Ўтган замонда Хоразм мамлакатида бир подшоҳ ўтган экан. Унинг битта-ю битта ўғли бўлган экан. Ўғлига сироҳигарчиликни яхши ўргатиш, тарбия қилиш учун уни лашкар бошлиғи Беҳзодхонга топширган экан. Бола ёш бўлишига қарамай, кўп нарсани билиб олибди. Айниқса, сироҳигарчиликни жуда яхши ўрганибди. Эл-у юрт унинг ўқ отишига, найза ўйнашига қойил қолар экан. Подшоҳ бир кун қаттиқ касал бўлибди, шу касалдан тузалишига кўзи етмабди. Подшоҳнинг туғишган бир укаси бор экан. Уни чақириб шундай васият қилибди:
— Ука, жон бор ерда қазо бор. Менинг касалим оғир кўринади, ўғлим ҳам ёш. Мабодо шу касалим билан ўлиб кетсам, тожи-тахт сенга қолади. Бир неча йил ўғлимга мамлакатни идора қилиш тартибини ва паст-баланд ишларини ўргатиб, мустақил иш олиб борадиган бўлгунича унга тахтни берма. У дунёнинг иссиқ-совуғини яхши билгандан кейин мамлакатни идора қилиш ишини ўғлимга топшириб, ўзинг вазирлик мансабида тургин.
Подшоҳнинг укаси айтганингизни бажо келтираман, деб ваъда берибди.
Орадан кўп вақт ўтмай подшоҳ вафот этибди. Ўрнига укаси подшоҳ бўлибди. У подшоҳ бўлган кундан бошлаб, халққа чексиз жабр-зулм қилибди. Подшоҳлик қилиш, халқ устидан ҳукмронлик юргизиш унинг кўзига яхши кўриниб кетибди. Шаҳзодани қандай қилиб бўлса ҳам йўқотиш пайига тушибди. Шаҳзодани йўқотиш анча қийин эди. Чунки шаҳзода лашкар бошлиғи бўлган Беҳзодхоннинг қўлида тарбияланмоқда эди. Агар подшоҳ шаҳзодани ўлдирмоқчи бўлса, олдин Беҳзодхонга қарши курашиш керак эди. Беҳзодхон билан курашиш анча мушкул иш эди, бутун аскар унинг қўлида бўлиб, ўзи ҳаддан ташқари уста жангчи, кучли паҳлавон эди. Яна уни ўлдира олмаслигига сабаб, бутун Хоразм халқига шаҳзоданинг донғи кетган эди. Халқ: тез кунда тахтга ўтиради, деб шаҳзодадан умидвор бўлиб юрар эди. Мана шу сабаблар подшоҳни жуда қийнаб қўйди. Энди қандай қилиб бўлса ҳам олдин Беҳзодхонни йўқотишни ўйлаб-ўйлаб подшоҳнинг боши қотади-да, бир кун ўзининг энг яқин вазирларидан иккисини бир хилват ерга чақириб, ичидаги дардини айтади, улар подшоҳга йўл-йўриқ кўрсатадилар.
Вазирлардан бири:
— Эртага сиз Беҳзодхонни чақиринг. Чин-Мочинга юборилган савдогарларнинг молини Чин хоқони талаб олиб, ўзларини зиндонга солиб қўйибди, деб ёлғондан кўз ёши қилиб, ғамгин бўлиб ўтиринг. Беҳзодхоннинг жаҳли чиқиб, Чин-Мочинга бориб, зиндонга солинган кишиларни қутқариб келиш учун сиздан рухсат сўрайди. У бориб келгунча биз ўйлаган ишни қилиб оламиз, эҳтимол унинг ўзи ҳам ўша ёқда йўқ бўлиб кетса, ундан ҳам қутуламиз, — дебди.
Подшоҳга бу маслаҳат ёқиб тушади. У эртасига Беҳзодхонни чақиртиради. Беҳзодхон подшоҳнинг олдига кирганда, қўл қовуштириб таъзим қилибди:
— Э шаҳриёр, мени чақиртирган экансиз, қандай хизматингиз бор? — дейди. Подшоҳ пиёзнинг суви билан кўзини артиб, ёнидан қоғоз чиқариб:
— Мана бу нома Чин мамлакатидан келди. Чин хоқони савдогарларимизнинг молларини олиб, ўзларини зиндонга ташлаб қўйган эмиш. Бу кеча шу воқеани эшитиб қаттиқ хафа бўлиб ётган эдим.
Акам ўлгандан бери ҳеч тушимга кирмас эди. Раҳматли акам тушимга кирди: “Қўй, хафа бўлма, Чин хоқони бизларни менсимаган бўлса, уларнинг жазосини Беҳзодхон беради”, деб кўзимдан ғойиб бўлди. Уйғонсам, тушим экан. Тонг отгунча ухламадим. Шунинг учун сизни чақирдим. Сиз қандай маслаҳат берасиз? — деди.
Беҳзодхон:
— Агар Чин хоқони бизни менсимай савдога борган кишиларимизни зиндонга солган бўлса, сиз менга ижозат берсангиз Чин хоқонининг жазосини бериб, зиндондаги бечораларни қутқариб келаман. Ёки ажалим етган бўлса, жангда ўламан, — деди.
Подшоҳ ичидан севиниб:
— Албатта енгиб келасиз, биз сизнинг дуойи жонингизни қилиб ўтирамиз,— деб Беҳзодхонга ижозат берди. Беҳзодхон лашкарларини тузатиб, Чин-Мочинга юриш қилди. Подшоҳ бир қанча жойгача уларни кузатиб қўйди. Шаҳзода Асад ҳам булар билан бирга эди. Подшоҳ Асадга:
— Энди қайтайлик, — деди.
— Мен устозим Беҳзодхон билан бирга бораман, — деди унамай шаҳзода.
Подшоҳ:
— Ҳали сен ёшсан, урушдаги қийинчиликларни билмайсан,— деб ялинса ҳам шаҳзода унамади. Кейин подшоҳ зорланиб:
— Кўзимизнинг оқ-у қораси сенсан. Сендан ажралиб қолишни хоҳламайман, мени жудолик ўтига солиб кетма,— деб ёлворди.
Подшоҳга раҳми келган Беҳзодхон шаҳзодага бир қанча насиҳат қилиб, уни қолишга кўндирди. Беҳзодхонни жўнатгандан кейин ярамас ниятини амалга ошириш учун подшоҳга катта йўл очилди. Бир кун подшоҳ бир хилватда бир-икки киши билан ўтириб шаҳзодага беҳуш қиладиган дори қўшилган май берди, ҳушидан кетказиб оёқ-қўлларини боғлаб, уни махфий зиндонга ташлатди.
