Қуёш ерининг паҳлавони

Қадим замонда бир чол бор экан, унинг ўн яшар ўғлидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Чол ниҳоятда қашшоқ, еярга овқати, киярга кийими йўқ экан. У кунлардан бир куни қўшниси Ҳалимбойнинг олдига келиб:
— Бой ота, бизга ёрдам қилинг, ўғлим Рустамжон билан бирга қўлимдан келган хизматни аямайман. Раҳм қилинг, — деб йиғлаб юборибди.
Ҳалимбой чол билан болани кўздан кечириб:
— Менинг кўчага ташлаб қўйган овқатим йўқ. Олдин бўйнингдаги қарзингни уз, эрта-индин ўлиб кетсанг, менинг ҳақим куйиб кетадими? Ўғлингни ҳеч ким бир тийинга олмайди, — дебди.
Чол ҳайрон бўлиб, қалтираб:
— Бой ота, менинг сиздан қандай қарзим бор? Менга ҳеч нарса берганингиз йўқ-ку, — дебди.
Ҳалимбойнинг кўзи олайиб:
— Гапирма, имонсиз чол! Ҳали сен тонмоқчимисан, — деб қўлида ўйнаб турган қамчиси билан чолни ура кетибди. Чол қамчи зарбига чидаёлмай ерга йиқилиб, кўзларидан тирқираб ёш оқа бошлабди. Кичкина Рустам воқеага тушунмай, қўрқиб, чолни қучоқлаб йиғлабди. Чол ўзини бироз тетиклаб олиб, ялинибди:
— Менга тушунтиринг, ёдимдан кўтарилган бўлса эслатинг. Сиздан қай вақтда нима олган эдим? Қандай қарзим бор?
Ҳалимбой чолнинг кўкрагига ёпишиб ётган Рустамнинг бўйнидан ушлаб бир томонга отиб юборибди-да, чолнинг ёқасидан бўғиб:
— Менга қара, имонсиз чол! Хотининг ўлганида ювғучига пулни ким берди? Қабристонга домлаларни кимнинг от-аравасида олиб бординг? Пайшанба кунидаги юз одамга қилинган худойи ош-чи? Ахир ўзинг ҳам ўғлинг билан кириб ош единг-ку? — дебди.
Чол қурумсоқ бойнинг сурбетлик билан қилган туҳматларидан ғазабланибди. Нима қилсин, турарга дармони йўқ, очлик, қарилик чолни енгибди. Ноилож ялина бошлабди:
— Бой ота, ахир ўзингиз “Ман худойи қиляпман, ўғлинг билан кириб ош еб чиқ”, деб айтдингиз-ку. Менга раҳм қилинг. Ўғлим Рустамжонга азоб берманг, — деб турганда, эшикдан бойнинг яқин бир дўсти кириб келибди. Ҳалимбой уни кўриб:
— Мана, бу киши айтсинлар, — дебди.
Ҳалиги дўсти:
— Хўш, нима гап экан. Менда бой отамнинг қандай сўзлари бор экан, — деб ҳурмат билан тикилиб турибди, Ҳалимбой унга:
— Дўстим, бултур шак кунида бизнинг уйда ўтказилган худойининг савоби шу чолнинг хотинига бағишланган эдими? — дебди. Дўсти воқеани англаб, айтибди:
— Албатта, чолнинг марҳума хотинига бағишлаган эди.
Ҳалимбой чолга қараб:
— Мана, эшитдингми? Сенга раҳм қилиб, қўшним деб, пул сарф қилиб, сенга яхшилик қилсам, сен имонсиз тониб ўтирибсан, — дебди.
Бойнинг дўсти:
— Ҳай, ҳай, бундай номуносиб ишни қилма, бой отамга раҳмат айт! Маърака учун бўлган харажатларни бўйнингга ол, — дебди. Чол йиғлаб:
— Менга яна бундай кулфатлар бормиди! Ота-бола еярга бир бурда нон топа олмай, очлик балосидан қутула олмай юрганда, шунча пулларни мен қаердан топиб бераман, — дебди ва Рустамни бағрига босиб:
— Шўрлик болам, мен қаридим, ёшимни яшадим, сен энди қандай аҳволга тушасан, — деб йиғлабди.
Ҳалиги дўсти чолга қараб айтибди:
— Ҳой аҳмоқ, нодон, нега йиғлайсан? Бой ота ҳозир бер, деб зўрлаётганлари йўқ-ку? Топганингда берасан-да. Тонмасанг бас. Мана, ўғлинг катта бўлиб қолди. Бир кун қўлидан иш келганда ишлаб топиб беради-да.
Чол бундай узоқ муддат берилганига ҳайрон бўлиб, нима дейишини билмасдан “хўп” дейишдан бошқа илож топа олмабди.
Бойнинг дўсти чолга қараб:
— “Хўп” дейиш билан иш битмайди. Бой отамдан қанча қарзинг борлигини ўз қулоғинг билан эшитиб ол, — дебди.
Чол нима дейишини билмай охирини кутиб сукут қилибди.
Бойнинг дўсти қўлига қалам, қоғоз олиб ёза бошлабди ва:
— Бой ота, чолда қанча ҳақингиз бор? — деб сўрабди.
Ҳалимбой “Ўн беш тилла” — дебди. Чол ҳаётида бир тиллани ҳам кўрмагани учун “Ўн беш тилла” деган сўз уни гангитиб қўйибди. Дўсти ёзиб бўлиб, чолга бармоқ босишни таклиф қилибди. “Хўп” деб сўз берган чол қоғознинг четига бармоқ босибди. Ҳалиги қўшимча қилиб, Рустамнинг бармоғини ҳам босдириб олибди:
— Ана энди кета беринглар. Ўғлинг катта бўлганда ишлаб топиб берар, — дебди. Бир бурда нон тилаб келган ота-бола Ҳалимбой эшигидан ўн беш тилла қарздор бўлиб чиқиб кетибдилар.
Чол уйига борар экан, эшик олдида қўшниси Сиддиқ ямоқчини кўриб, бўлган воқеани сўзлаб берибди ва “Кимдан ёрдам олайин?” деб сўрабди. Сиддиқ ямоқчи воқеадан хабардор бўлиб, ғазаб билан:
— Тузоққа тушибсан, энди фойдаси йўқ. Шаҳар ҳокими лаънати бадбахт Ҳалимбойнинг куёви бўлади. Энди тақдирга тан беришдан бошқа чора йўқ, — дебди.
Чол ўғли Рустамни бағрига босиб, очлик билан қайғуриб, бошини ёстиққа қўйибди. Хаёл уни ҳар томонга олиб кетар, Рустамнинг бир бурда нонга зор бўлиб йиғлаши чолни яна ҳаяжонга солар экан.
Ярим кеча, ҳамма ширин уйқуда, аммо чол ҳамон оҳ тортар, бағри эзилар экан. Шу пайт уч киши эшикдан кириб, чолнинг тепасига келибди. Бири чолни тепиб: “Тур, имонсиз!” — дебди. Чол, “кутилмаган меҳмон”лардан бундай муомалани кўриб, ҳайрон қолибди.
— Мендан нима истайсизлар? — деб сўрабди.
Улардан бири:
— Уйни бўшат! Бу ердан ҳозир чиқиб кет! — дебди.
Чол эсини йўқотиб: “Сизлар янглишган бўлсаларинг керак, бу уй менинг ўзимники”, деган экан, “меҳмонлар”дан иккинчиси:
— Бизларни алдай олмайсан. Бизлар шаҳар ҳокимининг одамларимиз. Сен имонсиз бундан бир йил илгари бу уйни Ҳалимбойга ўн беш тиллага сотиб, пулини нақд олгансан. Бой ана шу вақтга қадар “инсоф” қилиб келсалар, сен тонмоқчи бўлгансан, — дебди.
Чол хуноб бўлиб:
— Сотган эмасман, сотмайман, — деса учинчиси қўлидаги қоғозни кўрсатиб:
— Сотган эмасман дейсанми? Мана тилхатинг. Ота-бола бармоқ босгансанлар. Ҳокимнинг жаҳллари чиқиб, “Тўғриликча чиқса-чиқсин, қайсарлик қилса, уйдан судраб чиқиб, ота-болани зиндонга ташланглар”, деб буйруқ бердилар, — дебди.
