Топқинчилар

Бир замонда бир топқинчи деҳқон бор экан. У биров бирор нарсани яшириб қўйиб, “Бу нима?” деб сўраса, кўрмасдан топиб берар экан. У, кунларнинг бирида, ўлим ёстиғига бош қўйиб, дунё билан хайрлашибди. Деҳқон ўлгандан кейин икки ҳўкиз билан бироз ер уч ўғлига қолган экан. Уч оға-ини бир куни бир ерга йиғилиб: “У ерни бўлиб, овоти менга, новвоти сенга”, деб жанжаллашиб турмайлик. Биримиз қўш қўшиб ерни тайёрлайлик, биримиз экин экиб, чопиғини чопиб, ҳисобини топиб пиширайлик. Биримиз ўриб олиб хирмонга солиб янчиб, совуриб, боғлаб, ҳосилини қоплаб бўлиб олайлик”, деб келишибди. Ҳаш-паш дегунча, баҳор ҳам келиб қолибди. “Қани, энди қўшни ким қўшади?” деб, улар бир-бирига маслаҳат солибди. Кичиги туриб:
— Қўш қўшмоқ биздан бўлсин, — деб ҳўкизларни олиб, бўйинтуруқни илиб, далага бориб, беш кун қўш ҳайдаб, уйга келибди. Ҳўкизларини ташқарига боғлаб, ем-хашакни жойлаб, ётиб ухлаб қолибди. Кечаси дарвоза очиқ қолиб, ўғри келиб иккала ҳўкизни олиб кетибди. Қўшчи эртаси уйғониб қўшга борай деса, ҳўкизлари боғланган жойида йўқ эмиш. Ҳайрон бўлиб, ёта берибди.
Эрталаб ичкаридан иккала акаси чиқиб:
— Нега қўшга бормадинг, ҳўкизлар қани? — дебди. Қўшчи укаси:
— Кечаси ўғри келиб, ҳўкизларни олиб кетибди, — дебди. Акалари:
— Ўғрини кўрмадингми? — дебди.
Укаси:
— Кўрмадим, — деб жавоб берибди.
Шунда энг катта акаси:
— Отамиз бир нарсани кўрмасдан топадиган топқинчи эди. Отамизнинг хусусияти бизда бўлса, ҳўкизларни топсак керак. Ука, кўрмаган ўғрини нимага ўхшатдинг? — дебди.
Кичик укаси:
— Кўрмаган ўғрининг кўзини кўкка ўхшатдим, — дебди.
Ўртанча акаси:
— Агар шу ўғрининг кўзи кўк бўлса, соқоли сариқ бўлса керак, — дебди.
Катта акаси туриб:
— Агар ўғрининг кўзи кўк, соқоли сариқ бўлса, оти Мусо бўлса керак, — дебди.
Бундан кейин учаласи:
— Кўчалар, бозор, гузарларни қарайлик, у ердан кимнинг кўзи кўк, соқоли сариқ бўлса, тўхтатиб отини сўрайлик, — деб маслаҳатлашиб, кўчама-кўча, гузарма-гузар, бозорма-бозор қидириб юрганларида, кўзи кўк, соқоли сариқ бир одам кўринибди. Булар у одамнинг олдига бориб:
— Ака, отингиз нима? — деб сўрабдилар, у одам:
— Отим Мусо, — деб жавоб берибди. Оғайнилар уни маҳкам ушлаб, биқинига муштлаб, “Ҳўкизимизни топиб бер!” дейишибди. У одам:
— Мен сизларнинг ҳўкизларингизни олганим йўқ, — дебди. Кейин уч биродар “Ҳўкизларни топиб берасан”, деб яна муштлай берибди. Бу ғавғога тўрт томондан йиғилган одамлар жанжалнинг сабабини сўрабдилар.
Учта оғайни:
— Биз ҳўкизимизни ўғирлатдик. Бу одам ўғирлагани учун тутдик. Молларимизни топса топгани, топмас экан, ўғрилигини ёпгани, — дейишибди.
Одамлардан бири:
— Нима сабабдан бу кишини ўғри дейсизлар? Қандай асосларинг бор? — деб сўрабди.
Оғайниларнинг каттаси туриб:
— Биз қўлимиз билан ушламасак ҳам, кўзимиз билан кўрмасак ҳам топадиган топқинчи-билгирмиз. Ўғри шу, ҳўкизларимизни шундан топтириб олиб, ундан кейин қўйиб юборамиз, — дебди. Йиғилган одамлар:
— Бу жанжални подшо ечмаса, биз ечолмас эканмиз, — дейишибди.
Бу сўз билан учта оғайни ҳалиги одамни судраб, тўртта бўлиб подшо олдига боришибди. Подшо:
— Нима арзингиз бор? — деб сўрабди.
Мусо таъзим бажо келтириб:
— Эй, подшоҳи олам, биров йўлда кетаётса, бирови йўлда келаётиб “Отинг нима?” деса, “Мусо” деса, “Ҳўкизимни топиб бер, деса, ушласа, биқинига муштласа, шундай дашном берса, тутиб олиб келса, юр бу ёққа”, деб олдига солиб келса. Эй, ҳукми жаҳон, бундай зулмга жазо борми? Арзим шу, тақсир, — дебди.