Шаҳзода икки ой зиндонда ётди. Икки ойдан кейин зиндондан олиб чиқиб, бир аравага ётқизиб, шаҳзодани кўчаларда айлантириб юрди. Чунки “Шаҳзода жинни бўлиб қолган, кимни кўрса шунга ҳамла қилади, ўзини ўзи тишлайди, шунинг учун қўл-оёқларига кишан уриб қўйилган” — деб шаҳарда овоза тарқалган эди. Мана энди, подшоҳ шаҳарнинг ҳар жой-ҳар жойида тўхтаб:
— Эй халойиқ, акамнинг шундай ўғли ақлдан озиб, девона бўлиб қолди. Бизнинг меросхўримиз, ишонган тоғимиз шу эди. Қанча дори-дармонлар қилдик, фойда бермади. Мана энди бир ҳафтадан бери ўликдай ҳушсиз ётибди. Кўпнинг дуоси қабул бўлади, дейдилар. Сизлар дуо қилинглар, шояд дардига шифо берса,— деб ёлғондан кўз ёши қилиб юради. Халқ араванинг устида ўлик сингари заъфарондек сарғайиб ётган шаҳзодани кўриб, кўзларига ёш олиб, “Худо дардига шифо берсин” — деб дуо қилади.
Подшоҳ кечқурун ўрдасига қайтади. У ҳийла билан халқдан ҳам хотиржам бўлиб олади.
Энди шу кеча шаҳзодани ўлдириш керак. Агар Беҳзодхон Чин-Мочиндан тирик келса, шаҳзоданинг ўлимига халқнинг ўзи гувоҳлик беради.
Шаҳзодани зиндонда сақлаб турувчи зиндонбон подшоҳнинг бу кирдикорлари ва ҳийла-найрангларидан хабардор эди. У ўйлаб туриб: “Неча йилдан бери қул бўлиб, юртма-юрт сотилиб юрибман. Ёшим бўлса етмишга кирди. Шундай қийналиб юргунча ўлим минг марта афзал. Шу бола-ку гуноҳсиз. Бу кеча подшоҳ уни ўлдиради. Бир отга болани мингаштириб қочсам, уни ўлимдан қутқарсам, агар қўлга тушсам мени ҳам ўлдириши муқаррар, ўлим-ку мени ҳар дақиқа кутиб турибди. Шу болага ҳам бир яхшилик қилай”, деди. Зиндонбон подшоҳнинг эгарланган яхши отини олиб чиқди, шаҳзодани отга миндирди, отга ўзи мингашиб “ҳайё-ҳайт” деб жўнаб кетди.
Ярим кечада подшоҳ кириб қараса, зиндонбон ҳам, шаҳзода ҳам йўқ. Қидириш учун ҳар тарафга махфий одамлар юборди. Одамларнинг ҳеч қайсиси уларни тополмади. Шаҳзода билан қулнинг мингашган оти жуда учқур эди. Булар тонг отган пайтда бир тоғга етдилар. У ер кўкаламзор, сувлар оққан, булбуллар сайраган, хушҳаво бир жой эди. Ҳалиги бечора қул шаҳзодани шу ерда отдан туширади. Қирғовул, каклик, ҳар хил қушларни ов қилади, шаҳзодага оз-оз кабоб қилиб бериб, тез кунда уни тузатади. Шаҳзода энди аввалги аслига қайтади. Улар яна йўлга тушадилар, йўл-йўлакай ов қилиб, бир неча кун деганда Миср мамлакатига етиб борадилар. Ҳалиги қулнинг ўзи асли мисрлик эди. Ундан ташқари шаҳзоданинг Мисрда бир опаси бор эди. Шаҳзоданинг опаси Мисрдаги бир савдогарга узатилган эди. Қул ўз қариндошлари билан топишгандан кейин шаҳзодани бир неча кун меҳмон қилиб, кейин уни опасиникига олиб боради. Опаси шаҳзодани жуда яхши кутиб олади. У бошидан кечирган воқеаларни бирма-бир опасига айтиб беради. Опаси укасининг кўрган қийинчиликларини эшитиб йиғлайди, уни ўлимдан қутқарган қулга миннатдорчилик билдириб, кўп инъомлар бериб жўнатади.
Шаҳзода борган пайтда поччаси савдога чиқиб кетган экан. Савдогарлар ҳар йили бир марта эрта кўклам савдога чиқиб, кеч куз қайтиб келар эканлар. Кунларнинг бирида опаси шаҳзодага:
— Ука, сенинг бир латтафуруш қўлида хизматкор бўлиб юришингни хоҳламайман. Ҳозир поччанг савдода, у келгандан кейин уни қил, буни қил деса мен кўтара олмайман. Шунинг учун сен бир тузукроқ иш топиб, ўзингни халққа кўрсатсанг яхши бўлар эди, — деди.
Шаҳзода ичида “Ҳалитдан опамга малол келиб қолганга ўхшайман”, деб ўйлади ва:
— Хўш, қандай иш қилсам бўлади, опа? — деб сўради.
Опаси:
— Яқинда карвонлар Шомга сафар қилади. Мен сенга бир қанча дастмоя берсам, сен ҳам улар билан қўшилиб, ўша мамлакатдан мол келтириб сотсанг, шундай қилиб бир иш билан шуғуллансанг, тез кунда дунёнинг аччиқ-чучугини тотиб, ўз йўлингни топиб олар эдинг, — деди.
— Хўп бўлмаса, майли, опа, борганим бўлсин, — деди шаҳзода.
Опаси шаҳзодага йўл жабдуғини ростлаб, қўлига саксон тилла пул беради ва саройга бориб, укасини савдогарлар билан таништириб, бирга сафарга олиб кетишларини сўрайди.
Шаҳзода опаси билан хайрлашиб йўлга чиққандан кейин от устида ўйлайди: “Энди бу саксон тиллани олиб савдогарга қўшилиб, у шаҳардан бу шаҳарга латта-путта, темир-терсак ташиб юрамизми дейман. Қўй-ей, мен савдогарларга қўшилмайман. Шаҳар дарвозасидан чиққандан кейин отнинг бошини ўз ихтиёрига қўйиб, биёбон сари йўл тортаман. Йўлда биронта ўғри, муттаҳам қароқчилардан учраб қолгудай бўлса жанг қилиб, уларни ўлдираман ва халқни кулфатлардан қутултираман. Бўлмаса мана шу от билан саксон тиллани бой бераман. Ўзим бўлса ўлим кишиси эдим”, — деди-да, шаҳар дарвозасидан чиқиб, ҳалиги учқур отга бир-икки қамчи уриб, ўз ихтиёрига қўйди.