Чол бу ҳукмни эшитиб, эс-ҳушидан ажралиб, Рустамни бағрига босиб, ўзи ўсиб катта бўлган, яшаган бошпанасидан чиқиб кетар экан, чолнинг оҳ-зори ва ноласига Сиддиқ ямоқчи оиласи билан уйғониб кетибди. Чолнинг ҳузурига чиқиб, аҳволини кўриб, ачиниб, хайрлашар экан, ямоқчининг хотини “Қаерга борсангиз ҳамроҳингиз бўлсин” деб, бир дона зоғора нон берибди. Чол бечора Рустамни опичиб тоғ томонга йўл олибди.
Чол қир ошибди, сой кечибди, узоқ йўл юрибди. Ҳамма ёқ жим-жит, ҳар замонда Рустамнинг “Қаерга кетаётирмиз” деган саволи жимликни бузар экан. Лекин чол бу саволга ҳеч қандай жавоб қайтармас экан. Қайси томонга кетаётганини ўзи ҳам билмас экан. Чол ҳориб-толиб бир арчазорга етибди. Пастаккина бир арча ёнида ўтириб, унга суяниб кўзини юмибди. Чол юқорига қараса, ёш боласини олдинги икки оёғи орасига олиб, чолга ҳужум қилмоқчидай тайёрланиб турган катта айиқни кўрибди. Бечора чол шошиб қолибди. Қочай деса дармони йўқ, қутулишнинг имкони йўқ эмиш. Рустамни бағрига босиб, “Умримиз тугаган экан”, деб кўз ёши тўкибди. Рустам ўзи томон келаётган ҳайвонни биринчи марта кўргани учун қўрққанидан қичқириб юборибди. Чол кўзлари юмилган ҳолда Рустамнинг йиғисини эшитиб, “Ҳа, боламдан ажралдим”, деб беҳуш бўлибди. Айиқ аста-секин келиб, чолнинг бағридан Рустамни ажратиб олиб, боласига етаклатибди-да, ўзи чолни кўтариб, ғорга кириб кетибди.
Қуёш чиқибди. Чол ҳушига келиб кўзини очса, бағрида боласи йўқ эмиш, жон ҳолатида атрофга қарабди. Юқори томонда Рустамнинг айиқ боласи билан асал еб турганини кўрибди. Чол ҳайрон бўлиб, кўзларига ишонмабди: тушимми, ўнгимми деб Рустамни чақирибди. Рустам анчадан бери сўзсиз ётган отасининг овозини эшитиб, унинг ёнига чопиб келибди-да:
— Ота, туринг, асал енг, — дебди.
Чол Рустамдан:
— Ким у? — деб сўрабди.
— Бу менинг ўртоғим. Онаси сизни кўтариб келиб, бу ерга ётқизиб қўйди: “Отанг уйғонгунча халақит берма, ухласин. Менинг болам сенинг ўртоғинг бўлади. Сенлар асал еб туринглар, мен қайтиб келаман”, деди, — дебди Рустам.
Чол Рустамдан эшитган сўзларига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмасдан, ҳайрон бўлиб турганида айиқ эшикдан бир даста нон, бир қовоқ идишда сут олиб кирибди. Чол айиқни кўриши биланоқ ўрнидан туриб таъзим қилибди. Айиқ қўлидаги нарсаларни ерга қўйиб, чолга: “Ўтиринг, ўзингизни койитманг. Мен сизга нон, сут келтирдим. Олдин овқатланиб олинг, сўнгра суҳбатлашамиз”, — дебди.
Чол бундай ҳурматга ҳайрон бўлиб айиққа қарабди. Айиқ:
— Отажон, сиз кўп ажабланманг. Менинг бу ерларда чўпон дўстларим бор. Бойларнинг, ҳокимларнинг қўйларини боқадилар. Нон, сутни ўшаларникидан келтирдим, — деб овқатга таклиф қилибди. Чол хўрсиниб, бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб берибди. Айиқ чолнинг сўзларини эшитиб:
— Отажон, сиз мени ҳам “болам” деб қабул қилинг. Бу икки гўдак дўст бўлсин. Бизлар ҳам шу ерда эркин умр кечирайлик, — дебди.
Улар кўп вақт бирга яшабдилар. Чол тоғдан ўтин йиғар экан.
Айиқ ўтинни кечаси шаҳарга яқин жойга келтириб берар, чол уни сотар, шу тахлит тирикчилик қилишар экан. Рустам айиқнинг боласи билан ўйнашиб, курашиб ўса бошлабди. Бир куни чўпонлар Рустамнинг айиқ боласи билан курашаётганини кўриб, унга қойил қолишибди. Беш-олти йил ичида Рустамнинг ҳамма ёққа донғи кетибди. У билан бел ушлашадиган одам бўлмабди. Чўпонлар орасида Айиқполвон деган ном билан шуҳрат топибди.
Кунлардан бир кун Рустам отаси билан шаҳардан ўтин сотиб қайтиб келаётганида, чол унга йўлда ола от минган, мовут тўн кийган, қўлида қамчи ўйнатиб турган бир бойни кўрсатиб:
— Мана, бизнинг уйимизни тортиб олиб, ҳайдаб юборган Ҳалимбой шу бўлади, — дебди. Рустам қараса, одамлар тўпланиб, ниманидир қизиқиб томоша қилар эканлар. Ҳалимбой завқланиб, мўйловини бураб кимларгадир жилмайиб гердаяр экан.
Рустамнинг қулоғига қандайдир инграган таниш овоз эшитилибди. Рустам югуриб бориб, ўзини тўдага урибди, қараса, дўстининг укасини овчилар ушлаб, туянинг устига ортиб келаётган эканлар. Кишиларнинг айтишларига қараганда, Ҳалимбой овчилар билан овга чиққанида шу айиқ боласини ушлабди. Уни ҳокимнинг куёвига совға қилар эмиш. Рустам ғазабланиб, бир ҳужумда айиқ боласи боғланган арқонларни узиб ташлабди-да, айиқчани қучоқлаб олибди. Овчилар бирдан Рустамга ҳужум қилибдилар. Рустам ўзига яқинлашган ҳар бир овчини белидан ушлаб ҳар томонга отиб юбораверибди. Қўлига тушган одам Рустамнинг қаршисига яна қайтиб келолмабди. Рустам Ҳалимбойга ташланган экан, Ҳалимбойнинг оти чаққонлик қилиб, уни қутқариб қолибди. Рустам айиқ боласини кўтариб, арчазор томон йўл олибди. Бу воқеани кўрган халойиқ Рустамнинг ғайратига, шижоатига, куч-қувватига қойил қолиб, офарин айтибди. Бу воқеа бутун шаҳарга тарқалибди. Ҳалимбой хавфланибди.
Кечалари ўз уйида ҳам хавотирликда ётибди. Ҳоким дарғазаб бўлиб, “Айиқ боласини овчилар қўлидан қутқазган паҳлавон ушлаб келинсин”, деган фармон чиқарибди. Боришга ҳеч кимда юрак йўқ эмиш, борганлар “Топа олмадик” деган баҳоналар тўқишар экан. Шаҳар халқи орасида ўтинчи полвон ундай қилибди, фалон жойда бундай қилибди, деган сўзлар авж олибди.
Шаҳарда оч-яланғоч қийналиб, кун кўра олмаган бечоралар тоғга бориб ўтинчилик қилиб, тинч ҳаёт кечира бошлабдилар. Бир куни Ҳалимбой кимдандир Рустам ўша чолнинг ўғли эканлигини, тоғда яшаб, шаҳардан қочиб чиққанларга атрофидан жой бериб, уларга ёрдам қилаётганини эшитиб, нафаси оғзига тиқилиб, шаҳарга бориб воқеани айтиб берибди. Бу хабарни эшитган шаҳар ҳокимининг баданига титроқ кириб, юз отлиқ йигитга ўзи бош бўлиб арчазорга йўл олибди. Йўлда йигитларига:
— Ҳар ким Рустамни тирик ушласа, қизимни бериб, ўзимга юзбоши қилиб оламан, — дебди.
