Бор экан-да йўқ экан, оч экан-да тўқ экан, бир чол билан кампир бор экан. Уларнинг фарзанди йўқ экан. Кундан кун, ойдан ой ўтиб, чолнинг хотини ҳомиладор бўлибди. Кунлардан бир кун кампирни тўлғоқ тутибди. Чол шундай қараса, хотини еттита қулоқ туғган эмиш. Эр-хотин бу етти қулоқни кўриб жуда хафа бўлибди. Кундан кун, ойдан ой ўтибди. Қулоқ болалар ўтирадиган, юрадиган бўлиб, тили чиқибди. Нон-ош етмайдиган бўлибди. Уларнинг сурати қулоққа ўхшаса ҳам оғзи, кўзи бор, овқат ер экан. Ҳар бири бир одамнинг овқатини еб қўяр экан. Овқатсиз ўтира олмас, овқат емаса оч қолдим деб чирқиллар эканлар. Болаларни боқиш учун чол ҳеч нарса тополмай қийналибди. Чол хотинига айтибди.
— Бу болаларингнинг қилиғи менга ёқмади, қўлларидан иш келмаса, овқат дейишни қўймаса, мен овқат топиб беролмасам, бу қандай гап, ахир. Булардан безор бўлдим-ку! Энди нима қиламан, — дебди. Хотини билан чол иккови маслаҳат қилишибди.
— Сиз шўрликка қийин бўлди, буларга овқат топиб бераман деб ўласизми. Буларни йўқотинг! — дебди кампир.
— Ундай бўлса, қандай қилиб йўқ қиламан? — дебди чол кампирга.
— “Тўйга олиб бораман”, деб еттовини олиб бориб бир чуқурга ташлаб, кўмиб келинг, — деб маслаҳат берибди кампир.
Чол кампирнинг сўзини маъқул билиб, қулоқ болаларига:
— Эй, болаларим, юринглар, тўй бор, олиб борайин, қорниларингизни тўйғазиб келасизлар, — дебди ва уларни олиб жўнабди.
Чолнинг отасидан қолган бир парча ерида ўра бор экан. Болаларига ўрани кўрсатиб:
— Шу ерга тушиб ўтиринглар, ош олиб келаман, — дебди. Улар ўрага тушибдилар. Қулоқ болалар ўрага тушгандан кейин чол уларни ташлаб қочибди. Болалари йиғлаб қолишибди. Чол бир жойга бориб, чопонини елкасига ташлаб, кавушини қоқиб киймоқчи бўлса, унинг ичидан энг кичик қулоқ боласи чиқиб.
— Ота, мен қолдим, — дебди. Отаси:
— Сен қолган бўлсанг, яхши бўпти. Юр, ўғлим, менга эрмак бўларсан, — дебди. Қулоқбойни қўлига олиб уйига келибди. Оқшом етибди. Эрта билан тонг отибди. Чол қўшга кетибди. Кампир нон ёпибди.
“Агар чолимга нон олиб борайин десам уйим овлоқ қолади. Нон олиб бормасам чолим оч қолади, нима қилсам экан, мен шўрликнинг ўғлим, қизим бўлмаса, деб, кўнгли бузилиб йиғлабди. Энасининг йиғлаганини Қулоқбой кўриб:
— Қизим, ўғлим йўқ деб йиғламанг, эна, мен-чи? —дебди. Энаси:
— Сен кичкинасан, қўлингдан ҳеч нима келмайди, — дебди.
— Эна, нонни менга беринг, отамга мен олиб бораман, — дебди у.
Онаси:
— Болам Қулоқбой, нонни қандай қилиб олиб борасан? —деса, қулоқбой:
— Нон билан мени мана бу қовоққа солиб қўйинг, олиб кета бераман, — дебди.
Кампир Қулоқбойнинг сўзидан димоғи чоғ бўлиб, нон билан уни қовоққа солиб эшикдан чиқариб юборибди. Қулоқбой қовоқни юмалатиб нонни олиб кетибди. У қовоқни юмалата-юмалата отасининг олдига борибди. Отасига салом берибди.
— Эй, ота, мен сизга бугун нон олиб келдим, — дебди.
Отасининг димоғи чоғ бўлиб:
— Балли, болам, — дебди.
Шунда қулоқбой нонни қовоқдан чиқариб отасининг олдига юмалатиб олиб борибди. Отаси: “Нонни еяй десам қўшим қолади, қўш ҳайдай десам қорним оч қолади”, деб ўйлабди.
