлса бор, эшикнинг тепасидадир, — деди. Кал ошпичоқни ва ўчоқ бошидаги косовни олиб жўнайди.
Подшоҳ бу ҳолни кўриб қўрқади — ўзидан хавф олади. Подшоҳ: “Ҳеч бўлмаса, бир қилич билан бир камон ол” деса, кал:
— Йўқ, менга ошпичоқ, косов ҳам шу отдан бошқа ҳеч нарса керак эмас, шулар менга йўлдошдир, — деб овқатларни ғамлаб олиб, подшоҳ билан хайр-хўшлашиб урушга жўнайди.
Кал уруш майдонига бориб бир толнинг тагида ётади. Қорни очганида қаттиқ нонни еб ўтиради. Шу вақт калнинг олдига ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги чиройли бир бола келади. Бола калдан:
— Э, кал, сен бу ерда нима қилиб ётибсан? — деб сўрайди. Кал болага:
— Э, ўртоқ, менинг ишимни қўявер, менинг бошимга шундай иш тушганки, тоғдан оғир, тошдан қаттиқ. Бола:
— Э, кал, айт сирингни, мени сен дўст деб билмайсанми? — дейди.
Кал:
— Агар сен менинг ишимга ёрдам берсанг, айтаман, — дейди. Бола:
— Хўп бўлмаса, сенинг ишингга мен ёрдам берганим бўлсин, — дейди. Шунда кал:
— Менга Оқ подшоҳ тоғдан оғир, тошдан қаттиқ, ечиб бўлмайдиган бир ишни берди. Оқ подшоҳ билан Қора подшоҳ урушиб, ҳеч бир-бировини енга олмас экан. Оқ подшоҳ мени Қора подшоҳ билан урушиб, енгиш учун юборди. Вақт оз қолди, уруш майдонида Қора подшоҳ мени кутиб турибди.
Иккиси гаплашиб турганида Қора подшоҳнинг “Урушни бошлаймиз, тайёр бўл, душман!” деган хабари келади. Кал:
— Ана, урушга буйруқ бўлди, дўстим, энди нима қиламиз? — деди. Бола:
— Қани, бўлмаса, сен анави уйга бориб овқатингни қилиб ўтира бер! Отингни менга бер, сен аралашма, ўзим енгиб бераман, — дейди-да, отни миниб, Қора подшоҳга қарши уруш майдонига отни чоптириб кетади.
Бола уч дуони ўқиди: биринчисида ўзи пўлатдан кийинди, иккинчисида оти ҳам пўлатга айланди, учинчисини ўқиганда, йиғса бир газ, ёзиб юборса қирқ газ бўладиган бир қилич қўлида пайдо бўлди. Қора подшоҳ уруш эълон қилди, жанг қизиб кетди. Бола урушиб, Қора подшоҳ аскарларининг тўртдан уч қисмини қириб ташлайди. Бир бўлаги қолганда подшоҳ аскарларининг ҳаммаси қочиб кетади. Бола ва отнинг баданига ўқ кирган эди, бола бир дуо ўқиб, ўзини ва отни силкитса, дув этиб баданларидаги ўқлар тутдек тўкилади. Уруш майдони душман аскарларининг ўлиги билан тўлган эди. Оқаётган қон эса отнинг бўйнига етади. Бола Қора подшоҳни енгиб, калнинг олдига келади ва душманни енгганини, Қора подшоҳ аскарларининг тўртдан уч қисмини қириб ташлаганини ва аскарларининг тўртдан бир қисми қолгани тўғрисида айтади.
Кал ва бола овқатланиб олишади. Овқат еб турганларида яна Қора подшоҳ карнай чалдиради. Бола шайланиб яна урушга киради. Бу охирги урушга подшоҳнинг ўзи ҳам келган эди. Подшоҳ болани кўриши билан тумтарақай бўлиб орқасига қарамай қочиб кетади. Аскарларининг ҳаммаси енгилади. Бола калнинг олдига келади ва бутун воқеани айтиб беради. Бола билан кал Оқ подшоҳ олдига келишади. Йўлда бола калга:
— Мен бир ўзим Қора подшоҳни енгдим, деб айтгин, — дейди.
Кал келиб хурсанд бўлиб подшоҳга бутун воқеани айтиб беради. Подшоҳ ва унинг одамлари бу ишга ҳайрон бўладилар. Калнинг оғзи қулоғига етади. Оқ подшоҳ суюнганидан калнинг пешонасидан ўпади.
— Менинг обрўйимни олиб берибсан, кўп яша, кал, деб елкасига қоқади. Эртасига Қора подшоҳдан элчилар хат олиб келадилар. Бу хатда мени енгган баҳодир ким эди, мен ўшанга қизимни бераман, дейилган ва Оқ подшоҳ одамлари билан келсин деб, чақиртирилган экан. Оқ подшоҳ ўзининг энг яқин кишилари билан бирга кал ва болани олиб Қора подшоҳникига борадилар. Кал ва бола бир отга мингашиб боради. Ҳар хил овқатлар билан Қора подшоҳ уч кеча-ю уч кундуз меҳмон қилади. Оқ подшоҳ одамлари энди кетамиз, деб турганларида, Қора подшоҳнинг бир қари вазири туриб:
— Эй, дўстлар, ҳаммамиз бир пойга қилайлик, қайси биримиз маррага олдин етиб борсак, Қора подшоҳ қизини шунга берсин, — дейди. Оқ подшоҳ одамлари рози бўлдилар. Шу вақтда бола кални бир чеккага чақириб олиб, дуо ўқийди-да, бир яхши от пайдо қилади ва калга қараб:
— Кал, сен шу отга мин ва пойгада иштирок қил, мен қараб тураман, чопиш бошланганда сен жим туравер, бошқалардан уч соат кейин сен чопасан. Сенинг отинг бир сакраганда олти чақирим йўлни босади, — деб калнинг қулоғини пишитади.
