Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ, экан, жуда қадим замонларда Давлатшоҳ деган бир подшо бор экан. Бу подшонинг эси пастроқ бир ўғли бор экан. Кундан-кун, ойдан-ой ўтиб, бола йигирма беш ёшга кирибди. Лекин ақлда ёшига етмабди. Подшо анча қариб, белидан қуввати, кўзидан нури кетибди.
Кунлардан бир куни, подшо олтин тахтида ўтириб: «Мен жуда қариб қолдим, энди унча узоқ яшамасам керак. Ўрнимга кимни қўйсам экан, ўғлимни подшо қилай десам, эси пастроқ бўлса, шунча йиллардан бери тўплаган молимни бир-икки ойга ҳам етказмай, совуриб юборади», — деб узоқ вақт ўйланиб ўтирибди. Бир вақт бир нарса эсига кслгандай, бирдан сакраб ўрнидан туриб кетибди. «Ҳа, топдим, — дебди ўзига ўзи, — ўғлимни бирон бир ақлли қизга уйлантираман. Хотини унга ақл бўлади». Подшо шундай дебди-да, ўғлини чақиртирибди.
— Ўғлим, мен ёшимни яшаб бўлдим. Энди узоққа боролмасам керак. Сени уйлантириб, ўрнимга подшо кўтарсам, нима дейсан, — дебди.
— Сиз шундай дейсизу, мен йўқ дермидим. Майли, уйлантирсангиз уйлантиринг, — дебди ўғли.
Подшо:
— Кимни олиб берай, ўғлим? — деб сўрабди.
— Кимни истасангиз ўшани олиб беринг, — дебди ўғли. Подшо, ўғлини йўлга солиб юрадиган ақлли келинни роса ахтарибди, охири бир подшонинг қизини уч кун тўй-томоша қилиб, ўғлига олиб берибди.
Орадан уч кеча-ю уч кундуз ўтибди. Эрталаб подшо ўғлини ёнига чақириб:
— Қалай, хотиндан мамнунмисан, ўғлим? — деб сўрабди.
— Менга ёқмади, ёмон аёл экан, — деб жавоб берибди ўғли.
— Энди нима қиласан, — дебди подшо.
— Келган жойига элтиб қўяман, — дебди ўғли. Подшо у дебди бўлмабди, бу дебди бўлмабди. Ўғли хотинини уйига элтиб қўйибди. Орадан уч кун ўтказиб туриб отасига шундай дебди:
— Ота, мени уйлантириб қўйинг.
Подшо «хўп» деб, яна ўғлига хотин излаб шаҳарма-шаҳар, мамлакатма-мамлакат кезиб чиқибди. Охири бир подшонинг қизини топиб, уч куи тўй-томоша қилиб олиб берибди.
Орадан уч кеча-ю уч кундуз ўтибди, эрталаб чой ичиб ўтириб подшо:
— Қалай, ўғлим, бу хотинингдан мамнунмисан? — деб сўрабди.
— Йўқ, — дебди ўғли. — Бу ҳам менга ёқмади, ёмон хотин экан.
Подшо нима дейишини билмай ўйланиб қолибди. Кейин ўғлидан сўраб қолибди:
— Энди нима қилмоқчисан?
— Туғилиб-ўсган жойига жўнатиб юбормоқчимап, — деб жавоб берибди ўғли.
Подшо ўғлини кўндиришга харакат қилибди, бўлмабди, қизни ўз уйига элтиб қўйибдилар. Кунлар кетидан кунлар, тунлар кетидан тунлар ўтаверибди. Бир куни подшонинг ўғли отасига қараб:
— Ота, мени уйлантириб қўйинг, — дебди.
Подшо «хўп» дебди. Яна ахтариб-ахтариб бир подшонинг қизини уч кеча-ю уч кундуз тўй қилиб ўғлига олиб берибди. Подшовачча бу хотини билан ҳам уч кеча-ю уч кундуз туриб, «ёқмади», деб уйига элтиб қўйибди. Кейин подшовачча отасига қараб, «уйлантириб қўнинг» деган экан, отаси шундай дебди:
— Ўғлим, шунча хотин олиб бердим. «Бирини ўпоқ, бирини сўпоқ», деб ҳайдаб юбординг. Энди отга мингин-да, ўзинг ахтариб топгин.
Подшовачча отасидан бу гапни эшитиб, отига миниб, қиз ахтариб кетибди. Шаҳарнинг обод бир жойига келганида бир қизга кўзи тушибди. Қиз жуда ҳам чиройли эмиш. Ой деса оғзи, кун деса кўзи бор эмиш. Шаҳзода қизни кўриб, ёқтириб, эшигига белги қилиб, дарров орқасига қайтибди. Саройга келиб, отасига ёқтирган қизининг турар манзилини айтибди. Отаси уч кеча-ю уч кундуз тўй-томоша қилиб, ҳалиги қизни ўғлига олиб берибди. Орадан уч кун ўтказиб туриб, подшо ўғлидан:
— Қалай, бу хотинингдан мамнундирсан ўғлим, — деб сўраб қолибди.
Шаҳзода олдинига «ҳе, бу ҳам ёмон хотин», деб айтишга огиз ростлабди-ю, аммо қизчинг ҳусни жамолини кўз олдига келтириб, уни уйига элтиб қўйишга кўзи қиймай, «яхши!» деб юборибди. Подшо хурсанд бўлиб, тағин уч кунлик тўй-томоша қилибди.
Кунлар кетидан кунлар, тунлар кетидан тунлар ўта берибди, подшо жуда қартайиб, ҳатто сўроқ сўрашга ҳам ярамай қолибди. Ўларини билиб, подшолик ҳукми етган жойларига вазиру амалдорларини юбориб, етти йиллик хирожни ундириб олиб, ҳеч кимга билдирмай ертўлага кўмдирибди. Кейин ёнига келинини оливолиб ертўлага кирибди:
— Болам, — дебди подшо олтинларини кўрсатиб, — менинг ўларим бор, қоларим йўқ. Белимдан қувватим, оёғимдан дармоним, кўзимдан нурим кетди. Эрингизнинг эси паст, шунинг учун ҳам мендан кейии юртга подшо бўлишига ақлим етмайди. Мана бу кўмган хумлардаги олтинларни тежаб-тергаб сарфласанглар, бир умрга етади. Менинг вафотимдан кейин олтинларнинг тасарруфини сиз қўлга олинг, — дебди.
