Қорасоч пари

Қадим замонда, Шом мамлакатида бир подшоҳ бор экан. Хазинаси ҳаддан ташқари кўп бўлса ҳам фарзанди йўқлигидан давлати татимай, доим ғамгин бўлиб юрар экан. Сарой одамлари подшоҳнинг кўнглини юпатиш учун тез-тез саёҳатга олиб чиқиб, ғам-андуҳларини тарқатишга ҳаракат қилар эканлар. Кунлардан бир кун шоҳ лашкарлари билан тоғда кийик овлаб юрган экан, бирдан ҳаво булут бўлиб, чақмоқлар чақиб, сел қуйиб юборибди. Подшоҳ ўз лашкарлари билан селдан қочиб баланд тоғ остидаги ғорнинг ичига кирибди.
Ғор ичида гоҳ эмаклаб, гоҳ тикка юрган икки яшар қизчага подшоҳнинг кўзи тушиб, ҳайрон бўлиб, бу қандай воқеа, — деб лашкарларига кўрсатибди. Ҳаммаси ҳайратда қолибди. Подшоҳ воқеани билиш учун бир аскарига:
— Хабар ол,— дебди. У аскар боланинг орқасидан ичкари кириб, бироздан сўнг юзлари қонга бўялган, қўллари синдирилган, ярим яланғоч, беҳуш бўлиб ётган йигирма икки ёшлардаги бир аёлни кўтариб чиқиб, подшоҳнинг олдига қўйибди. Ҳамма ҳаяжон билан аёлга тикилибди.
Беҳуш бўлиб ётган аёл, бироздан кейин ҳушига келиб, аста кўзини очиб, атрофидаги одамларни кўрибди. Подшоҳ бу воқеанинг сабабини аёлдан сўрай бошлабди. Аёл баданининг оғриғига чидолмасдан инграб, ўзи бир чўпоннинг хотини экани, чўпон қароқчилар томонидан ўлдирилгани, қароқчиларга қаршилик кўрсатганлиги учун шу аҳволга туширилганлигини зўрға гапирибди-да, охирги нафасида:
— Қани менинг Қорасочим? — дебди. Ҳеч нимани англай олмай, қора кўзларини жовдиратиб ўтирган қизни қон билан бўялган бағрига босиб, жон берибди.
Подшоҳ қизга раҳми келиб, уни аёлнинг қонли кўкрагидан ажратиб олибди, қўлига кўтариб, шаҳарга қайтибди.
Кунлар, ойлар, йиллар ўтиб, Қорасоч ўн уч ёшга кирганда, ўқиб турган мактабини тамомлагач, машҳур олимлардан дарс ола бошлабди. Қорасоч ўн беш ёшга кирибди, ҳуснда баркамол, ақлда тенгсиз бўлибди. Бу мамлакатда унга дарс беришга қодир олим қолмабди. Қорасочнинг донғи, овозаси бошқа мамлакатларга ҳам ёйилиб кетибди.
Қорасоч турли илм, ҳунар эгаси, ҳуснда, ақлда ягона бўлиб, унинг донғини эшитганлар пари деб ном қўйибдилар.
Энди биз ҳам эртагимизда уни Қорасоч пари деб атаймиз.
Подшоҳ мамлакат ишларини вазир-вузаролар билан маслаҳатлашмасдан олдин Қорасоч пари билан маслаҳатлашиб, ундан олган фикрини вазир-вузароларига айтар экан. Улар ҳам Қорасоч парининг фикрига қўшилар эканлар.
Кунлардан бир кун Кашмир шаҳридан бир одам келибди, у ўз сеҳргарлиги билан машҳур экан. Қорасоч пари сеҳргарни саройга чақиртирибди: “Сеҳрнинг қандай фойдаси бор?” — деб ундан сўрабди.
Сеҳргар мағрурланиб:
— Мен ўз сеҳрим билан бир неча одамларни умрбод ит, мушукка айлантирдим, бир неча қишлоқларнинг алангасини чиқариб, кулини кўкка совурдим. Бир неча ажралмас дўстларнинг орасини бузиб, бир-бирига душман қилиб қўйдим,— деб ўз қилмишларидан гапириб кетибди. Қорасоч пари сеҳргарга нафрат кўзи билан қараб:
— Ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам одамзодга муносиб ва фойдали бирор иш қилдингизми? — деб, яна савол берибди.
Сеҳргар Қорасоч парининг берган саволига мот бўлиб ўрнидан туриб, таъзим қилиб:
— Ҳаётимда минглаб подшоҳ, беклар билан суҳбатлашган бўлсам ҳам бундай саволни биринчи марта сиздан эшитдим,— деб узр сўрабди.
Қорасоч пари сеҳргарликнинг сирларини ундан ўргана бошлабди. Орадан уч йил ўтибди.
Кунлардан бир кун сеҳргар Қорасочга:
— Маликам, мен бор илмимни сизга ўргатдим, бундан кейин сизга дарс беришга қодир эмасман,— деб ўрта бармоғидаги узугини чиқариб, Қорасоч парига узатибди:
— Сизга ўргатган сеҳр-жоду, тилсимотларимнинг ҳаммаси мана шу узукка боғлиқ. Мана шу узукни ўнг томонга бурасангиз овоз келади ва ҳамма амр-у фармонингизни бажаради. Агарда чап томонга бурасангиз аввалги аслига қайтади. Агар бу узук шу вақтда буралмай йўқолса, бажарилган ишлар умрбод ўз ҳолича қолади, борди-ю узук шундайлигича йўқолса, сизда бутун сеҳр-жоду, тилсимотлардан асар қолмай, мендан олган таълимотлар бекорга кетади,— деб Қорасоч парининг бармоғига узукни тақиб, саройдан чиқиб кетибди.
Қорасоч пари ўн саккиз ёшга кирибди, ҳуснига ҳусн, ақлига ақл қўшилибди. Қорасоч парининг овозаси турли мамлакатларга ёйилиб, кўп хонлар, беклар ғойибона ошиқ бўлиб, бирин-кетин совчилар юбора бошлабдилар. Етти иқлим подшоси зўрлик билан бўлса ҳам оламан, деб Қорасоч парининг мамлакати устига юриш қилибди.