Чопиш бошланди. Кал уч соат кейин чопди ва улардан тўққиз соат илгари бориб турди. Бу ишларга Қора подшоҳ қойил қолиб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томошалар билан қизини калга никоҳлаб берди. Оқ подшоҳ ҳам қайтадан тўй қилиб берди. Тўйдан сўнг бола калдан кетиш учун ижозат сўрайди. Кал жавоб бермайди. Бола: “Жуда ишим зарур” деб, кетишга тайёрланади. Бола кетаётганида кал:
— Эй, қадрдон дўстим, жуда бўлмаса кетиш олдингда исмингни айтиб кет ва сендан менга бирорта ном-у нишона қолсин, — деди. Сўнгра бола чўнтагидан паккисини чиқариб: “Шунга қараб “Воспирохун” десанг, мен истаган жойингда, бошингга ҳар қандай қийинчиликлар тушса ҳам ёрдам қилишга тайёр бўламан, берган ошингга рози бўл”, — деб паккини бериб, бола жўнаб кетади. Тўйдан уч кун ўтгандан кейин кал хотинига: “Маҳсимни торт!” дейди. Подшоҳнинг қизи маҳсини тортганда, қўнжидан пакки тушади, шунда кал: “Э Воспирохун” деб, паккини уч марта ўпиб чўнтагига солади. Калнинг бу сўзларини эшитган янгаси калга:
— Эй, ҳали сиз Воспирохунни билар экансиз-у, Қора подшоҳнинг қизини хотин қилиб нима қиласиз? — дейди. Шу вақтда кал:
— Э, хола, нима дедингиз, яна қайтариб айтинг, — дейди. Хотин яна қайтариб айтади. Кал янгасидан:
— Ҳали Воспирохун қизми? — деб сўрайди. Янгаси калга:
— Ҳали Қора подшоҳни енгган ботир бўла туриб, ўз олдингизда бирга юрган одамни қизми, эркакми эканлигини ажрата олмадингизми? — дейди. Кал:
— Эҳ, — деб пешонасига бир уриб, ўрнидан туриб жўнаб кетади. Кал кўп юради, кўп юрса ҳам мўл юради. Чўл юради, сўнгра бир даштга чиқади. Даштда учта йўл учрайди. Ҳар йўлга — бирига “борса келар”, иккинчисига “борса даргумон”, учинчисига “борса келмас”, деб ёзиб қўйилган. Кал ўйлаб туриб, борса келмасга қараб жўнайди. Кал бир жойга боради ва бир чолни учратади. Чол калга:
— Э, кал, сен бу қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган жойда нима қилиб юрибсан? — дейди. Кал:
— Мен бир ўртоғимни қидириб келдим, — дейди. Чол:
— У ўртоғингнинг номи нима, айт — деса, кал:
— Исми Воспирохун, — дейди. Чол:
— Эй, болам, Воспирохунга овора бўлмай қўя қол, чунки сендан бошқа катта подшоҳлар ҳам шу Воспирохуннинг бир тола сочи сувда оқиб келармикин, деб сувга тўр ташлаб, интизор бўлиб юрибдилар, сен овора бўлмасанг ҳам бўлади. Бу ердан ўтиш мумкин эмас, бу қўрғон ичида девлар пойлаб ётибдилар, улар сени ўлдиришлари мумкин. Воспирохуннинг олдига фақат бирор номи-нишони, тутатқиси бўлган одамгина бора олади ва бу йўлдан ўта олади, — дейди. Кал:
— Майли, нима бўлса толейимдан, — деб чолнинг сўзига қулоқ солмай ўтиб кетаверади. Чолдан ўтиб бир жойга борса, бир дарвоза кўринади. Дарвозани секин очса, ўнг томонда туя, чап томонда ит боғланган.
Итнинг олдида похол, туянинг олдида сўнгак турибди. Ит суякка, туя похолга тикилганларича туришибди. Ҳар иккиси занжир билан маҳкам боғланган. Кал похолни туяга, сўнгакни итнинг олдига қўяди-да, ўтиб кетаверади. Яна бир эшик келади. Эшикдан мўраласа, ҳовлида девлар ухлаган, фақат бир дев эшик олдида қоровул бўлиб турибди. Кал Воспиро-хундан ўрганган дуони ўқигач, бу қоровул дев ҳам тарашадай бўлиб ухлаб, қотиб қолибди. Шу вақтда кал орқасидан бир мушук келаётганини кўради. Мушукни секин ушлаб олади, қараса мушукнинг бўйнида қирқта калит осиғлиқ экан. Кал чўнтагидан паккини олиб, мушукни ўлдиради ва калитни чўнтагига солади. Уйга кирса, ҳамма ёқ қулфланган, қаердан чиқиб кетишини билмай қолади. Қирқ калитнинг ичидан бир каттасини олиб, уй эшигини очади. Уйда бир катта дев ётган экан. Кал Воспирохун ўргатган дуони ўқиб, тутатқини тутатса, Воспирохуннинг қиличи пайдо бўлади. Кал девни қийма-қийма қилиб ўлдиради ва бу уйдан кўчага чиқиб кетади. Кал кўп юради, охирида бир жойга келиб яна қари чолга учрайди. Чол:
— Э, болам, сен бу жойда нима қилиб юрибсан? — деб сўрайди. Кал:
— Мен бир одамни излаб юрибман, — деб жавоб беради. Чол:
— Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бу жойда кимни излаб юрибсан, — дейди. Кал:
— Эй, ота, менинг излаб юрган кишимни ҳеч ким билмайди. Мен бир Воспирохун деган қизни излаб юрибман, — дейди. Чол:
— Сен бу ердан кетаверсанг бир йўл учга бўлинади, сен ўнг томонга юргин, сўнгра анча юрасан. Сенга бир катта сув учрайди, сув ёқалаб кетаверасан, уч тармоқли сув бирга қўшилиб кетадиган жой бор. Сен сувнинг ҳайбатидан қўрқма ва ўзингни сув ичига ташла, сувнинг ичига тушганингда чуқурроқ жойда бир уй кўринади. Сен боришинг билан бу уйнинг эшиги очилади. Сен эшикдан уйга кирасан, уйнинг тўрида бир кампир ўтирганини кўрасан. Бу кампир Воспирохуннинг ойиси. Сен шу кампирга паккини кўрсатиб, Воспирохунни сўрайсан ва паккини кампирга берасан, менга Воспирохунни топиб беринг, деб айтасан. Шу билан кампир сенга Воспирохунни топиб беради. Сенинг арз-додингга шу кампир етади, — деди.
Кал чолнинг кўрсатган йўли бўйича айтганини қилади. Кал ўзини сувга ташлайди, сув тагидаги уйга киради. Кампирни кўради. Воспирохунни сўрайди. Кампир:
— Э, болам, сен бу ерга қаердан келдинг, сени ким келтирди, нима учун келдинг? — деди. Кал:
— Мен бир Воспирохун деган қизни излаб келдим, у менга шу пичоқни белги қилиб берган, — деди. Кампир:
— Э, қизимнинг бахти сенга очилган экан.
Кал:
— Қани, тезроқ айтинг, қизингиз қани ва қачон келади? — деб сўрайди. Кампир:
— Э, болам, мана бу калитни олиб, шу йўлакдан тўғри, ҳу кўринган уйга борасан. Уй тепасида “Воспирохун” деб ёзиб қўйилган, эшикни эҳтиёт бўлиб очиб қарагин. Қизим яқинда уйқуга кирган, у қирқ кун ухлайди, ўзингга эҳтиёт бўл, тағин унинг ҳуснини кўриб ўз ҳушингдан кетиб қолма. Деворларга қирқта тилла қозиқ қоқилган, сен қизимнинг қирқ тола сочини шу қозиқларга боғлайсан. Сўнгра қизнинг устига ўзингни ташлаб, уни маҳкам қучоқлаб оласан. Тағин этагинг деворга тегмасин. Қизим уч марта қўзғалади, шу қўзғалишида эҳтиёт бўл, чопонингни бари деворга тегмасин, агар бари тегса, қизим сени қаердан келган бўлсанг, ўша жойга отиб ташлайди, — деди. Кал кампирнинг айтганини қилади. Эшикни очади, қизнинг сочини тилла қозиқларга боғлайди. Ўзини қизнинг устига ташлайди. Қиз уч тўлғанади. Калнинг бари деворга тегмайди. Қиз уйғонади ва калга қараб:
— Оббо, кал-ей, мени топиб келдингми, — дейди. Кал ва Воспирохун бирга турмуш кечирадилар.
