Вафо

Ўтган замонда бир йигит бор экан, у отасидан қолган молларнинг ярмини сарф қилиб, бир қизга уйланибди. Қолган давлатини хотини билан еб ётаверибди. Давлат кундан-кунга камайибди. Кунлардан бир куни хотини эрига:
— Энди сиз бундай бекор ётаверманг. Ё қолган давлатингизни сотиб савдогарчилик қилинг, ёки бирор хизмат қилинг, — дебди. Эри:
— Мен савдога кетсам сени қандай ёлғиз қолдираман. Сени кўзим қиймайди, — дебди. Хотини:
— Кўнглингизни тўқ қилинг, мен сиз келгунингизча уйда ўтираман, — дебди. Эри ноилож молларини сотиб савдога кетмоқчи бўлибди.
Пулига керакли молларни олибди, йўлга чиқиши олдидан хотини унга бир гул бериб:
— Мана шу гулни олинг. Агар менинг бошимга бирор оғир иш тушса ёки мен бирор ёмон йўлга кириб кетсам, шу гул ўша ондаёқ сўлади. Бўлмаса ҳеч қачон сўлмайди, — дебди.
Эри гулни олиб сафарга чиқиб кетибди. Йўлда ўғрилар учраб йигитнинг молларини талаб олиб кетишибди. Йигит молсиз, пулсиз ўзининг соғ-саломат қолганига шукр қилиб бир шаҳарга борибди. Шаҳарда сарсон бўлиб юриб бир иморат қиладиган уста билан учрашиб қолибди. Устага ўз аҳволини гапирибди. Уста йигитни ўзига шогирд қилиб олибди. Йигит бир йилда иморат қилишни ўрганиб, яхши уста бўлиб етишибди. Кунлардан бир кун уста ўлиб, унинг ўрнига йигит уста бўлиб қолибди.
Бир куни подшо йигитни чақиртириб, бир катта иморат солиб беришни топширибди. Йигит подшога жуда чиройли катта иморат қилиб берибди. Подшо йигитдан хурсанд бўлиб, зиёфатга чақирибди. Йигит билан гаплашиб ўтириб, унинг қайдан келганлигини, кимлигини сўрабди-да, ўрдасида ишлашга кўндирибди. Йигит ўрдада ишлай бошлабди. У тез-тез чўнтагидаги гулга қараб қўяр экан. Вазирлар бу гулнинг қишин-ёзин сўлмаганига ажабланиб, подшога айтишибди. Подшо йигитни чақириб, чўнтагидаги гулнинг сўлмаслик сабабини сўрабди. Йигит подшога хотинининг сўзларини айтибди. Подшо кулиб:
— Сен аҳмоқ экансан, хотинларнинг сўзига ишониб бўладими? Гул бериб сени алдабди-да, — дебди. Йигит хотинининг тўғрилигига чин кўнгилдан ишонганлигини айтибди.
Кунлардан бир куни подшо йигитнинг хотинини синаш учун вазирларидан бирини юборибди. Вазир хотин яшаган шаҳарга келиб қўшнисидан йигитнинг хотини билан учраштиришни сўрабди. Қўшниси хотин олдига вазирни олиб кирибди:
— Қизим, менинг бир меҳмоним бор эди, ўшани сен уйингда меҳмон қилиб жўнатсанг, — дебди. Хотин бу сирга дарров тушуниб: “Бунда бир ҳикмат бўлса керак, буларни бир боплай”, дебди-да, меҳмонни қабул қилибди. Яхши овқатлар, шўрвалар, шароблар тайёрлаб уни меҳмон қилибди. Вазир маст бўлиб қолибди. Шу пайтда йигитнинг хотини томонидан тайинлаб қўйилган қўшни хотин дарвозасини тақиллатибди.
Хотин:
— Вой, биров келиб қолди, дарров мана бу ерга кириб туринг, кейин ўзим чақираман, — деб вазирни уйдаги ертўлага туширибди. Бир неча кунгача вазирни ертўладан чиқармабди. Подшо биринчи вазирдан дарак бўлмагандан кейин, иккинчи вазирини юборибди. Хотин иккинчи вазирни ҳам аввалгидек ертўлага қамабди. Подшо иккинчи вазирдан ҳам дарак бўлмагандан кейин, ўзи оддий кийим кийиб хотиннинг уйига келибди. У подшони ҳам аввалгидай зиёфат қилибди.
Йигит ишлаб юриб хотини эсига тушиб гулга қараса, гул сўлмаган, чиройли, очилиб турибди. Анча қараб ўтиргандан кейин подшонинг гапи эсига тушиб, “Подшонинг айтган гапи рост бўлмасин тағин, бир хотинимдан хабар олиб келай”, деб шаҳарига қайтиб, дарвозани тақиллатибди. Бу вақт хотин маст бўлган подшони ҳам ертўлага қамаб турган экан. Қараса, эри келиб қолибди. Суюниб уйга олиб кирибди. Эри уйдаги овқатларни кўриб аҳволни сўрабди. Хотин:
— Сиз келгунча бир қизиқ иш қилдим, мана шу одамлар келавериб мени безор қилишди. Мен уларни қамаб қўявердим. Ўзингиз улардан сабабини сўранг. Мана, кўринг, — деб ертўлани очиб учовини чиқарибди. Йигит уларнинг учовини ҳам танибди:
— Подшо бўлиб туриб шундай иш қилгани уялмайсизми? — дебди. Подшо:
— Хафа бўлма, биз хотинингни синамоқчи бўлиб, шу аҳволга тушиб қолдик. Сенинг хотининг ҳақиқатан ҳам тўғри хотин экан. Икковингиз қўша қаринг, — деб жўнашибди. Эр-у хотин мурод мақсадига етибди.