Улар йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, арчазор олдидаги бир уйчага етибдилар. Шаҳар ҳокими йигитларига:
— Шу ерда дам олиб, Рустамни кечаси уйқуда ётганида бориб ушланг, бизнинг шарпамизни билса, у тоғга қочиб кетади, — дебди.
Чол ўз дўстлари билан шаҳарга ўтин олиб кетган, кечаси Рустам айиқ боласи билан тепада ухлаб ётган экан. Тоғ шамоллари ғир-ғир эсиб Рустамнинг баданларини ўпиб сийпар, айиқ боласининг юнглари ҳилпираб роҳатга яна роҳат қўшар экан. Шу пайтда тепа устида бир шарпа пайдо бўлибди. Рустамни кўтариб, баланддан пастга қараб сакрабди. Рустам чўчиб уйғонибди. Кўтарувчига қараб:
— Нима бўлди, меҳрибоним? — дебди. У она айиқ экан. Айиқ:
— Сенга ҳужум қилмоқчилар. Шаҳар ҳокими юз отлиқ йигит билан шу тарафга келаётир, — дебди.
Рустам она айиққа:
— Энди нима қилмоқчисиз? —дебди.
— Мен сени қутқармоқчиман, — дебди она айиқ. Рустам унга:
— Қачонгача биз улардан қочиб умр кечирамиз? Биз ҳам қаршисига чиқамиз, — дебди.
Она айиқ:
— Улар кўп, ҳаммасининг тагида от. Бизнинг дўстларимиз шаҳарга ўтин олиб кетган. Юр, вақтни қўлдан бермайлик, — дебди.
Шу вақт дўмбиллаб чопиб айиқ боласи етиб келибди. Рустам кўриб жуда хурсанд бўлибди. Она айиқ Рустамни қочишга зўрлабди. Аммо Рустам қочишни истамабди. Рустамнинг бу ҳолини сезган она айиқ:
— Энди нима қилмоқчисан? — деб сўрабди.
Рустам:
— Душман устига ҳужум қилайлик, — дебди. Айиқ боласи бошини силкитиб, тумшуғини кўтариб, икки қўли билан Рустамнинг белидан ушлаб:
— Бўш келмаймиз, дўстим, — дебди.
Сойдан тоғга ўрмалаб келаётган отлиқлар бир-биридан олдин чиқишга ҳаракат қилишибди. Отларнинг пишқиргани, шаҳар ҳокимининг овози эшитилибди. Душманлар отдан тушиб, тошлар орасига яшириниб, Рустамга қарши ҳужум бошлабдилар. Уч паҳлавон юқоридан туриб, душманларга қараб тош ота бошлабди. Жанг қизиб кетибди. Бири “бошим” деб додлармиш, бири отдан ағдарилармиш, бирининг бели синганмиш, хуллас, душман қаттиқ талафотга учрабди. Дўстлар хурсанд, душманлар ғамгин бўлибди. Бироқ Рустамнинг йиғган тошлари тугаб қолибди. Қарасалар, она айиқ йўқ эмиш. Булар ҳайрон бўлибдилар. Жанг тўхтабди. Шаҳар ҳокими яна ҳужумга ўтибди. Рустам қўлига бир говрон олиб уларнинг йўлини тўсмоқчи бўлганида, она айиқ йўғон арча дарахтини кўтариб келиб душман устига отибди! Бу зарбадан аввал шаҳар ҳокими қоча бошлабди. Унинг кетидан йигитлар ҳам тумтарақай бўлибди. Рустам ва айиқлар от, анжомларни ўлжа олиб, ўз ерларида яшайверибдилар. Бу воқеа шу куннинг ўзидаёқ ҳаммага маълум бўлибди. Ҳоким бунинг аламига чидаёлмай, ертўлага тушиб ётибди. Рустамни тутиб келган кишига бўйи баравар олтин беришга ваъда қилибди. Бу ваъдани эшитиб, оғзида тиши йўқ, бошида туки йўқ, бир кўзли кампир шаҳар ҳокими олдига келиб, таъзим қилиб:
— Э, ҳоким, оёқяланг Рустамни ушлаб келиш учун менга рухсат беринг, — дебди.
Шаҳар ҳокими хурсанд бўлиб:
— Тутиб келсанг, нима десанг бажараман, — дебди.
Кампир шаҳар ҳокимига:
— Менга ўзингиз ишонган, юзида бир дона туки йўқ, ўн бешта кўса одамни топиб, ҳар қайсисига бир ойлик овқат ғамлаб берасиз. Оёқялангни ушлаб келганимдан кейин менинг маслаҳатим билан иш қиласиз, — дебди.
Шаҳар ҳокими кампирнинг айтганини бажо келтириб, эртасига тоғ томон юборибди. Кампирнинг буйруғи билан ўн беш кўса, хотин-қизлар кийимини кийиб, йўлда бир-бири билан муштлашиб, юзи кўкарган, бурни қонаган, боши ёрилган ҳолда додлашиб, кампир бошчилигида арчазорга кириб боришибди. Дод-фарёдни эшитган Рустам билан ўтинчилар уларнинг олдиларига борибдилар, воқеани сўрабдилар, кампир ўзини Рустам оёғига ташлаб, бошини тошларга уриб, кийимларини йиртиб:
— Дод, золимнинг дастидан, бизларнинг арзимизни эшитувчи, ҳолимиздан хабар олувчи, бизларга меҳр-у шафқат қилувчи Рустамжон қаерда? Бизлар уни бир кўриб ўлсак армонимиз йўқ, — деб фарёд қилибди.
Рустам:
— Хафа бўлманглар, онажонлар. Рустам мен бўламан. Нима бўлди? Менга тушунтиринглар, — дейиши билан ўн беш “хотин” Рустамнинг оёғига ўзини ташлаб йиғлай бошлабди.
Кампир:
— Кўзимизнинг нури Рустамжон, бизларни золимнинг зулмидан қутқар. Сенинг зарбингни еб аламига куйган, хонавайрон бўлгур шаҳар ҳокими бизларни эркакларимиз, болаларимиз билан чақириб, таёқлари билан уриб, ҳамма ёқларимизни ёриб, эркакларимизни зиндонга, болаларимизни қафасга солиб, офтобнинг тиғига осиб қўйди. Уйларимизни тортиб олиб, бизларни саҳрога ҳайдаб юборди. Биз нима қиламиз? Кимдан ёрдам оламиз? — деб нола-ю фиғон қилибди.
Рустам:
— Йиғламанглар, келинглар, сизлар ҳам биз билан бирга бўлинглар. Шу ерда умр кечирамиз, — деб жой тайёрлаб, овқат берибди.
Ҳар ким ўз тирикчилигини қилиб, кечқурун ўзи тайёрлаб қўйган жойига бориб ётар экан. Рустам бир кун супачада уйқуси келмай ёлғиз ўтирган экан (Чунки айиқ боласи онаси билан узоқ йўлга кетган экан). Шу вақт унинг ёнига Сиддиқ ямоқчи келиб:
— Зериккан кўринасан. Ҳикоя айтиб берайми? — деб Рустамнинг ёнига ўтирибди.
— Жоним билан эшитаман, — дебди Рустам.
Сиддиқ ямоқчи сўз бошлабди:
— Бир вақтда бир ямоқчи бор экан. Турмушини зўрға ўтказар экан. Бисотида ишонган, суянган бир қизи бор экан. Ақлли, чиройли қиз экан. Отаси камбағал ямоқчи бўлишига қарамай, катта бойлардан, беклардан совчилар келар экан. Ямоқчи уларга бермас экан, чунки қизнинг ёшлигидан бирга ўсиб, бирга ўйнаб юрган қўшнисининг ўғлини севишини сезар экан. Золимларнинг зулмига, амалдорларнинг қийноқларига тоқат қила олмаган қўшниси туғилиб ўсган жойидан айрилиб, шаҳардан чиқиб кетган экан. Ота-бола бирга бир тоғда тирикчилик қила бошлабдилар. Бола ҳам кундан-кунга ўсиб, вояга етиб, ақлли, ҳуснли, ботир бўлиб етишибди; атрофдаги одамлар орасида обрў қозонибди. Эзилган бечораларга шафқат қилибди. Унинг ботирлигига ҳеч ким тенг келолмабди. Ҳатто уни кўра олмаган душманлар ҳам унинг қаршисига очиқ чиқа олмабди. Йигитнинг шуҳратини эшитган ямоқчи билан қиз ниҳоятда хурсанд бўлиб, унинг кириб келишини тоқатсизлик билан кутибди. Лекин шунча вақт ўтса ҳам йигит бир марта хабар олмабди.
