Тўтиқуш

Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, ғоз карнайчи экан, мусича сурнайчи экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, қирғовул қизил экан, думлари узун экан.
Эски замонда бир подшо бор экан, давлати бисёр экан, тож-у тахти зиёд экан. Бу подшо бир кун бир шаҳарда бир тўтиқуш бор эканини эшитиб қолибди. Ўша тўтиқуш жуда ақлли экан. У қуш кимда бўлса бир давлатига ўн давлат, ўн давлатига юз давлат қўшар экан, деб эшитиб қолибди. Подшо шу тўтиқушни олиб келиш ҳаракатига тушибди. Подшо ҳалиги қушни не хил йўллар билан олдириб келибди. Подшо тўтиқушни тарбия қилибди, уни тилла қафаснинг ичида сақлабди.
Тўтиқуш подшонинг бошига қандай иш тушишини олдиндан айтиб турар экан. Тўтиқуш шундай қилиб, подшога ёрдам қилибди. Шунинг учун подшо уни яхшилаб боқибди.
Бир куни тўтиқуш:
— Подшо-подшо, арз, — дебди. Подшо:
— Қани, арзинг бўлса айт, — дебди. Тўтиқуш:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз айтаман, — дебди. Подшо:
— Айт, кечдим, — дебди. Тўтиқуш:
— Эй подшо, сиз бу шаҳарнинг подшосисиз, мен бўлсам сизнинг бир хизматкорингизман. Энди менинг сиздан талабим шуки, сиз менга жавоб берсангиз, менинг ҳам ота-онам, ака-укам, қариндош-уруғларим бор. Қўни-қўшниларим бор, ёр-у биродарларим бор. Шуларни бир кўриб келсам. Менга қирқ кун муҳлат берсангиз, — дебди. Тўтиқушнинг бу гапига подшо гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай, жавоб берадиган бўлибди. Гоҳ жавоб бермайдиган бўлиб, ўйлаб-ўйлаб жуда бўлмаганидан кейин:
— Майли, бориб қирқ кун деганда яна қайтиб кел. Агар ўз сўзингда турмай, қайтиб келмасанг, сени қаерда бўлсанг ҳам топтириб олишга қудратим етади, — дебди. Подшо тўтиқушни қирқ кунда қайтиб келадиган қилиб қафасдан чиқариб юборибди. Тўтиқуш жуда суюниб, подшо билан хайр-маъзур қилиб учиб кетибди. Қуш узоқ учиб, ўз ота-онасининг юртига бориб етибди. Тўтининг ота-оналари суюнишиб-қувонишиб, боласининг қайтиб келганига вақти чоғ бўлиб юришибди.
Тўтиқуш бир кам қирқ кун деганда ота-онасидан қайтиб кетишга розилик сўрабди. Ота-оналари розилик беришмабди. “Нимага келдинг, яна тағин нимага кетаман дейсан”, — дейишибди. Тўтиқуш ота-онасига:
— Эй ота, эй она, мен фалон шаҳар подшосининг қўлидаман. Подшо менга жуда яхши қарайди. Мен шу подшодан қирқ кунга муҳлат олиб, қирқ кунда қайтиб келаман, деб келганман. Энди бормасам бўлмайди, подшо жуда жаҳлдор, унинг бир жаҳли чиқса, ота-онасини ҳам танимайди. Шунинг учун мен бормасам, бу ерда юраверсам, у қидириб келиб мени ва сизларни топади, сўнг хароб қилиши турган гап, — дебди.
Ота-оналари ночор, ноилож:
— Майли, бўлмаса, деб розилик беришибди.
— Сен энди подшога нима совға олиб борасан? Яхшиси мана шу уруғни олиб бор. Бу уруғни етти иқлим подшолари ҳам топишолмаган. Бу уруғдан бир дарахт ўсиб чиқади. У дарахт меваси бу етти иқлимда йўқ. Унинг мевасини қари еса ёш бўлади. Ўлик еса тирилади, — деб уруғни боласига беришибди.
Тўтиқуш ота-онаси билан хайрлашиб кетибди, улар орқасидан зор-зор йиғлаб қолаверибди.
Тўтиқуш кўп учибди, кўп учса ҳам мўл учибди. Қирқ кун деганда тўти подшонинг саройига кириб борибди. Подшо тўтиқушнинг ўз ваъдаси устидан чиқолганига жуда ҳам ҳайрон бўлиб, жуда хурсанд бўлибди.