Учқур от шамолдек елиб, қирма-қир, тоғма-тоғ ошиб кетаверди. Еттинчи куни ярим кечада бир шаҳарга етди. Шаҳар дарвозаси берк экан. Шунинг учун шу кеча шаҳардан ташқарида ётишга тўғри келди.
Ярим кеча. Ҳамма ёқ жимжит. Шаҳзода Асаднинг ҳеч уйқуси келмайди. Ҳайрон бўлиб отнинг ёнида бошидан ўтган саргузаштларини ўйлаб ўтирган эди, қалъа деворининг устида бир одам шарпаси пайдо бўлди. Деворнинг баландлигидан ҳалиги шарпа мушукдай бўлиб кўринар эди. Борган сари Асаднинг ўтирган жойига яқинлашиб келди-да, бир нарсани ташлади. Ташланган нарса шалоп этиб сувга тушди. Ўша пайтда мамлакатни ёвдан сақлаш учун шаҳарнинг ташқарисида хандоқ қазиб қўйилар эди. Шаҳзода ўйлаб туриб: “Бу бевақт юрган одам, албатта, тўғри одам бўлмаса керак. Бу одамнинг шериклари ҳам бордир. Улар подшоҳнинг қасридан ёки бирор бойнинг уйидан қимматли нарсаларни ўғирлаган бўлсалар керак. Улар, албатта, ўғирлаган молнинг ҳаммасини шу ерга келтирадилар, сўнг мен чиқаман-да, улар билан уришиб, қўлларидаги молларини тортиб оламан ва ўзларини шу ерда маҳкам ушлаб тураман. Тонг отиб дарвоза очилгач, уларни ўғирлаган нарсалари билан дарвозабонга топшираман”, деб ўйлади ва кутиб ўтирди. Ҳалиги ўғри қайтиб келмади. Борган сари тонг ота бошлади. У ёқ-бу ёқдан азон товуши ҳам эшитилди, ҳалигидан дарак йўқ. “Оббо менинг толейим шу ерда ҳам ёрий бермади. Улар қўлга тушиб қолганга ўхшайди, бўлмаса келган бўлар эдилар. Ҳа майли, энди бизга насиб этгани шу экан-да”, деб ўрнидан туриб сандиқнинг тепасига борди. Сандиқ сувда сузиб юрган экан. Уни олиш учун қийналди. Сандиқни сувдан олиб қараса, у қулфланган экан. Сандиқни машаққат билан очди. Қараса, кутилмаган бир ҳодиса: сандиқда бир қиз қип-қизил қонга беланиб ётибди. Чап қўли аралаш пичоқ еган. Қон кўп оққанидан қиз ўзини билмай, ҳушсиз ётибди. Қизнинг чиройини кўриб шаҳзода ҳайрон бўлиб турганди, қизнинг димоғига шамол тегиб, ҳушига келди ва кўзини очмасдан, майин овоз билан инграб:
— Э золим, мени ўлдирадиган бўлсанг ўлдирмайсанми, — деди.
Шаҳзода Асад:
— Сизни ўлдирадиган қўлларим синсин, қайси золим сизга раҳмсизлик билан ханжар урди? — деб йиғламсираб гапирди.
Қиз кўзини очиб тепасида бир бегона йигитнинг турганини кўрди-да, унга ёлвориб шундай деди:
— Яхши йигит, мана шу ердан гўр қазиб, мени кўминг, бўйнимдаги марваридларни олинг, сизга ҳалол бўлсин. Лекин бу сирни ҳеч кимга айтманг, — деди-да, ҳушидан кетди. Шаҳзода:
— Ҳе, менинг устозим тирик одамни кўминг деб ўргатган эмас, — деди. Сандиқни қайтадан қулфлади, отга ўнгариб шаҳарга томон йўл олди. Тонг отиб шаҳар дарвозаси ҳам очилган эди. Асад тўппа-тўғри шаҳарга кириб савдогарлар тушадиган саройга борди. Саройбон унга ҳужра тайин қилди. Ҳужрага кириб қизни сандиқдан олиб, палос устига ётқизди.
Қизнинг яраланган қўлини вақтинча бўлса ҳам шоҳи рўмол билан бўғиб қўйди. Ўзи ҳужранинг эшигини қулфлаб, табиб қидириб кетди. Асад шаҳар кўчаларида юриб, ундан-бундан суриштириб энг машҳур табиблардан бирини топди. Табиб дўконда ўтирган экан. Асад табибга салом бериб:
— Отажон, бизнинг бир беморимиз бор эди. Агар малол келмаса, бориб кўрсангиз, — деди.
Чол:
— Мен пиёда юролмайман, агар от келтирсангиз боришим мумкин, — деди.
Шаҳзода саройга қайтиб ўз отини эгарлаб борди, табибни отга миндириб қизнинг қошига олиб келди. Чол ҳужрага кириб, палос устида ҳушсиз ётган қизни кўриши биланоқ боланинг юзига бир тарсаки урди. Шаҳзода: “Чол қизни танидими” деб хавфланиб шошиб қолди. Чолнинг қўлларини ўпиб:
— Отажон, нимага урдингиз?— деб сўради.
— Қандай золим, шафқатсиз йигитсан, бу гўзал маҳбубани шундай аҳволга соласанми? Сенда инсоф деган нарса борми? — деди чол.
Шаҳзода чолнинг қизга ачинганлигидан уни урганини фаҳмлаб, шошиб-пишиб ёлғон-яшиқни гапириб кетди.
— Отажон, биз савдогарлар аҳлиданмиз. Ота-онам, синглим, ҳаммамиз бирга сафар қилган эдик. Бир тоғнинг бағрига келганимизда қароқчиларга дуч келдик. Ота-онам уларнинг қўлида ўлди. Мен бир жойга яшириниб қолган эдим, чиқиб қарасам синглим қонга беланиб ётибди. Жони бор экан, бир сандиққа солиб, отга ўнгариб келавердим.
Чол қароқчиларни қарғади ва:
— Майли энди, ўғлим, саксон тилла берасан, синглингни даволайман. Шифо топиб, тузалиб кетади. Аммо яраси оғир. Бунинг дорисига ҳам анчагина пул керак, — деди.