Қулоқбой дарров буни пайқаб олибди. Отасига қараб:
— Эй, ота, сиз нонни енг, мен қўшингизни ҳайдаб турайин, — дебди.
Чол:
— Ўғлим, сен ҳайдолмайсан-да, — дебди. Қулоқбой эса:
— Эй, ота, сиз нонни енг, мен ҳайдаб тураман, — деб омочнинг бир ёриғида туриб қўшни ҳайдай берибди.
Бу ер катта йўлнинг ёқаси экан. Бозордан қайтиб келаётган икки йўловчи ҳўкизнинг ўзи қўш ҳайдаётганлигини кўриб қолибди. Томоша қилиб туришибди. Улардан бири:
— Зап қизиқ иш, ҳўкизларнинг ўзи ер ҳайдамоқда. Эгаси бўлса бемалол нонушта қилмоқда. Бу ҳўкизлар яхши ҳўкизлар экан, — дебди.
— Буни сотиб олиш керак экан. Эгаси сотармикан, — дебди иккинчиси. Иккиси чолнинг олдига келишибди.
— Ҳорманг бобо! — дебди бири.
— Бор бўлинглар, — деб жавоб берибди чол.
— Хўкизларингизни сотасизми? — деб сўрабди иккинчиси.
— Сотмайман, — дебди чол,
Улардан бири чолнинг ҳоли-жонига қўймай:
— Ҳўкизларингизни менга сотинг, қанча пул десангиз берайин, қўш ҳайдайдиган одамим йўқ, — деб ялиниб-ёлворибди. Қўярда қўймай ўн тиллалик ҳўкизларни эллик тилладан сотиб олибди-да, қўшдан чиқариб ҳайдаб кетибди. Қулоқбой билан омоч қолибди. Бозорчилар қувониб: “Бу мияси айнаб қолган чолни хўп бопладик-да”, деб кета берибдилар.
Бозорчилар ўз қишлоқларига бориб, кўрган-билганларини, ҳўкизни арзон олганларини бола-чақаларига айтибдилар. Ҳўкизни сотиб олган бозорчига қариндошларидан бири:
— Ундай бўлса, хўп ўхшатибсан-да, ҳўкизларнинг ўзи юрса юз тиллага ҳам арзон, — дебди.
Чол ҳўкизларни сотиб: “Хўп пуллаб олдим, ўхшатдим, юр энди, ўғлим Қулоқбой” деб боласини эргаштириб кампирнинг .олдига борибди. Қулоқбой қўш ҳайдаганини, ҳўкизни сотганини кампирга айтибди. Кампир ҳам бу сўзни эшитиб, Қулоқбойнинг ишидан димоғи чоғ, вақти хуш бўлибди. Шундай қилиб, чол-кампир ҳўкизларнинг пулини сарф қилиб юра берибди.
Энди гапни бозорчилардан эшитинг. Ҳўкиз олган бозорчи ҳўкизни қўшга қўшибди, ҳўкизлар қўшда юрмабди. Кўп ҳаракат қилибди, ҳўкизлар сира юрмабди. Ҳўкизлар биров ҳайдаса юрибди. Қараб турса, юрмабди. У “Бу ҳўкизларнинг тилини билмадикми?” деб ўйлабди. Айнаб, олиб бориб берайин деса кўзи қиймабди. “Энди ҳар нима бўлса ҳам ҳўкизларни хўп синаб кўрайлик”, дейишибди улар. Орадан олти ой ўтибди. Ҳўкиз олган бозорчи билан шериги айнашиб, ҳўкизни ҳайдаб чолнинг уйига қараб жўнабдилар. Неча кун йўл юриб чолнинг уйини сўраб топишибди. Чолга воқеани айтибдилар. Чол:
— Мен бу гапларингизга ишонмайман, менинг ҳўкизларим қўшда юриб ер ҳайдаганлигини ўзингиз кўргансиз. Ҳўкизларни ёмон ўргатиб қўйгансиз. Олганларингизга олти ой бўлди. Ёмон чиққан бўлса олти ойдан бери нимага олиб келмадинглар. Энди бу сўзларингиз ўринсиз, — дебди.
Орада катта жанжал бўлибди. Иккови бирга қозига боришибди.
— Нима гап? — деб сўрабди қози.