Кунлардан бир кун кал уйда зерикканидан Воспирохуннинг қиличини олиб, овга кетиш олдида қизга:
— Мен узоқ жойга кетаётирман. Сени соғиниб қоламан, шунинг учун расмингни берсанг, — деди. Қиз:
— Мен сенга шу шарт билан суратимни бераманки, шамолда ва сув бўйида кўрмайсан. Чунки менинг соямга ошиқ бўлган подшоҳларнинг сон-саноғи йўқ. Менинг бир тола сочимга зор бўлган подшоҳлар сувга тўғон солиб, тўр тикиб пойлаб ётибдилар. Агар сувда менинг расмим бориб қолса, сен мендан ажралиб қоласан, — деди. Кал:
— Хўп, — деб қизнинг расмини олиб, овга боради. Ов жуда қизиб кетади. Овдан қайтади ва йўлда қизнинг айтган шарти кўнглидан кўтарилиб, кўп тутилган овга маҳлиё бўлиб, бирдан сув бўйига келиб қолади. Расм эсига тушиб қолади. Қўйнидан расмни олиб қарайди, шу вақт қаттиқ бўрон бўлиб, калнинг қўлидаги расмни шамол учириб олиб бориб сувга ташлайди. Сув расмни оқизиб кетади. Кал уйига шалпайиб, хафа бўлиб қайтади. Қиз:
— Нима учун хафасиз? — дейди. Кал:
— Мен бугун кўп ов овладим. Шунга қизиқиб кетиб, сенинг шартингни унутиб, суратингни сув бўйида кўрсам бўладими?.. Қаттиқ шамол туриб, шу суратни учириб кетди, — дейди. Қиз:
— Э, кал, бу ишни ўзингга ҳам, менга ҳам қилмадинг, мен сенга тайинлаган эдим-ку, энди, майли, бўлар иш бўлибди, — деди. Булар ўз турмушларини кечира берсинлар, энди икки калима сўзни суратдан эшитинг.
Сурат оқиб келиб бир подшоҳнинг тўрига илинди. Тўрни подшоҳнинг одами кўтарса, бир қизнинг расми чиқди. Балиқчи севиниб, югуриб расмни подшоҳнинг олдига олиб боради ва:
— Э, подшоҳ, Воспирохун сенга тегмоқчи бўлибди, ўзидан илгари суратини юборибди, — деб подшоҳга қизнинг суратини беради. Подшоҳ севиниб, қизни кутади. Подшоҳ ўз вазир ва балиқчиларини чақириб “Шу қизни қандай бўлмасин олиб келсанглар. Кимда-ким шу қизни олиб келса, умр бўйи тилла билан боқаман, агар топиб келмасангизлар бошларингни оламан”, деди. Ҳамма одамлари ҳар ёққа тарқалишиб қидира бошлайдилар, сурат подшоҳда қолади. Кунлардан бир куни подшоҳнинг бир вазири қидириб юриб, бир тўйга кириб қолади ва у жойдаги бир дастурхончи кампирга бу воқеани айтади. Кампир: “Воспирохунни топиб берадиган одамингиз мен бўламан”, дейди. Вазир:
— Агар қизни топиб келмасанг, подшоҳ сени майда-майда қилади-я, — дейди. Кампир:
— Агар подшоҳ менинг айтганимни қилиб берса, бажараман, — дейди. Вазир:
— Сен нима истасанг подшоҳ қилиб беради, мен бунга сени ишонтира оламан, — дейди. Вазир кампирни подшоҳ олдига олиб боради. Дастурхончи шум кампир подшоҳга салом бериб:
— Буюрган ишингизни бажариш учун вазир мени бу ерга олиб келди, — деди. Подшоҳ:
— Фалон жойда Воспирохун деган бир қиз бор, шуни қандай бўлмасин олиб келишинг шарт, нима десанг бераман, олиб кела олмасанг, бошинг ўлимда, молинг талонда, — деди. Кампир:
— Э, тақсир подшоҳ, сиз шартингизни айтиб бўлган бўлсангиз, энди менинг ҳам икки оғиз шартим бор, қулоқ солсангиз айтаман, — деди. Подшоҳ:
— Хўп, айт! — деди. Кампир:
— Э, подшоҳ, мен нима десам, нима буюрсам, шу нарсаларни бажарасиз, — деди. Подшоҳ:
— Айтганингни юзага келтираман — бажармасам ўша кундан бошлаб подшоҳликдан тушганим бўлсин, — деди. Кампир:
— Менга бир кема ясаб келтирасиз, у жуда чиройли ва ғалати бўлсин. Чап қулоғини бурасам Воспирохун эшигида, ўнг қулоғини бурасам сизнинг уйингиз олдида тўхтайдиган бўлсин, кема ичи турли-туман газлама-моллар билан тўлсин. Бир кўк эшак ва бир болта ҳам берасиз, — деди. Подшоҳ кампир айтганларини тайёр қилади. Кампир кемага тушиб чап қулоғини буради, шунда кема Воспирохун эшиги тагида бўлди. Шу вақт кал овдан қайтаётган вақт экан. Кампир кални кўриб, кўк эшакнинг оёғига бир болта уради-да, йиғлаб ўтиради. Кал йиғлаб ўтирган кампирни кўриб раҳми келиб:
— Э, она, нима учун йиғлаб, дилингизни сиёҳ қилиб ўтирибсиз, — деди. Кампир:
— Э, болам, ҳеч сўрама! Мен ҳар йили уч марта ҳажга борар эдим.
Бу йил икки марта бориб, энди учинчи марта борай, деб турганимда, сенинг эшигинг олдида эшагимнинг оёғи синди. Қаёққа боришимни билмай, шу жойда тўхтаб қолдим. Эшагимнинг оёғи тузалгунча бир-икки кун уйингга кириб турсам — савоб бўлар ахир, болам, — деди.
Калнинг кампир ҳолига раҳми келади ва онаси ҳам хотинининг “Керак эмас, киргизма!” деганига қарамай, кампирни уйига олиб киради.
Кампир икки-уч кун калнинг уйида туради. Икки-уч кундан сўнг Воспирохунга:
— Э, келиним, юринг бошингизни ювиб, томоша қилиб келасиз, ташқарида — кемада жуда кўп ҳар хил моллар келибди, агар ёқса, эрингизга олдирасиз, — дейди. Воспирохун:
— Йўқ. Мен эримдан сўрайин, агар у рухсат этса, чиқаман, — деди. Кечқурун кал келганда, Воспирохун калдан сўрайди. Кал:
— Сен нима билан хурсанд бўлсанг, мен шунга рози! —дейди. Биринчи кун Воспирохун онасининг қаршилигига қарамай, кемага кампир билан бирликда чиқади. Кал эса овда бўлади. Кампир бу пайтдан фойдаланиб:
— Қизим, мана бу кийимликларни кўр, жуда чиройли ва яхши экан, — деб уни кемага туширади ва кеманинг ўнг қулоғини бурайди.