Шаҳзода ичида, саксон бир тилла десанг ҳам иш чатоқ бўлар эди,— деб опаси берган саксон тиллани чолнинг қўлига тутқазди. Чол пулни кўриб:
— Синглингни бир ойга қолдирмай тузатиб бераман, — деди. Ўша куни дори-дармон қўйиб, ярани бойлаб кетди.
Шундай қилиб, чол ҳар куни келиб турди. Орадан беш-олти кун ўтгандан кейин қиз анча соғайиб қолди. Ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа юриб, чол келганда гаплашиб ўтирадиган бўлди. Шаҳзода қизни шундай севиб қолдики, қиз гап сўраса, ерга қараб жавоб берарди. Агар қиз қарамай турган бўлса, ундан ҳеч кўз узолмас эди. Қиз нима деса, “Хўп” дер эди. Кунлардан бир кун Асад қизга:
— Сизни ким ярадор қилган эди? — деб сўраган эди қиз:
— Ҳали айтишнинг вақти эмас,— деб жавоб берди. Шу билан яна қайтиб сўрамади. Орадан йигирма етти кун ўтди, йигирма саккизинчи куни табиб келиб қизнинг қўлини ечиб қўйди.
— Энди тузук бўлдинг, қизим, ҳар қандай овқатдан ҳам парҳез қилмай еявер, — деди. Шаҳзода саксон тиллани табибга бергандан кейин ёнида бошқа пули бўлмаганлиги учун отини арзон-гаров сотган эди. Ўзларига, сўнгра чолнинг ҳар кун келишига ош-сув қилиб, сарой ижарасига бериб, отнинг пулини тугатган эди.
Қиз шаҳзодада пул тугаганлигини сезди. Ўз ўйлаганининг тўғри ёки нотўғрилигини билиш учун шаҳзодага:
— Шу пайтда барра кабоб бўлса, еяр эдик, — деди.
Бу сўзни эшитиб, шаҳзодани тер босди. Худди томнинг тагида қолган одамдай қийналди. Қиз кулимсираб:
— Раҳмат, бор-йўғингизни менга сарф қилдингиз, миннатдорман. Мен шунчаки, ҳазил тариқасида гапирдим, кўнглингизга ҳеч қандай ташвиш тушмасин. Менга бир қоғоз билан қалам келтиринг, — деди.
Шаҳзода қоғоз билан қалам ҳозирлади. Қиз қоғозга нимадир ёзди ва буклаб, очмаслик шарти билан шаҳзоданинг қўлига узатиб:
— Шаҳарнинг фалон жойида бир дўкон бор, унда чол ўтиради.
Чолнинг қўлига шу хатни берасиз, у қўлингизга бирор нарса беради, олиб келинг, — деди.
Шаҳзода ҳужрадан чиқиб, қиз тайин қилган растага борди. Борса бир дўконда чол ўтирибди. Соқолларининг толасига марварид таққан, икки ёнбошида икки ёстиқ, бир хизматкор уни елпиб ўтирибди, Шаҳзода салом берди. Чол саломига алик ҳам олмасдан:
— Менда қандай юмушинг бор? — деб сўради.
Шаҳзода унга хатни узатди, чол ёнбошлаган ҳолатда хатни очиб кўриб, ўрнидан сапчиб турди. Шаҳзоданинг келган йўлига қараб уч марта таъзим қилиб, кейин у билан сўрашди. Дарров дўконини беркитиб, шаҳзодани эргаштириб уйига жўнади. Уни эшикда қолдириб, уйига кириб кетди. Бироздан кейин бир кишига тоғорада ўроғлик бир нарса кўтартириб чиқиб:
— Сиз койиманг, борадиган жойингизгача тоғорани мана бу ғулом элтиб беради, — деди.
Шаҳзода ғуломни бир қанча жойгача эргаштириб келди. Кейин тоғорани унинг қўлидан олиб:
— Сиз қайтишингиз мумкин. Ўзим олиб кетаман, — деди.
Асад тоғорани кўтариб саройга келди, ҳужранинг эшигини тақиллатди, қиз эшикни очди.
— Хўш, қани очиб кўринг-чи, нима берган экан, — деди. Шаҳзода тоғорани очди. Қараса, тоғора тўла олтин. Қиз:
— Назари пастлик қилибди, — деди.
Шаҳзода ҳайратланиб, “муҳри йўқ бир кичкина қоғозга шунча олтин берса ҳам “назари пастлик қилибди”, дейди. Бу қандай қиз ўзи,— деб ўйлади.
Қиз шаҳзодага:
— Мана бу пулдан олинг. Ўзингизга қимматбаҳо кийимлар сотиб олинг, — деди.
Асад ҳаммомга тушиб, янги кийимлар кийиб, ҳужрага келди. Қиз эшикни очди. Шаҳзодани кўриб беихтиёр таъзим қилди. Орадан бироз вақт ўтгач, қиз шаҳзоданинг қўлига бир қоғоз узатди. Қараса, қоғозга бир ҳовлининг сурати тортилган.
— Мана шу ҳовли шу шаҳарда бор, — деди қиз. — Ҳовлининг эгаси ўтакетган бой, ҳовлини сотмайман деганига ҳам қўймайсиз. Агар ҳовлининг баҳоси бир тилла бўлса, сиз юз тилла берсангиз ҳам сотиб олинг, кейин шу ҳовлига кўчиб борамиз.
Шаҳзода ҳовлини излаб топди, ўртага киши қўйди, кўп пул бериб, ҳовлини сотиб олди. Сўнгра ҳовлига қиз билан кўчиб борди. Қиз ҳовлига бориб олгандан кейин йигитга:
— Ҳар бир киши дўст орттириши лозим. Шу шаҳарнинг баззозлик растасида бир дўкондор йигит бор, ўзи кўп ақлли, ҳушёр йигит; чиройда сизга ўхшайди. Шу йигит билан дўст бўлиб олинг, мен сизга дўст бўлиш йўлини ҳам ўргатаман. Унинг дўконида қимматбаҳо кийимликлар бўлади. Сиз энг яхши кийимликлар сўрайсиз. Бир тиллалик буюмни ўн тилла деса ҳам савдолашмай сотиб оласиз. У бой эканлигингизни кўриб сиз билан дўст бўлади, — деди.