— Тақсир, мен бундан олти ой илгари икки ҳўкизимни бу одамга сотган эдим, олти ойдан бери бу одам ҳўкизимни қўшга қўшиб, энди “Айнадим”, деб олиб келибди. Мен камбағал одам, ҳўкизларнинг пулини ҳам еб бўлганман. Ҳозир ҳеч нарсам қолмаган, — дебди чол.
Қози ҳўкиз олган бозорчига қараб:
— Сен нима дейсан? — дебди.
Бозорчи айтибди:
— Эй, тақсир, бу одамнинг сўзи маъқул, лекин бошқа сўз ҳам бор. Воқеа шундай бўлган: чол менга ”Ҳўкизимнинг ўзи юради”, деб сотган. Ҳўкизининг ўзи юрмаётир, аҳмоқ бўлганимга алам қилади, — дебди.
— Ўзи кўриб, билиб, мени қўярда-қўймай сотиб олган эди, — дебди чол.
Қози ўйлаб туриб:
— Ҳар иккингизнинг сўзингиз ақлга сиғмайди. Ҳўкизнинг ўзи ҳам қўш ҳайдайдими? Бу бўлмаган гап, — деб буларни қозихонадан чиқариб юборибди. Чолнинг вақти хуш бўлиб уйига келибди-да, хотинига:
— Хотин, қолган пулга нима олсам экан? —дебди.
— Буғдой олиш керак, — деб жавоб берибди кампир. Чол буғдой олиб ғамлаб қўйибди. Кунлардан бир кун кампир ун тамом бўлганини айтибди. Чол:
— Тегирмонга бориб ун тортиб келайин десам, ишим қолади. Тегирмонга бормасам, ун бўлмаса, нима қиламан энди, — деб хафа бўлибди. Қулоқбой отасининг хафа бўлганини билиб, айтибди:
— Эй, ота, катта туяга буғдойни юклаб беринг! Мен тегирмонга бориб, ун торттириб келаман.
Чол:
— Болам, сен ун тортиб келолмайсан-да, — дебди.
— Тортиб келаман, дедим, тортиб келаман, — дебди Қулоқбой.
Отаси ноилож икки қоп буғдойни туяга юклаб берибди. Қулоқбой туянинг қулоғига кириб олибди. Туянинг қулоғида туриб бурнидаги иридан тортиб, етаклаб, тегирмонга кетибди. Тегирмон олис экан. Уч кеча-ю уч кундуз йўл юриб борибди. Тегирмон ёнида туяни тўхтатиб:
— Тегирмончи, бормисан, тегирмон бўшми? — деб қичқирибди Қулоқбой. Тегирмончи эшикка чиқиб қараса, икки қоп буғдой ортилган туя турган эмиш, бошқа ҳеч ким йўқ эмиш-у, фақат тегирмончини чақирган товуш келар эмиш. Тегирмончи ҳайрон бўлибди. “Бу қандай сир бўлди”, деб турган экан, Қулоқбой унга:
— Қўрқма, туядаги юкни тушир, кўп аланглама! Буғдойни тортиб бер! — дебди. Буни эшитган тегирмончи қўрққанидан юкни тушириб тортиб, яна туяга юклаб, ҳақ олмай жўнатиб юборибди. Юборибди-ю: “Бу қандай сир бўлди? Бу кўрганим тушимми, ўнгимми”, деб ўйлаб қола берибди. Қулоқбой юкни орттириб жўнаб кета берибди. Бир қанча йўл босгач, Қулоқбой дам олмоқчи бўлибди. Туяни тўхтатиб, бўйнидан пастга сирғалиб тушибди. Туя уч кундан бери оч экан. Қулоқбойни ёнида турган янтоққа қўшиб еб юборибди. Туя бир неча кун адашиб юриб, охири эгасининг уйига етибди. Қулоқбой туянинг ичида туриб:
— Эй, ота, туя мени еб қўйди, туянгизни яхши кўрасизми ё мени яхши кўрасизми? Мени туянгизнинг ичидан чиқариб олинг, — дебди.