Кема подшоҳ тахти олдига келади. Воспирохун:
— Э, шум, ялмоғиз кампир, мени сен қаерга олиб келдинг? — деб, кампирнинг елкасидан ушлаб кўтариб ерга бир уради. Кампир ер ичига кириб кетади. Подшоҳ одамлари Воспирохунни тутиб оладилар ва подшоҳ олдига олиб келадилар. Воспирохун подшоҳга қўрқмасдан ботирларча:
— Э, подшоҳ, мени бу жойга нима мақсадда олиб келдинг, — деди.
Подшоҳ:
— Воспирохун, мен сени олмоқчиман, шунинг учун бу ерга келтирдим, —деса, Воспирохун:
— Агар мени хотин қилиб олмоқчи бўлсанг, у вақтда бизнинг шаҳримизда бир расм-одат бўлади, шуни бажариб, оласан, — деди. Подшоҳ:
— Хўп, хўп, айт! — деди. Воспирохун:
— Ўттиз кун муддат бераман, шу муддат ичида учта уй соласан, ҳаммаси қўш қаватли бўлсин, ҳаммаси тилладан ишлансин, — деди. Подшоҳ: “Хўп” деб рози бўлади ва одамларига буюради.
Ўттиз кунда учта тилла уй қурилиб битади. Тўй вақти яқинлашади.
Энди икки оғиз сўзни калдан эшитинг. Кал овдан қайтиб уйга келса, Воспирохун йўқ, онаси эса:
— Ана, ўғлим, мен сенга кампирни киргизма деб, айтмаган эдимми. У кампир Воспирохунни олиб қочиб кетди, — деди. Кал: “Эҳ…” деб пешонасига бир урди. Шунда онаси:
— Бери кел, мен сенга кўмаклашай, — деди-да, калга оғзини очишга буюрди. Кал оғзини очди, кампир бир тупурди. Кал қаландарга айланди ва шайдойи бўлиб Воспирохунни излаб кетди. Излаб кета туриб, подшоҳнинг шаҳрига бориб, бозорни айланиб юрди.
Энди Воспирохундан эшитинг:
Тўй яқинлашган сари Воспирохун ўзини касалликка солади. Қиз ўзининг касаллигини айтиб, яна уч кун муҳлат сўрайди. Подшоҳ:
— Хўп, — деб яна уч кун муҳлат беради. Қиз янги уйга киради ва подшоҳга сўзламай, диққинафас бўлиб, хафа ҳолда ўтиради. Шу пайтда подшоҳ қиздан:
— Нима учун хафасиз? — деб сўрайди. Қиз:
— Мен ниҳоятда зерикдим, қаердан бўлмасин мени овутадиган одам келтирсанг, кўнглим очилса, — дейди. Шунда подшоҳ бутун машшоқ, ўйинчи, созандаларни келтиради, ҳеч бири қизни хурсанд қилолмайди. Энг охири вазирлардан бири бозорга тушиб қаландар кийимидаги кални қизнинг олдига олиб чиқади. Қиз қаландарни кўриб, ўзининг эри — кал эканини билади ва ётган жойида имлаб қўяди. Подшоҳ қаландар ва қизни шароб билан меҳмон қилади. Қиз ичмайди.
Шаробнинг кўпини подшоҳ ичиб, маст бўлиб қолади. Қаландар оҳангини келтириб ғазал ўқийди-да, подшоҳни жуда маст қилиб ҳушидан кетказиб қўяди. Қиз калга:
— Пайтдан фойдаланиб қочмаймизми? — дейди. Кал:
— Хўп, — дейди. Қиз хазинага кириб, тилладан олиб чиқмоқчи бўлади. Кал девор тепасида ўтиради. Шу кечаси Воспирохунни ўғирлаш учун бир қанча ўғрилар келиб, девор орқасида турган эдилар.
Кални кўрган ўғрилардан бири, уни бир уриб, девордан ўрага тушириб юборади. Ўзи калнинг ўрнига деворга чиқиб ўтиради. Қиз хазинадан тиллани олиб, кал деб ўйлаб, ҳалиги ўғрига узата беради. Ўғри ҳам ҳамма тиллани олади ва Воспирохун қўлидан тортиб кўчага туширади ва иккиси кемага тушиб қочадилар. Воспирохун ўғри бошлиғини кал деб ўйлайди; қараса, у бошқа бир киши бўлиб чиқади. Кема бир жойда тўхтайди. Ўғри бошлиғининг нияти бузилади. Охири қизни ўлдирмоқчи бўлади. Қиз ўлимига рози бўлади. Ўғри:
— Қўлингни шу дастгоҳ остига қўй, — дейди. Қиз:
— Аввал ўзингиз қўйиб кўрсатинг, сўнгра мен қўяман, — дейди. Ўғри бошлиғи дастгоҳга қўлини қўйиши билан қиз унинг мурватини бураб юборди, ўғрини дастгоҳ ғажиб ташлайди. Ўғри ўлади. Қиз орқасига қайтади. Подшоҳнинг дарвозаси олдига келади, ўғрилар уни ўраб олиб “Қаердан келдинг?” деб сўрайдилар. Ўғрилар ўзаро бир-бири билан “Мен оламан, мен оламан” деб уришиб кетишади. Шунда Воспирохун:
— Тўхтанглар, уришманглар, менинг бир шартим бор, шуни ким олдин бажарса, мен шунга тегаман, — дейди. Ўғрилар:
— Айт, Воспирохун, — дейдилар. Воспирохун:
— Мана шу камаримни отаман, ким олдин олиб келса, мен шунга тегаман, — дейди. Белидан камарни ечиб отади. Ўғрилар камарга чопиб кетишганида Воспирохун кемага тушиб, ўз уйига жўнаб кетади.
Энди сўзни подшоҳдан эшитинг. Подшоҳ эрта билан ўрнидан туриб қараса, на қаландар ва на Воспирохун бор, ҳеч ким йўқ; сўнгра вазирни чақириб сўрайди. Вазир “Билмайман” дейди. Подшоҳ Воспирохунни қидиришга буюради. Ҳеч қаердан топа олмайдилар. Сўнгра подшоҳнинг ўзи саройни қидириб юриб хазинага кирса, хазинанинг эшиги очиқ, олтинлар йўқ.— Эҳ, мени роса боплаб кетибди, — деб турганда ўрага кўзи тушади. Ўрага қараса, кал вой-войлаб ётибди. Подшоҳ қаландарни ўрадан тортиб олишга буюради, арқон солиб тортиб оладилар. Подшоҳ калга: “Сен нима қилиб ўрада ётибсан” дейди. Кал:
— Мен ўзим ҳам қандай қилиб ўрага тушиб қолганимни билмайман. Кечаси мени биров уриб, шу ўрага тушириб юборди, ким эканини билмайман. Шундан буён мана сиз тортиб олдингиз, бошқа ҳеч нарсани билмайман, — деди. Шунда подшоҳ калнинг қорнини тўйдиради ва “бор, энди кетавер”, дейди. Кал ўз уйига қайтиб келади. Келса, Воспирохун бир қанча тиллалар билан ўз уйида ўтирибди. Ҳар иккиси ҳам ўз бошларидан ўтган воқеаларни бир-бирларига сўзлаб берадилар. Кал Воспирохун ва онасини олиб ота шаҳрига — Оқ подшоҳ олдига келади. Кал келса, Оқ подшоҳ ҳали ҳам Қора подшоҳ қизини калга атаб ўтирган экан. Оқ подшоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-у томоша қилиб, Воспирохунни олиб беради ва ўз ўрнига подшоҳ қилиб қўяди. Бу тўйда калнинг онаси ҳам бор эди. Орадан бир-икки йил ўтди.