Кўп ўтмай подшо оламдан ўтибди. Подшонинг маросимлари ўтгандан кейин:
— Энди қўлингиз бир оз бўшади, бозорта бориб майда-чуйда харид қилиб келсангиз, — дебди хотини подшоваччага.
Подшовачча «хўп» деб хизматкорига халта-хултани кўтартириб бозорга кетибди. Бозорга бориб қараса, ёнида пули йўқ эмиш. «Эсдан чиқариб қолдирибман», — деб уйига қайтибди. Уйига келса, хотинининг ёнида жуда ҳам бесунақай шопмўйлов бир барзанги ўтирган эмиш.
— Ким бу, — деб сўрабди подшовачча.
— Тоғамнинг ўғли, бозорга келган экан, кўриб кетай деб келибди.
Йигит хотинининг гапига ишониб, бозор қилиб келибди. Зиёфат катта бўлибди, арағу шарақ авжига чиқибди. Подшовачча маст бўлиб қолибди. Хотини уни эски-туски кўрпачага ўраб қўйиб, ўзи ҳалиги барзанги билаи қават-қават кўрпаларда эрталабгача кайфу сафо қилиб чиқибди. Чоштгоҳ бўлганда подшовачча ўрнидан турса, ёнида хотини ўтирган эмиш.
— Кўп ухлаб қолдингиз, — дебди хотини, — туринг, чой ичайлик!
Подшовачча ўрнидан турибди, ҳеч нарсани пайқамабди.
Кунлар кетидан кунлар, тунлар кетидан тунлар ўтаверибди. Бир куни подшоваччанинг хотини:
— Бозорга бориб, бозор қилиб келсангиз-чи, — дебди. Подшовачча «хўп» деб бозорга кетибди. Бозорга бориб ёнини қараса, пули йўқ. Олиб келай, деб уйига келса, хотини келишган, хушмўйлов бир йигитча бнлпп апоқ-чапоқ гаплашиб ўтирган эмиш.
Подшоваччанинг жаҳли чиқиб:
— Бу ким? — деб сўрабди.
— Мени кўргани амакиваччам келган экан, — деб жавоб берибди хотини.
Подшовачча хотинининг гапига ишониб, уларни қолдириб бозорга кетиб, кечга яқин бозорни қилиб қайтиб келибди. Туни билан базму ишрат қилишибди. Ярим кеча бўлганда подшовачча қаттиқ маст бўлиб қолибди, хотини уни эски-тускига ўраб қўйиб, ҳалиги амакиваччам, деган йигит билан эрталабгача кайфу сафо қилиб чиқибди. Бир пайт подшовачча боши оғриб, кўзи тиниб ўрнидан турса, ёнида хотини ўтирган эмиш.
Подшовачча бу сирни кимга айтишни билмай роса ҳайрон бўлибди.
Отасининг бир ўртоғи бор экан. «Яхшиси, отамнинг ўртоғига айта қолай», дебди подшовачча. Отасинипг дўстининг йўлини пойлаб кўча эшик тагидаги супада ўтирган экан, бир пайт ўтиб қолибди.
— Амаки, сизда маслаҳатли зарур бир ишим бор эди, — деб подшовачча бўлган воқеаларнн унга айтиб берибди.
— Бу гапни илгарироқ айтишингиз керак эди, шаҳзода, — дебди отасининг дўсти. — Биринчи марта хотпнингизнинг тоғаваччаси келган экан, иккинчи марта амакиваччаси келибди. Бу гал аммаваччаси келади. Аммо шуни бир билиб қўйингки, хотинингизнинг аммаваччаси ҳў бозорнинг рўпарасидаги катта дўконнинг эгаси — бой бўлади. У бир кунлик савдосининг пулини ёнига тугиб келади. Энди сиз бундоқ қилинг: кечқурун яхшилаб зиёфат ташкил қилинг, бозордан битта эчки терисини сотиб олиб, уни саноч қилдириб, уни ичингиздан осиб олинг. Кечқурун ичкиликка ўтирганда, ҳадеб қистай беринг. Ўзингиз ароқни ичган бўлинг-да, саночга қуя беринг. Мабодо саноч тўлиб қолса, биронта баҳона топинг-да, эшикка чиқиб уни тўкиб киринг, ярим кеча бўлганда ўзингизми мастликка солинг. Кейин нима бўлишини кўраверасиз.
Подшовачча хотинининг «бозорга бориб келииг», дейишини кутиб юрибди. Бир куни хотини подшоваччага:
— Бундоқ бозор-ўчарга бориб келсангиз-чи, уйда ёғ ҳам қолмабди, — деб қолибди.
Подшовачча аввалгидек бамайлихотир «хўп» деб бозорга жўнаб кетибди. Бозорга бориб, катта бир эчкининг терисини сотиб олиб, саноч қилдириб, уни ичидан қорнига осиб олибди.
Уйига эртароқ келиб қараса, хотини мўйлови буралиб қулоғидан ошган, кўзлари олайиб қинидан чиққан бир киши билан бемалол гаплашиб ўтирган эмиш. Подшовачча хотинини четроққа чақириб, қулоғига секин:
— Ким бўлди бу? — деб шивирлабди.
— Аммаваччам, бозорга тушган эканлар, йўл-йўлакай жиянимни кўриб кетай деб кирибдилар, — деб жавоб берибди хотини.
Шунда подшовачча:
— Жуда яхши, — деб зиёфатни бошлаб юборибди. Дастурхон устида арағу шарақ, мева-ю чевалар тўлиб-тошиб ётган эмиш.
Подшовачча арақни устма-уст сузибди. Ўзи ҳам ичибди, хотинининг «аммаваччаси» ҳам бетўхтов ича берябди. Бир пайт подшоваччанинг ичига осиб олган саноч тўлиб қолибди, ҳеч кимга сездирмай ташқарига чиқиб тўкиб келиб, ўзини мастликка сола берибди. Шунда хотин эски кўрпачаларни солибди. Бир имо қилган экан, ҳалиги киши подшоваччани даст кўтариб кўрпачага ётқизибди. Подшовачча кўрпачанинг йиртиғидан қараб турса, хотини кимхобу атлас кўрпаларни тизза бўйи қилиб солиб, ҳалиги одамннинг олдига келиб, эркаланиб, қучоқлаб, тиззасига ўтирибди. Бой ҳам хотиннинг белидан қучиб, даст кўтариб кўрпачага қараб отибди. Кўрпада иккови суҳбатлаша кетибди. Буни подшовачча эшитпб ётган эмиш.
