Қурбақахон

Бир замонда бир қурбақа сувда сузиб зерикибди-да, офтобга чиқиб қуруқликдаги манзараларни томоша қилиб ўтирибди. Бу вақт осмондан бир бургут учиб ўтибди. Унга қурбақанинг ҳаваси келиб учгиси қистаб, шунча ҳаракат қилса ҳам ердан бир энлик кўтарилолмабди. Кейин қурбақахон учолмагани учун жуда хафа бўлибди. У бургутни топмоқчи ва ундан учишни ўрганмоқчи бўлиб йўлга тушибди. Қурбақахон кўп юрибди. Тоғлар ва даштлардан ўтиб бир ерга борса, бир кўчанинг бир чеккасида бир каламуш йиғлаб ётибди. Қурбақахон ундан ажабланиб сўрабди:
— Ҳа, ўртоқ, каламуш, нима бўлди, мунча қаттиқ йиғлайсан.
Каламуш жавоб берибди:
— Эй қурбақахон, мен йиғламай ким йиғласин. Ёш вақтимдан бери учгим келарди. Ҳеч учолмай йиғлайман. Бугун учай деб шифтдан ўзимни ерга қараб ташлаган эдим, қовурғам синди.
Қурбақахон уни ўзи билан бирга олиб бургут кетидан икковлашиб кетибдилар. Булар кўп юрдилар, мўл юрдилар, бориб-бориб бир ўрмонликка етдилар. Бу ўрмон сомон билан тўлиб-тошиб ётар эди. Улар бу сомонлар олдида нима қилишларини билмай серрайиб туришаверибди. Шу вақт сомон тагидан икки кўзи юмуқ бир типратикан чиқибди. Қурбақахон билан каламуш ундан ҳол-аҳвол сўраган эди, типратикан кўзига ёш олибди:
— Эй менинг қадрдон биродарларим, ёш эдим, қаридим, тишларим тушиб битди, кучим қуриди. Шунча йил яшаб учолмаганимга хўрлигим келиб афсусланаман, — дебди типратикан ҳали ҳам кўзини очмаган ҳолда. Булар мақсадларини баён қилганларидан кейин севиниб кўзини очибди ва учовлашиб, бирин-кетин йўлга тушибдилар.
Уч ўртоқ эртани кеч, кечни эрта қилиб яна кўп юрибдилар. Бориб-бориб бир дарахтнинг тагида дам олгани ўтирибдилар. Шу вақт дарахт тепасидан бир бургут учиб тушиб, булар билан сўрашиб бўлгандан кейин Қурбақахон учишни ўргат деб мақсадини айтибди. Бургут аввал кўнмабди. Уч ўртоқ уни қўймабдилар. Бургут қурбақахон билан каламушни икки панжаси билан маҳкам сиқиб бир пастда осмонга — булутлар орасига олиб чиқиб кетибди. Қурбақахон билан каламушнинг юраги ёрилгудай бўлибди, кўзлари жимирлашибди. Бургут бўлса бироз буларни айлантириб томоша қилдириб булутлар орасидан ташлаб юборибди. Икки ўртоқ қўлларини йиғиб чопгандай ерга тушиб келаверибди. Бундан бургутнинг кайфи учиб булутлар орасидан бақирибди:
— Учинглар, учинглар, қурбақахон.
Қурбақахоннинг эси чиқиб кетган эди. У ҳеч нарсани эшитмабди, эшитса ҳам пайқамабди. Шундай қилиб Қурбақахон билан каламуш олдинма-кейин, бир-бирининг кетидан қувлашиб ерга тушибдилар. Қурбақахон пачоқ-пачоқ бўлиб кетибди. Каламуш эса хас устига тушган эди. Унга ҳеч нарса бўлмабди. У ўрнидан туриб кавакка қараб қочибди.