Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир тулки бўлган экан. У жуда ҳам айёр болиб, айёрлик билан кун кўрар экан. У бир ҳакка билан тез-тез учрашиб турар, у билан ошна экан. Айёр тулкининг мақсади, нима қилиб бўлса ҳам, шу ҳаккани қўлга тушириш экан.
Кунлардан бир куни тулки маккоралик қилмоқчи бўлибди. У бир қишлоққа бориб чўзилиб ётибди, оғзини катта очибди. Унинг оғзига ҳар хил пашшалар кириб чиқаверибди. Бир вақт ҳакка учиб юриб қараса, тулки чўзилиб ётган эмиш. Ҳакка пастга тушиб, тулкининг олдига келиб қўнибди. Ҳакка тулкининг у ёнидан бу ёнидан “как-как-как”, деб ҳаккалаб ўтаверибди. Тулки бўлса ҳушёрлик билан “лип” этиб ҳаккани ушлаб, тишлаб олибди. Ҳакка тулкининг бу ҳийласини тушунибди. У ҳадеб:
— Войдод, отамнинг қарғишига қолдим, войдод, — деяверибди. Тулки бўлса:
— Отанг нима деб қарғар эди, — дебди. Ҳакка яна:
— Войдод, отамнинг қарғишига қолдим, — деяверибди. Тулки:
— Ахир, айтсанг-чи, отанг нима деб қарғар эди? — дебди. Ҳакка:
— Отам раҳматлик айтар эдики, “Сенинг шу аҳволинг бўлса, бир куни тулкининг қўлига тушасан, у эса сени баланд бир дарахтнинг устига олиб чиқиб, ўша ердан ташлаб юбориб, сенинг гўштингни майда-майда қилиб ейди”, дер эди. Войдод, отамнинг қаргишига қолдим, — дебди.
Тулки ҳакканинг бу гапига ишонибди:
— Сени худди отанг айтгандай қилиб ей, — дебди-да, бир баланд дарахтнинг тепасига олиб чиқибди. У ердан ҳаккани ерга ташлаб, маза қилиб гўштини емоқчи бўлибди. У ҳаккани дарахтнинг тепасидан ташлаб юборибди. Бир вақт тулки қараса, ҳакка дарахтнинг бошқа шохида “как-как-как”, деб турган эмиш.