— Шу тентакка хотин бўлгунча, менга хотин бўла қолсангиз бўлмайдими? — дебди бой.
— Бу жинниваччага хотин бўлишимнинг боиси, — дебди хотин, — ертўладагн отасидан қолган олтинни қўлга киритишдир. Олтинларни қўлга олган куним бу ердан гумдон бўламан-да, сизга тегаман. Башараси қурсин, бу сассиқ алафни.
— Бу кўп ичиб қаттиқ маст бўлиб қолди. Мақсадингизни шу бугуннинг ўзидаёқ амалга ошириб қўя қолайлик. Олтинларни жойидан олампз-да, бизникига кетамиз-қоламиз, — дебди бой. Хотин:
— Бугун олтинлар қаердалигини билиб олинг, бошқа куни оламиз, — дебди.
Иккови ўрнидан туриб, етаклашиб, ертўлага тушишибди. Подшовачча уларнинг орқасидан чиқибди. Хотин ўйнашига олтин солинган хум кўмилган жойни кўрсатибди. Подшовачча жойига қайтиб, уйқуга кетган бўлиб, хуррак отиб ёта берибди. Хотини эрталабгача бой билан айш-ишрат қилиб чиқибди. Подшовачча уйқудан турган бўлиб, кўзини очса, ёнида хотини «яхши ухлаб турдингизми» деб турган эмиш.
Подшовачча ҳеч нарсани сезмагандай, хотинига яхши сўзлар айтиб, кулиб, эркалабди. «Кечаги воқеани айтай-чи, отамнинг дўсти нима маслаҳат берар экан», деб ўйлаб, кўчага чиқибди. Кўчада отасининг дўстини кўриб қолибди. Уни чақириб, тўхтатиб, бир чеккага олиб чиқибди-да, кечаси рўй берган воқеаларни биттасини ҳам қолдирмай айтиб берибди.
— Бўлмаса, бундоқ қиласиз, — деб маслаҳат бериби отасининг дўсти, — бозорга бориб бақувват-бақувват йигитлардан тўрттасини танлаб оласиз. Уларни уёга олиб келиб, «фалон сўмдан бераман, мен айтган нарсамни индамай бажарасизлар», деб тайинлайсиз. Кейин хотинингизни ташқарига олиб чиқиб, роса дўппослайсиз, хотинингиз жонидан ўтгандан кейин, «дод» деганича аммаваччаси бўлмиш бойникига етиб боради. Бойни етаклаб, сизни бошлаб шаҳар қозисининг олдига боради. Хотинингиз чиқаман дейди, сиз тўйда ўн минг кетган, тўласин, дейсиз, охири беш минг берса рози бўлаверинг. Кейин уйни сотишни айтинг, баҳосини йигирма минг тилла денг, кейин нима бўлишини кўра берасиз.
Подшовачча отасининг дўстидан бу маслаҳатни эшитиб, уйига кириб:
— Хотин, мен бир бозорга бориб келай, — дебди. Бозорга бориб тўртта, тоғни урса талқон қиладиган йигитлардан ёллаб олиб уйига қайтибди, уларни хотинига билдирмай меҳмонхонага жойлабди. Подшовачча чой устида хотини билан гап талашиб қолиб, уни ташқарига судраб чиқиб роса ийлабди. Хотин, «дод» деганича кўчага югуриб чиқиб, тўппа-тўғри дўкондор бойникига борибди. Уни эргаштириб уйга қайтиб, подшоваччани ҳам олиб, шаҳар қозисининг олдига борибди:
— Қози почча, — дебди хотин, — мени мана бу золимдан ажратиб қўйинг. Бўлмаса, бирдамас-бирда уриб ўлдириб қўяди.
Шунда йигит ҳам:
— Мен ҳам ажраламан, аммо тўйда сарфланган ўн минг тиллани қайтарсин, — дебди.
Орада яна жанжал кўтарилибди, хотин «беш минг бераман» деса, подшовачча «ўн минг берасан» дермиш, охири қозининг ҳукми билан хотин беш минг тилла берадиган бўлибди. Подшовачча пулни санаб, ёнига солиб олибди. Кейин қозига юзланиб туриб:
— Қози почча, — дебди, — хотиндан ажралдим, энди шаҳарда туриш менга ўлим, ҳовлимни сотиб, бошқа юртга кетаман. Ҳовлимни сиз олмайсизми?
Бу гапни эшитиб, бой билан хотиннинг кўзлари қинидан чиқиб кетай дебди. Шошиб-пишиб, бирданига «неча пулга сотасан?» — деб сўрашибди.
— Йигирма минг тилла, — дебди подшовачча.
Қози ўн минг тилла қилибди. Хотин билан бой, ертўладаги олтин тўла хумларни ўйлаб, ҳали замон қози йигирма мингга бўлса ҳам олиб қўяди, деб ваҳимага тушиб, «Майли, айтган йигирма минг тиллангга биз оламиз», дейишибди.
— Қози поччам рози бўлиб ҳукм қилсалар, мен нима ҳам дер эдим, — дебди подшовачча.
Қози ҳовлини йигирма мингга ҳукм қилибди. Бойда ўн минг тилла бор экан, холос, қолган ўн минг тиллани ундан-бундан қарз-ҳавола қилиб топиб, подшоваччага берибди. Подшовачча: «Ўн кундан кейин кўчиб кела беринглар», деб айтибди.
Беш минг хотин пули, йигирма минг уй пулини ёнига тугиб олиб, подшовачча тўппа-тўгри ҳалиги отасининг дўстиникига келибди. Бўлган воқеаларни ипидан игнасигача қолдирмай батафсил айтиб берибди.
— Бўлмаса, ҳар бир дақиқа ғанимат, мен тўрт кишилик палов тайёрлаб тураман, сен дарров бориб, ҳалиги тўрт мардикории олиб кел, — дебди отасининг дўсти.
Подшовачча бориб, кутиб турган тўрт мардикорни етаклаб келибди, ошни еганларидан кейин уйга бориб ертўлага кўмилган хумдаги тиллани олиб, яна отасининг дўстиникига келибди. Тўрт мардикорга айтган пулини бериб жавоб бериб юборибди.