Бу воқеалардан хабардор бўлган шаҳар халқи ваҳимага тушибди. Чунки Қорасоч пари қайси бирини қабул қилса ҳам, қолган олти подшоҳ лашкарлари орасида жанг бўлиши, шаҳарнинг вайрон қилиниши, халқнинг қирилиши аниқ экан.
Етти иқлим подшоси етти нома ёзиб, ўз элчиси орқали Қорасоч парининг отасига юборибди. Етти номада ҳам “Қорасоч пари мени қабул қилсин, бўлмаса шаҳарнинг кулини кўкка совураман”, деб ёзилган экан.
Подшоҳ кетма-кет келган номаларни ўқиб, мияси қотиб, вазир-вузароларига бир-бир қараб чиқибди, улардан бир оғиз сўз эшитолмаганидан кейин, ҳамма номани олиб, ичкарига кириб кетибди. Хатларни Қорасоч парига берибди. Қиз номаларни бирма-бир ўқиб чиқиб, бирдан хахолаб кулиб юборибди:
— Улар сизни зиёрат қилгани келган меҳмонлар бўлса-ю, сиз уларни кутиб олмай, шаҳар атрофида қолдириб, уят иш қилибсиз, ҳали ҳам бўлса уларнинг ҳаммасини кечқурун саройга меҳмондорчиликка чақиринг, — деб ҳар бир номанинг мазмунига мувофиқ жавоб ёзиб, подшоҳнинг қўлига берибди:
— Мендан элчиларга салом айтинг, бу номаларнинг жавобини олиб бориб, подшоҳларга топширсинлар! — дебди. Подшоҳ номаларни олиб чиқиб элчиларга берибди.
Кечки пайт, сарой безатилган, ҳамма ёқ шамлар билан ёритилган, меҳмонхонага ирак гиламлар ёзилган, духоба кўрпачалар солинган, момиқ ёстиқлар қўйилган. Етти иқлимдан келган подшоҳлар меҳмонхонада ўтириб Қорасоч парининг чиқишини кутибдилар.
Қорасоч пари канизаклари билан меҳмонхонага кириб, таъзим билан:
— Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар,— деб юзидан пардасини кўтарибди. Унинг ҳусни жамолига кўзлари тушган меҳмонларнинг ҳушлари бошларидан учиб, бақа бўлиб қотиб қолибдилар.
Орада жимжитлик ҳукм сурибди. Қорасоч пари меҳмонларга:
— Сизларнинг муборак номаларингизни ўқиб хурсанд бўлдим. Сизлар ҳар қайсингиз нома ёзиб, мени ўзингизга сўратибсиз. Лекин сизлар кўпчилик, мен ёлғизман. Бу ердан чиққач, ҳаммангиз йиғилиб аҳиллик билан маслаҳат қилиб мени биттангизга лойиқ топиб, нома юборинг, борди-ю ўзаро келиша олмасангиз менинг бир шартим бор, шу шартимни ким бажарса, ўшани қабул қиламан. Мен шартимни маслаҳатингиздан кейин хабар қилурман,— деб чиқиб кетибди. Меҳмонлар ҳам кетиш ҳаракатини кўрибдилар. Қорасоч пари узук кўзини бураган экан, фармонингизга мунтазирмиз, деган овоз келибди.
Қорасоч пари меҳмонларни кузатиш учун икки томонда юзтадан икки юзта шер, ҳар бир шер устида яроғ-аслаҳа таққан паҳлавон ҳозир бўлсин, дебди.
— Фармон бажарилди, — деган овоз келибди.
Шаҳаншоҳларнинг тарвузлари қўлтиқларидан тушиб, сувга тушган нондай бўкиб, олдинма-кетин сарой эшигидан кўчага чиқиб қарасалар, наъра тортган ҳайбатли шерлар устидаги шижоатли паҳлавонлар бир-бирлари билан найзабозлик машқини қилаётган эмишлар. Буни кўрган подшоҳларнинг кайфлари учиб, тумтарақай бўлиб, сарой ичига қочиб кириб, Қорасоч парининг оёғига бош уриб, илтимос қилиб:
— Эй малика, биз сизнинг меҳмонларингизмиз, бизнинг ўз мамлакатимизга соғ-саломат етиб олишимизга ёрдам қилинг! — дебдилар.
Қорасоч пари сарой ичидан кўчага чиқиши ҳамон шер минган паҳлавонлар саф тортиб туриб, таъзим қилибдилар. Олдинда Қорасоч пари канизаклари билан, кейинда шаҳаншоҳлар қўрқа-писа борибдилар. Қорасоч пари уларни кузатувчилар орасидан ўтказиб, хайрлашиб саройга қайтибди. Шаҳаншоҳлар ўз лашкарлари томон йўл олибдилар.
Тонг отгач, подшоҳ: “Шаҳаншоҳлардан хабар олинглар” — деб одам юборибди. Борган киши шаҳар атрофида ҳеч кимни кўрмабди. Кечаги ваҳималарни ўз кўзлари билан кўрган шаҳаншоҳлар бир-бирларига сездирмай, кечасининг ўзидаёқ қуён бўлиб қочиб қолган эканлар.
Кундан-кунга Қорасоч парига беклардан, шаҳзодалардан тўхтовсиз совчилар келар экан. Қорасоч пари ҳеч қайсисини қабул қилмай қайтариб юборар экан.
Кунлардан бир кун подшоҳ Қорасоч парининг олдига кириб, кўз-ёшларини тўкиб:
— Э нури дийдам, жондан азиз фарзандим, қариган чоғимда менга раҳминг келсин, кўзим тириклигида сенинг тўйингни кўрай, орзу-ҳавасларимга етай. Ҳозир шаҳзодалардан, ўқимишли кишилардан совчилар келяпти, шулардан бирини қабул қил, менинг сўзимни ерда қолдирма,— дебди.
