Бир бор экан, бир йўқ экан, бир дарёнинг бўйида чол билан кампир яшаган экан. Уларнинг якка-ю ягона, кўзларининг оқу қораси, кексайганда кўрган эркатой бир ўғиллари бор экан.
У жуда ҳам шўх бўлгани учун унга Шўхвой деб исм қўйишган экан. Лекин кейинчалик қайсар, ўжар, ўзининг айтганидан қолмайдиган бўлгани учун болани Ўжарвой деб чакирадиган бўлишибди. Шу-шу боланинг исми Ўжарвой бўлиб қолибди. Ўжарвойнинг зийрак ва сезгир бир ити бор экан.
Кунлардан бир кун Ўжарвой эрталаб ўрнидан туриб, дарёда бет-қўлини ювиб келмоқчи бўлибди.
Кампир эса:
— Илиқ сув қилиб қўйганман. Шу ерда бет-қўлингни ювгин, — дебди.
Ўжарвойга бу гап ёқмабди. У ўз айтганида туриб олибди. Чол-кампирдан яшириб, ўзи дарё қирғоғига борибди. Сочиқ билан совунларини бир ёнига қўйибди. Орқасига қараса, ити ҳам унга эргашиб келган экан. Ўжарвой қирғоққа яқинлашибди. Ўжарвой бир неча бор сувга энгашибди. Лекин ҳеч бўйи етмабди. Пастроқ жойни қидирибди. Қидириб-қидириб охири топибди. Қўли сувга етай-етай деганда сув бирдан пастлашиб кетибди. Шунда дарёдаги сув тилга кириб:
— Эй, бола, сен уйингга қайтиб боргин-да, ўша ерда ювингин. Дарё суви сендақа ўжар болаларга сув бермайди, — дебди.
Дарёдаги сув бирдан яна тўлқинланиб, янада пасайиб кетибди. Ўжарвой ҳайрон бўлиб қолибди. Лекин барибир ҳеч уйига кетгиси келмабди. Ўжарвой караб турса, дарё суви яна аслидай оқа бошлабди. Ўжарвой яна қўлини сувга узатибди, сув яна камайиб кетибди. Учинчи марта ҳам қўлини чўзганда худди шундай бўлибди. Тўртинчи марта сувга интилганида, калласи билан сувга шўнғиб кириб кетибди. Буни кўрган ит ўзини сувга отибди. Чўкиб кетаётган Ўжарвойнинг кўйлагидан тишлаб судраб чиқарибди.
Шундай қилиб, Ўжарвой билан вафодор ит уйга аранг етиб келишибди. Ўжарвой бўлган воқеани чол билан кампирга айтиб берибди. Улар Ўжарвойни уришиб, итнинг қилган ишидан қувонишибди. Шундан кейин Ўжарвой ота-онасига ўжарлик қилмасликка сўз берибди.
Ўжарвой шундай қилиб ўжарлигини ташлаган экан.