Орадан ўн кун ўтибди, подшовачча бир боладан бойга:
— «Уйни бўшатдим, бемалол кўчиб кела беринг!»— деб хабар юбориб, ўз иши билан банд бўла берибди.
Эндиги гапни бой билан хотиндан эшитинг: Боладан уйнинг бўшатилганини эшитган бойнинг суюнганидан юраги ёрилиб кетай дебди. Бой билан хотин шошиб-пишиб уйга кўчиб келишиб, «аҳмоқ подшоваччани роса бопладик-да!» дейишибди.
Эртасига икки минг тилла қарз олган савдогар бойни чақириб келиб қолибди.
— Бой, олган икки минг тилла қарзингизни берсангиз мен савдога жўнайдиган бўлиб қолдим, — дебди.
— Хўп бўлади, ҳозир олиб чиқаман, — деб бой хотинининг олдига борибди.
— Савдогар икки минг тилласини қистаб келибди, қани юр хотин, ертўлага кўмилган хумдаги тиллаларни олиб чиқайлик, — дебди.
Икковлашиб ертўлага тушишибди. Қарашса, хум йўқ эмиш, қуп-қуруқ ўра турган эмиш, холос.
— Бу қандай гап бўлди, манжалақи! Сен мени уйимдан, бор пулимдан айирибгина қолдирмай, ўн ммнг тилла қарздор ҳам қилиб қўйдинг-ку! — деб, бой ёнидан пичоғиии олиб хотинга урибди. Хотин ертўладан чиқибоқ, ташқарида жон берибди. «Буни кўрса, мени олиб бориб осишади. Осилгандан кўра пичоқда ўлганим маъқул», деб бой пичоқни ўзига урибди. Бир нафасда бой ҳам ўлибди.
Савдогар, бой бобо нега кечикиб кетди, деб узангига оёғини тираб девордан қараган экан, ҳовлида бир хотин билан бир эркак киши қип-қизил қонига беланиб ўлиб ётган эмиш. Ўликнинг бой эканлигини таниб қолиб, «Оббо, худо қоқ-тепамдан урди-ку, қарзимни тўлагандан кўра ўлганим маъқул деб, бойи тушмагур олдин хотинини ўлдирган, кейин ўзига пичоқ урган. Энди бу ердан тезроқ қочиб қолмасам бўлмайди, бирон киши кўриб гувоҳликка ўтасан деб, қозима-қози судраб юради», деб савдогар ҳам келган томонига қуён бўлибди.
Эндиги гапни подшоваччадап эшитинг: Подшонинг дўстини ўн олти ёшли гўзал бир қизи бор экан. Тўй-томоша қилиб қизни подшоваччага берибди. Кундан-кун ўтиб подшоваччанинг хотини ҳомиладор бўлибди, ой-куни ҳам яқинлашиб қолибди.
Подшонинг Яман вилоятида Ҳожи Асат деган карвонбоши ошнаси бўлар экан. Савдо иши билан ҳар йили бир келиб кетар экан. Ўша йили ҳам келиб, карвон саройига тушибди. Саройбондан подшонинг ўлганини эшитиб, қаторидаги қирқта карвони билан фотиҳа ўқигани борибди. Подшовачча ва унинг қайнатаси карвонбошини роса зиёфат қилишибди. Кетиш олдида подшоваччанинг қайнатаси:
— Марҳаматли карвонбоши, куёвимизни бирга мамлакатингизга олиб кетсангиз. Ҳеч бўлмаса савдогарчиликни ўргансин, — дебди.
Карвонбоши:
— Бу бола ҳеч ерга бормаган, ҳеч ерни кўрмаган, қандай қилиб савдогарчилик қила олади, — дебди.
— Сизнинг раҳбарлигингизда савдо-сотиқни ўрганиб олса ажаб эмас, — дебди қайнатаси.
— Хўп, олиб кетсак олиб кета қолайлик, — дебди карвонбоши.— Тайёрликни кўра берсин, биз туялардаги нарсаларни пул қилиб, қайтиб келиб, олакетамиз.
Қайнатаси куёвига савдо-сотиқни ўрганинг деб, қирқ туяга мол қилиб берибди. Боз устига икки хизматкор, уч от берибди.
Карвонбоши молларини пуллаб, кеч пайт кириб келибди. У куни ҳам зиёфат устига зиёфат бўлибди. Эрталаб тонг отар пайтида подшовачча карвонбоши билан йўлга тушибди. Кетиш олдида қайнатаси:
— Болам, ҳамма вақт Қоравой карвонбошининг гапига қулоқ солинг. Нима деса ўшани қилинг. Йўлда катта бир дарёдан ўтасизлар, дарёдан ўтгандан кейин «Манзилобод» деган мазгил келади. Шу мазгилда асло ётманглар, — деб тайинлабди.
Подшовачча Қоравой карвонбоши бошчилигида «ҳайё-ҳу» деб йўлга тушибди. Йўл юришиб, йўл юришса ҳам мўл юришиб, бир дарёйи азимга етиб келишибди. Бир илож қилиб, дарёдан ўтиб олиб, йўлни давом эттиришибди, кундан-кун, ойдан-ой ўтиб, бир манзилга етиб келишибди. Бундай жойни ҳали ҳеч ким кўрмаган эмиш. Турли-туман гуллар очилиб, шохларида булбуллар сайраб турган эмиш. Карвонбоши: «Турғунбой аканинг тайинлаган жойи шу бўлса керак», деб бу манзилда ётиб қолмасликларини айтибди.
— Шундай обод жойда дам олмай қаерда дам оламиз. Бунинг устига кун кетиб қолди, кечаси қоронғида тимирскиланиб-туртиниб юргандан кўра шу ерда қолганимиз маъқул эмасми, — деб сўзида туриб олибди подшовачча.
Қоравой карвонбоши билан карвонлар бир томон бўлибди, подшовачча бир томон бўлибди. «Бу жойда тўхтамаймиз», — деб улар айтишармиш. «Йўқ, бу жойдан яхшироқ жой тополмаймнз», деб подшовачча айтар эмиш. Охири бўлмабди, Қоравой карвонбоши подшоваччанинг ёлғиз ўзини қолдириб жўнаб кетмоқчи бўлибди. Кейни: «Қайнатаси менга ишониб қўшиб берган эди, буни ёлғиз ташлаб кетиш одамгарчиликдан эмас», деб тунашга мажбур бўлибди.