Отаси бу сўзни эшитиб дарров туяни чўктириб, юкларни тушириб олибди. Туяни бўғизлабди. Туянинг ичидан ўғлини қидирибди, тополмабди. Туянинг гўштини олиб, ичак-човоқларини итга ташлабди. Қулоқбой ичак-човоқ ичида экан, итнинг қорнига кириб кетибди. Ит қорнини тўйғазиб, офтобда ясланиб ётган экан, Қулоқбой қичқирибди:
— Ота, мени яхши кўрасизми ёки итингизни яхши кўрасизми? Мени яхши кўрсангиз, итнинг ичидан чиқариб олинг! — дебди у. Чол:
— Вой, болам, сени яхши кўраман-да, — дебди ва итни ўлдирибди.
Итнинг қорнини ёриб Қулоқбойни тоза қидирибди, тополмабди. Кун кеч бўлибди. Итнинг ўлиги далада қолибди. Кечаси бир оч бўри келиб, уни еб кетибди. Қулоқбой бўрининг ичига кириб кетибди. Бўри ов қилиб, қайси қўтонга борса, Қулоқбой: “Ҳой, чўпонлар, қўтонга бўри келаётир, бохабар бўлинглар!” деб қичқирар экан. Чўпонлар буни эшитиб, итларини ол-кишлаб, бўрини қувиб қўтонга киритмас эканлар. Бир неча кун ўтибди.
Бўри жуда оч қолибди, бир бўрини учратиб, унга:
— Эй, ўртоқ, мен шу кунлари бир балога учрадим, қайси ерга бориб овқатланай десам, ичимдан “Ҳой, чўпонлар, қўтонга бўри келаётир, бохабар бўлинглар!” деган товуш чиқади. Чўпонлар хабар топиб мени қувиб, кўп абгор қилаётирлар, қандай қилсам бу балодан қутулар эканман, — дебди. Иккинчи бўри:
— Ишинг ёмон бўлибди-ку, ҳаммадан очлик қийнайди, — дебди. — Эй, дўстим, энди сен кун қизиган пайтда у ёққа-бу ёққа югура бер, ичингдаги нарса куннинг иссиғидан қийналиб, йўқ бўлиб кетади.
Бўри ўртоғининг маслаҳати билан куннинг иссиғида роса югурибди, охири бир йўлнинг устида сувсиз, очликдан ичи куйиб, ўлиб қолибди. Шундай бўлса ҳам Қулоқбой бўрининг ичидан чиқмабди. Икки отлиқ йўловчи йўлдан ўта туриб бўрининг ўлигини кўриб қолибди. Улар отдан тушиб, “Бизга худо берди”, деб бўрининг терисини шила берибдилар. Йўловчидан бири:
— Бу қўйлар қассобининг терисини шилиб, бойларнинг қўтонига олиб борамиз. Бизга бир қўйнинг пулини берадилар, — дебди. Қулоқбой буларнинг сўзларини эшитиб астагина бўрининг бурнидан чиқибди. Йўловчиларнинг бир-бирига бойловли турган отларидан бирининг оёғидан ўрмалаб, қулоғига чиқиб олибди. Қулоқбой аста-секин отларни ҳайдай бошлабди. Бир йўловчи қараса, отлар кетаётган эмиш. У шеригига:
— От кетди, тез-тез айир, — дебди. Иккиси отга қарамай терини шила берибди. Бир маҳал бўрининг терисини шилиб бўлгач бири:
— Югур, от кетиб қолмасин, — дебди. Иккиси югуришибди. От анча жойга кетиб қолибди. Улар югура-югура отга етай деганда Қулоқбой отнинг жиловини силтаб юборибди. Отлар чопиб кетибди. Иккиси отларга етолмабди. Бир бўрининг териси деб улар иккита отдан айрилиб қолишибди. Қулоқбой икки отни етаклаб кечқурун бир бойнинг эшигига бориб тўхтабди:
— Ғовни оч, — деб бақирибди. Бойнинг бир ўғли чиқиб қараса, ғовнинг олдида иккита от турганмиш. Одамзод кўринмасмиш. Қараб турса:
— Ғовни оч! — деб тағин товуш чиқибди. Бойнинг ўғли ҳайрон бўлиб, қўрқа-қўрқа ғовни очибди. Отларини ичкарига олиб кириб бойлабди. Хашак солибди. Ўзи Қулоқбойни кўрмай бир уйга кириб кетибди.
Қулоқбой отдан тушиб, меҳмонхонага қараса, ҳеч қандай кўрпача йўқмиш. “Ҳа, майли”, деб эндигина меҳмонхонага кириб турган экан, бойнинг овозини эшитиб қолибди. Бой:
— Келган одам ким экан? —деб ўғлидан сўрабди.