Кал подшоҳ бўлгач, тез-тез овга чиқиб турди. Овда юрганида худодан ўғил тилайди. Уйига қайтиб келиб, хотинларидан нима туғишларини сўрайди. Воспирохун:
— Бир қиз, бир ўғил туғаман, боши тилла-ю, оёғи кумушдан бўлади, — деди. Оқ подшоҳнинг қизи эса, мен икки ўғил туғаман деса, Қора подшоҳнинг қизи:
— Мен ҳам бир ўғил, бир қиз туғаман, — деди. Орадан яна анча вақтлар ўтди. Воспирохуннинг бўйида бўлди. Кундошлари эса жимжит. Подшоҳ овга чиқиб кетади. Воспирохуннинг ой-куни яқинлашади.
Кундошлари буни кўра олмайдилар. Ҳар икки кундош тўлғоқ тутган Воспирохунга:
— Биз яхши доя хотин олиб келамиз, — деб бир кампирни пулга ёллаб, туғиладиган болани йўқотиш фикрига тушадилар ва кампирга йўл ўргатадилар. Кампир болаларни яшириб, ўрнига ўша куни туғилган икки ит боласини қўяди-да, чақалоқларни бир чўл-биёбонга олиб чиқиб ташлайди. Кал подшоҳга: “Хотинингиз бир қиз, бир ўғил туғди”, деган хабар кетади. Подшоҳ хурсанд бўлиб овдан қайтиб келса, иккита ит боласини кўради ва ғазабланади. Кал подшоҳ вазирига:
— Зиндонга ташланглар! — дейди. Воспирохун эса кўзидан милт-милт ёш тўкиб “Ит туғибман-да”, деб жуда хафа бўлади. Воспирохунни зиндонга ташлайдилар.
Энди гапни Воспирохуннинг болаларидан эшитинг. Кампир болаларни чўлга ташлаб кетгандан сўнг Хизр бува келади ва болалар биғиллаб йиғлашиб ётишганини кўради-да, раҳми келиб, қўлидаги ҳассасини болалар атрофида айлантиради. Шунда бир катта, чиройли темир қўрғон пайдо бўлиб қолади. Шундан сўнг Хизр бува энди бу болаларни ким боқар экан, деб тоғга томон юра бошлайди. Шу вақтда Хизр бува ўз қаршисида бир кийик хафа бўлиб келаётганини кўради. Хизр бува:
— Э, кийик, нима учун хафа кўринасан? — деди. Кийик:
— Э, тақсир бува, менинг иккита болам бор эди. Шулар тоғда ётишибди. Уларга сира сут еткиза олмаяпман, болаларим оч, сутим кам, — деди. Хизр бува:
— Э, кийик, мен сенга бир гап айтаман, сен шунга хўп дейсанми? — деди. Кийик:
— Айтинг, хўп дейман, — деди. Хизр бува:
— Сен ўз болаларингни олиб, ана у жойдаги темир қўрғонга боргин, у жойда иккита инсон боласи ётибди. Шуларни ҳам ўз болаларингга қўшиб эмизгин, сутингга сут қўшилади.
Кийик болаларни тарбиялайди, болалар ҳам катта бўлишаверади. Ўғилнинг исми Соҳибқурол, қизнинг исми Соҳибжамол бўлади. Булар катта бўлгач, кийик ўз болаларини олиб тоғга кетади. Бола ов қилиб ўз синглисини боқиб юради. Кунлардан бир кун доя кампир темир қўрғонга келади. Бола овда эди. Уйда фақат синглиси қолган эди. У ҳам зерикиб, ташқарига чиқиб ўйнаб юрган пайт эди. Кампир келиб қизни танийди ва унга:
— Сен уйда бир ўзинг зерикиб, юрагингни қон қилиб ўтира берасанми? — дейди. Қиз:
— Бўлмаса нима қилай, — дейди. Кампир:
— Мен сенга айтсам, аканг келганда хафа бўлиб ўтирасан. Сўнгра аканг “Нима учун хафасан?” дейди. Шунда сен фалон жойда бир гул ва булбул бор экан, шуни олиб келсангиз, деб буюрасан. Сиз овга кетганингизда мен шу гул ва булбуллар билан овунсам, дегин, — дейди. Кечқурун қизнинг акаси келади. Қараса, синглиси жуда хафа кўринади. Акаси:
— Хўш, синглим, жуда хафа кўринасан, нима учун бундай бўлди? — деди. Сўнгра қиз кампир айтган гул ва булбулни келтиришга буюради. Акаси:
— Бисотимда фақатгина бир синглим — сен бор экансан-у, айтганингни жойига қўймайманми, — деб жўнаб кетади. Болага йўлда Хизр бува учрайди. Бола гул билан булбулни қидириб кетаётганини айтади. Хизр бува:
— Эй, ўғлим, жуда қийин ва узоқ жой экан, мана сенга йўлдош бўлсин, — деб, ёзганда қирқ газ, йиғганда бир газ бўладиган қилич бериб, жойни аниқлаб, тайинлаб жўнатади. Бола айтган жойга келади. Бир чиройли боғни кўради. Турли-туман гул ва булбуллар сайр этмоқдалар. Эшик олдида бир дев қоровул бўлиб турибди.
Шу вақтда девнинг орқасидан келиб қилич билан шартта калласини олади. Шу боғдан яна уч-тўртта дев олдинма-кейин чиқа бошлайди, бола галма-гал ҳаммасининг калласини узади. Сўнгра боғга кириб, айтган гулни таги билан олади-да, жўнайди. Бу гул билан жуда боғланган булбуллар гулнинг атрофида гир-гир айланиб, бола билан бирга келадилар. Қиз гул ва булбулни кўриб жуда севинади. Яна иккинчи мартаба кампир келади. Гул ва булбулларни кўриб ҳайрон бўлади ва боланинг ўлмагани учун ичидан қиринди ўтади. Яна қизни ишга солади:
— Э, болам, энди ҳовлинг жойига тушибди, булбуллар сайраган, гуллар очилган, кайф қилиб, зерикмай ётасан. Бироқ яна бир камчилиги бор, — дейди. Қиз:
— Айтинг, онажон, — дейди. Кампир:
— Болам, бу булбулларнинг сайраши, гулларнинг очилган бўлиши устига энди, фалон тоғдаги қанотли оқ отни олиб келиб берса, олдингда кишнаб турса, — деди. Қиз кечқурун акаси овдан қайтиб келгач, ўзини яна хафаликка солади. Акаси сабабини сўраса. Қиз:
— Мен бир туш кўрдим. Тушимда бир қанотли оқ отни кўрдим. Шу оқ отни келтирсангиз, олдимда кишнаб турса, — деди. Бола “хўп” деб, отни ахтаргани чиқиб кетади. Йўлда яна Хизр бува учрайди. Хизр бува боладан сўрайди. Бола бутун воқеани айтади. Шунда Хизр бува:
— Э, болам, бу учар оқ отни қўлга киритиш жуда қийин ва мушкул, — дейди. Бола:
— Қандай бўлса бўлсин, майли, мен синглимнинг айтганини бажараман, — деди. Хизр бува болага:
— Бундан бир қамишзорга борасан, кечки пайтда бир от ўтади, шу вақтда ирғиб устига миниб оласан, от осмонга кўтарилади. Бориб бир тилла устунга ўзини уради, устун чил-чил бўлади. Сўнг кетига қайтади. Сен отнинг бошини ўз уйинг томон бурасан ва отни келтирасан. Бола Хизр бува айтганининг ҳаммасини бажо келтиради. Отни ўз уйига олиб келади ва боғлаб қўяди. Синглиси жуда хурсанд бўлади.