Қорасоч пари кўп ўйлаб, бир сўзлар экан. У айтибди:
— Ота, менга уч кун муҳлат беринг. Подшоҳ қабул қилиб, чиқиб кетибди. Подшоҳ келган совчиларни саройда қолдириб, Қорасоч парининг жавобини кутибди. Канизак Қорасоч паридан подшоҳга мактуб келтириб берибди. Мактубда саройдаги ҳамма одамларнинг Қирққиз тепалиги ёнидаги сойга келишларини сўрабди. Кечки пайт, ҳамма Қирққиз тепалиги томон йўл олибди, баланд тепалик тагидаги кенг сойлик шамлар билан ёритилган, гуллар билан безатилган экан. Тепа бағридан булоқ сувлари шилдираб сой томон оқиб турган, гуллар шохида ҳар хил қумрилар сайраб турган экан. Бу ерга келган ҳамма халқ ҳайратда қолибди. Кечагина ҳеч нарсаси бўлмаган сой, бугун боғи эрамга айланибди.
Подшоҳ вазирларининг ҳеч нарсага ақллари етмай: “Бу тушимиз бўлса керак” деб ўз-ўзларига гапирар эмишлар. Шу пайтда:
— Огоҳ бўлинг, огоҳ бўлинг, — деган овозлар атрофдан эшитила бошлабди. Сойдаги шамлар бирданига ўчиб, сой қоронғуликка айланибди. Ҳамма ваҳимада қолибди. Шу пайт чолғу овозлари янграб, унга қизларнинг шўх қўшиқлари жўр бўлибди. Тепанинг устида турган Қорасоч пари халққа таъзим қилибди:
— Кимки шу тепа устига чиқиб, менинг қўлимдан ушлаб пастга тушса, мен ўша одамнинг вафодориман,— дебди.
Чолғулар чалинибди, қизлар ўйинга тушиб, Қорасоч парини тахти билан кўтариб олиб кетибдилар. Халқ тепа устига чиқиш учун олдинма-кетин югурибди. Ким тепага яқинлашса, коптокдек орқасига юмалаб тушар эмиш. Бир йиқилган одам иккинчи боришга юраги бетламас эмиш.
Энди Қорасоч парининг эртагини шу ерда тўхтатиб, икки оғиз сўзни бошқа томондан эшитинг. Рум подшоси Қорасоч парининг овозасини эшитиб, ошиқи беқарор бўлибди. Қанча-қанча қўшинлар билан бориб жазосини еб, Қорасоч парини ололмай иккинчи боришга юраги бетлаёлмай, зулмнинг зўри, пулининг кучи билан Қорасоч парининг расмини чиздириб, хазинага қўйибди.
Кунлардан бир куни подшоҳнинг ўн тўққиз яшар ўғли шаҳзода Қодир ўз ўртоғи Нодир билан сайр-томоша қилиб юриб хазинага кирибди. Шаҳзода Қодир Қорасоч парининг расмини кўриб, беҳуш бўлиб йиқилибди. Уни ҳушига келтиргач, подшоҳ:
— Эй нури дийдам, сенга нима бўлди? Менга баён қил,— дебди.
Шаҳзода Қодир аста кўзини очиб шоҳга қараб:
— Эй қиблагоҳим, — дебди Қорасоч парининг расмини кўрсатиб. — Бу малика ким? Қайси мамлакатда туради, тезда менга англатинг.
Подшоҳ шаҳзодани юпатиш мақсадида:
— Бу боболаримиздан мерос бўлиб қолган расм. Сен ўтмишдаги расмга қараб, ўзингни дардларга мубтало қилма, агар сен уйланиш орзусига тушган бўлсанг, бундан ҳам чиройли қизни олиб бераман, — деб алдаб саройга олиб кетибди.
Шаҳзода Қодирнинг дарди кундан-кунга зўрая берибди. Кейинчалик сарой ичидаги кишилардан: “Хазинадаги Қорасоч парининг расми эмиш, у тилсимот қурган эмиш, кимки шу тилсимотни очса, ўшанга тегар эмиш”, деган сўзларни эшитиб, шаҳзода Қодир подшоҳ олдига кириб, Қорасоч парининг мамлакатига боришга, тилсимотни очишга отасидан ижозат сўрабди. Подшоҳ ўғлининг қайтиб келмаслигига, нобуд бўлиб кетишига ақли етиб, ижозат бермабди. Қодир, шоҳ ижозат бермаса, ўз ихтиёри билан кетишга онт ичибди. Подшоҳ ноиложликдан рози бўлиб, икки минг қўшин тўплаб Қодирни жўнатмоқчи бўлибди. Қодир:
— Менга қўшин, яроғларнинг кераги йўқ, агар сиз, сафарга ҳамроҳсиз чиқма десангиз, мен билан бирга кетиш учун дўстим Нодирга ижозат берсангиз, — дебди. Нодир эса шаҳзода Қодирни тарбиялаб катта қилган доя хотиннинг ўғли экан. Нодирнинг отаси ўқимишли, халқ ичида эътиборли бўлиб, Нодир бир ярим ёшлик вақтида ўлиб кетган экан.
Подшоҳ рози бўлибди, Нодир зийрак, ҳар кимга маслаҳат берадиган, бошлаган ишининг натижаси қандай бўлишига ақли етадиган бола экан. Доя хотин Нодирни бағрига босиб:
— Менинг уч насиҳатимни қулоғингдан чиқарма: биринчи — бировга хиёнат қилма, иккинчи—бировнинг дилини оғритма, учинчи —қайси шаҳарга борсанг, энг аввал ўша шаҳарнинг қариялари билан суҳбатлашиб иш қил! — дебди.