Энди ётайлик деб туришган экан, қаёқдандир ой деса оғзи, кун деса кўзи бор бир қиз пайдо бўлиб қолибди, ёши ўн саккизларда эмиш. Ҳуснининг шуъласига қоронғи кеча кундуздагидек бўлиб кетибди. Ёнида ола мушуги кўзини чақнатиб, думини гажак қилиб турганмиш. Қиз подшоваччага қараб, лабини тишлаб, биқинини ушлаб, оғзидаги сақичиии қарс-қарслатиб тура берибди. Аввалига савдогар карвонлар қизга эътибор қилишмабди. Кейин қиз қўлига тилла дуторини олиб машқ қила кетибди. Бир маҳал ҳамма маст бўлиб мудраб уйқуга кетаётган эмиш. Қиз машқни тўхтатибди.
Подшоваччаси тушмагур бирпасда ҳалиги қизга хуштор бўлиб қолибди. Қизнинг ишқи жигаридан тешиб ўтибди.
— Исминг нима? — деб сўраб қолибди подшовачча қиздан.
— Отим Бўтакўз, — деб жавоб берибди қиз, ноз-карашма билан. Кейин: «Мен билан гаров ўйнайдиган мард борми?»— дебди.
Ердан садо чиқса чиқибдики, ўтирганларнинг биронтасидан бир оғиз садо чиқмабди.
— Ораларингда мен билан гаров ўйнайдиган мард борми? — деб учинчи мартаба сўраганда, подшовачча ўрнидан туриб:
— Гаровни мана мен ўйнайман. Нимадан гаров ўйнаймиз? — дебди.
Қиз:
— Мана бу ола мушугимни иккимизнинг ўртамизга ўтказиб қўйиб, ўн қадоқлик ёғ кетадиган чироқ бор, унга ўн кадоқ ёғ қуйиб, уни ёқиб мушукнинг бошига ўрнатамиз. Мушук чироқни эрталабгача бошидан туширмай чўнқайиб ўтирганича ўтириб чиқади. Мушук эрталабгача бошидан сироқни туширмай чиқса мен ютганим, борди-ю, қимирлаб чпроқни тушириб юборса, менинг ютқизганим, сизнинг ютганингиз.
— Буни қаранг-а, — дебди подшовачча, — ўзи мушук бўлса-ю, бошидан ўн қадоқли чироқни эрталабгача тушириб юбормаса-я, бу бўлмаган гап. Гаровда мен ютаман. Гаров нимадан, ўйнаганим бўлсин, — дебди подшовачча.
— Сизнинг хоҳишингиз, нимадан ўйнаймиз десангиз ўшандан ўйнаймиз.— дебди қиз.
— Қирқ туяда молим бор, ўшандан ўйнаймиз, — дебди подшовачча.
Бу гапни эшитиб Қоравой карвонбошининг жон-пони чпқиб кетибди. Шошиб-пишиб унинг қулоғига:
— Подшовачча, гаровни ўйнаманг, қизга ютқизиб қўясиз, — деб шивирлабди карвонбоши.
— Ютқизсам ютқизарман, — деб сўзида туриб олибди подшовачча.
Шу пайт қиз подшоваччага яқинроқ келиб:
— Қани, бошладик, — дебди.
Қиз ўн қадоқлик чироққа ўн қадоқ ёғ солиб, унинг пилигига ўт қўйиб, чўнқайиб ўтирган мушукнинг бошига ўрнатиб қўйиб, дуторини машқ қилиб ўтира берибди. Мушукнинг ўнг томонида подшовачча, чап томонида қиз Қоравой карвонбоши бошлиқ савдогар ҳам гонг отгунча мижжа қоқмай мушукка термулиб чиқибдилар. Мушук эрталабгача қимир этмабди, кун кўтарилганда қиз дуторини ерга қўйиб, зангни чалиб, мушукнинг бошидан чироқни олибди.
Подшовачча ютқизганлигини англаб, ўзини қаерга қўярини билмай қолибди. Қиз хизматкорларига туялардаги молларни туширишни буюрибди.
Қоравой карвонбоши, бизнинг гапимизга кирмадинг, энди билганингни қил, биз кетдик, деб туяларига молларини ортиб, Яман вилоятига жўнаб кетибди. Подшовачча уч от ва икки хизматкор билан нима қиларини билмай қолаверибди. Бир вақт подшовачча ўзига келиб, икки хизматкорига қараб:
— Энди сизлар отларга миниб орқангларга қайтинглар. Мен карвонлар орқасидан жўнайман, қаерга борса бораман, — дебди.
Карвонлар анча тезлаб кетган экан, етолмабди. Подшовачча йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир шаҳарга бориб қолибди. Ахтариб-ахтариб кирадиган жой, еярга нон, ичарга сув тополмабди, кўча-кўйда яшай бошлабди. Бу орада подшовачча отини сотиб, пулини еб бўлибди. Охири гадойчилик қилибди — бўлмабди, мешкоблик қилибди — бўлмабди. Бир мантипазга ўтқалар бўлиб, зўр-базўр тирикчилигини ўтказиб юраверибди. Подшоваччани бу аҳволда қўйинг-да, икки оғиз гапни хотинидан эшитинг:
Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз дақиқа деганда хотинининг кўзи ёрибди. Энди она эрини, бола отасини, қайнатаси куёвини интизорлик билан кута бошлашибди.
Эндиги гапни Қоравой карвонбошидан эшитинг: Яманга етиб бориб, молларини пуллаб, яна орқасига қайтиб, кундаи-кун, ойдан ой ўтиб, дўсти Турғунбой яшайдиган шаҳарга етиб келибди. Карвон саройга қўниб, молларини энди тушириб бўлган ҳам экан, ошнаси етиб келиб:
— Куёв-ўғлимиз қани?
— Йўлда гапимизга кирмай, сиз қўнманглар, деган жойга қўниб, ўша ерлик бир қиз билан гаров ўйнаб, бор-йўқ бисотидан айрилиб, қолиб кетган эди, кейин учратмадик, — деб жаноб берибди Қоравой карвонбоши.
Турғунбой ота «Аттанг!» — дебди-да, изига қайтибди. Отасини хафа кўрган қизи:
— Ота, куёвингиз қайтмабдими? — деб сўрабди.
— Ҳа, эринг молларини сотиб бўлиб, мен Яман шаҳрини томоша қилиб, кейинроқ бораман, деб қопти, — дебди отаси.
