Шайтон билан деҳқон

Бир куни шайтон билан деҳқон учрашиб қолибди, иккиси бир бойнинг ерини ижарага олиб деҳқончилик қилмоқчи бўлишибди. Ерни ҳайдаб, экишга тайёрлашибди. Маслаҳат билан жўхори экишибди. Жўхори пишибди. Иккиси ҳосилни баб-баравар бўлиш тўғрисида маслаҳатлашибди. Деҳқон шайтонга:
— Жўра, сен хоҳлаган қисмингни ол, — дебди. Шайтон мўлжаллаб қараса, жўхорининг пояси кўп кўринибди. Тепасига қараса, онда-сонда жўхори сўтаси турган эмиш. Шайтон “Устки қисмини олсам оз, пояси кўп, кел, кўпини олайин”, деб ўйлабди.
— Эй, жўра, бўлмаса, мен пастки қисмини олдим, — дебди.
Деҳқон:
— Ҳай, майли, устки қисми оз бўлса ҳам бизга қола қолсин, — дебди. Деҳқон жўхорининг сўтасини қайириб-қайириб олибди, пояси шайтонга қолибди. Шайтон: “Деҳқонни хўп алдадим, фақат беш-олти қоп жўхори олиб кетди. Кўпи менга қолди”, деб қувонибди, ўроқ билан жўхорипояни ўриб олибди. Деҳқон жўхорини офтобда қуритибди, қопга солиб, тўқмоқлаб, донини ажратиб олибди. Кейин жўхорини бозорга олиб борибди. Шайтон ҳам бир эшакка пояни ортиб, бозорга борган экан. Деҳқон бир қоп жўхорини саккиз тангага сотибди. Шайтон эса, бир эшак жўхорипояни етти пулга зўрға сотибди.
— Э, деҳқон, қандай ноинсофсан, мени алдабсан-ку, — дебди. Деҳқон айтибди:
— Сен қизиқ гапни гапирасан-а, жўхори пишган вақтда ўзинг танлаб олдинг-ку. Бўлмаса, бу йил яна икковимиз деҳқончилик қилайлик. Кўнглингга маъқул бўлганини танлаб олақол, — дебди. Шайтон ўтган йилнинг зарарини тўлатиб оламан, деб иккинчи йил ҳам деҳқон билан биргаликда сабзи экибди.
Сабзи пишгандан кейин деҳқон билан шайтон маслаҳат қилишибди. Деҳқон шайтонга:
— Бултур “Мен фириб едим” деб жанжал қилган эдинг. Бу йил ҳам кўнглингга ёққан қисмини ўзинг сайлаб ола қол, — дебди. Шайтон сабзи экилган ернинг тўрт ёғини айланиб қараса, сабзининг барги ҳамма ёқни босиб ётган эмиш. Тагини очиб қараса, ҳар ерда биттадан сабзи бор эмиш. Шайтон: “Бултур тагини олиб, фириб еб эдим, бу йил юқорисини олақолай” деб ўйлаб, деҳқонга:
— Эй, жўра, ердан юқориси меники, ердан пасти сеники, — дебди.
Деҳқон:
— Энди, хоҳлаган томонингни ўроқ олиб келиб ўриб олавер, — дебди. Шайтон ўроқ билан сабзининг баргини ўриб олаверибди. Деҳқон ҳам бир бошдан ерни ковлаб сабзини йиғиб олаверибди.
Деҳқон сабзини бозорга олиб борибди. Шайтон ҳам сабзи баргини боғлам-боғлам қилиб, эшакка ортиб бозорга олиб борибди. Деҳқон бир қоп сабзини беш танга, олти тангага сотибди. Шайтон бир эшак сабзи баргини у ёққа-бу ёққа олиб бориб, икки пулга ҳам сота олмабди. Шайтон деҳқонга:
— Менга бултур ҳам фириб бердинг, бу йил ҳам. Мен катта зарар кўрдим. Буларни тўла! — деб жанжал кўтарибди. Иккиси жанжаллашиб, бозордан чиқиб кетаётганларида, йўлда бир дарахт остида икки хум тилла турган эмиш. Деҳқон:
— Икки хум тилла экан, бир хумини сен ол, бир хумини мен олайин, — дебди.
Шайтон:
— Икки йилдан бери бирга деҳқончилик қилганимизда менга фириб бердинг. Энди бу бир хум тиллага ҳам шерик бўласанми? —дебди. Деҳқон:
— Бўлмаса нима қиламиз? —деб сўрабди:
Шайтон:
— Ёшимизни суриштирамиз, қайси биримизнинг ёшимиз катта бўлса, ўша тиллани кўп олади, — деб жавоб берибди. Бироз туриб, шайтон деҳқонга:
— Сен неча ёшга кирдинг? — деб сўрабди. Деҳқон:
— Аввал сен айт! Сўнгра мен айтаман, — дебди.
Шайтон айтибди:
— Мен бир юз етмишга кирдим.
Деҳқон қўлига рўмолчасини олиб ҳўнграб йиғлабди. Шайтон ҳайрон бўлиб:
— Нега йиғлаяпсан? — дебди. Деҳқон ўпкасини тутолмай туриб:
— Менинг кичкина ўғлим ўлмаганда, сен билан баравар бўлар экан, — дебди. Шайтон айтибди:
 — Эй, аҳмоқ, сенинг кичкина ўғлинг мен билан баравар бўлса, ўзинг бобом билан баравар экансан-да, қўй-е, бу ишимдан ҳам фириб едим. Энди икковимиз бир-биримизни опичиб, ашула айтиб кетамиз, қайси биримизнинг ашуламиз кўп бўлса, тиллани ўша олади.
Деҳқон:
— Ҳа, майли, айтганинг бўла қолсин, — дебди.
Шайтон деҳқоннинг бўйнига миниб, уч кеча-ю уч кундуз ашула айтибди, охирида:
— Энди менинг ашулам тамом бўлди, — дебди-да, деҳқоннинг устидан тушибди. Деҳқон шайтоннинг кифтига миниб олиб, етти кеча-ю-етти кундузгача “тарала-тарала”дан бошқа нарсани айтмабди.
Етти кундан кейин деҳқон шайтонга:
— Ҳали сен “тарала-тарала”сини эшитяпсан, “тараласи” қирқ кунга боради. Бундан бошқа ашулам жуда кўп, уларни айтиб тамом қилиб бўлмайди, — дебди. Шайтон деҳқонни отиб ташлаб, уришиб, борди-келдини узиб кетибди. Деҳқон икки хум тиллага эга бўлиб қолибди.