Бир куни бўри тулкиникига келибди. Тулки бўрини кўриб, саломлашибди. Бўри:
— Тулкивой, бугун сен мени бир меҳмон қилгин, — дебди. Тулки:
— Майли, баҳонада иккаламиз суҳбатлашамиз. Мен тайёргарлик кўрай, сен қоиингни ювиб кел, — дебди. Тулки тошбақани гўшт, майда-чуйда олиб келишга юборибди. Кейин дастурхон ёзибди, бор нарсаларини олиб, дастурхонга қўйибди. Бўри кирибди. Иккови гаплашиб ўтиришибди. Бир вақт бўри:
— Гўштинг қани, борми, — дебди.
— Гўшт олиб келгин деб, тошбақани юборган эдим. Шу пайтгача келмади, — дебди. Улар бироз кутишибди. Бўрининг тоқати тоқ бўлиб: — У ўлгудай секин юради, ўшани юборасанми? — дебди. Тулки: — Бироз кутайлик, келсин, мен уни боплайман, кечиккани учун косасини майда-майда қилиб ташлайман, — дебди. Шунда:
— Агар шундай қиладиган бўлсанг, бормайман, — деган овоз келибди. Улар қарашса, тошбақа. У ҳали эшикка ҳам бориб етмаган экан.