Маймун билан тўтиқуш

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, ҳакка ҳакимчи экан, чумчуқ чақимчи экан. Аввалги замонда бир ғорда маймун болалари билан яшар экан. Шу ғор ёнида тўтиқуш ҳам ўз болалари билан яшар экан. Маймуннинг болалари билан тўтиқушнинг болалари бирга ўйнар эканлар. Маймун болаларига:
Сизлар тўтининг болалари билан ўйнашманглар, овчилар келиб уларни ушлаганда, сизни ҳам ушлаб кетадилар, — дер экан. Шундай бўлса ҳам маймун болалари бунга қулоқ солмай, тўти боласи билан ўйнар эканлар.
Кунларнинг бирида овчилар келиб қолибди. Маймуннинг болалари ғорнинг ичига кириб қочибдилар. Улар тўти билан унинг болаларини ушлаб олибдилар. Маймун болаларини олиб, бошқа ёққа қочибди. Овчи қўлидаги қафасда бораётган тўти болаларига ёлғондан ўлишни буюрибди. Тўти болалари ўлгандай бўлиб шалпайиб ётаверибдилар. Тўти ҳам шундай қилибди. Овчилар қафасдаги тўтиларга қараб, уларни ўлган деб хаёл қилишибди ва ўша замон қафасни очиб, тўтини болалари билан олиб ташлашибди. Овчилар узоқлашганда тўтилар учиб кетаверибдилар. Улар ўрмонга бориб, ўша маймун билан учрашибдилар. Ҳар икковлари маслаҳатлашибди. Тўти дарахтнинг бошида, маймун тагида яшай бошлабдилар.
Бир кун бир овчи келиб, тўтини ушлаш учун дарахт тепасига чиқа бошлабди. Буни сезган маймун овчининг кетидан чиқиб, оёғини қитиқлабди. Овчи тушавермаганидан кейин эпчиллик билан рўпарасига ўтиб олиб, чангал солибди, кўзини чиқарибди. Овчи йиқилиб тушибди. Тўтиқуш омон қолибди.
Кунларнинг бирида тўтиқуш осмонда маймунларга қараб, учиб келаётган бургутни кўриб қолибди. У олдинроқ учиб тушиб, маймунга хабар қилибди. Маймун болаларини олиб, ғорга қочибди. Бургут ҳеч кимга зиён етказа олмай қайтиб кетибди.
Мана шундай тўтиқуш билан маймун дўстлашиб яшай бошлабдилар.