Усмон билан Ёқуб

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда битта чол яшаган экан. Унинг иккита ўғли бор экан. Каттасининг исми — Усмон, кичигининг исми Ёқуб экан.
Чол:
— Ўғилларим, мен энди қариб қолдим, энди рўзғор иши ўзларингга қолди, бориб ерни ҳайдаб келинглар, — дебди.
Ака-ука ер ҳайдагани кетишибди. Усмон куни билан ер ҳайдаб, роса чарчабди. Терлаб, ҳамма ёғи чанг бўлиб кетибди. Ёқуб эса “касалман” деб, кечгача салқинда ётибди,
Кеч кирганда, у акасига:
— Сиз ювиниб келинг. Мен қўшни олиб кетаман, — дебди. Усмон ерни ҳайдаганида озгина қисми қолган экан. Ёқуб қолган жойни ҳайдабди ва ҳамма ёғига тупроқ сепиб, чанг қилиб олибди. Дадасининг ёнига бориб:
— Акам ҳеч ҳам ишламадилар, ҳамма ерни бир ўзим ҳайдадим, — дебди.
Дадаси Ёқубнинг гапига ишониб, Усмондан хафа бўлибди. Шунга қарамай, “бош ўғил-ку!” деб, ўзининг бисотидаги йигирма беш тилласини Усмонга берибди. Усмон пулни олибди-ю, отасининг қўпол муомаласидан хафа бўлиб, уйдан чиқиб кетибди. Ёқуб эса акасига:
— Сиз қаерда бўлсангиз, мен ҳам сиз билан бирга бўламан, — дебди.
Улар йўл юришибди, йўл юришса ҳам, мўл юришибди, бир ўрмонга етишибди. Бир овчи ўрмондан фил боласини олиб келаётган экак. Усмои ундан.
— Бу филча сенга нима гуноҳ қилди? — деб сўрабди. Овчи:
— Овимга тушган нарса, энди олиб бориб сотмоқчиман, —дебди.
Усмоннинг филчага раҳми келибди ва:
— Сотсанг қанчага сотасан? — сўрабди.
— Йигирма беш тиллага сотаман, — дебди овчи. Усмон йигирма беш тиллани овчига бериб, филни озод қилибди ва ўрмонга қўйиб юборибди, Ёқуб эса нима қилишини билмай қолибди, чунки у пулни олиш мақсадида акаси билан йўлга чиққан экан. Энди у қайтиб кетишини ҳам, қайтмаслигшш ҳам билмай қолибди. Қайтай деса, уялади, қайтмай деса, пул қўлдан чиқиб кетган. Улар юриб-юриб, охири бир шаҳарга етиб келишибди. У ерга кириб борсалар, ҳамманинг оғзида бир гап: “Подшонинг бир қизи бор экан. Уни бир дев олиб кетибди. Кимки шу девни ўлдирса, подшо қизи билан бойлигининг ярмини берармиш”.
Усмон билан Ёқуб подшонинг ҳузурига боришибди. Улар девни ўлдиришга бормоқчи эканликларини айтишибди ва керакли қурол-аслаҳа билан қуролланишибди. Усмон билан Ёқуб дев яшайдиган тоққа чиқишибди. Усмон дев билан олишиб, уни ўлдирибди. Кейин бир чуқур ғорга дуч келибди, тушса, бир чеккада қиз ўтирган экан. Усмон қизга уни қутқаргани келганини айтибди. Ёқуб тепада, ғорнинг оғзида қолган экан. Усмон қизнинг белига арқон боғлаб, тепага чиқариб юборибди. Ёқуб эса акасини ғорнинг ичида қолдириб, ўзи қизни олиб, жўнаб кетибди.
Подшога бориб, “девни ўлдириб, қизингизни олиб келдим”, дебди. Подшо беҳад қувонибди ва қирқ кеча-ю, қирқ кундуз тўй қилиб, қизини Ёқубга бермоқчи бўлибди. Энди гапни Усмондан эшитинг.
Усмон укасини роса чақирибди, ундан дарак бўлмагач, хафа бўлиб ғорни айланиб юраверибди. Шу алфозда бир неча кун ўтибди. Охири у ҳолдан тойиб, ётиб қолибди. Бир маҳал мадорсиз ҳолда кўзларини очиб қараса, ўзи бўшатиб юборган фил боласи унинг ёнида турган эмиш. Унинг аҳволини кўрган филча ғордан чиқиб кетибди ва ғорнинг тепасидан унга арқон ташлабди. Усмон зўр-базўр арқонга ўзини боғлабди, фил боласи уни тортиб олибди. Фил боласи Усмонга ўрмондан турли мевалар ва ейдиган нарсалар топиб келибди. Усмон сал тузалгач, подшонинг саройига қараб йўл олибди. Борса, саройда катта тўй бўлаётган эмиш. У одамлардан “кимнинг тўйи” деб сўраса, “Ёқуб деган бола девни ўлдириб, маликани қутқарди, шунинг учун подшо қизини Ёқубга беряпти” дейишибди. Усмон ичкарига кириб қараса, ҳақиқатан ҳам Ёқубнинг тўйи бўлаётган эмиш. Шу пайт Усмон подшонинг қизини чақиртирибди. Қиз дарров Усмонни танибди ва улар подшо ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтиб беришибди. Подшо Ёқубни изза қилиб, саройдан ҳайдаб юборибди. Усмонга эса қизини ҳамда ярим давлатини бериб, тўйни янада катта қилиб юборибди.