Қодир билан Нодир сафарга чиқибдилар. Улар йўл юриб, қирлар ошиб, сойлар кечиб, бир неча кундан кейин Қорасоч парининг мамлакатига етибдилар. Шаҳар дарвозасидан кириб, Нодирнинг маслаҳати билан шаҳар четроғидаги Қобил кулол деган одамнинг уйига тушибдилар. Қобил кулол ўз ҳунари билан шаҳарга танилган, мусофирликда кўп юрган, меҳ-мондўст одам экан. Кулол ёш йигитларни зиёфат қилиб, уларнинг кимлигини сўрабди. Нодир:
— Биз Рум шаҳриданмиз, мусофирлик заҳматини чекиб, шаҳарма-шаҳар кезиб юрамиз. Биз ўз шаҳримиздан чиққанимизга кўп вақтлар бўлди. Кўп шаҳарларда бўлдик, мана бугун сизнинг шаҳрингизга келиб, сиз билан суҳбатлашиш шарафига ноил бўлдик. Бундан кейин қаерга ва қайси шаҳарга боришимиз аниқ эмас.
Қобил кулол мийиғида кулиб:
— Одам саёҳатга чиқишдан олдин ўз олдига бир мақсадни қўяди. Савдо йўли билан мол тўплаш, илм-ҳунар орттириш учун ё бўлмаса ўз шаҳридан норози бўлиб чиқиб кетади, — дебди.
Нодир Қобил кулолнинг сўзини тинглаб бўлиб:
— Бизнинг мусофирчиликка чиқишдан мақсадимиз битта; у ҳам бўлса, одам бўлиш, одамгарчиликни ўрганишдир,— дебди.
Қобил кулол Нодирдан бу сўзларни эшитиб, бошқа саволлар беришни ортиқча билибди:
— Азиз меҳмонлар, ҳақиқатни гапирдингиз, сизларнинг Рум мамлакатингизни бу дунёнинг зиндони, деб таърифлайдилар. У ерда хонлар, бекларнинг зулми ҳаддан ошган, золимлар ақлли кишиларни дорга осади, зиндонга солади, дейишади. Мана бундан ўн саккиз йил илгари халқ ичида обрўли Зоҳид донишманд деган киши подшоҳнинг зулмига норозилик билдирганлиги учун дорга осиб ўлдирилган, унинг хотинини ўз ўғлига оқсоч қилиб берган эди.
Қодир Қобил кулолдан отаси ҳақидаги сўзларни эшитиб, Нодирнинг олдида хижолатдан бош кўтаролмай қолибди. Чунки дорга осиб ўлдирилган Зоҳид донишманд Нодирнинг отаси экан. Қобил кулол меҳмонлардаги жиддий ўзгаришни сезиб, Рум подшоси ҳақидаги сўзни тўхтатибди:
— Мана бизнинг мамлакатимизнинг шоҳи Қорасоч пари содда ва одил, мамлакат обод, ҳамма шод-хуррам. Унинг амри билан дорлар йўқ қилинган, зиндонлар кўмдирилган. Илм-ҳунар тараққий қилган.
Бахтимизга Қорасоч пари омон бўлсин. Ўзига муносиб ёр бўлсин, — деб дуо қилиб ўрнидан турибди.
Нодир ҳам ўрнидан туриб Қобил кулолни кузатибди. Шаҳзода Қодир ўтирган жойида хафа бўлиб, ўз отасига дилида нафрат сақлабди.
Нодир қайтиб келиб шаҳзода Қодирга:
— Юринг, шаҳарни томоша қилиб келайлик,— дебди.
Ҳар иккиси кўчага чиқибди. Одамлар тўда-тўда бўлиб, кун чиқар томонга борар эканлар. Булар ҳам ўша тўдага қўшилибдилар. Бироз юриб, катта сойга етибдилар. Майин шабада ранг-баранг очилиб турган гулларнинг хушбўй ҳидларини келувчилар димоғига сочар эмиш. Оғир қайғуларга дучор бўлган кишилар бу ҳидлардан ўзларини енгил ҳис қилар эканлар.
Сойда одам кўп бўлишига қарамай, тиқ этган овоз эшитилмас эмиш, ҳамманинг кўзи тепа томонда. Қодир билан Нодир бир четда одамлар орасидан жой олибдилар. Шу пайт тепа устида ёқимли куй садолари янграбди. Жимгина маҳлиё бўлиб турган одамлар ҳаракатга кириб кўз билан эмас, бутун вужуд билан тепа томон талпинибдилар.
Соз чалиб, шўх куйларни куйлаган бир тўда қизлар тепа устида саф тортибдилар. Уларнинг ҳузурида бир тўда қиз рақс тушибди. Халқ буларни чапаклар билан олқишлар экан, Қорасоч пари қизлар орасида пайдо бўлибди.
У юзидан пардасини олиб, сойдаги одамларни кўздан кечирибди. Халқ унинг ҳуснига қойил қолибди. Қодир унинг чиройини кўриб беҳуш бўлиб йиқилибди.
Кечки пайт. Қобил кулолнинг ҳужрасида Нодир ва Қодир бир неча киши билан суҳбатлашиб ўтирар эканлар. Суҳбатдошлар Нодирнинг сўзларини қизиқиб тинглар эканлар. Улардан бири Нодирнинг сўзини қўққисдан бўлиб:
— Кечирасиз, азиз меҳмон, сиз чиндан ҳам бизнинг подшоҳга ўғил бўладиган экансиз. Агар шоҳ қабул қилса, мен ўзим совчиликка борар эдим,— дебди.
— Қорасоч парининг ўзига бора қолгин,— дебди бошқа одам.
— Унинг олдига чиқишнинг ҳеч иложи йўқ,— дебди.
— Ҳаммага қийин бўлса ҳам сенга осон; шоти қўйиб чиқасан-да, — дебди.
Биринчи сўзловчининг лақаби Шоти экан. Ҳамма кулиб юборибди, Нодир фурсатни ғанимат билиб, гапни бошқа томонга бурибди.
— Қорасоч парига кейинги вақтда таълим берган киши ким? Шу одам қаерда яшайди? — деб сўрабди.