Шаҳзода ичидан рашк қилса ҳам ноилож “Хўп” деди. Қизнинг тайин қилган жойига борди. Қараса, бир дўконда қизнинг айтганидек жуда ҳам хушсурат бир йигит ўтирибди. Дўкони ҳар хил қимматбаҳо кийимликлар билан тўлган. Шаҳзода йигитнинг қаршисида тўхтаб, у билан сўрашди. Асад қимматбаҳо моллардан танлаб олиб, йигит нима деса, айтганини санаб берди ва у билан хайрлашиб жўнади. Келтирган моллари қизга маъқул бўлди.
Орадан бир неча кун ўтгач, қиз яна янги кийимликлар келтиришни буюрди. Шаҳзода яна ўша дўконга борди. Бу сафар дўкондор уни жуда ҳурмат билан кутиб олди. Асаднинг хоҳлаган молларини бериб, унинг қайтишида: “Мусофирга ўхшайсиз, бугун, агар имкон бўлса, бизникига келсангиз, суҳбатлашсак, жуда миннатдор бўлар эдим”, деди.
Шаҳзода йигитга ваъда бериб қайтди ва қизга бўлган воқеаларни айтиб берди. Қиз:
— Майли, боринг, қайтишингизда ўша йигитни ҳам уйга таклиф қилинг, — деди.
Шаҳзода меҳмондорчиликка борди. Ўтириш бир кеча-ю бир кундуз давом этди. Асад зиёфатдан қайтишда уй эгасини ҳам меҳмонга айтди. Уйга келиб дарвозани тақиллатди. Қиз чиқиб эшикни очди. Қизга бўлган воқеаларни айтиб берди. Меҳмон чақирилган кун жума эди. Қиз:
— Эрталаб дўстингизнинг дўконига боринг, у билан гаплашиб ўтириб, намозжумадан кейин уни уйга ўзингиз билан бирга бошлаб олиб келинг, — деди. Шаҳзода қизнинг айтганини қилди. Аммо у қилаётган ишларининг тагида қандай сир борлигини билмас эди. Асад қизни ранжитмаслик учун, унинг буйруғини бажаришга тайёр эди. Шунинг учун истар-истамас йигитнинг дўконига борди. Уч-тўрт соат ўтгандан сўнг йигит билан уйга қайтди. Асаднинг олган ҳовлиси узун бир кўчанинг бошида бўлиб, дарвозаси узоқдан кўриниб турарди. Қараса, дарвозанинг икки ёнида икки ясовул турибди. Шаҳзода: “Во ажабо, бу қандай сир”, деб ҳайрон бўлди. Меҳмон йигит эса ичида “бу йигит ўтакетган бой ёки бўлмаса шаҳзода, деб ўйлаганим тўғри чиқди”, деб шундай йигит билан дўстлашганлиги учун ўз-ўзидан хурсанд бўлди. Шаҳзода:
“Ўзим ўлим кишиси эдим, энди меҳмоннинг олдида орқага қайтиш яхши эмас. Майли, энди бўлар иш бўлди, бошимга нима тушса, кўраман”, — деб дадиллик билан юра берди. Эшикнинг олдига келгач ҳалиги икки ясовул қиличларини суғуриб тиз чўкиб таъзим қилди ва сўнгра ичкарига таклиф қилди. Меҳмон билан шаҳзода ичкарига кирди. Қарасалар, юрадиган йўлларига ҳам пояндоз солинган, ҳовлида гуллар очилган, булбуллар сайраган, ҳар хил қушлар кукулашиб юрибди. Сувнинг бўйида бир шоҳсупа, шоҳсупанинг устида палослар солиғлик, дастурхонлар безатилган. Дастурхонда ҳар хил овқат, турли-туман мевалар, ичимликлар — ҳаммаси муҳайё. Ҳовлида бир қанча қул-чўрилар хизмат қилиб юрибди. Асад меҳмонни ҳалиги супа устига ўтқазди. Ўзи қизни қидириб, уйларга бирма-бир кирди. У уйга кирса йўқ, бу уйга кирса йўқ. Охирида бир уйга кирса, қиз шаҳзодани кўриб:
— Уятсиз, меҳмонни ёлғиз ташлаб, ўзингиз бу ёқда нима қилиб юрибсиз? — деди.
Шаҳзода ҳаяжонланиб:
— Мен жуда ҳайрон бўлиб қолдим. Уйдан чиқиб кетганимда бундай нарсалар йўқ эди. Булар қаёқдан пайдо бўлиб қолди? — деди.
— Буларнинг сабабини сўраманг, қул-чўриларга хизматни буюраверинг, меҳмоннинг кўнгли нима билан хурсанд бўлса, шуни қилинг. Бунинг сабабини кейин айтаман, — деди қиз.
Шаҳзода уйдан чиқар олдида қиз:
— Дарвоқе, тунов кун меҳмонга борганингизда йигитнинг хотини яхши ашула айтар экан, деган эдингиз. Йигит ўз севгани билан бирга ўтирса жуда хурсанд бўлади. Шунинг учун уни олиб келтиришни сўрасангиз йўқ демас, — деди.
Йигит уйдан чиқиб меҳмон ёнида бироз ўтиргандан кейин унга:
— Шу ўтиришда маҳбубангиз ҳам бўлса яхши бўлар эди, — деди.
Меҳмон бу сўзни эшитгач, уйга киши юбориб, хотинини ҳам келтирди.
Ўтириш яхши бўлди. Созандалар соз чалди, канизлар ўйнади, келган меҳмон ҳам хушовоз эди. Унинг хотини эса, шундай хушовоз эдики, қўлига дутор олиб, эрига жўр бўлиб ашула айтганда, ҳар қандай тошюракни ҳам эритиб юборар эди.
Ўтиришдагиларнинг ҳаммаси кайф-у сафо қилиб, учиб қолди. Шаҳзода эртаси кун чоштгоҳ вақтида қуёшнинг ҳароратидан томоғи қақраб кўзини очди. Майнинг таъсири билан каллалари хумдай шишган эди. Томоқларини ҳўллаб олиш учун сув ахтара бошлади. Гандираклаб ариқ лабига борди. Юз-қўлини ювиб, бир-икки ҳўплам сув ичди. У томоғини ҳўллаб олгандан кейин атрофига қараса, қайси кўзи билан кўрсин ҳовли жимжит. На келган меҳмонлар бор, на кечаги қул-у чўри ва на севган қизи — ҳеч қайсиси кўринмайди. Эсини йиғиб олиб, шошиб-пишиб, уйдан-уйга ўтиб уларни ахтара бошлади. Жуда ҳайрон бўлди: “Энди ишимиз қандай бўлди?” деб сукутга кетди. Лекин бирдан қоронғу босган кўзлари уйнинг тўрида тахлоғлик турган бир гиламга тушди. “Эй, номард қиз, уйнинг васиқаси йўқлигини билиб, мана шу гиламни сотиб, йўл кира қилиб кетсин, деган бўлса керак, у шарманданинг шу қилганига мана шу гиламни куйдириб, ҳовлига ўт қўйиб кетаман” деб ўйлади. Бориб гиламни тортса, гилам оғир, жаҳли билан селпиб юборган эди, гиламнинг орасидан икки тана тушди. Боши йўқ. Диққат билан қараса, уйга чақириб келтирган ўша икки навқирон меҳмоннинг жасади қир-қизил қонга беланиб ётибди. Вақтсиз ўлган бу икки навқиронни бу ҳолатда кўриб, ўзини тута олмади.