Рустам бутун воқеани эшитиб, тўсатдан: “Йигитнинг иши виждондан эмас”, деб қўйибди.
Сиддиқ ямоқчи ҳикоясини давом эттирибди:
— Қизнинг донғи шаҳар ҳокимининг қулоғига бориб етибди. Шаҳар ҳокими ғойибдан ошиқ бўлиб, тўрт хотин устига хотинликка сўраб, қанча сарполар билан ямоқчиникига совчи юборибди. Қиз ва унинг отаси совчиларни қайтариб юборибди. Ҳоким ямоқчининг оёқ-қўлини боғлаб, сувга ташлаб, уйига ўт қўйиб, қизни зўрлаб олиб кетибди.
Қўшчилар қизнинг отасини ўлимдан қутқариб қолибдилар. Олиб кетилган қиз ҳар қандай азобларга бардош бериб, йигитни кутибди.
Йигитдан дарак бўлмабди. Қизнинг отаси қўшчилар қўлида уч-тўрт кун туриб, бироз тузалгандан кейин бу воқеалардан паҳлавонни хабардор қилгани йўл олибди.
Сиддиқ ямоқчи Рустамдаги ҳолатни сезиб, ҳикоясини давом эттирмоқчи бўлганида яраланган бир “хотин” Рустамнинг олдига келиб:
— Рустамхон, онангиз жон бериш олдидалар. Сизга жуда муштоқ бўлиб ётибдилар. Олдиларига кирсангиз, — деб ялинибди. Рустам сакраб туриб, “касал” ётган жойга борибди. Сиддиқ ямоқчи ҳам ўз жойига кетибди. Кампирга ҳақиқатан ғарғара келиб турган экан.
Рустам тепасига борганида иккинчи “хотин”:
— Кўп қийналманг, мана, азаматингиз қаршингизда турибди, — дебди.
“Оғир” ётган кампир қўллари билан Рустамга имо қилиб бир қучоқлаб ўпишни умид қилибди. Рустам ўзини кампир қучоғига ташлаши билан кампир беҳуш қиладиган дорини Рустамнинг бурнига тутибди. Рустам ҳушсиз бўлиб йиқилибди.
Кампир кўсаларга:
— Қани, тезда менинг буйруғимни бажаринглар, — дебди. “Хотин” кийимидаги эркаклар Рустамни арқон билан боғлаб, шаҳар томон йўл олибдилар. Арқон билан қўл-оёғи боғланган беҳуш Рустамни қимматбаҳо гиламлар, духоба кўрпачалар солинган ҳашаматли уйга олиб келиб, эшик тагига ташлабдилар. Уй ичида қатор одамлар ўтирганмиш. Ҳар бирининг олдига кимхобдан бош-оёқ сарпо қўйилган эмиш.
Шаҳар ҳокими хурсандлик билан одамларга:
— Сизларга ҳозир берган ҳадям арзимайди. Сизларни яна ҳам хурсанд қиламан, — деб ваъда қилаётганида Ҳалимбой ўрнидан туриб:
— Эртага халқни растага йиғиб дор тикамиз-да, бу муттаҳамни осиб, сизларни ўшалар олдида ҳадялар билан кўмиб юборамиз, — деб кўкрагини кериб, мўйловини бураб қўйибди. Кампир Ҳалимбойга қараб:
— Хато ўйлайсиз, бойваччам. Биринчидан, бу ялангоёқни халққа маълум қилиш ярамайди. Иккинчидан, кўп сақлаб бўлмайди. Ҳушига келиб қолса, арқонларни узиб, халос бўлиши мумкин. Нима бўлмасин, тезда йўқотиш керак, — дебди.
Шаҳар ҳокими:
— Эй, она, бу иш сизнинг ихтиёрингизда. Қандай чора кўрсангиз, қабул қиламиз, — дебди.
Кампир:
— Ундай бўлса, Шайтонтепа тоғида “таги йўқ” ғор бор. Шунга ташлаймиз. Унда девлар, аждарлар бор. Уларга ҳам овқат керак, — дебди.
Ҳамма хохолаб кулиб: “Сизнинг ҳийлангиздан шайтон ҳам қўрқади”, дейишибди. Шу қарор билан бечора Рустамни “таги йўқ” ғорга олиб бориб ташлабдилар.
Рустам ҳар куни саҳар турганида, атрофидаги чўпонлардан ўрганган бир куйни найда машқ қиладиган одати бор экан. Уни эшитган ўтинчилар тонг отганини сезиб ертўладан чиқишар ва ўз тирикчиликларига кетар эканлар. Бугун жимжит бўлибди. Ўтинчиларнинг назарида ҳали тонг отмагандай туюлиб, ағдарилиб ётавериш жонларига тегибди. Аммо Рустамнинг отаси кўнглига ғулғула тушиб, пастки уйидан чиқиб, Рустам ётадиган супага келибди. Супа устида Рустамнинг дўпписидан бошқа нарсани кўрмабди. Чол бетоқатланиб атрофга қарабди ва “Рустамжон!” деб чақирибди. Бу чақириқ худди наъра каби ўтинчилар қулоғига бориб етибди. Ўтинчилар олдинма-кетин чопиб келиб, чол атрофига йиғилибдилар. Ҳамма ҳайрон эмиш. Орадан “атрофларни қидирайлик” деган овоз чиқибди. Чол бир нарсани эслагандек, чап томонга югуриб кетибди. Бироздан кейин оғзига кумуш қопланган, унга ўз эгасининг номи ёзилган носқовоқни кўтариб келиб, “Бу хиёнат, макр”, деб ўтинчиларга хитоб қилибди.
— Дўстларим, биз Рустамдан айрилибмиз, кечаги паноҳ тилаб келганлар, зорланган аёллар эмас, топшириқ билан келган “еркак айёрлар” экан. Бунга далил мана бу носқовоқ, мен буни танийман. Бу носқовоқ Ҳалимбойнинг жияни Бўри кўсаники.
Ўтинчилардан бири носқовоқдаги ҳарфларни тутилиб, зўрға ўқиб, чолнинг шубҳаларини тасдиқлабди.