Ҳамма жим бўлиб қолибди, бироздан кейин бир чол Нодирга қараб:
— Менинг билишимча, энг охирги таълим берган Акрам донишманд бўлсалар керак, у киши жуда қари, ҳозир кўчага чиқмайдилар, ҳужраларида китоб ўқиб ўтирадилар.
Нодир чолдан донишманднинг ҳузурига олиб боришни илтимос қилибди.
Кичик ҳужра. Ўртача жиҳозланган бу ҳужранинг эшик томонида тўқсондан ошган, соч-соқоллари оқарган нуроний одам меҳмонларни кутиб олибди. Нодир биринчи келишда донишманд чол билан танишиб, суҳбатлашиб қайтибди, кейинги гал ёлғиз келибди.
Донишманд Нодирга қараб:
— Эй бўтам, сиз менинг олдимга бир умид билан келаётган бўлсангиз керак, сўрай беринг, қурбим етса, жавоб қайтарарман,— дебди. Нодир сўз бошлабди:
— Мен чин дўстимга ҳалол хизмат қилиш учун бел боғлаганман. Менинг бу хизматим оғир ва машаққатли бўлгани учун сиздан ёрдам сўраб, маслаҳатингизни олиш умидида келдим.
Донишманд кулимсираб:
— Қорасоч пари тўғрисида бўлса керак,— дебди.
— Каромат қилдилар,— деб ўрнидан турибди Нодир.
— Бу каромат эмас, сизнинг кўринишингиздан ҳар бир нарсага қурби етадиган доно, нодир йигит эканлигингиз сезилиб турибди. Мен сизга нима ҳам айтишим мумкин. Қорасоч пари ўн беш ёшга қадар мендан таълим олди. Мендан кейин у сеҳргарлик илмини ўрганди. Уч йилдан кейин сеҳргарнинг таълим беришга қурби етмай қолди, сўнг ғойиб бўлди. Менинг фикримча, бу тилсимотга бир ғор орқали йўл бўлса керак, ғорнинг оғзи тепадан четроқда, сойнинг ичида бўлса керак.
Нодир донишманддан бу сўзларни эшитиб, ҳужрасига қайтибди.
Кундалик одат бўйича сойга тўпланган шаҳар аҳли Қорасоч парини кузатиб, ҳар томонга тарқалибди. Нодир эса ўзини четга олиб, дарахт орқасига бекинибди. Қуёш ботар пайтида сойдаги катта гул тагидан бир қиз чиқиб, сарой томон кетибди. Бироздан кейин қайтиб келиб, катта гулни уч марта айланиб кўздан ғойиб бўлибди. Нодир ҳам кетма-кет бориб, катта гулни уч марта айланган экан, ғорнинг оғзи очилибди. Ғор ичида қирқ зина кўриниб, қиз ҳамон пастга тушиб кетаверибди. Қиз кўздан ғойиб бўлибди. Нодир ҳам пастга тушиш мақсадида биринчи зинага қадам қўймоқчи экан, овозлар эшитилиб, алангали ўтлар ёна бошлабди.
Нодир тезлик билан оёғини зинадан олганда овоз тўхтаб, ўт ўчибди, биринчи зинага оёқ қўймасдан иккинчисига қўйган экан, ҳеч қандай ҳодиса бўлмабди, шундай қилиб учинчисига қўймай, тўртинчисига, бешинчисига қўймай, олтинчисига қадам қўйиб ғорнинг тагига тушган экан, иккинчи тарафдан юқорига қараб кўтарилган зинага кўзи тушибди. У зинанинг бошида иккитадан баҳайбат шер ҳужум қилмоқчидай пастга тикилиб турган эмиш. Нодир биринчи зинага қадам қўймоқчи экан, икки шер бирдан ҳаракатга кирибди. Биринчи зинадан оёғини олиб, иккинчи зинага қўймоқчи экан, шерларнинг ҳаракати яна кучайибди, ундан олиб учинчи зинага оёғини босган экан, шерларнинг ҳаракати тўхтабди.
Нодир агар икки зина ташлаб учинчисига қадам қўйса юқорига чиқиш мумкин эканлигини билибди. Шу билан Нодир кетига қайтиб, Қобил кулолникида ётиб, эрта билан шоҳ саройига бориб, тилсимотни очишга ижозат сўрабди. Шоҳ ижозат берибди. Жарчи:
— Бугун бир мусофир бола тилсимотни очар эмиш, тепа устига чиқиб, Қорасоч парининг қўлидан ушлаб олиб тушар эмиш,— деб шаҳар халқига эшиттирибди. Халқ сой томон келибди. Шоҳ ҳам вазирлари билан етиб келибди. Нодир у сойдаги катта гул томон кетибди.
Халқ жим бўлиб, унинг ишини томоша қилибди.
Нодир катта гулни уч марта айланиб кўздан ғойиб бўлгач, халқ жуда ҳайрон қолибди. Баъзилари “йиқилиб тушди” десалар, баъзилари “ер ютди” дейишибди. Нодир кечаги текшириш тажрибаси билан шерлардан ўтиб, тепа устига чиқибди. Қараса, тепа устига қизил, сариқ, кўк ҳарсанг тошлар терилган экан, у сариқ тошни босган экан тепа тебраниб кетибди. Кўк тошни босган экан, тепа ёнламасига ларзага келибди. У қадамини қизил тош устига қўйганида ҳеч қандай ҳодиса рўй бермабди. Қизил тош устидан юриб бораётганда қаршисида катта қулф осиғлиқ дарвоза пайдо бўлибди. Унинг тепасига хат ёзилган: “Эй, тилсимотни очувчи нодир йигит, шу дарвозани очганда ичкари кирмай, орқангга қайтиб саройга бор, менинг учта саволим бор, агар шу саволларга жавоб берсанг, мен сени қабул қиламан”.
Нодир дарвоза томон қадам қўйганда, қандайдир бир куч кўкрагидан итариб йўл бермабди. Нодир бор кучини тўплаб ўзини дарвоза томон отибди. Ҳалиги куч Нодирни кўтариб қиррали катта тошга улоқтириб юборибди, Нодир яна тош устига тушиб, йиқилиб кетмаслик учун тошнинг қиррасини маҳкам ушлаган экан, дарвоза шарақлаб очилиб кетибди. Нодир бироз нафасини ростлаб, тепанинг четига қараб юрибди.