Шаҳзода юртидан ажралиб, беватан бўлиб юрганлигига, севган қизидан ажралганига ва икки навқироннинг бемаҳал ўлганлигига юракдан эзилиб, йиғлаб турган эди, дарвоза томондан от дупури эшитилди, бирдан дарвоза шарақа-шуруқ қилиб қолди. У: “Бу ерда одам ўлдирилганлиги подшоҳга маълум қилинган бўлса, бу отлиқлар мени тутгани келаётган кишилар бўлса керак. Мен энди, шундай иш кўрсатайки, ўз замонасида бу ишни Рустам-Достон ҳам қилмаган бўлсин” деди-да, сапчиб ўрнидан турди. У отлиқ эшикдан кириши биланоқ ёқасидан хирпа бўғиб, кўтариб ерга урди. Ясовул ерда ётган ҳолда биғиллаб: ”Бироз тўхта”, деб ишора қилди.
— Нима дейсан? — деди унинг томоғини бўшатиб Асад.
— Бир қизни тарбия қилган эдингми? — деди ясовул.
— Ҳа, тарбия қилган эдим, — деди.
— Мени ўша қиз сени чақириб келиш учун юборди, — деди. Шаҳзода дарров унинг кўксидан тушиб, узр айтди. Ясовул:
— Қўй-е, жуда мазанг йўқ одам экансан, одамни оз бўлмаса ўлдириб қўяй дединг, — деди.
Иккиси подшоҳ ўрдасига келди. Дарвоза олдида турган икки ясовул бир-бирларига қилични уриштириб олиб киришга ижозат бергач, шаҳзода ичкарига кирди. Шаҳзода қараса, уст-устига солинган уч қават иморат. Ҳовлига кириши биланоқ кечаги хизмат қилиб юрган қул-чўриларни, ўз уйига оро берган бутун жиҳозларни кўрди. Яна гуллар очилган, булбуллар сайраган. Иморатнинг биринчи қавати жуда зийнатланган, ажойиб буюмлар билан безатилган, иккинчи қавати ундан ҳам зийнатлироқ, учинчи қавати эса улардан ўта гўзал ва зийнатли хона эди. Шаҳзода атрофга қараб, қуролланган саккиз юз йигитнинг курсида ўтирганини кўрди. Энг юқорида бир тахт устида ниқобланган қиз ўтирибди. Асад қизга таъзим қилди. Қиз Асадни ҳурмат қилиб, ўрнидан турган эди, йигитлар ҳам баравар ўринларидан туриб Асадга таъзим қилдилар. Қиз шаҳзодани иззат-икром билан юқорига ўтқазди, уч кунгача зиёфат берди.
Учинчи куни:
— Яхши йигит, — деди малика.
— Лаббай,— деб ўрнидан турди шаҳзода. Малика:
— Мусофирни сийламоқ уч кун, тўртинчи кунга ўтиб кетди. Нимага кетаман демайсиз, — деди.
— Э маликам, мени қулларингиз қаторида кўрсангиз, мен шу ерда қолиб ишласам, кетиш мутлақо хаёлимда йўқ, — деди.
— Менинг қулим кўп, ҳеч қандай қулга эҳтиёжим йўқ, меҳрибончилигингиз учун раҳмат. Истасангиз жўнай берасиз, — деди малика ва хизматкорларига қараб:
— Бу кишининг хизмат ҳақини чиқариб беринг, — деди.
Хизматкорлар бир халтада тилла чиқариб беришди. Қиз:
— Мана бу хизмат ҳақингиз, энди, истасангиз жўнай берасиз, — деди.
Асад:
— Мен бу даргоҳдан чиқиб қаерга ҳам бораман. Нима бўлса ҳам мени шу даргоҳдан йироқ қилманг,— деб ялинди.
Малика:
— Гапни кўп узайтирманг, мана бу олтинларни олиб, тезда юртингизга жўнанг. Бу олтин сизнинг етти пуштингизга етади. Мабодо ўғрига олдириб қўйсангиз, менга хат ёзинг, мен сизга яна олтин юбораман, хўп, энди хайр, — деди. Шаҳзода тағин:
— Маликам,— деб сўз бошлаган эди, малика ғазабланиб, “жаллод” деб қичқирди. Икки жаллод пайдо бўлди. Малика:
— Олиб чиқ буни, ҳайдаб юбор, — деди.
Икки жаллод шаҳзоданинг икки қўлидан ушлаб ташқарига қараб етаклади. Кетидан халтадаги олтинни кўтариб бир ясовул ҳам эргашди. Жаллодлар шаҳзодани аркнинг биринчи қаватидан олиб тушиб келаётганида шаҳзода ичида: “Бу нима деган хўрлик. Мен бу ердан чиқиб, энди қаёққа бораман”, деб ўйлади. Ҳар икки жаллодни уриб, ирғитиб юборди. Буни кўриб турган бир ясовул шошиб-пишиб маликага хабар берди:
— Жаллоднинг ҳар иккисини ирғитиб юборди. Бирининг қўли узилди, бирининг бўйни, — деди. У сўзни тугатар-тугатмас шаҳзода қайтиб кирди:
— Маликам,— деб сўз бошлаган эди, қиз сапчиб ўрнидан туриб қилич суғурди, ўтирган саккиз юз йигит ҳам ўрнидан туриб, баравар қилич суғурди.
— Жаллод,— деб қичқирди малика.
Ҳайбатли бир жаллод пайдо бўлди.
— Олиб чиқ буни, олиб чиқиб ташла! — деди. Жаллод келиб шаҳзоданинг ёқасидан ушламоқчи бўлди, шаҳзода ундан олдинроқ жаллоднинг ёқасидан бўғиб, қаттиқ зарб билан ерга урди.
