Ўтган замонда бир мамлакатда икки ака-ука бўлган экан.
Улар ўз қишлоқларидан чиқиб кетганларига бир неча йил бўлган экан.
Уларнинг қишлоғида саккиз-ўн ёшли болалардан бир қанчаси суви қуриган ариқда қумдан “Ариқ-ариқ” қилиб ўйнаб турган вақтда бир мўйсафид чол кўчадан ўтиб кетаётиб, Оловиддин деган болани олдига чақирибди. Чол Оловиддинга:
— Мен дадангнинг акаси бўламан, сен туғилмасдан аввал уйдан чиқиб кетган эдим. Сен туғилиб шунча ёшга кирибсан, ойинг тинч ўтирибдими? — деб уни қучоқлаб ўпибди. Оловиддин югуриб ойисининг олдига кирибди ва “Ойи-ойи, амаким келди, мен билан сўрашди. Уйга бошлаб кирайми”, дебди.
Ойиси ҳам хурсанд бўлиб уйга бошлаб киришни буюрибди. Чол уйга киргач, худди Оловиддиннинг амакисига ўхшаб меҳрибонлик билан кўришиб, йиғи-сиғи билан ҳол-аҳвол сўрашибди. Чол бир-икки кун меҳмон бўлиб Оловиддинни ўзига жуда ҳам ўргатиб олибди. Оловиддин ундан бир қарич ҳам узоқлашмас экан.
Бир куни чол Оловиддинни шаҳарга олиб бориб ўйнатиб келмоқчи бўлибди ва онасидан рухсат сўрабди. Улар шаҳарга бориб кўп жойларни томоша қилибдилар.
Чол Оловиддинга янги кийимлар олиб берибди. Шаҳардан қишлоққа қайтиш пайтида чол: “Юр, ўғлим, ана у ерда бироз ишимиз бор, шуни битказиб кетайлик”, деб Оловиддинни шаҳарнинг кун ботиш томонига — адирга қараб бошлабди. Адирнинг устига чиққач, чол Оловиддинга бир узукни бериб, каттакон тошни кўрсатибди.
— Мана бу узукни ўнг қўлингга тақиб ол, қачон бошингга бир қийинчилик тушса, бир тошга суркасанг, сенга асқотади, шу тошнинг тагида бир тешик бор, шу тешикка тушсанг, бир уйнинг ичида бир қора чироқ (шамчироқ) бор, шуни менга олиб чиқиб берасан, — дебди.
Оловиддин тошни кўтариб пастга қараб туша бошлабди.
Бир неча хонадан ўтгач, атрофи ёп-ёруғ уйга етиб борибди. Бу уйнинг таги ҳар хил рангли тошларга тўла экан. Бу тошлар орасида эски бир шамчироқни топибди.
Шамчироқни чўнтакка солгач, марварид, ёқут тошлар кўзига бир ажойиб кўриниб кетибди. Икки чўнтагини тўлдириб, зинапоя билан баландга кўтарила бошлабди.
Чол ташқарида: “Оловиддин, топдингми? Олиб чиқяпсанми?” деб бир неча марта сўрабди.
— Тешикнинг оғзига келганда, шамчироқни менга берақол, — дебди чол.
Шамчироқ чўнтакнинг остида бўлиб, унинг устига турли қимматбаҳо тошлар тўлдирилган эди. Шотининг устида турган пайтда тошларнинг тагида турган шамчироқни олиб бериш қийин бўлибди. Бир неча дақиқагача Оловиддин уни бир қўли билан ололмабди. Чунки тошларни ташлаб юборишга кўзи қиймабди.
Чолнинг хаёлида, Оловиддин шамчироқни бергиси келмаётгандек кўринибди. Шунинг учун унинг жаҳли чиқиб, тешикни тош билан бекитиб кетибди. Оловиддин дод-фарёд қилиб, зор-зор йиғлабди. Қандай қилиб ер юзига чиқишнинг йўлини билолмабди. Яна илгариги ёруғ хонага тушиб “Дод” деб йиғлай бошлабди. Беҳуш бўлиб бир неча кун ётиб қолибди.
Ғорда мадори қуриб кетиб, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ағанаб, қўлларини тошларга урганда, қўлидаги узук тошга суркалиб кетиб, Оловиддиннинг тепасида бир барзанги дев: “Тила тилагингни, хизматингга тайёрман”, деб турибди.
Сеҳрли шамчироқнинг сирини ҳам шу девдан эшитиб олибди.
Оловиддин девдан ер юзига, ўз қишлоғига — онасининг ёнига элтиб қўйишни сўрабди. Дев унга:
— Елкамга миниб, кўзингни юм, — дебди. Оловиддин девнинг елкасига минибди. Дев яна:
— Кўзингни оч! — дебди. Оловиддин кўзини очиб қараса, онасининг ёнида турганмиш. У онаси билан меҳрибонларча кўришибди, йиғи-сиғи қилибди. Кўрганларини айтиб берибди. Шамчироқни бир парча кигизга ишқалаган экан, ҳалиги девдан ҳам катта бир дев пайдо бўлибди.
Оловиддин унга:
— Подшоҳларнинг саройидан ҳам афзал бир сарой барпо бўлсин. Ҳатто зинапоялари ҳам олтиндан бўлсин. Ҳамма кўриб ҳайрон қолсин, — дебди. Бир зумда айтгани пайдо бўлибди. Энди Оловиддин ўз онасига: “Подшоҳнинг бир қизи бор эмиш. Шунга совчи бўлиб борсангиз. Нима деса, мен топиб беришга тайёрман”, — дебди.