Бу гапга подшонинг ғазаби келиб: “Жаллод!” деб чақирибди. Жаллод етиб келиб: “Қиличим ўткир, тиғим бурро, хизмат”, дебди. Подшо учта оға-инини ўлимга буюрибди. Жаллод уларни олдига солиб чиқиб кетаётганда, подшонинг ёнида ўтирган вазири:
— Тақсир, бировидан гап сўрадингиз, аммо у учовидан ҳеч гап сўрамадингиз. Улардан ҳам бир оғиздан гап сўранг. Қани, нима деб жавоб берар эканлар. Уларнинг ҳам далили бордир, — дебди.
Бу сўздан кейин подшо бу учта ака-укани қайтариб келтириб, улардан сўрабди:
— Йўлда кетаётган одамга “Сенинг отинг нима?” деганларингда, “Отим Мусо”, деганда, “Ҳўкизларни топиб бер” деб нима важдан бу одамни менинг олдимга олиб келдинглар, қани, арзларингни айтинглар, — дебди.
Катта ака туриб:
— Бизнинг отамиз топқинчи эдилар. У киши кўзи билан кўрмаган нарсани “Бу нима?” деса, топиб берар эдилар. Отамиз ўлиб, ундан бизга икки ҳўкиз қолган эди. Кичик укам кечаси ухлаб ётганида ҳўкизларни ўғри олиб кетди. Биз укамизга “Тур, қўшга бормайсанми?” десак, у “Ҳўкизларни ўғри олиб кетиб қолди”, деди. Кейин мен “Бизнинг отамиз кўзи билан кўрмаган нарсани топиб берадиган топқинчи эдилар. Шу отамизнинг топқинчилик хислати бизда бўлса, “Сен ўғрини нимага ўхшатдинг?” деб кенжа укамдан сўрасам, у туриб: “Менимча ўғрининг кўзи кўкка ўхшайди”, деди. Ўртанча укам: “Унинг кўзи кўк бўлса, соқоли сариққа ўхшайди”, деди. Мен туриб: “Унинг кўзи кўк бўлса, соқоли сариқ бўлса, оти Мусо бўлсамикан?” дедим. Шундан кейин кўзи кўк, соқоли сариқ, оти Мусо бўлса, ўша одам ўғри деб, бозор, гузарда излаб юриб эдик, бир кўчада кўзимизга шу одам кўриниб қолди. Разм солиб қарасак, кўзи кўк, соқоли сариқ экан. Яқинига келиб: “Отинг нима?” десак, “Мусо” деди. Биз топқинчилик важидан шу турган одамнинг олганлигига кўнглимиз қарор топиб, ҳузурингизга келтирдик. Бўлган аҳвол шу, — деб гапини тугатибди.
Подшо:
— Бўлмаса, тўртовингизни бир уйга қамаб қўяман. Бир коса тагига бир нарсани яшириб қўяман, тўртовингни олиб чиқиб, йигирма қадам нарироққа қўяман. “Шу косанинг тагида нима?” деб сўрайман, шу коса тагидаги нарсанинг нима эканлигини учовинг топсанг, бу турган кишининг олганлигига ишониб, ҳукм қиламан. Агар тополмасаларинг ҳукмим ҳукм, сизларни жаллоднинг қўлига топшираман, — дебди. Уч оғайни рози бўлибди.
Подшо тўртовини бир уйга қамаб қўйишни буюрибди. Сўнгра подшо бир анорни келтириб, устига бир косани тўнтариб, тўртовини олиб келишни буюрибди. Улар келиб подшодан йигирма қадам нарида тўхташибди. Подшо:
— Э, топқинчилар, бу косанинг тагига яширилган нарса нимадир? — деб сўрабди. Оға-иниларнинг каттаси туриб:
— Коса, уни бу ёққа олса, тагида юмалоққа ўхшаган нарса қолса керак, — дебди. Кейин ўртанчаси туриб:
— Коса, уни бу ёққа олса, тагида юмалоққа ўхшаган нарса қолса, у юмалоқ бўлса, ичи қизил бўлса керак, — дебди.
Энг охирида кичиги туриб:
— Коса, уни бу ёққа олса, тагида юмалоққа ўхшаган нарса қолса, у юмалоқ бўлса, ичи қизил бўлса, анорнинг ўзи бўлса керак, — деганидан кейин, подшо косани олиб Мусога:
— Буларнинг топқинчилиги рост экан, буларнинг гапи тўғри, сен ҳўкизни олган ўғри. Ҳўкизларни олганмисан, олмаганмисан, ростини айт, — дебди.
Мусо:
— Душанба куни олганман, — деб, ўғрилигини бўйнига олибди. Шундай қилиб, уч оғайнилар ўлимдан қутулиб қолибдилар. Мусо жазога тутилиб қолибди. Подшо ҳўкизларини топтириб, олдига солиб юборган экан. Улар ҳайдаб кетган экан, муродига етган экан.