— Оёқларингни узат, — деди.
Жаллод қўрққанидан оёқларини узатди.
— Қўлларингни енгинг ичига ол, қимир этмай ётасан, агар қимирласанг тепаман,— деб даҳшат қилди. Жаллод шаҳзоданинг буйруғини кутиб, қимирламай ётди. Ғазабланган шаҳзода:
— Мана, жаллодингизнинг аҳволи, маликам, — деди. Сиз жаллодга шундай буйруқ қилиб, жаллод, кел, одобсиз йигитни олиб чиқиб бошини кес! денг. Шу шарт биланки, мени ўлдириб сизнинг юрадиган йўлингизга кўмсинлар. Сиз менинг қабримни босиб ўтганингизда руҳим бироз шодланиб турса бас, — деди. — Агар сиз жаллодга шундай буюрмас экансиз, мана шу ўтирган саккиз юз азамат йигитингизга ҳам бас келишим турган гап, — деди.
Малика кулимсираб:
— Мени шунақа яхши кўрасизми? — деди.
Шаҳзода:
— Албатта, ҳар қандай буйруғингиз бўлса ҳам бажаришга қодирман. Агар сиз ер юзидаги тоғларни ҳовончага солиб янчиб, элакдан ўтказгин, юрагингдан қон олиб ерни қизартиргин деб буюрсангиз ҳам бажараман, буйруғингиздан асло бош тортмайман, — деди.
— Ундай бўлса, чиқиб кетинг, — деди малика. Шаҳзода таажжубланди. Малика:
— Нима қилиб ўйланиб қолдингиз. Йигит ўз сўзига эга бўлиши керак. Мен буюраман, марҳамат қилиб мана бу ҳақингизни олиб, бу ердан чиқиб кетинг, — деди.
Шу фурсатда эшикдан бир элчи кириб келди. Маликанинг қўлига бир нома берди. Малика номани ўқиб жуда хурсанд бўлиб кетди: йигитларга қараб:
— Отам саёҳатга кетган эдилар, қайтибдилар. Ҳаммангиз отамнинг истиқболига чиқингиз, — деди ва шаҳзодага: — Хўп, энди сизга ҳам хайр, — деди.
Шаҳзода:
— Хўп майли, мен кетаман, аммо менга бу олтинингизнинг ҳожати йўқ. Менга бир дурустроқ от беринг, унда мукаммал қилич-қалқон, ёйлар бўлсин. Биёбонларда юриб сизнинг фироқингизда ов-овлаб умр ўтказсам, менинг жуда катта давлатим шу бўлади, — деди.
Малика Асаднинг айтганларини тайёр қилдирди. Шаҳзода отга миниб, малика билан хайрлашди. Маликанинг одамлари кетган томонга йўл солди. У шаҳар дарвозасидан чиқиб қараса, подшоҳ бир қанча минг аскар билан келаётир. Асад тўғри подшоҳнинг олдига бориб, унга салом бериб, қўлини ўпди:
— Тақсир, мен Хоразм шаҳзодаси бўламан. Қизингизга уйланиш учун Хоразмдан келган эдим. Сиз саёҳатга кетган экансиз. Албатта, йўқ демаслигингизга ишонаман. Подшоҳ ғазабланиб:
— Бу нима беодоблик, сен Хоразм шаҳзодаси экансан, ундан катта бўлганингда ҳам қизимни сендек беодобга бермайман, — деди.
— Бермасангиз уруш майдонини тайин қилинг, барибир зўрлик билан бўлса ҳам қизингизни оламан, — деди шаҳзода.
Подшоҳ заҳарханда кулиб:
— Башарангга қараса туппа-тузук одамга ўхшайсан. Айт-чи, сени қай вақтда жин чалган. На лашкаринг бор, на тайининг. Мен билан қандай қилиб жанг қиласан? — деди ва ғазабланиб қиличини қинидан суғурди.
Шаҳзода ҳам қилич кўтарди. Иккиси қиличлашишди, подшоҳ ярадор бўлди. Подшоҳнинг аскари Асаднинг устига ёпирилди. Асад уларга қарши кескин урушга кирди. Кеча-ю кундуз жанг қилди. Отига ўқ тегиб йиқилса, бошқа отни олиб минди. Подшоҳнинг кўп аскарларини қириб ташлади.
Малика равоққа чиқиб дарвозани очиб томоша қилиб ўтирган экан, Асад яраланиб қолган отни югуртириб аркнинг тагига келиб:
— Эй маликайи бевафо, томоғим қақраб, ўларга етдим. Сенинг қўлингдан бир қултум сув ичиб, ўлсам армоним йўқ эди, — деди.
Малика бунинг мардлигини кўриб, қилган ишларига пушаймон еб ўтирган эди. Бирдан шошиб орқасига қайрилмоқчи бўлганда, деразадан тушиб кетди. Шаҳзода қараса, малика равоқдан йиқилиб, пастга тушиб келаётибди. Ерга тушиб майиб бўлмасин, деб эпчиллик билан маликани ушлаб олди. Маликанинг зарбига ўзи ҳам йиқилаёзди. Дарров маликани отга мингаштириб, шошиб жўнаб қолди. Подшоҳ ярадор бўлиб қолгани учун уларни ҳеч ким қувламади. Битта-яримта қувлаганларни ҳам шаҳзода ўлдириб кета берди. Бир кўкаламзорга бориб шаҳзода ва малика отдан тушдилар. Шаҳзода жароҳатланганидан, қон кўп оқди:
— Хайр энди, маликам, мендан рози бўлинг, — деб ҳушидан кетди. Малика йиғлаб, нима қилишини билмай, ўзича ўйлади. Сўнгра шаҳзоданинг қонли кийимларини кийди. Шаҳзодага эса ўзининг кийимларини кийдирди. Уни бир ғорга қўйиб, отга миниб шаҳарга қайтди.