— Икки от турибди. Эгаси йўқ, — деб жавоб берибди бойнинг ўғли, — бироқ бировнинг товуши чиқади-ю, ўзи кўринмайди. Ҳайронман.
Шунда меҳмонхонадан тағин товуш келибди:
— Кўрпача билан овқат олиб келмайсанми? Нега имиллайсан!
— Кўр бўлдингми? Ана, одам гапираётибди-ку! Бор, кўрпача олиб чиқ, — деб бақирибди бой ўғлига. Бойнинг ўғли меҳмонхонага кўрпача олиб кириб, қараса, яна ҳеч ким йўқ. Ҳайрон бўлиб, кўрпачани тўшаб чиқиб кетибди. Ўғли отасининг ёнига бориб:
— Меҳмонхонада ҳеч ким йўқ, — дебди. Шу вақт меҳмонхонадан яна товуш келибди.
— Овқат олиб кел! Бўл тезроқ!
Бу товушни эшитган бой ўғлини уришиб овқат бердириб юборибди. Бойнинг ўғли меҳмонхонага кириб қараса, яна ҳеч ким йўқ. У ёқ-бу ёққа қарабди, ҳеч ким кўринмабди. Овқатни меҳмонхонадан қайтариб уйга олиб кирибди. Шу пайтда меҳмонхонадан тағин товуш келибди:
— Нега овқатни олиб келмайсан? Олиб кел!
Бой ўғлини уришиб яна овқатни юборибди. Бойнинг ўғли тағин меҳмонхонага кириб, у ёқ-бу ёққа қараса, ҳеч ким кўринмабди. Овқатни яна ичкарига қайтариб олиб кириб кетибди. Қулоқбой яна қичқирибди:
— Менга овқат бермайсизларми? Нега ҳаялладингиз?!
Бойнинг ўғли тўрт марта овқат олиб кириб қайтариб чиқибди.
Қулоқбой бешинчи марта чақирибди. Қичқирганда бой ғазабланиб:
— Ўзинг қандай балосан? Кўзга кўринмайсан. Одамни бундай сарсон қилганингдан кўра ўлганинг яхши! — дебди. Бойнинг гапи унга ботибди.
— Ҳа, энди мен сендан ўч олмасам юрган эканман, — дебди.
Кеч бўлиб, ҳамма ухлабди. Қулоқбой ярим кечада ўрнидан туриб бойнинг қўтонига кирибди. Қўтонда бир бўғоз эчки бор экан. Ушлаб олиб эчкини сўйибди. Ундан икки улоқни олиб, бирин-сирин судраб келиб бойнинг бўйи етган икки қизининг қўйнига солиб қўйибди, ҳовлидан бир тебанни топиб бой ётган уйнинг бўсағасига қўйибди. Тағин ҳовлида у ёқдан-бу ёққа кезиб, бир тўғаноқни топиб, қора уйнинг эшиги тепасига ўрмалаб чиқиб, бир ёғочга маҳкам боғлаб осилтириб, уйдан чиқадиган одамнинг манглайига тегадиган қилиб қўйибди. Ўзи шу уйнинг томига чиқиб қичқирибди:
— Ҳо бой, чўпон, бормисан, қўйга бўри келди! — Бой билан ўғиллари уйғониб кетибди. Шовқин-сурон кўтарилибди. Бойнинг келинлари, қизлари ҳам уйғонибди. Қизлар қараса, ёнида биттадан эчки боласи ётган эмиш. Ҳайрон бўлиб дод-вой қилишибди. Шу пайтда:
— Бўл, ҳа, бўл, қув, ҳа, қув, бўри келди! — деган товуш яна эшитилибди. Бойнинг катта ўғли ётган уйдан ялангоёқлигича шошилиб чиқаётганида тебан оёғига “порт” этиб кириб кетибди. “Вой, оёғим”, деб ўтириб қолибди. Бой ўғлининг вой-войлаганини эшитиб:
— Ҳа, нима бўлди?—деган экан, ўғли:
— Бўсағада тебан турган экан, оёғимга кириб кетди, — дебди.
Бой ўғлидан бу сўзни эшитиб, ҳатлаб ўта қолай деб баландроқ ҳатлаган экан, манглайини тўғаноққа уриб олибди. Манглайи ёрилибди. Қулоқбой буларнинг ҳаммасини кўриб димоғи чоғ бўлиб:
— Мендай меҳмонга хизмат қилмасанг, шундай бўласан-да, — деб уларни томоша қилиб ўтирибди.