Тундан-тун, кундан-кун ўтармишки, подшоваччадан дарак йўқ эмиш.
Хотинининг ранги сомондай сарғайибди, ҳусни сўлибди, бир куни боласини ухлатиб қўйиб, қўлига ўткир пичоқни олиб, отасининг ёнига кириб:
— Ота, — дебди отасига қараб, — ростини айтсангиз айтганингиз, бўлмаса мана шу пичоқни ўзимга ураман, бебахт якка-ю ягона қизингиздан айрилиб қоласиз. Куёвингиз ҳақиқатан ҳам Яман шаҳрини томоша қиламан деб, қолганми, ёки бирон-бир бошқа сабаб билан қолиб кетганми?
Отаси қизининг важоҳатини кўриб, айтмасам ўзини ўлдириб қўяди, деб қўрқиб, Қоравой карвонбошидан эшитган гапларининг ҳаммасини айтиб берибди.
— Бўлмаса менга ҳам қирқ туя мол қилиб берасиз. Савдогар карвонлар билан бирга бориб куёвингизни, у ютқизган молларни ҳам олиб қайтаман.
Шунда отаси:
— Болам, сен узоқ сафарга юрмагансан, бунинг устига кичкина қўзичоғинг бор, уни қайга қўясан? — дебди.
— Ота, — дебди қизи, — узоқ сафарга чиқмаган бўлсам чиқмагандирман, энди чиқсам нима қипти. Боламга бир илож қилиб сиз қараб турарсиз. Агар айтганимга кўнмасангиз, пичоқни ўзимга бир ураман-да, ўламан кетаман!
Отаси ўйланиб, «Биттаю-битта қизим бўлса, қараб турсам кундан-кун сўлиб боряпти. Энди «бормасам ўзимни ўлдираман» деяпти. Номус кучлик ўзи ўзини ўлдириб қўйса, биттаю-битта боламдан айрилиб қолмайин», деб:
— Қизим, эрингнинг ёниға боришга аҳд қилдингми? — деб сўрабди отаси.
— Ҳа, ота, аҳдим аҳд! — дебди қизи.
Отаси рози бўлиб, «майли, борсанг бора қол!» дебди. Кейин қизининг айтганини қилибди-да, карвон саройга бориб Қоравой карвонбошига учрабди.
— Дўстим, — дебди ота, — қизим сизлар билан кетишга мендан рухсат сўради. Сизларни ўн беш кун кутишсин. Ўн беш кунлик харажатларингизни мен кўтараман, — депти.
Қоравой карвонбоши ўйланиб туриб, розилик берибди.
Подшоваччанинг хотини иккита янги туғилган сичқон боласини ушлаб олиб, улар билан ўн беш кун кечаси демай, кундузи демай шуғулланибди. Ўн беш кун деганда сичқонлар «кишт» деса югуриб ўртага чиқадиган, «ишт» деса ичкарига кирадиган бўлибди. Эркакча кийиб, сочини бошига турмаклаб телпакни кийиб, «кишт-ишт»га ўргатган икки сичқонини қўйнига солиб, «Оға, Қоравой карвонбошига бориб айтинг, мен жўнашга тайёрман», — дебди.
Отаси подшоваччадан қолган олтинлардан сотиб қирқ туяга мол қилиб, қизига уч от бериб, икки мардикор қўшиб, «Ой бориб, омон келгин», деб йўлга солиб юборибди.
Карвон йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир пайт олдинги ўтган дарёи азимга стиб келиб, ундан эсон-омон ўтиб, йўлда давом этаверибдилар.
Ойдан-ой, кундан-кун, ўтиб, ҳалиги манзилгоҳнинг устидан чиқиб қолишибди. Манзил яна ҳам гўзал жойга айланиб қолган эмиш. Сонсиз-саноқсиз булоқлардан зилол сувлар қайнаб чиқиб турган эмиш, ранго-ранг гулларнинг шохларида қумри, тўти, булбуллар нағма чалаётган эмиш. «Отам ётманглар деб тайинлаган, эрим қайсарлик қилиб тунаб, гаровда мол-дунёсидан ажралган жой шу ер бўлса керак», — деб ўйлабди подшоваччанинг хотини, кейин Қоравой карвонбошига қараб:
— Шу ерда тунасак-чи, — дебди аёл.
— Э, нима деяпсиз, — дебди Қоравой карвонбоши, — бу ерда ётиб қолишни хаёлизга ҳам келтирманг. Бу ерда ётган одам ҳеч омон кетган эмас. Билсангиз, эрингизнинг шармандаси ҳам худди шу ерда чиққан-ку, ахир.
— Тўғри, эримнинг шу ерда расвоси чиққанини эшитганман. Шуни билиб туриб шу ерда тунасак деяпман. Шу ерда қолайлик, агар гаровда ютқизсам сизларнинг қирқ туядаги молларингизни ҳам тўлайман, — деб аёл қаттиқ туриб олибди. Охири бўлмабди, саройга туяларни чўктириб, улар устидаги молларини тушириб, овқатланишга ўтирган эканлар ҳамки, рўпарада қўлида олтин дутор ушлаган бир қиз пайдо бўлибди.
Қиз жуда гўзал эмиш, ой деса оғзи бормиш, кун деса кўзи бормиш. Майда қилиб ўрилган қирқ кокили тўпиғини ўпармиш.
Қиз тилладан бўлган дуторини машқ қилиб, лабини тишлаб, биқинини ушлаб, сақичини «қарс-қурс» чайнаб туриб:
— Қани, ораларингда биз билан гаров ўйнайдиган мард борми? — дебди.
Ердан садо чиқса чиқибдики, ўтирганларнинг биронтасидан «ғинг» деган овоз чиқмабди. Қиз иккинчи марта сўраганда, эркакча кийим кийган подшоваччанинг хотини ўрнидан туриб:
— Мен ўйнайман. Нимадан ўйнаймиз? — дебди.
— Ёнимдаги ола мушукни иккимизнинг ўртамизга ўтқазиб қўйиб, ўн қадоқлик ёғ кетадиган чироқни ёндириб бошига ўрнатаман. Мушук чироқни бошидан тушириб юбормай эрталабгача ўтириб чиқади. Мушук чироқни эрталабгача бошидан туширмаса гаровда мен ютган бўламан, борди-ю бошидан тушириб юборса, сенинг ютганинг, — дебди қиз.