Учинчи марта яна кампир қизнинг олдига келади. Гул, булбул ва отни кўриб ҳайрон қолиб, ич-ичидан зил кетади. Яна қизни ишга солади.
Кампир:
— Эҳ, болам, яна бир камчилигинг бор. У ҳам бўлса, фалон юртда Сангил сополтош деган бир қиз бор, акангга айтиб келтиргин, у сенга келин, акангга хотин ва йўлдош бўлсин, — деди. Қиз яна ўзини хафаликка солди. Акаси сўради:
— Нима учун хафасан?
Синглиси:
— Гуллар очилиб, булбуллар сайраб, от кишнаб турса-ю, фақат менга бир овунчоқ, йўлдош бўлмаса. Шунинг учун фалон жойда Сангил сополтош, деган бир қиз бор, шуни келтирсангиз эди. Мен буни тушимда кўрдим — деди. Акаси отни миниб қизни ахтаргани жўнайди.
Йўлда Хизр бува учрайди ва боладан сўрайди. Бола воқеани англатгач, Хизр бува:
— Э, болам, бу жуда оғир ва мушкул иш-ку! Хайр, майли, мен сенга йўлини кўрсатайин, бундан боришингда бир дарё учрайди, тўлқинининг зарби отингни қайтаради, сен етти-саккиз марта орқага тисланиб, сўнгра сувни кечиб нариги ёғига ўтасан. Узоқдан бир қора эчки кўринади, бориб қарасанг, қора тош бўлиб чиқади ва шу тош атрофида бир қанча одам ва ҳайвонларнинг тош ҳолида ётишганларини кўрасан. Шу вақт сен: “Сангил сополтош” деб чақирасан. Биринчи чақиришингда оёғинг, иккинчи чақиришингда гавданг, учинчи чақиришингда томоғинггача тош бўлади, тўртинчи чақиришингда бутун атрофингдаги тошлар одам ва мол бўлиб тирилади ва “Мени ким чақирди?” деб, бир қиз пайдо бўлади. Одамлар: “Мен, мен” деб, қизнинг атрофини ўраб олади. Шу вақтда қиз сенинг олдингга келади, сен: “Мен чақирган эдим”, дейсан. Қиз: “Сени ким юборди”, дейди. Сен “Мени Хизр бува юборди”, деб айтасан. Қиз ўз номини айтиб “Мен Сангил сополтош — мен сенга йўлдош”, дейди. Шундан сўнг қиз дуо ўқийди, одамлар ҳаммаси тош бўлиб қолади. Сен билан қиз ўз отингга миниб жўнаб келаверасан, — дейди. Бола Хизр буванинг ҳамма айтганини қилади, уйига қизни олиб келади ва хотин қилиб олади.
Бола овга чиқиб кетади. Яна кампир келади. Қизни ҳам олиб келганини кўриб:
— Ана энди мақсадингга етибсан, болам, — дейди. Шу вақт кампирни кўрган Сангил сополтош қиздан:
— Сиз нима учун бу кампирни бу ерга келтирдингиз? — деб сўрайди. Қиз эса бутун нарсаларни шу кампирдан ўрганганини айтади. Шу вақт Сангил сополтош:
— Аттанг, бу кампирни бу ерга келтириш керак эмас эди, — деб турганида, эшикдан бола кириб келади. Кампирни кўради ва ундан:
— Сен нима қилиб бизнинг уйда юрибсан? — деб сўраса, кампир “Бу нарсаларнинг ҳаммасини келтиришга мен сабабчи бўлдим”, деди.
Шу вақтда бола қиличини чиқариб, кампирни қийма-қийма қилиб ташлайди. Бола эртасига овга чиқиб кетади. Бола даштда кал подшоҳ билан учрашади. Булар бир-бирига йўлдош бўлиб ов овлашади. Лекин бахтга қарши шу кун кал подшоҳ ҳеч қандай ов қилолмайди. Боланинг отган ўқи эса бекорга кетмайди. Подшоҳ ов қила билмагач, боланинг ўлжасидан сўрайди. Бола йўқ демай, отиб олган ўлжаларининг бир қисмини кал подшоҳга беради, подшоҳ олади. Бола иккинчи куни овга чиққанида яна кал подшоҳ учрайди. Яна подшоҳ ов қила олмайди. Бола эса бутун ов қилган ўлжаларини бир жойга йиғади.
Подшоҳ ов қила олмагани учун алам қилади. Бу гал ҳам сўраб овнинг бир қисмини кал подшоҳ олиб жўнайди. Уч марта бола овга чиққанида шу ҳол такрорланади. Подшоҳ яна ўлжадан бир қисмини сўрашни ўзига ор деб билади-да, болага қараб:
— Сен қандай қилиб овлаётирсан, менга ҳам ўргат, — дейди. Бола:
— Қандай овлаш ўзингизни ихтиёрингизда, мен сизнинг овлаёлмаётганингизни қаердан билай? Эй, подшоҳ, агар сизга бу ўлжалар керак бўлса, олиб кетаверинг, менга бирозгинаси қолса бас, чунки менга қарашли оила жуда кам кишидан иборатдир, — деди. Подшоҳ: — Бўлмаса, эртага мен сенинг уйингга ўз вазирларим билан меҳмонга бораман, тайёр бўлиб тургин, — дейди. Бола йўлда хафа бўлиб кетаётганида Хизр бува учрайди. Хизр бува боладан:
— Нима учун хафа кўринасан, болам, — деб сўрайди. Бола:
— Эй, ота, менинг ўзим бир камбағал бўлсам, кундалик турмушимни зўрға ўтказиб туриб эдим. Эртага менинг уйимга шу шаҳарнинг подшоҳи ўз вазирлари билан меҳмон бўлиб келмоқчи. Энди мен уларга овқатни қаердан оламан, отларини қаерга боғлайман ва кичик уйимда қандай кутаман, деб хафа бўлиб бораётир эдим, — деди.