Рустам “таги йўқ” ғорда бир кеча-ю кундуз ётиб аста-секин ҳушига келиб қараса, қўл-оёқлари йўғон арқонлар билан боғланган ҳолда зулмат ичида ётган эмиш. Фақат ваҳимали овозлар, узоқлардан оҳ-фарёд, инграган товушлар эшитилиб турган эмиш. Рустам ўзини халос қилиш учун кўп ҳаракат қилибди, лекин фойда бермабди. Охири бир чиранганда кўкрагидан боғланган арқон узилиб кетибди. Рустам ўзини банддан озод қилиб, инграган товушни билиш учун ўша томон йўл олибди. Бироз юргандан кейин чап томонда бир ғор кўрибди, ғорнинг оғзи тегирмон тоши билан тўсилган эмиш, инграган товуш ўша ғордан келар экан. Рустам ичкари кирибди. Йўлда суякларни кўрибди. Деворларда жоду билан қўриқланаётган эркаклар, қўлларидан занжир билан осилган ёш аёлларнинг расмлари чизилган эмиш. Тўрда бир катта хона бўлиб, тошдан ясалган супа каби тахта ўрнатилган эмиш. Атрофда қора чироқлар, пиликлар охирги мойларни шимиб лириллаб турган эмиш. Тош супага ёйилган ваҳший ҳайвонлар териси ўз хизматларини адо этиб, чириб кетган экан. Бундай сарой қаршисида зулматхона кўриниб турганмиш. Унда қирқ темир қозиққа қирқ кокил бойланган, катта хумдаги муз сингари совуқ сувга икки оёғи тиззасига қадар тиқилган, икки қўлини қулоч оттириб икки томондаги дорга осилган ўн етти ёшли қиз азобга бардош бера олмай сўнгги нафасини олаётган эмиш. Унинг ҳусни-жамолига шу қоронғи зулмат чидаш бера олмай, ўзини четга олиб қочар, қизнинг ойдек юзидан ёруғ нурлар шуъла сочиб турмоқда экан. Буни кўрган Рустам ўйлаб, унинг кимлигини ва нима учун бундай аҳволга тушганлигини суриштирмасданоқ ўзини қиз томон отибди. Бир тепиб, хумни ағдарибди. Қозиқларни суғуриб қизни халос қилганида қиз ҳолсизланиб, ерга йиқилибди. Шу пайт елкаси чиққан, букри, оёқлари қийшиқ, соқоли ўсган, бўйи билан энининг фарқи бўлмаган баҳайбат бир одам билан етмиш ёшларда, қўлидаги ҳассасидан бурни узун, бетида ўн икки дона тукидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ чол кириб келибди. Биринчиси шу мамлакатнинг катта қароқчиси бўлса, иккинчиси қароқчига ўлжа топиб келадиган, халқни қароқчи тузоғига илинтириб берадиган ёрдамчи экан. Қароқчи бу қизни ёрдамчисининг макру ҳийласи билан ўғирлаб келиб, ўзига хотин қилмоқчи экан. Қиз бунга унамагач, уни азоблаб ўлдирмоқчи бўлганда бундан хабар топган ёрдамчиси макр билан қизни кўндиришни бўйнига олиб бирга келган экан. Бехосдан Рустамга рўпара келган қароқчи ёрдамчисига қараб:
— Менинг ғазабхонам меҳр-шафқатхонага айланибди, — деб хохолаб кулиб юборибди.
Рустам индамай қараб турибди. Қароқчи:
— Эй, гўдак, кимсан? Яна беном-у нишон ўлиб кетма. Ўзингни танит, — деб Рустамнинг тепасига борибди. Ўзига қаратмоқчи бўлиб, Рустамнинг қулоғидан тортган экан, Рустам аста ўрнидан туриб, қароқчининг кўкрагига бир мушт туширибди. Қароқчи уч-тўрт ду-маланиб, орқада қилтиллаб турган ёрдамчисини босиб қолибди. Қароқчи тўсатдан тушган бу зарбадан ғазабланибди. Ўрнидан турмоқчи бўлса, семизлиги халақит берибди. Унинг ҳаракатларидан ёрдамчисининг суяклари синиб кетибди. Қароқчи зўрға туриб, белидаги шамширини олиб Рустамга ҳамла қилганда, Рустам сув тўлдирилган хумни кўтариб, қароқчига отибди. Қароқчи ерга йиқилибди. Рустам югуриб бориб қароқчининг қўлидан шамширини тортиб олиб, уни ўлдирибди.
Қиз узун киррикларини аста очиб, қовжираган лабларини тили билан намлаш ниятида тамшанган экан, Рустам бир ҳовуч сув келтириб қизга тутибди. Қиз сувдан бир-икки қултум ютиб, тепасида парвона бўлиб турган йигитга кўзи тушиб ташвишланибди.
— Кимсиз, нима учун бу ерга келдингиз? Мен ўлимга ҳукм этилганман. Сиз қочинг, ўзингизни қутқаринг. Агарда мени қутқармоқчи эканлигингизни билиб қолса, сизни ҳам қийнаб ўлдиради.
Рустам қизга тикилиб:
— Сиз ҳозирдан бошлаб озодсиз, — дебди.
Қиз ҳайрон бўлиб:
— Сиз менга ҳикоя айтиб бераётирсизми? Бу ҳеч мумкин эмас-ку! Неча йиллардан бери унинг чангалига тушган киши қутулиб чиқолмаган. У ўз зулми ва қонхўрлиги орқасида “букри дев” деб ном чиқарган. Бу мамлакатда ундан безмаган ва қўрқмаган одам йўқ. Ҳатто ёш болалар ҳам унинг номини эшитса, йиғидан тўхтайди. Унинг шамширига ҳукмронларнинг минглаб йигитлари бардош беролмаган, — дебди.
Қиз ҳаяжон ичида тез-тез нафас олиб, нозик бармоқлари билан Рустамнинг яктаги барини ўйнабди. Рустам ўз сўзларининг жавобини интизорлик билан кутаётган қизга қараб:
— Мана шу шамшир биланми? — деб қароқчи қўлидан тортиб олган шамширни кўрсатибди.
Қиз ҳайрон бўлиб:
— Сиз буни қаердан олдингиз? — дебди.
Рустам қизнинг қўлидан ушлаб олиб бориб, қароқчи билан ёрдамчиси ётган чуқурни кўрсатибди. Қиз хурсандлигидан икки қўлини кўксига қўйиб, тикилиб турган кўзларини узун кирриклари остига олиб:
— Офарин, қуёш ерининг паҳлавонига! — дебди.
Бу сўзни эшитган Рустам ажабланиб:
— Сиз менинг қуёш ерининг одами эканлигимни қаердан билдингиз? Ўзингиз кимсиз? —деб сўрабди.
Қиз:
— Менинг исмим Тонггули. Буни фақат мен эмас, бутун халқ билади, сизни неча вақтлардан бери халқ интизорлик билан кутади.
“Букри дев”ни ўлдиришга, халқни қора зулматдан қутқаришга сиз сабабчи бўлдингиз. Сизнинг номингиз Рустам, касбингиз ўтинчилик, буларни менинг бобом ўз ҳикояларида айтиб берардилар. Қани юринг, менинг биринчи хизматим сизни халққа таништиришдан бошлансин, — деб иккови шаҳар томон йўл олибди. Йўлда қиз Рустамни бутун воқеадан хабардор қилибди.
Тонг пайти, кенг бир сайҳонликка келишибди. Одамлар йиғилган экан. Ҳаммада ғам-ташвиш, биров беҳуш бўлиб йиқилар, биров ўз либосини йиртиб, бошини ерга уриб йиғлар, баъзилар беҳушларга сув сепиб, уларни сабр қилишга ундар экан. Узоқдаги тепалик устида ўн тўрт ёшли ўғил бола бир қўй билан турганмиш. Бола ва қўйнинг кўзлари боғланган эмиш. Йиғин орасидан уч-тўрт одам бола томон ташланса, халқ уларнинг боришларига йўл қўймасмиш. Рустам бунга ҳайрон бўлиб, қиздан сўрабди:
— Эй, Тонггули, менга бу сирни айтиб бер.
Тонггули Рустамга қараб, кўзларидан бетўхтов марварид ёшларини оқизиб:
— Кошки энди мен туғилмаган бўлганимда, халқнинг бу қадар оҳ-фиғонини эшитмаган бўлар эдим. Икки йилдан бери бу халқимизнинг кундалик маросими, — дебди.
Рустам “кундалик маросими” деган сўзларни эшитиб:
— Эй, Тонггули, бу сирдан мени тез хабардор қил, — дебди. Тонггули тоқатсизланиб:
— Бундан бир неча йил илгари бизнинг мамлакатда бир аждаҳо пайдо бўлди. Кўп хонадонларни вайрон қилди. Молларни қирди. Шаҳар халқи унга қарши чиқа олмади. Аждаҳо шу тепа орқасида яшайди. Охирида ҳар куни тонг пайтида қорни очиб шаҳарга ҳужум қилмоқчи бўлганида унинг йўлига бола билан қўй қўйиладиган бўлди. Аждаҳо йўл устида учраган бола билан қўйни еб, тўйганидан кейин шаҳар томон юрмасдан изига қайтиб кетади. Шаҳар халқига бу солиқ қилиб қўйилган.
Боласи бор киши боласини, фарзандсиз киши навбатма-навбат бир қўй олиб беради. Бу ҳол одат тусига кириб қолган. Бултур шу вақтларда ўн уч ёшли Гулчеҳра синглим қурбон бўлган эди. Бугун ҳам шаҳардаги атоқли одамнинг бир фарзанди қурбон қилинса керак, кўп халқ йиғилибди, — дебди.
