Турна билан тулки дўст бўлишиб бирга яшай бошлашибди. Турна бола очибди. Уларни кўз қорачиғидай асраб, тарбиялабди. Тулки турнанинг болаларига кўз олайтириб: “Есанг маза қиласанда”, — дебди ичида.
Бир куни турна билан тулки овқат излаб уйдан чиқибдилар. Турна узоққа, кўлга қараб учиб кетибди. Тулки бўлса, дарров изига қайтибди-да, турнанинг болаларидан семизгинасини тутиб еб, қорнини тўйғазиб олибди.
Бир вақт турна келибди. Тулки кўз ёши тўкиб шундай дебди:
— Шўримиз қуриди. Келсам бир боланг йўқ…
Турна кечаси билан йиғлаб чиқибди. Тонг отибди. Улар яна овқат излаб ҳар томонга кетибдилар. Кечқурун турна овдан қайтса, яна бир боласи йўқолиб қолган экан.
— Буни бақа еган, шу ерда бақанинг юрганини кўриб эдим, — дебди ёлғон гапириб тулки.
Эрталаб турна бақадан ўч олгани кўлга кетибди. У кўлни алғов-далғов қилиб, бақаларни ин-инларига қувиб юборибди. Кейин турна уйига келибди. Келиб қараса, охирги боласи ҳам йўқ эмиш.
— Нима бўлди, — дебди турна.
— Уйинг куйди, — дебди тулки.
Турна ўзини қўярга жой тополмабди. Тулки бўлса бир чеккада жимгина ётган эмиш, у турнанинг ўзини ейиш пайида экан.
Турна:
— Дўстим, бу ерда бизга кун йўқ экан, юр кетамиз, кўл орқасида овқат мўл, — дебди.
— Кўлдан қандай ўтаман, менинг қанотим йўқ-ку, — дебди тулки.
— Ўзим кўтариб ўтказаман, — дебди турна.
— Бу гап тулкига маъқул тушибди. Турна тулкини кўтариб учибди.
Улар баланд осмонга чиқибдилар.
— Ерни кўряпсанми, — дебди турна.
— Ҳа, муштумдай бўлиб кўриняпти.
Турна юқори кўтарилибди:
— Энди-чи, — сўрабди у.
— Тангадай бўлиб кўриняпти.
— Яхши, — дебди турна ва қанотларини ёзиб, тулкини ташлаб юборибди.
Болахўрнинг жазоси шундай бўлади.
Тулки ерга тушиб чил-парчин бўлиб кетибди.