Сунбул билан Гул

Қадим замонда бир бой бор экан. У хотини билан жуда ҳам аҳил ва хушвақт умр кечирар экан. Бойнинг икки ўғли бор экан. Каттасининг исми — Сунбул, кичигининг исми — Гул экан. Болалар мактабга бориб, яхши ўқишибди.
Кунларнинг бирида Сунбул билан Гулнинг онаси ўлибди. Иккиси етим қолибди.
Бой уйланмоқчи бўлиб, бир бойнинг қизига совчи юборибди. Бой ҳам маъқул кўриб, тўй-томоша қилиб, қизини бойга берибди. Ўгай она Сунбул билан Гулни тарбия қилибди. Болалар катта бўлибди. Ўгай она Гулнинг ақлли, чиройли бўлганидан уни яхши кўриб қолган экан. Бир куни у Гулни ёнига чақириб, уни яхши кўриб қолганини айтибди. Гул:
— Ойи, мен сизнинг ўғлингиз бўламан-ку, менга шундай гапларни айтишга уялмайсизми? Мен бундай гапларга қулоқ соладиган бола эмасман, — дебди ва хафа бўлиб уйдан чиқиб кетибди. Хотин эри келганида йиғлаб:
— Кеча ўғлингиз Гул менинг ёнимга кириб, сенга ошиқ бўлиб қолдим, деб зўрлик қилмоқчи бўлди, — дебди. Бой ғазабланиб, қамчи олиб, Гулнинг мактабдан келишини пойлабди. Сунбул билан Гул бир-бирини кўрмаса туролмас экан, ҳамма вақт бирга юрар экан. Ўша куни Сунбул мактабда бир ўртоғи билан қолибди. Гулнинг ёлғиз ўзи уйга қайтибди. Гул келиб уйга кирган заҳоти отаси уни тутиб олиб, ҳеч нарса сўрамай қамчи билан ура бошлабди, бош-кўзларини ёриб, уйидан ҳайдаб чиқарибди.
Бу воқеадан бироз вақт ўтгандан кейин Сунбул уйга келса, Гул йўқ эмиш. У онасидан:
— Гул қаёқда? —деб сўрабди.
— Мен билмайман, даданг ичкарида ўтирибди, ундан сўра! — деб жавоб берибди ўгай онаси. Сунбул ичкарига кириб:
— Дада, Гул қаёққа кетди? —деб сўрабди.
— Онангга бирмунча ёмон гапларни айтибди. Мен уни уриб, уйдан ҳайдаб юбордим, — дебди. Сунбулнинг уйда бўлиб ўтган воқеадан хабари бор экан.
— Эй, ота, бекор қилибсиз. Уни сабабсиз ҳайдабсиз. Энди Гул бўлмагандан кейин мен ҳам бу ерда турмайман. Мен укамдан ўлиб айрилмасам, тирик айрилмайман, — дебди. Ҳеч нарсага қарамай, уйдан чиқиб, укасини қидириб кетибди. Шаҳарда кўчама-кўча укасини қидириб, икки кун юрибди. Шаҳарнинг бир четига борса, Гул чарчаб, очликдан ҳолсизланиб, ухлаб қолган экан. Сунбул укасини уйғотиб кўришибди, иккиси йиғлашибди. Гул:
— Ўзимизнинг онамиз бўлса, биз бундай кунларга қолмас эдик, бизни отамизга айтиб уйдан ҳайдатмас эди, — дебди. Бироздан кейин Сунбул Гулга:
— Сен шу ерда дам олиб тур, мен бироз нон топиб келай, — дебди. Укасини ётқизиб, ўзи бир қишлоққа кетибди. Гул яна ётиб ухлаб қолибди. Бир вақт осмонда учиб юрган бир катта оқ қуш Гулнинг бошига келиб қўнибди. Гулнинг нафасини ўзига тортиб олиб, учиб кетибди. Орадан бирмунча вақт ўтгандан кейин Сунбул нон топиб келибди. Қараса, Гул ўлиб ётган эмиш. Сунбул хафа бўлибди, йиғлабди, бир қанча вақт укасининг бошида ўтирибди. Ўйлаб-ўйлаб, бир қанча тош йиғиб, укасининг атрофини ўрабди. Унинг ёнига ҳеч қандай жонивор ўтолмайдиган қилибди.
