Бир бор экан, бир йўқ экан, икки сичқон бор экан. Бу сичқонлардан бири шаҳарда, иккинчиси қишлоқда яшар экан.
Кунлардан бир куни бу сичқонлар бир-бирлари билан танишиб қолибди. Бундан кейин дўст бўлишга аҳдлашибдилар.
Биринчи бўлиб қишлоқда яшовчи сичқон шаҳарда яшовчи сичқонни меҳмонга чақирибди. Сичқон меҳмонни буғдой ғарамлари атрофида айлантирибди ва:
— Мен бола-чақаларим билан шу жойда, ҳузур ҳаловатда яшайман, — дебди.
Бир куни шаҳарда яшовчи сичқон ҳам уни меҳмонга таклиф этибди. Меҳмон келгач, у хумдаги ёғларни кўрсатиб:
— Сен у ерда буғдой билан кун кўраётган бўлсанг, мен бу ерда хумдаги ёғларни ялаб, бола-чақаларим билан фароғатда яшаяпман. Мен сенга қараганда яхшироқ яшайман, — дебди.
Икки сичқон бир-бирлари билан айтишиб, жанжаллашиб қолишибди. Бири “мен яхшироқ яшайман” деса, бошқаси “йўқ, мен сендан кўра яхшироқ яшайман” деб роса тортишишибди. Буларнинг жанжалини эшитиб қолган мошвой секин келиб, иккала сичқонни ҳам еб қўйибди. Улар ҳатто қочишга ҳам улгуролмай қолишибди.