Ўтган замонда бир темирчи бўлган экан. Дўконига бир қозоқ келиб, ундан:
— Темир ўчоқ қанча темирдан ясалади? — деб сўрабди.
— Олти пуд темирдан бўлади, — дебди уста.
Қозоқ темирчига олти пуд темир келтириб берибди. Уста темирни оловга солавериб озайтирибди. Қозоқ келиб:
— Ўчоқ битдими? — деб сўрабди. Темирчи:
— Жўра, темирингнинг мазаси йўқ экан, қозонга етмайди, қилич ясаб бераман, — дебди. Қозоқ:
— Хўп, — деб, қайтиб кетибди. Кунлардан бир кун қозоқ:
— Қилич битдими, — деб сўраб келибди. Темирчи:
— Жўра, темиринг озлик қилиб қиличга етмади, битта пичоқ ясаб бераман, — дебди.
Бир ҳафтадан сўнг қозоқ келса, темирчи пичоқ эмас, бигиз ясаб қўйган экан, ўшани узатибди. Қозоқ темирчидан:
— Бунинг не? — деб сўрабди.
— Буни бизда бизгелдек деб айтилади. Бу асбоб подшоликда бўлмаса бошқа жойда топилмайди, — дебди темирчи.
— Уста, хизматинг учун сани рози қилишим керак, ўтовимга меҳмонга чақираман, жума куни уйимга боргин, — деб тайинлаб кетибди, устанинг қилган ишидан норози бўлганини билдирмай қозоқ. Уста меҳмонга кетаётганида шогирдига тайинлабди:
— Қозоқ бизга кўп нарса қўяди, сен, “устамнинг ҳаки кўп, бу озлик қилади”, деяверасан, бўш келма.
Темирчи шогирди билан келишиб олгандан сўнг, қозоқникига боришибди. Қозоқ ҳам пойлаб турган экан, устани ушлаб олиб устунга боғлаб: “Ясаб берган бигизинг шуми?” деб роса урибди. Уриб-уриб чарчабди. Шунда шогирди:
— Устамнинг ҳақи кўп, ҳали бу озлик қилади, — деяверибди. Буни эшитган қозоқ дадил бўлиб яна урибди. Шогирд яна:
— Устамнинг ҳақи кўп, бу ҳали озлик қилади, — дебди. Уста жон талвасасида инграбди:
— Падар лаънати, нодон шогирд, мени бу ноинсоф ўлдирай деяпти-ю, сен бўлсанг, “бу ҳали оз” дейишни қўймаяпсан!
Шундай қилиб, қозоқни алдаган ҳийлагар уста мажруҳ бўлиб қолибди.