Бор экан-да, йўқ экан, тулки, бақа, кана дўст бўлишган экан. Учови сафарга чиқиб, узоқ йўл юришибди. Йўлда бир жойдан бир тўп буғдой топиб олишибди. Тулки уни:
— Мен оламан, — дебди. Бақа билан кана:
— Мен оламан, — дейишибди. Учови жанжал қилишиб роса талашибди. Кана:
— Тўхтанглар, менда бир гап бор. Бундай қилиб жанжаллашгунча уччовимиз уч томондан еяберайлик, учовимизга бемалол етади, — дебди. Тулки:
— Бундай бўлмайди. Беш километрдан югуриш қиламиз. Ким олдин етиб келса, ўша ҳаммасини олади, — дебди. Учови югуришмоқчи бўлиб турган экан, кана билдирмасдан тулкининг думига ёпишиб олибди. Тулки югуриб буғдойга етиб бориб:
— Мана, мен келдим, — деса, ундан бурун кана чиқиб:
— Мен келдим? — дебди. Бақа бўлса:
— Биқиқиқ, ҳисоб эмас, — деб у ҳам етиб борибди. Шундай қилиб, уч мартаба югуриш қилишса ҳам ҳар сафар кана олдин бориб олибди. Кейин улар канани ўртага олиб аврашибди. Бақа билан тулки канага илинибди. Кана:
— Ҳа, майли, сизлар ҳам ўлиб қолманглар, — дебди. Уччови уч томондан секин-секин ейиша берибди. Айтишларига қараганда, улар ҳали ҳам буғдойни тамомлашгани йўқ эмиш.