Соқи мумсик билан Боқи мумсик

Бир замонда Соқи мумсик билан Боқи мумсик деган икки киши яшаган экан. Улар ўтакетган мумсик эканлар. Бир-бирларига сувни ҳам раво кўрмас эканлар.
Бир куни Соқи мумсик Боқи мумсикникига меҳмон бўлиб борибди. Борса, Боқи мумсикнинг хотини нон ёпаётган экан. У Соқи мумсикни кўрибди-ю, ўтни ўчириб, хамирни ўраб қўйиб, ҳеч нима билмагандек бемалол ўтираверибди. Боқи мумсик ҳам Соқи мумсикни кўриб энсаси қотибди, келдингми ҳам демабди. Меҳмон ҳам ўтираверибди. Меҳмоннинг олдига ҳеч нарса қўйишмабди. Охири кеч бўлиб, ётмоқчи бўлишибди. Кампир Соқи мумсик билан Боқи мумсикка айвонга жой қилиб берибди. Ётиш олдида Боқи мумсик хотянига: «Ҳали сен меҳмон ухлаганида мени уйғотиб, қорнимни тўйғазиб қўйгин», дебди. Бу гапни Соқи мумсик эшитиб қолибди. Улар ётишибди. Соқи мумсик ухламабди. Боқи мумсик ухлаб қолибди. Боқи мумсикнинг хотини кечаси келиб эрини аста чақирибди. Лекин, у турмабди. Шунда Соқи мумсик овозини ўзгартириб:
— Мана ҳозир, — дебди-ю, овқатни тушира бошлабди. Кампир эса, уни Боқи мумсик деб ҳадеб овқатни бераверибди. Соқи мумсик қорни тўйгач, ортган овқатни белбоғига тугиб олибди.
Кейин.
— Бўлди, тўйдим, — деб жойига келиб ётибди-да, эрталаб барвақт туриб жўнаб қолибди. Эрталаб Боқи мумсик ўрнидан туриб хотинига:
— Кечаси нега менга овқат бермадинг, оч қолиб ўлаёздим-ку, — деб дағдаға қилган экан, хотини:
— Қандай одамсиз, овқат бердим-ку, ҳар сафаргидан кўп овқат едингиз-ку, — деб жавоб берибди. Шундан сўнг Боқи мумсик овқатнинг ҳаммасини Соқи мумсик еб кетганини билибди.
Шундай қилиб, Соқи мумсик Боқи мумсикни қўлга тушириб кетган экан.