Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда қуёшчиқар томонда тошбақа, сичқон ва тулки бўлган экан. Учови дўст тутинишиб арпа, буғдой экмоқчи боиишибди. Адирга чиқиб, ер ҳайдаб экин экибдилар. Арпа, буғдой етилгандан сўнг ўришга тайёргарлик кўрибдилар. Тошбақа билан сичқон қўлларига ўроқни олиб, буғдой ўришга киришибди. Буни кўрган тулки ишламаслик учун ҳийла ишлатиб, баҳона излабди. Бир четда каттакон тош турган экан. Тулки шу тошни кўрсатиб:
— Мен шу тошни суяб турай, болмаса сизларни ҳам, ғалламизни ҳам босиб кетади, — дебди.
Тошбақа билан сичқон рози бўлишиб, ўзлари экинни ўраверишибди. Ўриб, янчиб, хирмон қилишибди. Буни кўрган тулки яна найранг ишлатибди:
— Келинглар, ҳув анави тепаликдан пойга қиламиз, кимки олдин келса, ўша катта хирмонни олади, — дебди. Тошбақа билан сичқон бунга ҳам рози бўлишибди. Учаласи тепаликка чиқишибди. Сичқон билдирмасдан тулкининг думига чиқиб олибди. Чопиш бошланганда тошбақа думалаб, тепадан тушибди. Тулки келиб, думини босиб ўтирганда, сичқон: — Нари тур, мени босиб юбординг, — дебди. Тулки:
— Қачон келиб қолдинг? — деб сўрабди. Сичқон:
— Анча бўлди, келиб, кўзим уйқуга кетган эди, — дебди. Иккаласи дам олиб ўтирибди. Тошбақадан дарак йўқ. Сўнг ёмғир ёғиб, туман бўлибди. Сичқон ғарамларнинг устини ёпибди. Тошбақа келибди. Тулки хавотирланиб:
— Ҳа, оғайни нега бунча кеч келдинг? — дебди. Тошбақа аччиқланиб:
— Ғалла экканимиз ҳам бор бўлсин. Йўлда икки овчи, иккитадан тўртта този етаклаган, биттадан иккита от минган, милтиқ таққанлар, «тулки кўрдингми?», деб йўлимни тўсиб олишди. Йўқ, дейишимга қарамай зўрлашди. Мен бошқа томонни кўрсатиб юбордим, — дебди.
Тулки талвасага тушиб қолибди. У дўстларидан ёрдам сўрабди. Сичқон:
— Сен қопга кирасан. Биз қопнинг оғзини бекитамиз, қопнинг устига тўнларни ташлаб қўямиз, бу буғдой деймиз, — дебди. Шунда тулки қопга кириб, ётиб олибди. Тошбақа билан сичқон қопни бекитиб, кетмондаста, паншаха билан ура кетибди. Тулки қопнинг ичида жон берибди. Тошбақа, сичқон тулкини қопдан чиқариб, терисини шилиб, терифурушга олиб боришибди. Терифуруш тўрттадан бахмал, икки кулча, совун ва бошқа нарсалар бериб, уларни жўнатибди. Тошбақа билан сичқон хирмондаги арпа ва буғдойни бўлишиб олиб, мурод-мақсадларига етишибди.