Шаҳарда одамлар ўлик ташиб юрган экан, подшоҳ аскарлари маликани кўришлари биланоқ “шаҳзода” келяпти деб қочишди. Малика ўзини муолажа қилган табибнинг дўконига борди. У табибга:
— Жароҳатга керакли дориларингнинг ҳаммасини йиғиштирасан, ўзинг отга мингашиб, мен билан бирга кетасан. Боргандан кейин бирорта дори эсимдан чиқибди, десанг, бошингни танингдан жудо қиламан, — деди. Чол ҳам қўрқиб дориларини йиғиштирди, отга мингашиб тўппа-тўғри шаҳзода ётган ғорга келди. Малика чолни отдан тушириб:
— Мана шу йигитни тузатсанг, жуда кўп олтинлар бераман. Тузата олмасанг қиличдан ўтказаман, — деди. Чол йигитнинг жароҳатларини кўриб ҳайрон бўлди:
— Вой-бўй, болам, бунинг яраси оғир, жуда кўп ўқ еган. Йигитнинг одам бўлишидан одам бўлмаслиги кўпроқ. Лекин тузатишга ҳаракат қиламан. Тузата олмасам ўлдирсанг ўлдирарсан, — деди.
Малика чолнинг гапини эшитиб:
— Нима қилсангиз ҳам шуни тузатиб беринг,— деб ялиниб йиғлади. Чол шаҳзодани муолажа қила бошлади. Малика шу атрофдаги тоғларда ов қилиб, ов гўштидан йигитга пишириб бериб турди. Шаҳзода кундан-кунга тузала борарди.
Орадан кўп вақт ўтмай, қизнинг отаси подшоҳ ҳам сиҳат топди. Қизининг қочиб кетганлигини эшитиб, аламига чидаёлмай қанча минг аскар билан қизини қидириб кетди. Подшоҳ тоғма-тоғ ошиб, ов қилиб юрган қизини кўриб, дарров таниди. Уни тутишга буюрди. Малика ўқ билан бир неча аскарни уриб йиқитди. Кейин отасига баланд товуш билан:
— Агар паҳлавонларингиз мард бўлса, битта-битта майдонга киргизинг, — деди.
Шаҳзода дармонсиз бўлса ҳам ғордан чиқиб, уларнинг урушини томоша қилиб турган эди.
Қиз майдонда бир неча кишини ўлдирди. Подшоҳнинг аскари ичида бир ўткир қиличбоз бор эди. Майдонга ўша қиличбоз кирди. Қиз у билан икки соатча қиличлашиб, ишни ажрим қила олмади.
Шу пайтда бирданига тоғнинг иккинчи томонидан бир қанча минг аскар билан тиғ кўтарган бир паҳлавон пайдо бўлди. Келаётганлар бу урушни кўриб ҳайрон бўлиб тўхташди. Шу пайтда малика ҳалиги қиличбозни йиқитиб, калласини кесди.
Бир томондан келган лашкарбоши ҳар икки томонга киши юбориб: “Бу қандай уруш, уч кишини беҳисоб аскарлар ўраб олганининг сабаби нима?” деб сўради.
Қиз унинг юборган хатини ўқиб кўрди: “Шаҳзода билан маслахатлашиб жавоб берайин”, деб шаҳзоданинг ёнига келиб: “Бу хатни янги келган сардор юборибди. Бунга нима деб жавоб берамиз, — деди.
Шаҳзода хатни олиб ўқиб кўрса, хат охирида Беҳзодхоннинг муҳри босилган экан. Ўзини ўлимга бичиб қўйган шаҳзодага қайтадан жон кирди. Жуда севинганидан маликага:
— Бу сардор менинг устозим бўлади. Мен Хоразмда эканлигимда Чин-Мочинга кетган эди. Ҳозир шу ёқдан келаётган бўлса керак, бизнинг ажалимиз етмаган экан, — деди.
Шаҳзода дарров номага жавоб ёзди. Беҳзодхон хатни ўқиб шаҳзода Асад эканини билиб, ҳушдан кетаёзди. Тезда ўзига келиб, шаҳзода томонга юрди ва у билан қучоқлашиб кўришди. Булар топишгач, қизнинг отаси шошиб қолди.
Шаҳзода ўз бошидан ўтган воқеаларни қисқача бўлса ҳам Беҳзодхонга сўзлаб берди. Беҳзодхон Асаднинг тортган машаққатларини эшитиб, гоҳ йиғлаб, гоҳ хўрсиниб тинглади. Қизнинг меҳрибонлик қилганини эшитиб, хурсанд бўлди.
Кейин Беҳзодхон томонидан қизнинг отасига нома ёзилди. Қизнинг отаси ҳам ярашишга рози бўлди. Буларни меҳмон қилиш учун. шаҳарга таклиф этди. Подшоҳ бир қанча кун тўй-томоша қилиб, маликани шаҳзода Асадга никоҳлаб берди.
Бир неча вақт ўтгандан кейин шаҳзода Беҳзодхон билан Хоразмга қайтмоқчи бўлди. Бир қанча йўлгача подшоҳ буларни кузатиб қўйди.
Йўлда малика билан шаҳзода ўз саргузаштлари ҳақида суҳбатлашиб кетаётганларида малика нима учун ярадор қилинган ҳолда сандиқ ичига солиниб, шаҳар деворидан хандаққа ташланганлиги ҳақида гапириб, охирида шу сўзларни айтди:
— Мен ўлдирган эр-у хотин менинг хизматкорим эди. Ўзингиз кўрдингиз, улар ашулани жуда яхши айтар эдилар. Отам саёҳатга кетганлиги учун мен ўзим истаганимча базм туздим. Бир кеча шуларнинг ашуласини эшитгим келди. Уларни ярим кечада безовта қилмай, деб хабар олгани борган эдим, ҳали ухламай, май ичишиб ўтиришган экан, мени кўриб жуда севинишди. Хотини менга уст-устига май қуйиб берди. Ҳазил йўсинида йигит менинг қўлимни букишга уринган эди, мен уни бир қўллаб ерга ётқизиб қўйдим. Хотини кайф аралаш: “Бир қизнинг бир қўлига кучи етмаган сендай йигитга уят”, деб аччиқланди. У уялганидан ўрнидан туриб менга ҳанжар солди. Мен ҳушимдан кетгандан кейин улар мени сандиққа солиб, элтиб ташлаган жойдан сиз мени топиб олиб парвариш қилдингиз. Ажалим етмаган экан, сиҳат топдим. Йигит ва хотинни шу гуноҳи учун ўлдиртирдим, — деди.
Шундай қилиб Асад, малика ва Беҳзодлар Хоразмга етиб бордилар. Асаднинг амакиси золим подшоҳ зулмидан халқ жуда эзилган эди. Булар бориши биланоқ халқ билан маслаҳатлашиб, подшоҳни тахтдан тушириб, зиндонга солди, шаҳзода Асад подшоҳ бўлди. У золимларни йўқотиб, мамлакатда адолат ўрнатди. Шу билан мурод-мақсадларига етдилар.