— Хайр, укам, иккимиз онадан, отадан ажралган эдик. Энди мен сендан ҳам ажралдим, — деб йиғлаб-йиғлаб йўлга равона бўлибди. Бир неча кун йўл юриб бир шаҳарга етибди. Қараса, бир катта майдонга халқ йиғилган эмиш, у ерда бир қушни учиришга тайёргарлик кўриб тўй-томоша қилаётган эмишлар. Сунбул ҳайрон бўлибди, кейин билса, қуш — давлат қуши экан. Уни подшо сайлаш учун учираётган эканлар. Сунбул бир дарахтнинг ёнига бориб, унга суяниб турибди, давлат қушини учиришибди. Қуш учиб-учиб, айланиб юриб Сунбулнинг бошига қўнибди. Халқ ёпирилиб келибди, қараса, давлат қуши Сунбулнинг бошига қўнган экан.
Юртнинг катталари:
— Бу бизнинг одамимиз эмас, бу бир мусофирга ўхшайди, қушимиз янглишди, — дебдилар ва қушни қайтадан учирибдилар. Қуш айланиб-айланиб, учиб юриб яна Сунбулнинг бошига қўнибди. Одамлар келиб қараса, қуш яна Сунбулнинг бошига қўнган эмиш. Қушни олибдилар. Бу сафар Сунбулни шаҳар четидаги бир уйга олиб бориб қамаб қўйишибди. Қайтиб келиб қушни яна учиришибди. Қуш осмонда учиб юриб Сунбулни тополмай, шаҳарнинг четига учиб борибди, Сунбул ётган уйнинг устига қўнибди. Одамлар қушнинг орқасидан югуриб бориб қарасалар, қуш яна Сунбулнинг бошига қўнибди. Одамлар ҳайрон бўлибдилар. Улардан бири:
— Қуш уч марта учди, ҳар учишида шу боланинг бошига қўнди. Қоида бўйича шу бола подшо бўлиши керак, — дебди.
Халқ бу сўзни маъқул топибди. Сунбулни подшо қилиб кўтаришибди. Сунбул подшо бўлиб тураверсин, энди гапни бошқа томондан эшитинг:
Сунбул подшо бўлган шаҳарда бир овчи бор экан. У ўзимни янги подшога бир танитиб қўяй, деб овга чиқибди. Юриб-юриб бир шаҳар ёнига келиб қолибди, қараса бир тош устида катта оқ қуш қўниб турган эмиш. Қушни пойлаб отибди. Қуш юмалаб тушибди. Овчи бориб, қушни олмоқчи бўлганида тош орасидан бир бола чиқибди. Қуш йиқилган заҳотиёқ унинг сўнгги нафаси Гулга кирган экан, Гул тирилиб ўрнидан турибди. Овчи тирилган боладан:
— Сен кимнинг боласисан, бу ерда нима қилиб ётган эдинг? — деб сўрабди. Гул:
— Биз ака-ука етим эдик. Акам Сунбул мени бу жойга қўйиб, ўзи нон топиб келиш учун кетган эди. Мен акамни кутиб ухлаб қолибман, шу вақтгача келгани йўқ, энди келиб қолар, — дебди. Овчи Гулга тикилиб, ўз юртининг подшоси Сунбулга ўхшатибди. Сунбулнинг укаси бўлса керак, деб ўйлабди. Унга Сунбулнинг подшо бўлганини айтмасдан:
— Мен сени Сунбул аканг ёнига олиб бориб қўяман, юр, — дебди. Болани отга миндириб, қушини олиб, шаҳарга жўнабди. Кечқурун шаҳарга етиб келишибди. Овчи болани уйига келтириб, бет-қўлларини ювиб, яхши овқатлар билан меҳмон қилибди. Қоронғи тушгач, овчи:
— Ўғлим, бугун шу ерда ёт, кеч кириб қолди. Эртага мен сени Сунбул ёнига олиб бораман, — дебди. Гул рози бўлибди. Овчи меҳмонхонага жой солиб Гулни ётқизибди. Ўзи бошқа хонага кириб ётиб ухлабди. Гул, уйқуси келмай, ўйлаб ётибди, секин эшикни очиб, кўчага чиқибди. “Кўчани бир томоша қилай”, деб айланиб юрганда бир миршаб Гулни кўриб: “Бу кечаси юрган ўғри бола бўлса керак”, деб тутиб олибди, олиб бориб зиндонга ташлабди. Ярим кеча бўлганда овчи уйғониб, Гул ухладимикан, деб меҳмонхонага кириб қарабди, қараса, Гул жойида йўқ эмиш. Ҳовлига чиқса дарвоза очиқ эмиш. Кўчага чиқиб анча жойгача борибди, бир миршабни кўрибди, овчи ундан:
— Сиз бир ёш болани кўрмадингизми? —деб сўрабди.