Кўпдан бери ҳайрон бўлиб турган халойиқ, айниқса, Қобил кулолнинг дўстлари тўхтовсиз кўз ёшларини тўкиб, Нодирнинг пайдо бўлишига мунтазир эканлар. Тўсатдан тепа устида пайдо бўлган Нодирни кўрган халқ хурсандлигидан қарсак чалиб юборибди. Нодир тепадан ҳеч қандай тўсқинликка учрамай, тўғри сойга тушиб подшоҳнинг олдига келиб таъзим қилибди.
Подшоҳ Нодирнинг пешонасидан ўпиб, жарчиларга шу бугундан бошлаб Қорасоч парининг тўйи бошланганлигини хабар қилишга фармон бермоқчи экан. Нодир шоҳга қараб:
— Э шаҳаншоҳи олам, Қорасоч парининг учта саволи бор. Ана шу саволга жавоб бераман, ундан кейин шодлик тўйига хабар қиласиз,— дебди.
Шоҳ ажабланиб:
— Бўлмаган гап, қўйган шартининг ичида буниси йўқ эди-ку, тўйни бошлай берамиз,— дебди. Нодирнинг илтимоси билан подшоҳ ноилож:
— Майли,— дебди.
Шаҳарнинг атоқли одамлари савол-жавобни эшитиш учун сарой томон юрибдилар. Саройга одамлар йиғилган, шаҳзода Қодир билан Нодир бир чеккада турган экан.
Подшоҳ Нодирга ўз ёнидан жой берибди. Саволни кутибдилар. Қарасоч пари тарафидан бир қиз келиб, Нодирга бир дона садаф бериб:
— Қорасоч пари сенинг жавобингни кутади, — дебди. Нодир шоҳдан садаф келтиришларини илтимос қилибди. Бир қути садаф келтирибдилар. Нодир қутидаги садафларни текшириб, орасидан худди Қорасоч парининг чиқарган садафидан ажратиб бўлмайдиган бир дона садафни қўшиб қизга:
— Мана жавоби,— деб қайтарибди. Қиз Қорасоч парига жавобни кўрсатган экан, Қорасоч пари кулиб, яна иккала садафни қизга берибди.
— Олиб чиқиб йигитга бер, жавобини берсин,— дебди. Қиз олиб келиб яна Нодирга берибди.
Нодир қутидаги садафлар орасидан чиройли бир гавҳарни олиб, садафга қўшиб қўйиб:
— Мана жавоби,— деб қайтарибди. Қиз келтириб Қорасоч парининг қўлига берибди. Учинчи саволига бир пиёладаги шакарга гавҳарнинг майдасини аралаштириб берибди. Қиз келтириб:
— Жавоб кутадилар,— дебди. Нодир текшириб қараса, шакар билан гавҳарнинг майдаси аралашган экан.
Йигит пиёлага совуқ сув қуйиб, қошиқ билан ковлаб, мана жавоби, деб қизга узатибди. Қиз Қорасоч парига олиб бориб берибди. Қорасоч пари:
— Балли, Нодир йигитга, менинг саволларим тамом, қабул қилдим,— дебди. Сарой ичи шодликка тўлибди.
Қорасоч пари халойиққа қараб:
— Бу йигитга берган биринчи саволимда бир дона садаф бердим: ўзимнинг наслимни билдириб, “Сиз ким бўласиз” — деб сўрадим. Бу йигит худди мен берган садафга ўхшаган садаф билан жавоб қайтарди: “Мен ҳам сиз каби ўқимишли, доно кишининг фарзандиман”, деди.
Мен икки садафни яна қайтариб чиқардим, “Иккимизнинг севгимиздан ҳам юқори нарса борми”, дедим, бу йигит гавҳар қўшиб чиқарди, бу гавҳар “Иккимизнинг севгимиздан юқори нарса фарзанд”, дегани эди.
Учинчи саволга гавҳар майдаси билан шакарни аралаштириб чиқардим, “Ширинлик эрлар учун, гавҳар — зийнат қизлар учун, шундай бир-бирига муносиб йигит-қизни бир-биридан ким ажрата олади”, деганимда, совуқ сув қўшиб аралаштирди-да, “Агар ўлим ажратмаса, ҳеч нарса ажрата олмайди”, деди.
Қорасоч пари келиб Нодирга таъзим қилди. Нодир подшоҳга қараб:
— Менинг ҳам Қорасоч паридан икки талабим бор, агар ижозат берсангиз тўй олдидан шу талабимни айтсам, шояд кўпдан бери истаб юрган мақсадимга эришсам, — деди. Подшоҳ Қорасоч парига қарабди, пари рухсат берибди. Нодир:
— Мен отадан ёлғиз ўғилман; отам, акам, укам, синглим йўқ. Қорасоч пари мени бир қориндан тушган акадек қабул қилсалар. Мен туғишган синглимни ўзларига муносиб куёвга бериб, тўйни ўзим бошласам,— дебди.
Ҳамма турган жойида қотиб қолиб, Қорасоч парига қарабди: Қорасоч пари бошини эгиб ўйлабди. Сўнгра: “Эй, оғир машаққатларни енгган Нодир йигит, дўстингга қўйган меҳр-муҳаббатингни мен муштипар синглингга ҳам бағишла,— дебди ва халққа қараб:
— Бугундан бошлаб туғишган акам бор, бундан кейин сеҳр-жоду менга керак эмас,— деб бармоғидан узукни олиб синдирибди. Сойдаги гуллар, тепадаги турли-туман нарсалар ғойиб бўлибди. Менинг измим акам ихтиёрида, кимни куёвликка муносиб кўрса, қабул қиламан,— дебди.