Халқ орасида бирдан шовқин-сурон кўтарилибди. Тонггули Рустамга:
— Ана аждаҳо, бола томон чиқяпти, — деб беҳуш бўлиб йиқилибди.
Рустам қараса, қоп-қора баҳайбат бир махлуқ бола томон ўрмалаб келаётган эмиш. Аждаҳони сезган қўй тоқатсизланиб қочмоқчи бўлибди. Бола онасини ёрдамга чақиргандек чинқирибди. Бола билан қўй бир арқонга боғлангани сабабли, иккисидан бирининг ҳам қутулиши мумкин эмас экан. Рустам тепа томон югурибди. Аждаҳо бола билан қўйни ейиш учун аврай бошлабди. Қўй тирирлашдан тўхтабди. Бола мудрай бошлабди. Аждаҳо нафасига тортганида олдида бола, кетида “ем” бўлган қўй аждаҳонинг оғзига яқинлашибди. Боланинг икки оёғи аждаҳо оғзига рўпара бўлибди. Қўққисдан тушган кучли зарба аждаҳони гангитибди.
Аждаҳо ўзини ўнглаб олиш учун сой томон бурилмоқчи бўлганида қаҳр билан ташланиб, сиқилган икки оёқ орасидан қутула олмабди. Йигит чаққонлик билан аждаҳога иккинчи зарба туширибди. Аждаҳонинг калласи танидан ажралибди.
Аждаҳо ютмоқчи бўлган бола Рустамнинг бўйнидан маҳкам қучоқлабди. Халқ бугунги маросимни шодлик тўйига айлантириб юборибди. Йиғин ичида баланд бўйли, оқ соқолли бир киши Рустамнинг олдига келиб, кўзларидан севинч ёшларини тўкиб:
— Бизларни офатдан қутқариб, ғам-қайғудан озод қилдинг, кўнглимизга нур берган эй баҳодир, паҳлавон, кимсан? — дебди.
Тонггули ҳушига келиб қараса, ҳамма ёқ шодлик билан тўлган, халқ Рустамни ўраб олиб унга қайта-қайта офаринлар айтаётган эмиш. Рустамдан савол сўраб турган одамнинг кўзи Тонггулига тушиб қолибди. У:
— Тонггулим, ҳаётмисан? Сени зулматдан ким қутқарди? — деб бағрига босиб йиғлабди. Тонггули:
— Сизларни офатдан ким қутқарган бўлса, мени ҳам зулматдан ўша қутқарди. “Букри дев”ни, одамхўр аждаҳони ўлдирган, сизларни офатдан қутқариб, бахтли ҳаёт эшигини очган, ўзларингиз достонлар тўқиб юрган қуёш ерининг паҳлавони — Рустам ўтинчи шу бўлади, — деб айтибди.
Халқ Рустам билан шаҳар томон йўл олибди, бир неча кун шодлик тўйи қилишибди. Рустам ҳамон дўстларини ва чол отасини ўйлар экан. Кунлардан бир куни Рустам Тонггулининг бобоси олдига келибди. Унга ўзининг дўстлари, бетоб хотинни кўргани боргани ва арқонга боғланиб қора зулматда ётгани тўғрисида бирма-бир сўзлаб берибди. Ҳозирги вақтда дўстлари қандай аҳволда эканлигини билишга, ер юзига қандай қилиб чиқишга маслаҳат сўрабди. Бобо узоқ ўйлаб, секин Рустамга қарабди. Бу жуда оғир иш деб бошини чайқабди. Рустамнинг юзида бўлган ўзгаришни сезиб:
— Эй, паҳлавон, дунё яратилганидан бери ҳеч бир одам қуёш ерига чиққан эмас. Лекин боболаримизнинг айтган ҳикояларига қараганда, шу шаҳарнинг чап томонида қирқ тоғ деган баланд тоғ бор. Шунинг тепасида қуёш ерига чиқиш учун йўл бор эмиш. Лекин уни ҳеч ким кўрган эмас. У тоғнинг тепасига чиқаман деб неча минг одам ҳалок бўлган экан. Йўллар хавфли. Ваҳший ҳайвонлар кўп, яна у тоғ қирқ бўғин бўлиб, ҳар бўғинининг баландлиги юз газли силлиқ тошдан иборат. Кел, паҳлавоним, сен бу ниятингдан қайт. Бизнинг паҳлавонимиз ва саркардамиз бўл. Бизлар сендан ажралишни истамаймиз, — дебди.
Рустам икки қўлини кўксига қўйиб:
— Эй, менга дунёнинг заҳматини лойиқ кўрмай, шафқат қилувчи ғамгузорим, ахир унда менинг дўстларим ва етимлигимдан тарбиялаб вояга етказган меҳрибонларим бор. Мендан айрилиб уларнинг аҳволи нима бўлди? Шулардан хабар олиб кўнглим тинчимаса, менга яшаш ҳаром бўлсин, — дебди.
Бобо шу сўзни эшитиб, ноилож рози бўлибди. Эртаси бутун шаҳар халқи Рустам билан хайрлашибди. Шаҳар оқсоқоли Рустамнинг пешонасидан ўпиб:
— Биздан сенга эсдалик ва йўлингда ҳамроҳинг бўлсин, — деб бобосидан қолган қадимги камон билан беш газ узунликдаги ўқ-ёйни берибди. Рустам шаҳар халқи билан хайрлашиб, тоғ томон йўл олибди.
Чўллар кезибди, қирлар ошибди. Йўллар юриб тоғ тагига етибди. Қараса, тоғ бобо айтгандан ҳам ваҳимали, тепаси кўринмайдиган, силлиқ тошдан иборат баланд эмиш, унинг устига чиқиш ҳеч ақлга тўғри келмасмиш. Рустам ҳайрон бўлиб, нима қилишини билмасдан хаёл суриб тоғ бағрида ўтирган экан, узоқдан наъра тортиб келаётган баҳайбат овозни эшитибди. Рустам қараса, тошларни ҳар тарафга улоқтириб, оғзини катта очиб, югурганича Рустам томон она шер келаётган эмиш.
Рустам ирғиб турибди ва қўлидаги камонга ўқ-ёйни жойлаб, шерни мўлжалга олибди. Буни сезган шер ўз жойида тўхтаб:
— Эй, одамзод! Менга ёрдам бер, менинг болаларимни ўлимдан қутқар, — деб Рустамнинг оёғига бош урибди.
Рустам шернинг бошини силаб:
— Эй, ваҳший ҳайвонларнинг подшоси, мендан қандай ёрдам кутасан. Айт, мен тайёрман, — дебди. Она шер Рустамнинг этагидан ушлаб, тоғнинг орқа томонига югурибди. Рустам бориб қараса, шер кирадиган ғорнинг оғзида ҳўкиздан катта чаён турган эмиш. У шернинг ғор ичидаги икки боласини чақиб ўлдирай деб турган экан. Рустам камонга ўқ жойлаб, чаённи мўлжалга олиб отибди, ўқ бориб чаённинг бошига тегибди. Чаён гангиб ғор оғзидан ағдарилиб тушибди. Рустам югуриб бориб, шамшири билан чаённинг найзасини қирқиб, пора-пора қилиб ташлабди. Ғор ичида чаёндан қўрқиб ётган шер болалари югуриб келиб онасининг бағрига ташланибди. Она шер хурсанд бўлиб, Рустамга бош эгибди. Рустам кўп юриб чарчаганидан ён-бошлаб уйқуга кетибди. Она шер икки боласини Рустамнинг ёнида қолдириб, ўзи овқат топиш учун кетибди. Шер болалари хурсандлигидан бир-бири билан ўйнашиб наъра тортибдилар. Шу пайтда оғзида бир қўйни тишлаганча ота шер келиб қолибди. Рустамни кўриб, ҳайрон бўлибди. Қаҳри келиб оғзидаги қўйни ташлаб, Рустамни пора-пора қилиб ташламоқчи бўлибди. Бирдан шерваччалар:
— Бу одамга тегманг. Бизларни ўлимдан қутқарди, — деб ота шернинг бўйнига ёпишибдилар. Ота шер бу сўзларга таажжубланиб турган экан, она шер ғордан чиқиб келибди ва бўлган воқеани айтиб, бурдаланиб ётган чаённи кўрсатибди. Кечга яқин Рустам уйқудан туриб қараса, атрофида бир неча шерлар Рустамнинг уйғонишини кутиб турган эмиш. Рустам ирғиб ўрнидан туриб, бўйнидаги жунлари ўсган, кўп ёшларга борган, бошқаларга нисбатан баландроқда турган бир шерга таъзим қилибди. У шер шу тоғда яшовчи шерларнинг оқсоқоли экан. Оқсоқол шер ўрнидан туриб, Рустамнинг олдига келибди ва олдинги икки оёғини Рустамнинг елкасига қўйиб.