Тўтиқуш ота-онаси берган уруғни подшога берибди. Подшо:
— Бу қанақа уруғ, майли, боғбонга эктириб кўрайлик, — дебди. Тўтиқуш ҳалиги уруғ таърифини гапириб берибди.
— Тақсир, бу уруғни сизга ота-онам совға қилиб бериб юборди. Бу уруғни етти иқлим подшоси ҳам топа олмаган. Бир дарахт бўлар экан. У дарахтнинг мевасини қари еса, ёшарар экан. Ўлик еса тирилар экан, — дебди. Подшо уруғни боғбонга бериб экдирибди. Уруғдан бир дарахт униб чиқибди. Ҳалиги дарахт вояга етиб гуллабди. Меваси пишибди. Боғбон дарахтнинг қилган мевасига ҳайрон қолиб юрибди. Бир кун боғбон қараса, дарахтнинг меваси пишибди. Боғбон: “Энди мева тоза етилибди. Уни узиб, подшонинг олдига олиб кирайин, ундан бир инъом олайин”, деб ўйлаб, дарахтнинг тагига келиб қараса, бир дона мева тагига тушиб ётибди. У дарахт устидаги мевадан ҳам тиниқ, тоза, сара мева эмиш. Боғбон дарахтдаги мевалардан узиб, тилла лаганга солибди, ерга тушган бир дона чиройли мевани ҳам лагандаги меваларнинг устига қўйиб, подшонинг олдига олиб кирибди.
Подшо тилла лагандаги чиройли меваларни кўриб оғзи очилиб, ҳуши бошидан учибди. Подшо мевани аввал ўзи ейишдан қўрқибди. Подшонинг вазирлари тўтиқушнинг донолигини кўра олмасдилар. Улар тўтининг устидан подшога арз қилишиб юришарди. Подшо аввал мевани зиндонда ётганлардан қирқ-еллигини олиб чиқиб, ўшаларга едирай. Қани, қарини ёшартирармикан, дебди. У зиндондагилардан олиб чиқтирибди. Подшо лаганнинг устидаги чиройли бир дона мевани бир зиндонбандга берибди. Ҳалиги зиндони мевани ебди-ю, ўлибди. Подшо буни кўриб жаҳли чиқибди. “Ҳа, ўзимнинг вазирларим айтган гап тўғри экан-да. Бу тўтиқуш мени ўлдирмоқчи экан-да”, деб дарғазаб бўлиб, тўтиқушни тилла қафасдан олдирибди ва ўз қўли билан шартта калласини узиб ташлабди. Кейин подшо қолган меваларни зиндониларга едирибди. Қараса, у зиндониларнинг қариси ёш бўлиб қолибди. Подшо ҳайрон бўлибди. Кейин подшо боғбонни чақиртириб сўрабди:
— Эй боғбон, ҳалиги тилла товоқнинг энг устидаги бир дона чиройли мевани дарахтнинг устидан олганмидинг? Ёки дарахтнинг тагидан олганмидинг? — дебди. Боғбон:
— Энг устидаги ниҳоятда чиройлиси ерга тушиб қолган экан. Ердан олган эдим. Қолган ҳаммасини дарахт устидан териб олган эдим. Эй тақсир, бир қошиқ қонимдан кечсангиз бир сир айтаман, — дебди. Подшо боғбонга:
— Кечдим, айт, — дебди.
Боғбон:
— Эй тақсир, анча вақт бўлди, шу боғда бир чағир илон юрарди. Мен бунинг пайига тушиб, ҳеч ўлдира олганим йўқ эди. Эҳтимол, шу илон тушган бир дона чиройли мевага заҳар сочгандир. Шу сабабли мевани еган одам оигандир. Агар меванинг ҳаммасига заҳар солинганда бошқалар дарахт мевасини еган одамларнинг ҳаммаси ўлиши керак эди, — дебди.
Подшо боғбоннинг бу гапига ишонибди. У вазирларининг гапи ёлғонлигини билибди ва уларнинг ҳаммасини қаттиқ жазога тортиб, подшо ўзининг қилган ишидан кўп афсус-надомат еб, тўтини ўлдирганига ачинибди.