— Гаровни ўйнаганим бўлсин, — дебди подшоваччанинг хотини. — Шарти нимадан?
— Сизнинг хоҳишингиз, нимадан ўйнаймиз десангиз ўшандан ўйнай берамиз, — дебди қиз.
— Менинг қирқ туяда молим бор. Анави ўтирган қирқ бир савдогарнинг қирқ бир туяда моли бор. Ўшандан ўйнаймиз, — дебди подшоваччанинг хотини.
— Мен розиман, — дебди қиз.
Бу гапни эшитиб, Қоравой карвонбошининг бошидан ҳуши учибди, подшоваччанинг хотинига қараб:
— Гаровга молни тикманг, бу жодугарга ютқизиб шарманда бўламиз, — дебди.
— Парво қилманг, — дебди хотин.
Шу пайт ҳалиги қиз ўн қадоқ ёғ қуйилган чироқни ёқиб, мушукни етаклаб, аёлнинг олдига келиб:
— Қани, бошладик, — дебди.
Мушукни ўртага ўтқизиб қўйиб, тилла дуторда машқ қилиб ўтираверибди. Савдогар карвонлар бир бурчакда ҳар бирининг уйқуси қочиб, «подшоваччанинг хотини албатта ютқизиб қўяди, биз бўлсак, ҳам молдан, ҳам отлардан айрилиб, пиёда қолиб, чўлу биёбонларда ўлиб кетамиз», деб минг бир ташвишга тушиб, мижжа қоқмай мушукка термулиб ўтиришибди. Вақт ўта берибди, мушук шу қотганича қотиб, қимир этмай тураверибди. Қиз ҳам дуторда машқини қилиб, бамайлихотир ўтира берибди.
Подшоваччанинг хотини қизга қараб:
— Шу ҳам машқ қилишми, қани дуторни менга бер-чи, бир машқ қилиб кўрай, — дебди.
Қиз олтин дуторни аёлга берибди.
Подшоваччанинг хотини машқ қила бошлабди, у чалган куйдан савдогар карвонлар ухлаб қолибди. Аммо қиз термулганича термулиб ўтирган эмиш, подшоваччанинг хотини иккинчи куйни чала бошлабди, уни эшитган қиз эриб кетиб, мудрай бошлабди.
Подшоваччанинг хотини учинчи куйни чалганда қиз уйқуга кетиб қолибди. Подшоваччанинг хотини бир қўлида дуторни чалиб туриб, иккинчи қўли билан қўйнидаги сичқонларни олиб қўйиб юборибди. Сичқонлар йўрғалаганларича, мушукнинг рўпарасига бориб «чий-чийлашиб» тура бсришибди. Сичқонларни кўрган мушукнинг қулоғи тикканнб, мўйлови найза-найза бўлиб, унга ташланибди.
Шунда бошидаги чироқ ерга тушиб чилпарчин бўлибди. Шарпадан қиз ҳам, савдогар карвонлар ҳам уйғониб кетишиб қарашса, подшоваччанинг хотини дуторни чалиб ўтирган эмиш, мушук майда-майда бўлиб кетган чироқ устида кўзидан ёшини тўкиб турган эмиш. Подшоваччанинг хотини сичқонларга қараб секин «ишт» деган экан, улар дарров хотиннинг қўйнига қайтиб кириб кетишибди. Ҳалиги қиз мушукнинг ёнига келиб, уни тепиб уриб:
— Биз ютқиздик, бутун умрим бўйича гаровда ютган моллар ҳам, ўзим ҳам сизники бўлдим, — деб бошини эгиб тура берибди. Савдогар карвонларнинг ичига ёруғ кириб, ўзларида йўқ хурсанд бўлишибди. Эрталаб азонда савдогар карвонлар ютиб, олинган молларни туяларга юклаб, «фойдани шу ердаёқ қилдик» деб, жўнаш тараддудини кўра бошлабдилар.
Подшоваччанинг хотини ютиб олган қирқ туя молни туяларга орттириб, икки хизматкор билан отасининг олдига жўнатиб юбориб, қолган қирқ туя молни олиб, қизни эргаштириб Яманга йўл олибди.
Кундан-кун ойдан-ой ўтиб, Яманга ҳам етиб келиб, бир карвон саройга тушишибди. Шаҳзоданинг хотини Бўтакўз ойимни бир хонага ўтқазиб қўйиб, ўзи отланиб растама-раста подшоваччани ахтариб кетибди. Кечга яқин бир растанинг олдида ўтирган подшоваччага унинг кўзи тушибди. Подшоваччанинг сочлари ўсиб елкасига тушган, кўзларидан нури кетиб, йиринг босиб кетган эмиш. Кийган уст-бошига қараб бўлмас эмиш. Аёл отдан тушиб, мантихонага кириб, мантипаз болани чақириб:
— Бир товоқ сомса билан бир товоқ манти қилиб, ҳу анави шумшайкб ўтирган кишидан киритиб юборинг, — дебди.
Мантипаз бу сўзни эшитиб ағрайиб қолибди.
— Э, оға, — дебди у меҳмонга қараб, — унинг қўлидан овқат еб бўлармиди, иштаҳангиз бўғилиб қолади, ачиб-сасиб ётибди-ку, ахир. Ҳидига асло туролмайсиз! Менда ўт қалар эди, сасиб-ачиб кетгандан кейин ҳайдаб юборганман. Ҳар куни келиб қолган-қутган овқатларни еб кетиб юради бечора. Овқатни ўзим олиб кела қолай.
— Йўқ, — дебди аёл, — мантиларни ўша кишидан бериб юборинг.
Мантипаз ноилож бир товоқ манти билан бир товоқ сомсани подшоваччадан киритиб юборибди.
Подшовачча қўрқа-қўрқа овқатларни кўтариб хотинининг олдига кириб келибди. Хотини эрини танибди, аммо подшовачча хотинини танимабди, овқатни қўйиб ерга қараганча, чиқиб кетаётган экан, хотини унга қараб шундай дебди:
— Бориб юз-қўлларингни ювиб кел, бирга овқатланамиз
Подшовачча унамаса ҳам қўймабди. Кейин қўрқа-қўрқа ариқдан бориб юз-қўлларини ювиб қайтиб кирибди. Эр-хотин бирга овқатланишар эмишу, аммо подшовачча ёнида ўтирган эркак кийимидаги хотинини фаҳмламасмиш. Овқатни еб бўлишиб, бир чойнакдан кўк чой ичишибди. Подшоваччага сал жон кириб, юзига қизил югурибди.
