Бир замонда бир йигит уйланган экан. Орадан узоқ йиллар ўтибди, фарзанд кўрмабди. У йигит хотини билан тилак тилашар экан, бизга ҳам Худо бир фарзанд берса экан, деб топганига шукр қилиб умр ўтказишар эканлар.
Бир куни иккови ҳовлининг саҳнида чой ичиб ўтиришса, осмонда бир қарға сичқонни думидан тишлаб келаётган эмиш. Иккови осмонга қараб:
— Ановини қаранг, — дейишса, ола қарға “ға!” — деб оғзидан сичқонни ташлаб учиб кетибди. Сичқон буларнинг ўртасига тушиб, бир думалаб, аксириб, чиройли қизга айланибди. Эр-хотин ниҳоятда севинишибди. Ҳамма таниш-билиш, қариндош-уруғлар келиб, қизни кўриб, муборак бўлсин, деб олқишлабдилар. Қиз катта бўлаверибди. Кунлардан бир кун ота-онаси қизга:
— Қизим, бизлар сенинг ота-онангмиз. Сен энди катта бўлиб қолдинг. Қиз катта бўлгач, вояга етгач, ота-онанинг вазифаси уни куёвга бериш, — дебдилар. Қиз:
— Куёв деганингиз нима бўлади? — деб сўрабди.
— Эрга берамиз, куёв кўрамиз, — дейишибди ота-онаси.
— Мен эрга тегмайман, — дебди қиз.
— Агар эрга тегмасанг, маҳалладан, қариндош-уруғдан бизлар уяламиз, гап тегади, — дептилар. Шунда қиз:
— Мен зўрга тегаман, — депти.
— Бу нима деганинг? — деб сўрабдилар.
Шунда қиз:
— Кечаси осмонда ой кўринади, ой тепага келганда ундан:
— Ҳо ой, ойдай қизимни оласанми? — деб сўрангиз, ой нима дер экан? — депти. Қизнинг ота-онаси тунда ойга:
— Эй ой, ойдай қизимни сенга берсак оласанми? — деб сўраптилар. Ой:
— Мен олмайман, агар қизинг зўрга тегаман деса, зўрга беринглар. Мен зўр эмасман, — депти.
— Бутун жаҳон олам, сендан нур олади, нега сен: “Мен зўр эмасман”, дейсан, — дептилар. Шунда ой:
— Қуёш мендан зўр, ойдай қизингни қуёшга бер! — депти. Улар эртаси куни қуёшга қараб:
— Эй қуёш, ойдай қизимизни оласанми? — деб сўрабдилар. Шунда қуёш:
— Мен зўр эмасман, мендан зўрга бер, мен олмайман, — депти.
— Ер юзида борлиқ, жонли-жонсиз нарсалар сендан фойдаланади, нега мен зўр эмасман, дейсан. — Қуёш:
— Гоҳ вақтда булут келиб бетимни беркитади. Мендан булут зўр, қизингни булутга бер! — депти. Эртасига булут келибди. Ота-она булутга мурожаат этибдилар.
— Эй булут, мана бу қизимни бераман, оласанми? — дептилар. Булут:
— Мен зўр эмасман, сен қизингни зўрга бер! — дебди.
— Сен ойнинг, куннинг юзини беркитасан-ку, нима учун мен зўр эмасман, дейсан. — Шунда булут:
— Шамол мени безовта қилади, мендан ҳам шамол зўр! Қизингизни шамолга беринг! — депти. Эртасига қаттиқ шамол турибди. Шунда улар:
— Эй шамол, мана бу ойдек қизимизни сенга берсак оласанми? — деганда шамол:
— Мен зўр эмасман, мендан ҳам зўрлар бор, — дебди.
— Сен шамол, кўчаларни чангитасан, дов-дарахтларни синдирасан, нима учун зўрмасман, дейсан.
— Шу зўрлигим билан тоғни қимирлата олмайман, тоғ мендан ҳам зўр. Шунда қиз ота-онасига:
— Энди мени тоққа олиб боринг-чи, тоғдан нима товуш чиқаркин, — депти. Ота-она қизни етаклаб, тоққа олиб боришибди.
— Эй тоғ, менинг ойдай қизим бор, оласанми? — дейишипти. Тоғдан овоз эшитилибди:
— Мен зўр эмасман, қизингни мендан зўрга бер, — депти.
— Сен тоғсан, нимага зўр эмасман деб айтасан, — десалар, тоғ:
— Менинг ичимда, неча минг-минглаб сичқон бор. Ичимни тешиб, ғор қилиб юборган. Берсанг, агар қизингни сичқонга бер! — деган овоз эшитилибди. Қиз:
— Сизлар менга ота-она бўлдингиз. Боқдингиз, тарбияладингиз, вояга етказдингиз. Мен эса, сичқонлар подшосининг қизи эдим. Сизлар бефарзандликдан кўп хўрлик тортганликларингиз учун бир қарға менинг думимдан тишлаб икковингизга рўпара қилган эди. Қандай йўл билан қиз бўлиб қолганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Икковларингизни хўп суюнтирдим. Энди аниғини айтсам, “гўштнинг асли қази билан қартадир, чайнайверсанг, асли зотига тортадир”, деганларидек, мен энди ўз отимни айтиб қичқираман, тоғнинг орасидаги ҳамма сичқонлар чиқади, — деб бир чинқирибди. Эр-хотин ҳайрон бўлиб қолаверибдилар. Қиз бир думалаб, сичқон бўлиб, сичқонларга қўшилиб кетибди, тоғ орасига кириб, йўқ бўлибди.