Бой ўғли, қизи ва келинлари бўрини қувиш учун далага чиқиб кетибди. Бундан чўпонлар ҳам уйғониб, қўтоннинг атрофини қарашибди, ҳеч нарса кўринмабди. Ўртада бойнинг манглайи ёрилиб, бойваччанинг оёғига тебан кириб, яра бўлибди. Бой хотинига:
— Чироқни ёқ, манглайимга теккан нарса нима экан, — дебди. Кампир чироқни ёқибди. Қараса, эшикнинг тепасидаги ёғочда бир тўғаноқ шалвираб осилиб турган эмиш.
— Бу сабилни бу ерга ким осилтириб қўйган эди? — дебди. Болалари:
— Тўғаноқни бизлар қўйганимиз йўқ, — дейишибди. Бойнинг ўғли:
— Менинг оёғимга кирган тебанни оёқ остига ташлаган ким? — дебди-да, бошқаларни уришибди. Қизлар айтибди:
— Кимдир, биров бизнинг қўйнимизга янги туғилган улоқни солиб қўйибди. Ким бу ишни қилади? Ўзимиз бу ишни қиламизми?
Қизлардан бири:
— Бу ишларни биров душманликдан қилган, — дебди.
Ҳаммаси чироқ ёқиб қўтонларни қарабди. Бир эчки сўйилиб ётган эмиш. Бой ва унинг болалари бошқа ҳеч нарсани кўрмай, ҳайрон бўлиб яна далага чиқиб атрофни қараб, яна ичкарига қайтиб кирибдилар. Бой:
— Бу қандай сир бўлди? Бу ишни жин қилдими, одамми? Қандай бало бўлди? — дебди. Ҳаммаси ҳовлида гаплашиб ўтирганида Қулоқбой эшик тепасидан секин пастга тушибди. Бойнинг тўшаги устига бориб қараса, бир ҳамён турган эмиш, уни тиши билан ечса, ҳамёнда тилла бор эмиш. Тиллали ҳамённи зўрға кўтариб ўрмалаб, уйнинг керагаси остидан олиб чиқиб, наматнинг тагида турибди.
Бой ва болалари хафа бўлиб ухлашибди. Қулоқбой улар ухлаганидан кейин ҳамёндаги тиллани судраб отлар олдига борибди. Отнинг оёғидан тирмашиб чиқиб, ҳамённи от устидаги хуржунга солибди-да, отларининг тизгинини ечиб, кечаси йўлга чиқибди. Шу юрганича йўл юриб уч кеча-ю уч кундуз деганда ўз уйига етиб келибди. Отларни эшик олдида тўхтатиб, отасини чақириб салом бериб:
— Эй, ота, бу отларни бойланг, устидаги хуржунда ҳамён бор, уни олинг! — дебди. Отаси хуржуннинг ичидаги ҳамённи очиб кўрса, тилла бор эмиш. Бу тиллаларни кўриб чол билан кампирнинг боши осмонга етибди. Ҳар иккисининг димоғи чоғ бўлиб, ўғлидан хурсанд бўлибди. Чол-кампир Қулоқбойни яхши кўриб, эркалаб:
— Қулоқ бўлса ҳам катта болалардек иш қилади. Эсиз, эсиз, олти Қулоқ боламдан айрилибман, — деб чол ўлиб кетган болаларига ачинибди.
— Ҳа, қолганига шукр, — дебди кампир. Эр-хотин маслаҳатлашиб: “Қулоқ бўлса ҳам ўғлимиз бизга ёрдам бераётир. Қулоқ боламиз орқасидан ҳўкизимизни кўп пулга сотиб олдик. Тиллага бой бўлдик. “Тегирмон тортиб келаман”, деб ўзи йўқолиб кетган бўлса ҳам охирида қанча тилла, икки от олиб келди. Шу-да бир одамнинг топгани”, дейишибди. “Энди Қулоқжонга бир тўй қилайлик” деб эр-хотин кенгашибди.
Орадан неча кун ўтибди, қариндошларини чақириб, Қулоқбойга тўй қилиб беришибди.
Шундай қилиб, кампир билан чол Қулоқбойдан димоғи чоғ бўлиб, мурод-мақсадига етибди.