— Мен кўчада кезиб юрганимда бир болани кўрдим. Уни кечаси юрган ўғри бола бўлса керак, деб қамаб қўйдим, — дебди. Овчи:
— Ёмон қилибсан, у бола подшоҳимизнинг укаси эди. Подшо сенинг бу ишингдан хабар топса, икковимизни ҳам жазоламай қўймайди, — дебди. Миршаб қўрққанидан овчига айтибди:
— Бўлмаса, энди бу болани йўқотиш керак. Болани бир наматга ўраб хумдоннинг гўлоҳига ташлаймиз, унда куйиб ўлади. Биз жазодан қутуламиз, — дебди. Овчи:
— Дарҳақиқат шундай қилайлик, бўлмаса ҳар иккимизга ҳам ёмон бўлади, — дебди. Миршаб югуриб бориб болани зиндондан олиб чиқибди. Овчи бир оқ намат келтирибди. Гулни наматга ўраб хумдоннинг гўлоҳига ташлаб кетишибди. Эртасига тонгда бир хотин хумдондан олов олмоқчи бўлиб, гўлоҳни кавласа бир наматнинг чети кўринибди. “Бу нима экан” деб тортиб, ичини очиб қараса, бир чиройли бола ётган эмиш. Боланинг эндигина оёғи куйган экан. Хотиннинг раҳми келиб, хумдонга ташлаган одамларни қарғаб, болани уйига олиб бориб, уч ой парвариш қилибди. Гул тузалиб ўрнидан турибди.
Хотин ир йигирар экан, кунларнинг бирида йигирган ирини сотиб келиш учун ўз ўғли билан Гулни бозорга юборибди. Болалар бозорда юрганда овчи Гулни кўриб, таниб қолибди. Ҳовлиқиб миршабнинг ёнига борибди:
— Гўлоҳга ташланган бола ўлмаган экан, бозорда ир сотиб ўтирибди, — дебди. Миршаб келиб қараса, бола ҳақиқатан ўтирган экан.
Миршаб дарҳол бир хотинни чақириб, қўлига бирмунча пул берибди.
— Анави ир сотиб ўтирган боланинг ёнига бориб: ”Ипинг неча пул”, деб сўраган бўлинг, бирданига “войдод” деб бақиринг. Мен югуриб бориб “Нима бўлди” дейман. Сиз: “Бу бола мени ҳақорат қилди”, денг, — дебди. Хотин пул учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган бебурд хотин экан. У “Хўп” деб бориб боланинг ирини сўраб туриб, бирданига “войдод” деб юборибди. Миршаб югуриб бориб:
— Нима бўлди? — дебди. Хотин:
— Мана бу бола мени ҳақорат қилди, — дебди. Миршаб дарҳол болани судраб олиб бориб яна зиндонга солибди. Орадан беш-олти кун ўтибди. Шаҳарда бир атоқли Собирбой деган савдогар бор экан.
Миршаб Собирбойнинг савдога жўнамоқчи бўлганини эшитиб, унинг ёнига келибди:
— Сизни савдога боради деб эшитдим, зиндонда бир ёмон ўғри муттаҳам бола бор. Шу болани сизга арзон баҳога сотаман, уни ҳам олиб кетинг-да, йўлингиздаги аждаҳога ташланг. Илгари аждаҳога сигир ёки от ташлаб кетган бўлсангиз, бу сафар шу болани ташлаб кетасиз. Шу ёмон боладан ҳамма қутулади. Бу бола неча марта зиндонга тушган бўлса ҳам ўғрилигини ташламади, — дебди.