Хизр бува:
— Эй, болам, бунинг ташвишини тортма, ўзим ҳаммасини тўғри қиламан. Болам, подшоҳингни ўзим кутаман, овқатингни ўзим пишираман, отларига жой топиб бераман, хуллас, у меҳмонларни ўзим тинчитаман, — деди. Бола:
— Бир кунда қайси бирини тайёр қиласиз, подшоҳга жой тайёрлайсизми, ош пиширасизми, отхона тайёрлайсизми? Қайси бирини қиласиз? — деди.
Хизр бува:
— Уни сен қўявер, мен буларнинг ҳаммасини бажараман, уйингга кетавер, балки уйингга боргунингча тайёр бўлиб қолар, хафа бўлма, бор уйингга, — деди. Бола:
— Хўп, майли, ота, — деб уйига кетади. Бола уйига бориб қараса, қатор янги иморатлар пайдо бўлиб қолибди: ичкари-ташқари ҳовли, ост-устли иморат, омборхона, отхона. Қатор бир-икки уй ичи тўла турли-туман ғалла ва емишлар. Бола ҳайрон бўлиб қолади. Бола уйга кириши билан синглиси ва хотини шодлик ва хурсандчиликлар билан кутиб оладилар. Буларнинг уйи тўйга айланди. Озиқ-овқатларни тайёрлаш ва меҳмон қилиш учун тегишли бўлган харажатлар билан машғул бўладилар. Хизр бува ҳам келиб, ўчоқни қазиб, ошпазликка уриниб кетади.
Подшоҳлар ҳам етиб келишди. Подшоҳни тантана ва ҳурмат билан кутиб олишди. Хизр бува уларни ўз жойига ўтқизади, ҳаммасини саранжомлайди. Ўзи кичик бир декча қозонга олов ёқиб, палов дамлайди. Шу қозоннинг оши ҳамма келган меҳмонларга етиб, ортиб ҳам қолади. Меҳмонларни кўнгилдагидек уч кун меҳмон қилишади. Декчадан ошни сузган билан ош тамом бўлмайди. Подшоҳ меҳмонлари билан кетмоқчи бўлиб, ўрнидан турганда, Хизр бува:
— Э, тақсир подшоҳ, агар мумкин бўлса, менинг ихтиёримда уч соат ўтирсангиз, сизга айтадиган муҳим сўзим бор, — дейди. Кал подшоҳ:
— Хўп, майли, айтинг, эшитайлик, — деб турган ўрнига ўтиради.
Хизр бува Соҳибқурол ва Соҳибжамолларнинг, сўнгра келини бўлмиш Сангил сополтошларнинг тарихини сўзлаб кетади. Сўзининг энг охирида:
— Мана бу йигит ўғлингиз Соҳибқурол, мана бу қизингиз Соҳибжамол, мана бу келинингиз Сангил сополтошдир, — деб таништиради.
Подшоҳ кўзига жиққа ёш олиб ўрнидан ирғиб туради-да;
— Вой, болаларим, бормисизлар, — деб болаларини ўз бағрига олади, қучоқлаб ўпади. Шу вақт Хизр бува:
— Мана, шу болаларингни мен тарбия қилиб ўстирдим, энди топиб олдинг, хайр энди, мен кетдим, мендан рози бўлинглар, — деб ғойиб бўлади. Кал подшоҳ ўз болаларини олиб, қўрғондан чиқади ва уйига кетади. Шу вақт орқасига қараса, темир қўрғондан ҳеч бир асар йўқ.
Подшоҳ уйга келгач, Воспирохунни зиндондан чиқаради ва ювинтиради. Кийинтириб, ўз болаларини кўрсатади. Воспирохун кундошларини биянинг думига боғлаб, тиканзорга ҳайдаб чиқаради ва орқасидан айғирларни қўйиб юборади. Кундошларнинг гўшти бир бурдадан бўлинади. Бошқатдан тўй-у томошалар қилиб Сангил сополтошни ўғлига олиб беради. Кал подшоҳ ўз ўрнига ўғлини подшоҳ қилиб кўтаради. Кал ўз ажали билан ўлади.
Кунлардан бир куни Соҳибқурол подшоҳнинг хотини уч ўғил туғади. Учаласи ҳам олдинма-кейин катта бўлади. Соҳибқурол отасидан қолган меросларни текшириб юриб, бир уйга киради. Уйда отасидан қолган бир ойнайи жаҳон бўлади. Шунга қараб ухлаб қолади. Подшоҳ тушида шу ойнайи жаҳон ичида бир қиз чиқиб турганини кўради. Уйғониб қараса, қиз йўқ. Бу ҳолни вазир ва ўғилларига айтади. Ўғиллари:
— Э, ота, биз бориб қидириб, сиз истаган қизингизни келтирамиз, — дейдилар. Отаси йўл бермайди. Болалар ҳам бўш келмагач, рухсат этишга мажбур бўлади. Катта ўғлига милтиқ, ўртанчасига ханжар, энг кичигига камарини беради. Болалар жўнайди. Бу уч оғайни бир муюлиш кўчага келадилар, бу йўлда уч йўл бўлиб: бирига “борса келар”, бирига “борса келмас”, учинчи йўлга “борса хатар” деб ёзилган эди. Уч оғайни маслаҳат қилишади. Каттаси “борса келарга”, энг кичиги “борса келмасга”, ўртанчаси “борса хатарга” жўнайдилар. Кичик ўғил узоқ юргандан сўнг, қорни очиб қаерга борарини билмай, бир ҳовуз бўйига келади. Ҳовуздан бир кампир сув ололмай, қийналиб турганини кўради. Бола югуриб бориб кампирнинг қўлидаги челакни олиб, ҳовуздаги сувга ботириб олади-да, кампирнинг уйига элтиб беради. Кампир болани тўйғизади ва:
— Э, болам, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бу жойда нима қилиб юрибсан, — дейди. Бола:
— Э, она, ҳеч сўраманг, мен жуда бир зарур иш билан шу йўлларга тушиб қолдим, — деб айтмайди. Кампир:
— Мен шу жойда ёлғиз ўзим яшайман, ўғил ва қизим йўқ, сен менга ўғил бўлмайсанми? — дейди. Қаёққа боришни билмаган бола:
— Э, она, ўғли йўққа ўғил, қизи йўққа қиз бўламан.
Бола кампир уйида бир неча кун яшайди. Бола кечаси ташқарига чиқаман деса, кампир йўл бермайди, эшикни маҳкамлаб ташлайди. Бу ҳолни кўрган бола кечаси ҳовлига чиқишни ҳар кун сўрайди ва кампирдан:
— Нима сабабдан ташқарига чиқармайсиз? — деб сўрайди. Кампир жавоб беради:
— Осмонда икки ой бор. Бири осмоннинг ойи, иккинчиси кун ботиш подшоси қизининг осмонга тушган шуъласи. Бу шуълага қараган ҳар қандай йигит ошиқ бўлмай, шу қизни қидириб топиш азобига учрамай қолмайди. Бу қизга етиша олмай қанча подшоҳ ва унинг одамлари хазон бўлди. Шунинг учун кечаси сени ташқарига чиқармайман.
