Қиш кунларининг бирида она тулкининг қорни оч қолибди. У кўп юриб овқат қидирибди. Охир бир кичкина жўжани ушлаб олибди. Жўжа ўзича ўйлабди. “Бир уриниб кўрай, қутулсам, қутулганим, бўлмаса нима бўлса кўрарман”, деб тулкини алдай бошлабди.
— Эй ҳайвонлар маликаси, биламан, сенинг қорнинг оч. Мени еганинг билан қорнинг тўймайди. Яхшиси, отам билан онамни келтириб бераман сенга. Улар семиз, есанг, мазаси қирқ кеча-ю қирқ кундуз оғзингдан кетмайди, — дебди.
Бу гапдан мағрурланган тулки, унинг гапига ишониб, қўйиб юборибди. Жўжа қутулганига шукур қилиб, ўз уйига равона бўлибди, аммо у қайтиб келмабди. Тулки жўжани кутибди, кутибди, келмагач унинг уйига равона бўлибди. Тулки бориб кўрсаки, жўжа қўноқда ўтирган экан. Тулки унга:
— Қани отанг билан онанг, — дебди Жўжа:
— Эй ҳайвонларнинг аҳмоғи, менда ота билан она нима қилсин. Мен инкубатордан чиққанман, — дебди. Қорни оч жўжадан гап эшитган тулки индамай ўз инига қараб равона бўлибди.