Собирбой:
— Ҳа, жуда яхши, — дебди. Гулни арзон баҳога сотиб олибди. Шу куни кечаси бой Гулни туяга ўтқазиб, бир неча савдогар карвонлари билан жўнабди. Йўлда Гул отларни боқиб, суғориб, чойларни қайнатиб, тинмай хизмат қилибди. Унинг иши бойга ёқиб қолибди. Собирбой аждаҳо ётган жойга келганда бир туяни сўйиб гўштини унга ташлаб ўтиб кетибди. Узоқ шаҳарга бориб, қирқ туядаги молларини сотиб, кўп фойда қилибди. Бир кун Собирбой Гулнинг қўлига пул бериб:
— Бугун шаҳарни томоша қилиб кел. Эртага кечаси ўз юртимизга жўнаймиз, — дебди. Гул пулни олиб, суюниб чиқиб кетибди. Шаҳарни айланиб юриб бир анҳор бўйига келибди. Шу анҳорда чўмилмоқчи бўлибди. Қараса, анҳорнинг ёнида жуда катта, чиройли бир иморат ҳам бор эмиш. Анҳорнинг суви тиниқ, муздек экан. Гулнинг чўмилгиси келибди. Кийимларини ечиб, чўмилибди. Сувдан чиқиб кийимларини кийиб турса, бир қизил олма сувга тушибди. Гул сувдан олмани олиб чиқса, яна бир олма тушибди. Уни ҳам олиб чиқса, яна биттаси тушибди. Гул бу олмани ҳам олиб ҳайрон бўлиб, кийимларини кийиб баланд иморатнинг юқори қаватларига қараса, деразадан бир чиройли қиз қараб турган эмиш. Қиз Гулни “Бери келинг”, деб имлабди. Гул қиз турган томонга қараб юрибди. Катта иморатнинг ёнига бориши биланоқ қиз ичкаридан чиқибди. Қиз йигитни кўриши биланоқ қизариб, ерга қарабди:
— Қаердан бўласиз, бу ерда нима қилиб юрибсиз? — деб сўрабди.
Йигит мусофир эканини, бир бойнинг хизматкори бўлиб бу ерларга келиб қолганини айтиб берибди. Қиз Гулга:
— Сиз менга ёқиб қолдингиз, олмани мен ташлаган эдим. Қани энди иккимиз бирга ўйнаб, кулиб юрсак, — дебди.
— Сиздек бойнинг қизи мендек мусофир, камбағал йигитга тегармиди, қани энди сизга етишсам, — дебди.
— Сиз отамга совчи юборинг. Отам сиздан фақат етти хум тилла сўрайди, холос, — дебди қиз.
Гул:
— Сизга айтдим-ку, камбағалман деб, менда етти хум тилла у ёқда турсин, етти дона чақа ҳам йўқ, — дебди. Қиз:
— Агар сиз севиб, кўнгил берсангиз совчи юбора беринг, ҳаммасини ўзим тўғрилайман, — дебди.
— Сўзингизда турсангиз майли, совчи юбораман, — дебди Гул.
— Бўлмаса ваъдамиз ваъда! Сиз отамга совчи юборинг, мана бу калитни олинг! Отам етти хум тилла сўраса, фалон ерда бир ҳовли бор. Ҳовлига кирсангиз бир уй бор. Уйнинг эшигини очинг. Шу уйда менинг етти хум тиллам бор, шуни олиб отамга юборинг, — дебди қиз. Гул калитни олиб, бойнинг ёнига қайтибди.
— Шаҳарни яхши томоша қилдингми? —деб сўрабди бой.