— Иккинчи талабим,— деб сўз бошлабди Нодир. — Рум подшосининг ўғли шаҳзода Қодирга синглим Қорасоч парини беришларини шаҳаншоҳдан сўрайман.
Шоҳ қабул ишорасини берибди. Карнайлар чалинибди, тўй-томоша бошланиб кетибди.
Энди эртагимизни шу ерда тўхтатиб, бошқа мамлакатдаги миш-миш гаплардан бошлайлик. “Бир бола келиб тилсимотни очганмиш, Қорасоч парини олмай, ташлаб кетганмиш, Қорасоч парининг жаҳли чиқиб сеҳр қиладиган узукни синдирганмиш, алам қилганидан бир мусофирга текканмиш, подшоҳ номусга чидолмай саройдан қувганмиш”, деган дув-дув гаплар тарқалиб, ҳинд подшосига етибди.
Бу гапни эшитган ҳинд подшоси кўзи олайиб, рангги бўзариб, шу куннинг ўзидаёқ мингта филга мингта паҳлавонни миндириб, уларга қилич-қалқон тақтириб, “Шаҳарнинг кулини кўкка совураман, подшоҳини асир оламан, Қорасоч парини ўзимга оқсоч қиламан”, деб ўз паҳ-лавонларига бош бўлиб йўлга чиқибди, шаҳарга яқинлашиб келибди.
Тўй-томоша қилиб турган подшоҳ бундан хабардор бўлиб, душманга қарши отланибди.
Ҳинд подшосининг шаҳарга киришига бир тош қолганда Нодир юзта туяга сомон ортиб, биттадан одам миндириб, душман томон йўл олибди. Узоқдан қаторлаб келаётган филлар кўринибди. Туядагиларга Нодир:
“Ўт ёқинг, карнай чалинг!” деб буйруқ берибди, ҳар ким ўз туясидаги сомонга ўт қўйибди ва карнай чала бошлабди. Тутундан юролмай қолган филлар карнай овозини эшитиб, орқага тумтарақай бўлиб қочибди. Устидагилар йиқилиб қолибди. Саксонта паҳлавон билан қолган хинд шоҳи ўз мамлакатига қочиб кетибди. Ҳинд шоҳи аламига чидолмай, бир ғорга кириб, кўзини юммасдан ўтирар экан, бир доғули кампир келиб.
— Э подшоҳим, туринг, тахтингизга чиқинг, Қорасоч парини мен олиб келаман, — дебди.
Подшоҳ:
— Агар Қорасоч парини менга келтирсанг, хазинамнинг ярмини бераман, — дебди.
— Менга бир катта кема ясаб паҳлавонлардан йигирма кишини саралаб, уларнинг уч ойлик овқатини ғамлаб, ихтиёрини менга беринг,— дебди. Подшоҳ тезлик билан кампирнинг талабини бажариб, уни кузатибди. Кампир бошлиқ йигирма паҳлавон бир неча кун сувда сузиб, Қорасоч парининг дарё лабидаги саройига яқинлашибди.
Кампир:
— Мени шу ерда қуруқликка чиқариб, ўзларингиз ўша кўринган қўрғон тагига бориб, қимирламасдан, кемадан тушмасдан ётинглар, мен: “вақт ғанимат” деганимдан кейин, бирданига қизни ушлаб кемани ҳайдаб йўлга чиқасизлар,— деб равона бўлибди.
Қорасоч пари тўйининг охирги куни, бутун халқ хурсанд, қизлар ўз парисини куёвга бериш олдидан ҳаммомга олиб келар эканлар, булар орасида бир жувон гоҳ ўйнаб, гоҳ ашула айтиб: ҳаммани ўзига жалб қилиб борибди. Ҳаммом ёнида созандалар, ашулачилар, ўйинчилар Қорасоч парини ҳам, шўх жувонни ҳам интизорлик билан кутибдилар. Лекин улардан дарак бўлмабди.
Ахири қизлардан бири ичкарига кирса, ҳаммомда ҳеч ким йўқ, сувхонанинг орқаси бузилган, ҳалиги хушчақчақ жувон ҳинд шоҳининг доғули кампири экан, Қорасоч парини ўғирлаб кетибди.
Ҳинд шоҳининг шаҳрида катта шодлик бошланибди. Қорасоч пари бир неча канизаклар билан ичкаридан чиқиб, чап томондаги олтин тахтга ўтирибди. У подшоҳга қараб:
— Э ер юзининг хоқони, сизнинг жуфти ҳалолингиз бўлишдан олдин орзу қилиб юрган ниятимни бажаришингизни сўрайман. Ҳар иккимизнинг умрбод турмушимиз ҳурмати учун мамлакатда азоб чекувчи, муҳтожликдан кўз ёши тўкувчи одам бўлмасин, қарздорларнинг қарзини кечиб, зиндондагиларни озод қилсангиз,— дебди.
Ҳинд шоҳи ҳеч қаршилик қилмай, шу ондаёқ:
— Қарздорларнинг қарзидан воз кечилсин, зиндондагилар озод қилинсин! — деб фармон берибди.
— Иккинчидан, неча-неча юз йиллардан бери подшоҳларнинг саройларига мамлакат фуқаролари киролмайди. Тўйни саройда қилайлик: шоҳ-у гадо, ғариб ва бечораларга сарой эшиклари доимо очиқ турса,— дебди. Шоҳ буни ҳам қабул қилибди.
— Учинчидан, мен ҳозирга қадар эркак қўлини ушламаган бўлсам ҳам, бир одамнинг никоҳига ўтганман. Бизнинг одатимизча бир одамнинг никоҳида бўлган қиз иккинчи кишининг никоҳига ўтиши учун орадан қирқ кун ўтиши керак. Бу муддат мен учун нақадар узоқ, чидаб бўлмайдиган муддат бўлса ҳам, халқнинг ҳурмати учун чидам билан кутишга мажбурман. Шу сабабли бу узоқ муддатнинг қандай ўтганлигини сезмай қолиш учун тўйни қирқ кунга чўзиб, айши-ишратлар билан ўтказасиз,— дебди.