— Бизнинг ҳаётимизни хавфга солиб юрган душманимизни яксон қилиб, келгуси авлодла-римизнинг бошига тушадиган кулфатлардан озод қилган қаҳрамон, тила тилагингни? — дебди.
Рустам таъзим билан:
— Менинг тилагим, ўз дўстларимни кўриш, улардан хабар олишдир, — дебди.
— Улар қаерда? —деб сўрабди шерлар оқсоқоли.
Рустам:
— Улар қуёш ерининг арчазорида, — деб жавоб берибди.
Рустамдан бу сўзни эшитган шерлар ўз тилларида бир овоз чиқариб, бир-бирларига қараб қўйибдилар. Оқсоқол шер ҳамон жим турар экан. Рустам ўз тилагига эришиш учун жавоб кутибди. Бироздан кейин оқсоқол шер бошини кўтарибди ва атрофга қараб баҳайбат овоз билан ўкирибди. Шунда калта, йўғон оёқлари билан юриб келган паст бўйли шер оқсоқолга таъзим қилибди. Оқсоқол ҳалиги шерга:
— Бу йигитни тоғнинг тепасига олиб чиқ ва йўлни кўрсат, қайтишингда соғ-саломат олиб чиққанинг учун бизга нишона келтир, — дебди. Шер оқсоқолга таъзим қилибди ва Рустамнинг олдига келиб турибди. Оқсоқол шер Рустамга қараб:
— Эй, паҳлавон, сенинг сафаринг жуда хавфли. Шунинг учун сени олиб борувчи шер нима деса, қайсарлик қилмасдан айтганини бажарасан, бўлмаса бирор фалокат рўй бериши мумкин. Иккинчидан, қуёш ерига қадаминг тегиши билан бизга ишонарли нишона бериб юборасан. Токи бизларнинг кўнглимиз тинчисин, — дебди.
Рустам бу шартларни қабул қилиб, шер устига минибди. Бошқа шерлар ўйин қилиб уларни кузатибдилар. Кузатувчилар ғорнинг оғзига келиб яна хайрлашиб ўз изларига қайтибдилар. Рустам билан шер ғор ичига кириб кетибдилар. Шер ғор ичида ўқдек учибди. Ўқтин-ўқтин наъра тортибди. Унинг наърасига атрофдан ҳар хил овозлар эшитилибди. Рустам атрофдан келаётган овозларни билишга қизиқиб:
— Эй, ваҳший ҳайвонлар подшоси, бу келаётган овозлар қандай овозлар? Булардан мени хабардор қил, — деса, шер Рустамдан бу саволни эшитиб:
— Паҳлавоним, бундай саволларни берадиган вақт эмас. Сендан сўрайман, жимлик сақлаб бор. Бўлмаса мени ва ўзингни ҳалок қиласан, — дер экан.
Яна йўлда кетар эканлар, гоҳ қушларнинг сайраши, гоҳ мазлумларнинг инграши, гоҳ чақмоқлар чақиб момақалдироқ гулдураши, гоҳ созлар чалиниб базмлар қийқириғи, гоҳ қизларнинг ёқимли ашулалари эшитилибди. Бундай овозларни эшитган Рустам шердан ялиниб сўрабди:
— Мени бу воқеалардан хабардор қил.
Шер Рустамга илтижо қилиб:
— Қуёш еридаги дўстларингизнинг ҳурмати учун жимлик сақланг, — дебди.
Рустам рози бўлибди. Лекин ғор ичида қоронғиликдан ҳеч нарса билиб бўлмабди. Агар шернинг бўйнидаги жунларини маҳкам ушламаганда, унинг тез чопишидан Рустам учиб кетиши турган гап эди. Шу пайт шер:
— Эй, паҳлавон, кўзингни юм. Қачонки мен “оч” демагунимча очмайсан. Агар ўз ихтиёринг билан бир иш қилиб қўйсанг, ўз дўстларинг ва менинг дўстларим олдида жавобгарсан, — дебди.
Рустам кўзларини юмиб, шернинг бўйнидан маҳкам қучоқлабди. Шер яна тезроқ чопиб шундай бўкирибдики, Рустам бундай овозни биринчи марта эшитибди. Шердан чиққан терга Рустамнинг кийимлари ивиб, сув бўлиб оқа бошлабди. Шер бироздан кейин тўхтаб, Рустамга “Туш!” дебди. Рустам кўзини юмганича шер устидан тушибди. Шер “Кўзингни оч!” деб буюрибди. Кўзини очса, Рустам тоғ тепасида турган эмиш. Тоғнинг тепаси ниҳоятда кенг ва сайҳонлик бўлиб, гуллар очилган, майсалар кўкарган, булоқлардан тиниқ сувлар оқиб турган экан. Бу ерлар худди бир боғбон парвариш қилгандек кўринар эмиш. Рустам шердан:
— Бу ерда ким яшайди? — деб сўрабди.
Шер чарчаганиданми жавоб бермасдан булоқ томон юрибди.
Бориб булоқда чўмилибди ва яна ўз ҳолига келибди. Бу мўжизадан Рустам ажабланибди. Шер Рустамга қараб сўзлабди:
— Қулоқ сол, паҳлавоним. Сирлардан сени хабардор қилай. Йўлдаги сайрашлар, инграшлар, базмлар ва бошқа овозлар қуёш еридаги инсонларга хос эди. Улар бир-бирларига шундай муносабатда бўлиб, баъзиларининг инграшларидан баъзилар завқланиб ишрат қилишар эди. Сўнг сенга “Кўзингни юм!” дедим. У ерда сенинг дўстларингнинг ҳаёти кўринар эди. Мана энди сен уларнинг олдиларига бориб биласан. “Бу тоғдаги боғлар кимники?” дединг. Бу тоғ тилсимланган. Бу ерга инсонлардан фақат сенинг қадаминг тегди. Мен ва менинг боболарим шу ерни қўриқловчилардир. Бизнинг авлодда бошқа шерлар бу ерга кела олмайдилар. Вақтида ўз эгаси келади. Буюк сирли тоғлар текис сайҳон ва бўстонларга айланади. Рустам ниҳоятда қизиқиб:
— Эгаси ким ва қачон келади? — деб сўрабди.
— Буни сенга айтиш қийин. Боболаримизнинг ҳикояларига қараганда: “Қуёш бу зулмат ерига ўз нурини сочганда келади”, дейдилар. Қани, қаҳрамон, ўз сафарингни давом эттир.
— Мен сенга нишона беришим керак эди. Нима берай? — деб сўрабди Рустам.
Шер Рустамни етаклаб, тоғнинг бир четига олиб борибди ва юқоридан қирқ газча осилиб тушган баҳайбат бир дарахт илдизини кўрсатиб:
— Мана шу илдизга осилиб юқори чиқасан. Шу илдиз ёнида кавак бор. Шунга етганингда шу кавакдан тупроқ олиб менга ташлайсан. У тупроқ қуёш ерининг тупроғи ҳисобланади. Мана шу тупроқни нишона қилиб олиб бораман.