— Жуда яхши томоша қилдим. Бир қизни яхши кўриб қолдим, сизга малол келмаса ўшанга совчи бўлиб борсангиз, — дебди. Собирбой:
— Ие, эсингни едингми, ҳеч нарсанг бўлмаса, қандай қилиб уйланасан? — дебди бой. Гул:
— Бой бобо, ташвиш тортманг, бир иложини қиларман, сизни уялтирмайман, — дебди. Бой:
— Ҳа, уялтирмасанг бориб кўрай, — деб қизнинг уйига бир киши билан совчи бўлиб борибди. Қизнинг отаси:
— Қизимни бераман, лекин етти хум тилла қалин берсангиз, — дебди. Собирбой етти хум тилланинг дарагини эшитиб, қўрқиб ўрнидан турибди:
— Хўп, ўғлим билан гаплашиб кўрайин, — деб хайрлашибди. Карвон саройга ҳовлиққанича етиб келибди. Гул уни кўриши биланоқ:
— Бой ака, қизнинг отаси нима деди? — деб сўрабди. Собирбой зарда билан:
— Нима дер эди. Етти хум тилла келтирсангиз, қизимни бераман, бўлмаса овора бўлманг, деди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Мен бутун мол-мулкимни сотсам ҳам етти хум тиллага эга бўла олмайман, — дебди. Гул:
— Сиз хафа бўлманг, бой бобо! Қизнинг отасига етти хум тилла топиб берамиз, — дебди-да, қизнинг гапларини айтибди. Иккови биргалашиб қиз айтган уйга борибди, етти хум тиллани олиб қизнинг отасига беришибди.
Бой тўй-томоша қилиб қизни Гулга берибди. Қиз ҳар куни эрталаб чой қўйиб, дастурхон тайёрлар экан. Собирбой Гул билан қизнинг хизматидан хурсанд экан. Бир кун Гул билан қиз ухлаб қолиб, вақтида чой қайнатмабди. Бой уларни уйғотиш учун Гул билан қиз ётган уйга кирибди. Қизнинг чиройлилигини кўриб, унга ошиқ бўлиб қолибди. Фикри бузилиб: “Шундай чиройли қиз менинг малайимга тенг эмас. Бу қиз менга муносиб экан, қандай бўлмасин Гулни йўқотиб, қизни ўзим олишим керак”, деб ўйлабди. Уларни уйғотиб, ўзи турган уйга келибди. Гул ўрнидан туриб, ташқарига чиқибди, чиқиб отларни суғорибди, қиз чой қайнатибди. Ўтиришиб чой ичишибди. Собирбой чойни ичиб бўлиб:
— Энди сизлар ҳамма нарсани жойланглар. Мен ҳозир бир айланиб келаман, эртага эрталаб йўлга чиқамиз, — дебди.
Гул билан қиз бор нарсаларини йиғиштиришибди. Собирбой бир сандиқчининг дўконига бориб, унга:
— Менга бир мустаҳкам сандиқ ясаб, кечаси карвон саройига олиб боринг. Мен сизни кутиб ўтираман, — дебди ва саройига жўнабди.
Кечаси ҳамма ухлагандан кейин бой сандиқчини кутиб ўтирибди. Ярим кечада сандиқчи сандиқни олиб келибди. Бой пул бериб сандиқчини жўнатибди, сандиқни Гул кўрмайдиган бир жойга яширибди. Эртасига тонгда бой, Гул ва қиз йўлга чиқишибди. Икки кун йўл босиб, бир жойда дам олиш учун тўхташибди. Гул билан қиз ухлаб қолибди. Собирбой Гулнинг оёқ-қўлларини боғлаб, сандиққа солиб, дарёга ташлаб оқизиб юборибди, қизни эса ўзи билан олиб кетибди.
Гул дарёда оқиб-оқиб Сунбул подшо бўлиб яшаётган шаҳарга келиб қолибди. Дарё иккига бўлиниб, бир қисми Сунбул подшонинг боғидан ўтар экан. Сандиқ боғга оқиб кириб бир жойда тўхтабди. Тонгда боғбон сув олиш учун дарё бўйига келган экан, кўзи сандиққа тушибди. Дарҳол сандиқни сувдан судраб чиқарибди. Сандиқни очиб қараса, бир чиройли йигит ҳолдан кетиб, ҳушсиз бўлиб ётган эмиш. Боғбоннинг йигитга раҳми келиб, уни уйига олиб кириб дори-дармон билан парвариш қилибди. Боғбоннинг ҳеч фарзанди йўқ экан. Гулни худди ўз фарзандидек жуда яхши кўриб қолибди. Орадан ўн кун ўтгандан кейин у соғайибди. Бир кун боғдаги гуллардан териб, бир гулдаста боғлаб, боғбонга берибди:
— Мана шу гулни подшоҳингизга олиб боринг. Подшо “Гулни ким боғлади”, деб сўраса, ўзим, деб айтинг, — дебди.