Бола отасининг тушидаги ойнайи жаҳонда кўринган қиз шу бўлса керак, дейди-да, кампирнинг қаршилигига қарамай, кечаси ойдинга чиқади. Подшоҳ қизининг шуъласини кўриб, ҳушидан кетади. Кампир нима қилишини билмайди. Бола ўзига келиб, тез шу қизнинг олдига қандай бориш йўлини кампирдан сўрайди. Кампир айтиб беришга мажбур бўлади. Бола белига уч нонни тугиб, катта йўлга тушиб олиб, жўнайди. Бола йўлда хафа бўлиб кетаверади. Йўлда Хизр бува учрайди. Боланинг ҳол-аҳволини сўрагандан сўнг, боланинг қўлига бир газли қилич беради. Бола Хизрдан ўтиб бир қўрғонга келади. Бу қўрғон дев подшосиники экан. Қилич билан эшик олдида мудраб турган девни ўлдиради ва ичкарига киради. Уйда жуда кўп девлар ухлаб ётган экан. Бола бир чеккадан ҳаммасининг калласини олади. Отхонада бир оқ учар от турибди. Отни бориб ёлидан маҳкам ушласа, от кишнаб, ёли узилиб, бола қўлида қолади. От учиб кетади. Сўнгра бола ўз йўлига тушиб, бир жойга келиб чарчаб дам олиб ўтирса, қаршисидан бир арслон чиқади. Бола қўрққанидан нонининг ярмини беради. Арслон нонни еб, ўз ёлидан бериб, болани ўтказиб юборади, бола бир жойга келса, кўча тўла чумоли. Шу вақт чумолилар подшоси тўй қилмоқда экан. Бола чумолиларнинг кўчадан ўтиб бўлишини кутади. Улар тамом бўлмайди. Бола бир нонни бурдалаб кўчага ташлайди. Чумолилар талаб кетади. Чумолиларни босиб ўтишни лозим кўрмайди, уларни аяйди. Шунда чумолилар подшоси:
— Э, инсон фарзанди, сен бизни ҳурмат қилдинг, овқат бердинг, энди нима истайсан? — деди. Бола:
— Фақат мен шу йўлдан ўтиб кетсам, бас, — деди. Чумолилар подшоси йўлни бўшатади, бола ўтиб кетади. Узоқ юргандан сўнг бир подшоҳ саройига келади. Бу сарой кун ботиш подшосининг саройи экан. Подшоҳнинг қизи қирқ газ баландликдаги шийпонда осмонга қараб ётар экан. Унинг акси осмонга тушар экан. Буни излаб келган ҳар қандай одам ҳам йўлда девларга учрар, улар дабдала қилар ёки арслон ер, чумолидан ўтолмай хароб бўлиб кетар эканлар. Бутун хатарлардан қутулган бола секин сарой ичига киради. Саройда турли мамлакатлардан шу қиз ишқида келган подшоҳлар, вазирлар, ботирлар тўла. Қиз кундузи ерга тушар, кечаси шу минора тепасида ётар экан. Қизнинг ишқида келган одамларга қизнинг отаси:
— Кимда-ким тегирмон тошини отиб, шу қирқ газ баландликдаги уйчани қулатса, шунга қизимни бераман, — дер экан. Уч кунгача кишилар турли йўллар билан чирана-чирана бу тошни ўрнидан қўзғатолмаган. Ҳеч ким топилмагач, подшоҳ одамларга “майли, ким бўлмасин — мусофир бўлса ҳам майли”, дегач, “Мен шу ишни бажараман”, дейди бола. Подшоҳ рухсат этади. Бола тошни ердан кўтаришда арслон тутатқисини тутатади. Арслон кишилар кўзига кўринмаган ҳолда тошни кўтаради. Сўнгра бола отнинг тутатқисини тутатади. От ҳам кўзга кўринмай пайдо бўлади. Арслон тошни секин отнинг устига қўяди. От осмонга кўтарилади. Тошни иморат устидан ташлайди. Минора ер билан яксон бўлади. Уй чилпарчин бўлиб кетади. Подшоҳ қизини болага тўй-у томоша қилиб беради, ўз ўрнига подшоҳ қилмоқчи бўлганда, бола рози бўлмайди. “Агар истасангиз мен бир ота-онамни бориб кўриб келай”, дейди-да, отнинг тутатқисини тутатади. Оқ отга қизни миндириб учади. Акалари билан хайрлашган жойга келса, улар йўқ. Сўнгра уларни қидириб топади. Катта акаси ошпаз, ўртанча акаси гўлоҳ бўлиб қолган экан. Ҳар иккисини топиб олади. Сўнгра кетишга ҳозирланадилар. Боланинг хотини, икки акаси йўлда кета берадилар. Шу вақт икки акаси бир-бири билан маслаҳат қилади. Каттаси ўртанчасига:
— Сен билан мен шундай қуп-қуруқмиз, отамизнинг олдига нима деб борамиз, — дейди. Ўртанчаси:
— Бўлмаса, укамизни ўлдирамиз-да, чуқурга ташлаб, қизни биз келтирдик, деб олиб борамиз, — дейди. Ярим йўлда укасининг қўл-оёқларини боғлаб, ўлдиришга, кўзи қиймай, бир чуқурга ташлаб кетадилар. Оталари олдига борадилар. Подшоҳ кичик ўғлини эсга ҳам олмайди. Шу вақт қиз ҳадеб йиғлай беради, овқат емайди. Сўнгра қиздан сабабини сўрайдилар. Қиз бутун воқеани айтиб, “Мени бу ерга олиб келишга сабабчи бўлган бу икки ўғлингиз эмас, ўша энг кичик ўғлингиздир,” дейди. Подшоҳ одам чоптириб, қидиришга буюради.
Болани топа олмайдилар. Бола йўлда қизнинг қўлига отнинг тутатқисини берган экан. Шу вақт қиз от тутатқисини тутатади. От тайёр бўлади. Қиз бориб қараса, йигит чалаўлик бўлиб ётибди. Дарров отга болани ўнгариб олади. От яна учади, подшоҳ саройига келади. Подшоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-у томошалар билан қизни кичик ўғлига олиб беради. Муттаҳамлик қилганлари учун икки катта ўғлини биянинг думига боғлаб, тиканзорга чоптириб, гўштларини бурда-бурдадан қилдиради. Бу ўғлини ўзи ўрнига подшоҳ этиб кўтаради. Бола бир неча кундан сўнг қайнатасиникига — кун ботиш подшоси томон қиз билан учади. У ерда ҳам тўй-у томошалар бўлади. Йигитни ўз ўрнига подшоҳ қилади. Қудалар бир-бирига бориш-келиш қилишади. Шундай қилиб, бола ҳам кун чиқиш, ҳам кун ботиш мамлакатининг подшоҳи бўлади. Оқ учар от йигитни бир кун кун чиқишга, бир кун кун ботишга олиб боради. Шундай қилиб, Қора подшоҳни енгган бизнинг кал подшоҳнинг набираси икки мамлакатнинг подшоҳлигини сўрайди. Мурод-мақсадига, соқоли кўксига етади.