Подшоҳ дастлаб бу камбағалга қизини беришни лойиқ топмабди. Шунинг учун жуда кўп қалин сўрабди. “Туяларда тоза моллар карвон-карвон келтирилсин, қўйлар, йилқилар “бўлди-бўлди” демагунча келтирилсин. Ёғ-у асаллар ариқларда сув ўрнига оқиб турсин. Подшоҳ бу нарсаларга жой тополмай, “дод” дегунча кела берсин. Сўнг қизимизни берамиз”, дебди.
Ойиси бу гапни Оловиддинга бориб айтганда, Оловиддин “Ҳи” деб кулиб қўйиб:
— Эртагаёқ тайёр бўлади бу нарсалар, — дебди.
Подшоҳнинг сўраган қалини: моллар, қўй-ечкилар айтганидан ҳам зиёда қилиб юборилибди.
Подшоҳ ўз қизини қирқ кун тўй-томоша қилиб Оловиддинга берибди ва улар бахтиёр ҳаёт кечира бошлашибди. Оловиддиннинг тагида яхши оти бор экан. У ҳар куни далага овга бориб, кеч қайтар экан.
Эндиги гапни чолдан эшитинг:
Бир неча йиллардан буён чол, Оловиддин ер юзига чиқиб ҳаёт кечираётгандир деб, мамлакатларни кезиб, уни ахтариб юрар экан. Бир куни Оловиддиннинг қишлоғига келса, қадди кўкларга кўтарилган ҳашаматли ажойиб бир бино пайдо бўлганини кўрибди. Одамлардан: “Бу уй кимнинг уйи?” деб сўрабди.
Улар Оловиддиннинг уйи эканини айтибдилар.
Чолнинг юраги жиғиллаб кетибди. У бозордан хуржунига тўлдириб шамчироқ сотиб олибди. Янги бино жойлашган кўчада қаттиқ овоз билан “Ким янги шамчироққа эски шамчироқни алмаштиради”, деб қичқирибди.
Бу овозни Оловиддиннинг хотини эшитиб қолибди. Ўчоқнинг бошида бир эски шамчироқ анчадан буён ётар экан.
Онасига қараб “Она, шу эски шамчироқни олиб чиқиб, янгисига алмаштириб келинг”, деб айтибди. Оловиддиннинг онаси хурсанд бўлиб эски чироғига янгисини алмаштириб келибди. Чол мақсадига етибди. Шамчироқни шаҳар чеккасига олиб бориб, уни ўпиб йиғлабди. Қачондан буён уни истаб, азоб чекканини айтибди. Чол шамчироққа кигизни ишқалаб, ҳозир бўлган девга қараб: “Истаб топиб бўлмайдиган бир узоқ мамлакатга Оловиддиннинг уйини, хотини ва нарсалари билан кўчириб юбор”, — дебди.
Чол кўзини юмиб, очиб қараса, бир ажойиб ўлкада зўр иморат ичида турган эмиш.
Ёнида подшоҳнинг қизи — Оловиддиннинг ёш хотини ва онаси. Чол шамчироқни ерга қўймасдан қўйнига солиб юраркан. Оловиддиннинг хотини бир неча ойгача чолни яқинига келтирмай, ундан нафратланиб юрибди.
Чол ёш хотиннинг кўнглини овута олмабди.
Энди Оловуддинга келайлик, Оловиддин овдан келса, уйи ўрнида чанг-тўзон кўтарилиб ётибди. Онаси, хотини, уйи йўқ. Хафа бўлиб бир неча йил шаҳарма-шаҳар ахтарибди. Бормаган юрти қолмабди.
Бир куни Оловиддин ҳолдан кетиб, чарчаб, бир ариқчанинг ёнида тўхтабди. Юз-қўлларини шилдираб оқиб турган зилол сувда ювибди.
Сув остида кўриниб турган майда тошчалардан қўлига тўлдириб олибди. Шунда панжасидаги узукка тошлар ишқаланиб кетиб, унинг чақнаганини кўриб, бир иш эсига тушибди. Қўлидаги узукни тошга ишқаласа, бир дев пайдо бўлиб, “Тила тилагингни!” дебди. Оловиддин унга:
— Мен катта бахтсизликка дучор бўлдим: иморатим, хотиним, онамдан ажралдим. Шуни менга топиб берсанг, — дебди.
Дев бўлса: “Уни қайтариб келиш менинг қўлимдан келмас, аммо иморат турган жойга сени олиб бориб қўйиш қўлимдан келади”, — дебди ва Оловиддинни елкасига миндириб, шу иморатнинг олдига келтириб қўйибди.
Оловиддин бир кампирни топиб, уйда ким борлигини, чолнинг қаердалигини, шамчироқ қаерда туришини сўрабди. Ўзининг келганини хотинига билдирибди.
Шу куни улар чироқни чолдан олиш учун ҳийла ишлатибдилар. Келин бир неча шишада шароб тайёрлабди.
Чолга қараб: “Келинг, бугун бир хурсандчилик қилайлик, майли, энди сиз нима десангиз розиман”, дебди. Чол хурсанд бўлиб оғзи қулоғига етибди.
Келин ўзининг навбатини ичмасдан ерга тўкиб, чолга бир неча пиёла май қуйиб берибди. Охири чол маст бўлиб ухлаб, қотиб қолибди.
Унинг қўйнидан эски сеҳрли шамчироқни олибдилар.
Эртасига Оловиддин чолни ҳушига келтириб, “Сеҳргар алдамчининг жазоси шу”, деб калласини қиличи билан шартта кесиб ташлабди.
Сеҳрли шамчироқни кигизга ишқалаб девни чақирибди.
Дев Оловиддиннинг уйини бутун оила аъзолари билан ўз юртига олиб келиб қўйибди.
Оловиддин тинч ва осойишта ҳаёт кечира бошлабди ва мурод-мақсадига етибди.