Боғбон гулни Сунбул подшога олиб борибди. Сунбул гулни олиб, у ёқ-бу ёғини кўриб, ҳидлаб:
— Бу гулни ким боғлади? — деб сўрабди. Боғбон:
— Ўзим боғладим, — дебди. Сунбул:
— Раҳмат! — деб гулни олиб қолибди. Боғбон боғга қайтибди. Сунбул гулни кўриб, укаси Гул эсига тушиб жуда хафа бўлибди. “Укам худди шундай гул боғлар эди. Бу гулни укам боғламадимикин, деб ўйлабди. Яна “Йўқ, мен укамни ўзим тошлар орасига кўмиб келган эдим-ку”, деб ўксиниб йиғлабди.
Кунларнинг бирида Гул кўчага чиқиб айланиб юрса, одамлар у ёқ-бу ёққа от чопишиб, томоша қилиб юришган эмиш. Гул уйга кириб боғбондан сўрабди:
— Бобо, нима учун одамлар от чопиб, томоша қилиб юрибдилар? — дебди. Боғбон:
— Э, болам, шаҳримизда Собирбой деган катта савдогар бор.
У савдогар бориб бир қизни олиб келган экан. Шу қизни олмоқчи. Қиз “Мени оладиган бўлсангиз қирқ кун тўй-томоша қилиб беринг. Шунда бу таклифингизга кўнаман”, деган экан. Бой тўй-томоша бераётир.
Бугун шу тўйнинг бошланганига ўттиз саккиз кун бўлди, — дебди. Гул хотинининг Собирбойга тегмоқчи бўлганини эшитиб жуда қайғурибди.
Кечаси ўйлаб, ухламабди. Тонг отибди. Гул боғдаги энг ажойиб хушбўй гуллардан бир даста ясабди. Нонушта вақтида боғбонга айтибди:
— Ота, мен сизга бир иш айтсам, қиласизми? — дебди.
— Қани айт, болам, бажараман, — дебди чол.
— Сиз қаландар кийимини кийиб, эшакка мининг, қўйнингизга мана бу гулдастани солиб бойнинг уйига боринг. Қиз ёнингизга чиқса, қўйнингиздаги гулни ҳеч кимга кўрсатмай қизга беринг. “Гул ўзи борми”, деб сўраса, “Бор” деб айтинг, — дебди.
Боғбон қаландар кийимини кийиб, эшакка миниб, Гул ясаб берган гулдастани олиб, қўйнига солиб, Собирбойнинг эшигига гадой суратида борибди.
— Ҳақ, Оллоҳ, — дебди. Қиз уйдан югуриб нон кўтариб чиқибди.
Боғбонга нонни узатганида боғбон қўйнидан гулни чиқариб қизга берибди. Қиз гулдастани кўриб танибди.
— Гул ўзи борми? —деб сўрабди. Боғбон:
— Бор, соғ-саломат юрибди, — дебди. Қиз суюниб:
— Ундай бўлса, бугун Гулни олиб келинг, — дебди. Боғбон уйига қайтиб қизнинг сўзларини Гулга айтибди. Шу куннинг ўзида Гул ҳам қаландар кийимини кийиб боғбон билан бирга Собирбойнинг эшигига боришибди. Қиз суюниб, уларни уйига олиб кирибди, Гул билан қиз бир-бири билан кўришиб, йиғлашибди.
— Мен бойга қирқ кун тўй қилсангиз тегаман, дедим. Қирқ кун ичида сиздан хабар топарман, деб ўйладим. Энди кўришдик. Эртага қирқ кун тўлади. Кечқурун никоҳ ўқитади. Энди менга маслаҳат беринг, нима қилай, нима қилсам бойдан қутулиб, яна иккимиз бирга бўламиз, — дебди қиз.
