Қуён билан йўлбарс

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда қуён билан йўлбарс яшаган экан. Улар бир-бирлари билан жуда иноқ эканлар.
Кунлардан бир кун улар суҳбатлашибдилар. Қуён йўлбарсга:
— Сен ўрмондаги ҳамма ҳайвонларнинг энг кучлисисан, — дебди. Йўлбарс қуёнга:
— Жуда эзмасан, гапни чўзма, сихи куймайдиган, кабоби куймайдиган эртаклардан айт, — дебди.
Қуён “Маймун билан Акула” номли эртакни айтибди.
— Маймун билан акула жуда иноқ эканлар. Бир куни маймун дарё ёқасидаги ёнғоқлардан бирига чиқиб, ёнғоқ еб ўтирган экан. У қараса, акула сувдан бошини чиқариб, дарё бўйига келибди. Маймун унга ёнғоқ чақиб, мағзини ташлабди. Акула ҳар куни келадиган бўлибди. Орадан бир неча кун ўтибди. Акула яна сув бўйига чиқибди. У маймунга:
— Мен ҳар куни сенинг олдингга чиқаман, мени меҳмон қиласан. Сен ҳам менинг уйимга бор, меҳмон қиламан, — дебди. Маймун:
— Мен сенинг уйингга қандай қилиб бораман, — дебди. Акула:
— Менинг устимга чиқасан, — дебди. Маймун бунга лаққа тушибди. Маймун акуланинг устига чиқиб олибди. Улар роса сузишибди. Акула маймунга:
— Маҳкам бўл, ҳозир денгиз тагига тушамиз, — дебди. Маймун нима баҳона топишини билмай, охири ўйлаб-ўйлаб, бир баҳона топибди, у акулага:
— Юрагим ёнғоқнинг тепасида қолибди. Юрагимни олиб келайлик. Бўлмаса мен қўрқаман, — дебди. Бунга ишонган акула уни ёнғоқ олдига олиб борибди. Маймун ёнғоқ тепасига чиқиб олиб, шундай дебди:
— Эй оғайни, миянг ишламас экан. Агар миянг ишлаганда эди, ҳеч вақт мени бу ерга олиб келмас эдинг. Ўзинг ўйла, юрак кишининг ўзида турмай, бошқа ерда қолармиди, — дебди. Шундай қилиб, маймун акулага:
— Алоқамиз узилди, — дебди.
Қуён йўлбарсга қараб: — Биз ҳам сиз билан алоқа қилмаймиз, — деб қочиб кетибди. Шундай қилиб, йўлбарс билан қуён ўртасидаги алоқа ҳам бузилган экан.