Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир Искандар деган подшо ўтган экан. Искандарнинг сочини олган ҳар бир сартарошни у ўлимга буюрар экан. Бунинг сабабини ҳеч ким билмас экан. Ниҳоят, подшонинг сочини олишга сартарош топилмай қолибди.
Қидириб-қидириб бир чол сартарошни топиб, подшо саройига келтирибдилар.
Искандар сочини олдириб бўлиб, чол сарторшни ҳам ўлимга буюрибди. Шунда чол кўз ёши қилиб подшога ёлворибди:
— Шоҳим, раҳм қилинг, етим набираларимнинг ризқини қийманг!
Искандар: «Бу сирни ҳеч кимга айтмайсан!» деб чолга қасам ичирибди. Сир шу эканки, Искандарнинг бошида шохи бор экан. Подшонинг шохи борлигини чол ҳеч кимга айтмай, юрагида бир дарддай сақлаб юраверибди. Ахири ҳеч тоқат қилолмай, бу сирни бирор кишига айтиб, юрагини бўшатгиси келибди. Лекин айтса, боши кесилади, ноилож, боши оққан томонга қараб кетибди. Юриб-юриб бир тоғга яқинлашибди ва тоғ этагида қуриб қолган бир қудуққа дуч келибди, қудуқ яқинида дамини олиб ўтирибди. Атрофга қараб ҳеч ким йўқлигига ишониб, қудуқ тепасига келибди-да, қудуққа бошини суқиб:
— Искандарнинг бошида иккита шохи бор! — дебди. Шу билан юрагини қисиб ётган ҳалиги сирдан қутулиб, енгил тортиб, уйига қайтибди.
Бир неча кундан кейин сартарош сир айтиб қўйган қудуқдан узун бир қамиш ўсиб чиқибди.
Тоғ тагида қўй боқиб юрган йигит қамишни кесиб, ундан най ясабди. Ўзи яхши кўрган куйини чалмоқчи бўлиб найни пуфласа, куй ўрнига: «Искандарнинг бошида иккита шохи бор», деган овоз чиқаверибди.
Чўпон кўнгил қўйиб ясаган найини ташлагиси келмай, чалиб юраверибди. Искандарнинг иккита шохи борлиги элга тарқалаверибди.
Бу воқеа Искандарнинг қулоғига етибди. Подшо дарҳол чол сартарошни туттириб келтирибди. Подшо айғоқчилари чўпонни ҳам тутиб келибдилар.
Чўпон билан чол иккиси подшо олдида қалтираб туришиб, бўлган воқеани айтиб бир қошиқ қонларидан кечишни сўрабдилар.
Аммо подшо сартарош билан чўпоннинг бошларини кестирибди ва найни синдириб ташлабди. Лекин подшонинг шохли эканлиги эл орасига тарқалиб, узоқ замонларгача оғиздан оғизга кўчиб юрибди.