Гул ўйлаб-ўйлаб туриб:
— Эртага қирқ кун ҳам тўлсин, никоҳ қилиш олдидан одамларга айтинг: “Бой акам қирқ кун тўй қилди. Энди яна бир шартим бор: шуни бажарса тегаман, шартим шундан иборатки, Сунбул билан Гул ҳикоясини айтиб берсин. Агар ўзи айтиб бера олмаса, уни биладиган бирор киши топсин”. Буни ҳеч ким билмайди, ўзим айтаман, — дебди.
Қиз:
— Хўп, айтаман, — дебди. Улар хайрлашиб, боғбон билан Гул уйларига жўнабди. Тўй-томошага қирқ кун тўлибди. Никоҳ қилиш олдидан қиз чиқиб, халққа қараб, Гул ўргатган гапларни айтибди. Собирбой бу ҳикояни билмаганидан хафа бўлиб, қизнинг гапларини Сунбул шоҳга бориб айтибди. Подшо ҳайрон бўлиб:
— Майли, эртага шаҳарга бутун халқни йиғиб сўрайлик: орадан бирор киши чиқиб, айтиб берар, — дебди. Қирқ биринчи куни Сунбул шоҳ бутун халқни йиғиб:
— “Сунбул билан Гул” ҳикоясини ким билади? —деб сўрабди.
Улар орасида бу ҳикояни биладиган ҳеч ким йўқ экан. Подшо:
— Бу ерга келмаган ҳеч одам қолдими? — дебди. Бир одам чиқиб:
— Подшоҳим, сизнинг боғбонингиз билан унинг уйида турадиган бир този бола қолди, — дебди.
Сунбул дарҳол одам юбориб уларни келтирибди. Гул эса кийим кийиб този қиёфасида келгани учун уни Сунбул танимабди. Гул Сунбулни танибди. Сунбул Гулдан:
— “Сунбул билан Гул” ҳикоясини биласанми? — деб сўрабди. Гул:
— Биламан, — дебди.
Гул ўзининг бошидан ўтганларни бирма-бир ҳикоя қилиб берибди. Биринчи марта тош орасидан чиқариб, бу шаҳарга олиб келган овчини ўз ёнига чақирибди. Овчи Гул ёнига келиб ўтирибди. Гул ҳикоясини давом эттириб, миршабни чақирибди. Миршаб ҳам Гул ёнига келиб ўтирибди. Яна ҳикоясини давом эттирибди, сўнгра Собирбойни чақириб, ёнига ўтқазибди. Овчи, миршаб, Собирбой қўрққанларидан дағ-дағ титраб ўтирибдилар.
Гул ҳикоясини давом эттириб, тамом қилиш олдида хумдондан ўзини қутултириб, парвариш қилган хотинни, сувдан, сандиқдан олиб тарбия қилган боғбонни ёнига чақириб олибди.
— Энди ҳикоям тамом. Менга яхшилик қилганлар мана шу хотин билан боғбон, ёмонлик қилганлар овчи, миршаб иккови, — деб кўрсатибди. — Менинг хотинимни олмоқчи бўлиб, мени сувга оқизган, қирқ кун тўй-томоша қилган савдогар Собирбой мана шу, — деб уни ҳам кўрсатибди. — Мен този, қаландар бола эмасман. Мен мана шу Гул деган боланинг ўзиман. Мен Сунбул деб атаган акам — Сиз, подшоҳим, — деб кийимларини ечиб, бошидаги ясама тозини олиб ташлабди. Сунбул укаси билан қучоқлашиб кўришибди. Дарҳол овчи, миршаб ва Собирбойни дорга остирибди. Боғбон билан хумдондан қутқариб олган хотинга раҳмат айтиб, уларга тиллалар берибди; уларни яхши иморатларга ўтқазиб, иззат-ҳурмат қилибди. Хотин билан боғбон Сунбул билан Гулга она ва ота бўлибди. Гул Сунбулга вазир бўлибди. Қирқ кеча, қирқ кундуз тўй-томоша бўлиб, Гул ва унинг хотини қайтадан қўшилишибди, ака-ука мурод-мақсадларига етибдилар.