— Рустам қуёш ерининг тупроғи деган сўзни эшитиб, кўнглида дўстлари билан қучоқлашиб кўришаётгандек ошиқиб хурсанд бўлибди. Лекин илдизга қандай қилиб осилиб чиқишга ҳайрон бўлибди. Чунки илдизнинг пастга осилиб тушган учи Рустам турган ердан ўн газ юқорида тугаган экан. Шер Рустамнинг ҳайронлигини сезиб:
— Устимга мин, охирги марта сени саёҳат қилдирай, — деб устига миндирибди. Шер тоғ атрофидан чопиб келиб илдиз олдига яқинлашганда Рустам бирдан илдизга сакрабди. Рустам илдизни қучоқлаб юқорига ўрмалабди. Шер айтган тупроқдан олиб бир енгига бойлаб шерга ташлабди ва шер билан дўстларча хайрлашиб юқорига йўл олибди.
Қуёш ерининг паҳлавони тонг отар пайтида ер юзига чиқибди. Атрофига қараса, таниш арчазор кўринибди. У илдиз Рустам отаси билан биринчи марта арчазорга келганда, чол суянган паст бўйли йўғон арчанинг илдизи экан. Рустам ўзи ётадиган супа устида она айиқ кенжа боласини олдинги оёқлари орасига олиб, қайғу билан бошини қуйи солиб ўтирганини кўрибди. Кўзи бирдан Рустамга тушиб қолган она айиқ овози борича ўкириб юборибди ва Рустамни ўз бағрига босибди. Она айиқ кўзидан ёш тўкиб сўзлабди:
— Сендан айрилганимиздан уч кун ўтгач, ҳоким йигитлари билан келиб, арчазорга ўт қўйиб, бу ердагиларнинг қўл-оёқларини боғлаб олиб кетди. Чўпонларнинг айтишларига қараганда, бугун кечқурун халқни йиғиб, ўтинчиларни дорга осар эмишлар.
Кечки пайт. Айиқ билан Рустам шаҳарга келиб қараса, кенг майдонга одам йиғилган эмиш. Кимдир кўз ёши тўкаётганмиш. Кимдир кўмакка интилиб, ўзини ожиз билиб, бетоқат бўлиб умидсизлик билан жавдирармиш. Кимдир кимхоб тўн кийиб, от ўйнатиб, дор атрофидан одамларни ҳайдармиш. Кимдир “гуноҳкор”ларнинг дорда тирирчилашларини томоша қилмоқчи бўлиб соявон аравада келиб турганмиш. Дорнинг чап томонида темир қафаслар бор эмиш. Бунда ҳокимнинг зулмига қаршилик кўрсатган ёки уй-жойларини ташлаб кетган одамларнинг болалари қамаб қўйилганмиш. Қафасдагиларнинг ҳаммаси ярим яланғоч, мурғак баданлари кўмир сингари қорайиб кетган эмиш. Кўпдан бери очлик ва ташналикка дучор бўлганлари учун суяклари баданини ёриб чиққандек кўринармиш. Мана шу маҳбуслар орасида Сиддиқ ямоқ-чининг қизи Зуҳра ҳам бор эмиш.
Бир пайт карнайлар чалиниб, ясовуллар йўл очиб, жаллодлар болта ушлаган ҳолда қўллари орқаларига боғланган, ранглари ўчган Рустамнинг отаси бошлиқ қирқ етти “гуноҳкор”ни дор тагига олиб келибдилар.
Қафасдаги ёш маҳбуслар ўзларининг ота ва оналарини таниб, дод-фарёд кўтарибдилар. Баъзи гўдаклар ўзларининг жажжи гавдаларини кўтаришга мадорлари келмай бошларини қафасга тираб, энг сўнгги кучларини йиғиб, “Мени қутқаринг, отажон!” дегандек қўлларини панжара орасидан узатибдилар. Бир-бирлари билан хайрлашиб, дор тагига келаётган маҳбуслар ўз фарзандларини қафасда кўриб, уларнинг нолишларига тоқат қила олмай, фарёдга-фарёд қўшибдилар. Зуҳра икки қўли билан қафас темирларни ушлаб, сочлари ёйилган, кийимлари тилка-тилка бўлган, кўзларидан марварид сингари ёшларни оқизиб йиғлабди. Майдонда ҳоким ва унинг атрофида бойлар, юзбоши, мингбоши, дорбоши ва бошқа амалдорлар парвойи фалак серрайиб тураверибдилар.
Ҳалимбой саман отда келиб, халққа шаҳар ҳокимининг гуноҳкорларни дорга осиб ўлдириш тўғрисидаги фармонини ўқиб берибди. Карнайлар чалинибди. Жаллодлар дорлардан арқонларни тушириб гуноҳкорлар бўйнига боғлабдилар. Ҳалимбой завқланиб, кумуш носқовоғидан қўлига нос олиб отмоқчи бўлганида кучли қўл елкасидан ушлаб олиб, от устидан отиб юборибди.
Ясовуллар Ҳалимбойга ҳужум қилган қўлни ушламоқчи бўлганида, у қўл ҳар зарбда икки-уч ясовулни ағдариб турибди. Жаллодлар ҳайрон бўлиб, фармонни бажаришга шошилган эканлар. Тўсатдан бошларига тушган йўғон сўйил уларни ерпарчин қилибди. “Гуноҳкорлар” ўзларини жаллодлар қўлидан озод қилаётган айиқни кўриб шодланибдилар. Шу орада кимдир “Ҳалимбойни отдан отиб юборган Рустам экан” дейиши билан “Рустам тирик, Рустам келди” деган сўзлар халқ орасига тарқалибди. Тўс-тўполон бўлиб, одамлар ким-кимлигини билмасдан аралашиб кетибди. Бир қанча вақт давом этган ғалаёндан кейин ўлган ўттиз жаллод, икки юз ясовул, пачоқланган темир қафас ва Ҳалимбойнинг жасадидан бошқа ҳеч ким майдонда қолмабди.
Ҳар ким ўз фарзандини олиб Рустамга офарин айтиб, арчазор томон кетибди. Олдинда бораётган Рустам ёнига Сиддиқ ямоқчи ўз қизи билан бирга бориб, жилмайиб, оҳиста сўз бошлабди:
— Хотирангизда бордир. Бир кун арчазорда ҳикоя айтиб бераётганимда “хотин” киши келиб қолиб ҳикоям чала қолган эди.
Рустам ўйлаб турмасдан:
— Хотирамда умр бўйи сақланган. Қани, йўл устида бўлса ҳам, ҳикоянинг давомини айтинг, — деб илтимос қилибди. Сиддиқ ямоқчи кўз қири билан қизига қарабди. Зуҳра бир нарса сезгандек уялиб ерга қарабди. Сиддиқ ямоқчи сўзида давом этибди.
— Ана ўша золимнинг зулмига бардош қилиб ўз вафодорини интизорлик билан кутган қиз қаршингизда турган менинг Зуҳрам эди.
Рустам ялт этиб, Зуҳрага қарабди. Уялган Зуҳранинг анор сингари қизарган юзларини кўриб, Рустам ўзида ажойиб бир ҳис сезибди. Бундай ҳисни ҳаётида биринчи марта бошидан кечиргани учун сўз тополмай жим туриб қолибди.
Сиддиқ ямоқчи Рустамдан сўз кутар экан. Рустам бир нарсани эслагандек:
— Ҳа, айтгандек, бу кишининг паҳлавони ким ва қаерда? — деб сўрабди.
Сиддиқ ямоқчи Рустамдан тўрт қадам четроқда бутун воқеадан хабардор бўлиб келаётган Рустамнинг отасига имо қилибди. Улар бир-бирларига қараб жилмайишибди:
— Зуҳранинг паҳлавони кимлигини билмоқчи бўлсангиз “Бу кишининг паҳлавони ким?— деб сўраётган одамнинг ўзи”, — дебди.
Рустам олдинга ташлаган қадамини тўхтатиб отасига қарабди. Чол Рустамнинг берган саволига қайтарилган жавобни табассум билан тасдиқлабди.
Тонг шамоллари ғириллаб арчалар орасида эсар, арча япроқлари эса ўз сояларига келаётган дўстларини олқишлар экан. Бир қанча вақтдан бери жимлик ҳукм сурган арчазор шодликка тўлибди. Зулм кўрганлар, аламдийдалар қуёш ерининг паҳлавони етакчилигида озод, ҳур, гўзал ҳаёт кечира бошлабдилар.