— Овқатланиб бўлдингизми? — дебди хотини.
— Раҳмат, ака, овқатланиб бўлдим, — дебди подшовачча.
— Овқатланиб бўлган бўлсангиз, бир савол берсам майлими? — дебди аёл.
— Майли, — дебди подшовачча.
— Бу шаҳар одамига ўхшамайсиз, қайси шаҳардансиз? — деб сўрабди аёл.
Аёл бу саволни бир неча такрорлабди, аммо подшоваччанинг оғзидан «лом-мим» деган нидо чиқмабди.
Охири аёл:
— Нима сабабдан ўзга юртларда хор-зор бўлиб юрасиз «Бошқа юртда подшо бўлгунча ўз юртингда гадо бўл!» дегги сўзни эшитмаганмисиз? — дебди.
Аёлнинг гапи таъсир қилиб, подшовачча бир «оҳ!» тортиб:
— Бошимдан ўтганни сўзласам сўзлай қолай, — дебда. Кейин шошилмай, кўрган-кечирганларини ҳеч бирини қолдирмай бир бошдан сўзлай кетибди. Эрталаб тонг отибди ҳамки, подшоваччанинг ҳикояси тугамабди. Туш пайги бўлганда подшовачча: «Кейин сиз кўриб турган шу аҳволга тушиб қолдим», деб ҳикоясини тугатибди.
— Хафа бўлманг, — дебди аёл, уни юпатган бўляб, — Миср шаҳрининг одами экансиз. Биз ҳам Мисрданмнз. Кейин, сизни бу ердан чиройли бир аёлга уйлантириб қирқ туяга молни юклаб, иккита хизматкор қўшсак, биз билан бирга Мисрга кегасизми? — деб сўрабди.
Подшовачча ерга қараб туриб, ҳўнграб йиғлаб юборибди.
— Мана бу олтинни олинг-да, — дебди аёл, — сомсапазга бериб, тез қайтиб келинг.
Подшовачча сомсанинг пулини сомсапазга бериб, тез қайтиб келибди.
— Энди сартарошга бориб соч-соқолингизни олдиринг, бозордан энг яхши кийимлардан олиб, ҳаммомга боринг, кечқурун фалон жойдаги карвон саройга келинг, — дебди хотини.
Подшовачча аёл айтганидек қилиб соч-соқолларини олдириб, бозордан шаҳзодалар киядиган кийимлардан олиб, ҳаммомга тушиб, ювиниб-тараниб, кеч пайт меҳмон айтган карвон саройга борибди. Катта базм қилиб, Бўтакўзни подшоваччага никоҳ қилишибди. Эрталаб подшоваччага қирқ туяга молни юклаб бериб, унга икки ҳамроҳ қўшиб Мисрга жўнатибди, кейин туялардаги молларни пуллаб, ўзи ҳам жўнабди, жадаллаб подшоваччага етиб олибди-да, Мисрга уч кунлик йўл қолганида у подшоваччага қараб шундай дебди:
— Шаҳзода деган номингиз бор, иккинчидан, сафарда анча юрибсиз. Шундоқ кириб борсангиз шаънингизга иснод бўлар. Мен отимни қичаб шаҳарга эртароқ етай-да, келаётганингиз хабарини ота-онангизга билдирай. Кутиб олишсин! — дебди.
Подшовачча рози бўлибди. Хотини қичаб йўлга тушибди. Аёл уйига етиб келиб, отаси ва боласини кўриб, ҳол-аҳвол сўрашиб, эркак либосини ечиб ташлаб, аёл либосини кийиб ўтира берибди. Орадан уч кун ўгибди, подшовачча қирқ туя юки, ёнида Бўтакўз ёри билан кириб келибди. Подшовачча уйга келиб, хотинига ҳам, боласига ҳам эътибор қилмабди, кеча-ю кундуз Бўтакўз билан бўлаверибди.
Подшовачча келибди, деб қариндош-уруғлар, таниш-билишлар йиғилишибди. Катта базм бошланибди. Подшовачча тўрда ўтириб, кўрган-кечирганларининг бирига ўн ёлғонни қўшиб ҳикоя қила кетибди. Хотини эшитиб ўтирса, подшовачча бутунлай ёлғон гапираётган эмиш. Ёнига келган экан, «Нари тур, сен ҳам хотинмисан», деб жеркиб берибди.
Шунда аёл, «Қирқ туяга юкни ортиб, сафарга чиқиб, йўлда гаровга ютқазиб қўйган болам», деб боласини ўнг тиззасига олибди, «Шаҳарма-шаҳар юриб девоначилик қилиб, кейин сомсапазга шогирд тушиб, охири ҳайдалган болам», деб боласини чап тиззасига олибди.
«Бир кимса олдига чақириб, овқатлантириб, мусофирмисан деганда ҳўнграб йиғлаган болам», деб боласини яна ўнг тиззасига олибди, «Бир аёлга уйлантириб қирқ туя мол қилиб берсак шаҳрингизга борасизми?» деганда шу гапни айтган кишининг оёғига йиқилиб уни ўпган болам», деб боласини яна чап тиззасига олибди.
Шунда подшовачча ялт этиб хотинига қарабди, уни таниб, югуриб олдига келиб оёғига йиқилиб уни ўпиб:
— Мен аҳмоқ, нодонни кечир! — дебди.— Менинг кўзим энди очилди, биринчи авлиё отам экан: отам меҳнат қил ёки ҳунар ўрган, деса гапига кирмай, ёмон йўлга кирдим; иккинчи авлиё қайнатам экан: сафарга отлантира туриб тунама деган жойда тунаб, айтганини қилмай, шармандаи шармисор бўлдим. Учинчи авлиё сен экансан: сенинг яхшиликларингни билмай кўр бўлдим.
Подшовачча шундай дебди-да, қиличини суғуриб Бўтакўзни чопмоқчи бўлган экан, хотини «бунда айб йўқ!» деб ўртага тушиб, Бўтакўзни олиб қолибди. Бўтакўзни савдогар карвонлардан бирига никоҳ қилиб бериб, подшовачча ўз хотини билан ҳар йили бир-икки савдога бориб, тинч фароғатда яшаб, мурод-мақсадларига етибди.