Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, энг қадим замонда сичқон билан қўнгиз яшаган экан. Сичқонбой қўнғизойни никоҳ қилиб олган экан. Булар жуда иттифоқ бўлиб яшар эканлар. Биров-бировини жуда ҳурмат қилар эканлар. Уйда бир нарса бўлса, сичқонбой қўнғизойдан, қўнғизой сичқонбойдан маслаҳат сўраб иш қилар экан. Бир кун — бозор куни сичқонбой қўнғизойни олдига чақирибди:
— Мен бир бозорга бориб келай, сен уйга сув-пув олиб келиб қўй, — дебди-да, қўнғизойни уйига қўйиб, неча сўзларни унга тайинлаб, ўзи одамларнинг изи билан бозорга жўнаб кетибди. Сичқонбой бозорга кетганидан кейин, қўнғизой уйига сув олиб келайин, деб бир отнинг изидан ҳосил бўлган катта ҳовузга тушиб кетибди. Бозор куни одамлар катта йўлни тўлдириб бозорга бораётган эканлар. Йўлдан ўтаётган бозорчиларга қараб қўнғизой:
— Дупир-дупир отлиқлар,
От бошини тортинглар,
Қўнғизой сулув ўлди,
Сичқонбойга айтинглар, —
дебди. Сичқонбой бозорда бир қорин мойни кўтариб турган экан, бозорчи одамлар қўнғизойни отнинг изидан болган катта ҳовузга тушиб кетганлигини сичқонбойга айтибдилар. Қўнғизойнинг ҳовузга тушиб кетганлигини эшитиб, сичқонбойнинг тоқати қолмабди. Сичқонбой қориндаги мойни йўлнинг устига олиб чиқиб қўйибди. Шу мойни ким олса, оғзи ҳам гапирсин, орти ҳам гапирсин, деб ўзи уйига чопиб кетибди. Уйига борса, севган ёри қўнғизой йўқ эмиш. Сичқонбой югуриб йўлга чиқибди. Қараса, қўнғизой отнинг изидан бўлган катта ҳовузнинг ичида чаппа ағдарилиб ётганмиш. Сичқонбой қўнғизойга қараб:
— Қўнғизойим қайтайин,
Қўлингни бер, тортайин, —
деганда, қўнғизой сичқонбойга қўлини узатибди. Сичқонбой қўнғизойнинг қўлини суғуриб олибди. Сичқонбой қўнғизойга қараб:
— Қўнғизойим қайтайин,
Оёғингни бер, тортайин, —
деганда, қўнғизой оёғини сичқонбойга узатибди. Сичқонбой қўнғизойнинг оёғидан тортиб чиқараман, деб оёғини ҳам суғуриб олибди. Сичқонбой қўнғизойга қараб:
— Қўнғизойим қайтайин,
Қулоғингни бер, тортайин, —
дебди. У қўнғизойнинг қулоғидан тортган экан, қўнғизойнинг боши қулоғи билан юлиниб кетибди. Шундан кейин қўнғизой отнинг изидан бўлган катта ҳовузнинг ичида ўлиб қолибди. Бозорчилардан биров бозордан ҳеч нарса ололмасдан йўлда ўйланиб келаётган экан, бир қорин мой йўлнинг устида ётган эмиш. Бозорчи қувониб: “Буни менга Худо берди”, — деб эшакдан тушиб, қориндаги мойни олибди. Мойни хуржунига солган экан, эшаги юриб кетибди. “Иш-иш” деган экан, кети ҳам “иш-иш” дебди. “Бу қориндаги мойда бир нима борми?” деса, кети ҳам: “Бу қориндаги мойда бир нима борми?” дебди. Кейин бозорчи қориндаги мойни йўлга отиб ташлаб, ўзи кетаверибди. Қориндаги мойни бир туя минган бошқа бозорчи йўлда кўрибди. Туяни чўктириб, қориндаги мойни туяга ортибди. У туянинг устига миниб, “чўх-чўх” деса, кети ҳам: “чўх-чўх”, дебди. «Эй, кимсан?” деб орқасига қарабди. Кети ҳам: «Эй, кимсан?” дебди. «Эй, бу мойнинг бир нимаси бор экан”, деб қориндаги мойни ташлаб кетибди. Сичқонбой йўлда мойни излаб олдидан чиқиб қолибди. Сичқонбой қориндаги мойни хотинимнинг ўлганига хайр-худойи бўлсин, деб тарқатиб юборди.