Ҳинд шоҳи бунга ҳам кўнибди.
Қорасоч пари ўз шартларини айтиб, канизаклари билан келган томонга чиқиб кетибди. Қирқ кунлик тўй бошланибди. Ҳинд шоҳининг ўн етти ёшлик Дилнавоз деган қизи бор экан, ақлда, ҳуснда камолга етган экан, у доим Қорасоч пари билан суҳбатда ва унинг хизматида экан.
Тўй маросимида саройда бўлаётган воқеаларни кўздан кечириб юриб, ҳар бир нарсага ақли етган қиз бир нарсага тушунмабди, ҳар куни кечки пайт саройга бир қора чодирга ўралган одам келиб, тут дарахти тагида ўтирар, ҳеч ким билан сўзлашмас экан, олдига таом қўйса емас, аммо ҳеч нарса талаб қилмас экан, савол берсалар гапирмай, кўз ёшини тўкиб, чиқиб кетар экан.
Дилнавоз бир кун қора чодирли кишини четга чақириб:
— Кимсиз, дунёнинг қандай жабр-зулми сизни бу аҳволга туширди, гапиринг, мен сизнинг дардингизга кўмаклашаман,— деб ёлвориб сўраса ҳам, қора чодирли одам Дилнавозга тикилиб, тўхтовсиз кўз ёшларини тўкиб, бир оғиз сўз демай чиқиб кетибди. Кейинчалик Дилнавоз қора чодирли кишини севиб қолибди. Кундалик келадиган вақтидан кечикса, сабрсизлик билан келишини кутар экан. Дилнавоз кечалари ухламай, шу одамни ўйлар экан.
Кейинчалик кўзлари киртайиб, ранглари синиқиб кетибди. Буни сезган Қорасоч пари:
— Сенга нима бўлди, синглим? Нимадан камчилигинг бор ва қандай мусибатларга тушдинг? Нега ўзингни бу қадар олдириб қўйдинг? — деб сўрабди. Дилнавоз бутун воқеани ва қора чодирли кишини чин юракдан севиб қолганини айтиб берибди. Қорасоч пари узоқ ўйлаб:
— Эртага келса, ундан шу нарсани сўрагин, Румдан чиққанда қанча эди, Шомда қанча бўлди, Ҳиндистонда қанча, шу саволга жавоб берса, жавобини келтир,— дебди.
Дилнавоз қора чодирли кишини интизорлик билан кутиб турганида у дарвоза олдида кўринибди, уни четга чақириб, севиб қолганини изҳор қилибди. Қора чодирли одам ҳеч нима демай жим тураверибди. Охирида Дилнавоз:
— Дунёнинг заҳматларига бардош берган йигит, айтингчи, Румдан чиққанда қанча эди, Шомда қанча бўлди, Ҳиндистонда қанча? — дебди. Қора чодирли одам кўз ёшларини тўкиб:
— Э маликам, сиз мени сўзлашга мажбур қилиб, бу шаҳарда юришдан маҳрум қилдингиз. Жабр-у зулмлар, азоб-у уқубатлар чекиб, охирида сизнинг меҳри-шафқатингиз туфайли шу шаҳарда туришга қарор берган эдим. Румдан чиққанимда иккита эди. Шомда учта бўлди, Ҳиндистонда битта. Аммо бу жавобнинг маъноси нима эканини охирги нафасимда сизга айтиб беришни истар эдим. Бир кеча саройда қолсам, ўз ўтмишимни, қора чодирли одам ҳикоясини сизга айтиб берар эдим,— дебди. Дилнавоз уни саройдаги бир уйга яшириб, ўзи Қорасоч парининг олдига борибди. Қорасоч пари Дилнавоз келиши билан:
— Жавоб олдингми,— деб сўрабди.
— “Рум шаҳридан чиққанда иккита, Шомда учта, Ҳиндистонда битта”, деб жавоб берди,— дебди ва уни яшириб қўйганини айтибди.
Қорасоч пари ҳеч кимга билдирмай, уй томон борибди. Деразадан ҳовлига қараб турган қора чодирли кишини кўрибди. У Нодир экан.
Қорасоч парининг ўғирланганидан хабардор бўлган Нодир кетма-кет йўлга чиққан экан. Подшоҳ бир кам қирқ кун деганда Қорасоч паридан хат олибди. Хатда шундай сўзлар ёзилган экан: “Эй подшоҳи олам, эртага муҳлатимиз битиб, иккимиз муродга етадиган кун. Сизга жуфт бўлганимдан кейин саройдан бир қадам четга чиқмоқ менга муносиб эмас. Шаҳарни сайр қилиш орзусидаман. Шунинг учун ижозат берсангиз, шу кеча ўзимнинг қизларим билан шаҳарни сайр этсам. Менинг орзуйимни рад этмаслигингизни сўрайман. Жуфти ҳалолингиз бўлмиш Қорасоч пари”.
Подшоҳ охирги жумлани ўқиб: “Майли, билганини қилсин,” дебди. Шоҳнинг амри билан “Бу кеча эрлардан ҳеч ким кўчага чиқмасин”, деб буйруқ берилибди. Отлар эгарланган, қизлар шайланган ҳолда Қорасоч парини кутар эканлар. Қорасоч пари қизларга қараб:
— Ҳали вақт эрта. Келинглар, озгина бўлса ҳам мизғиб оламиз,— дебди.
Ҳамма бирин-кетин ётиб уйқуга кетибди. Қорасоч пари аста туриб, Нодирни топиб, қизларнинг устидан қулфлаб, икки учқур отга миниб, дарвозадан чиқиб, қир томон кетибдилар.
Нодир Қорасоч парини бир ғорга қўйиб:
— Мен бориб доғули кампирнинг ишини тўғрилаб келмасам, кейин бизга шикаст етказади,— деб шаҳарга кирибди.
Кампирнинг уйига келиб, уни кетмон даста билан бир уриб ўлдириб, кўйлагининг ичидан хода бойлаб, сарой эшиги олдига суяб қўйиб, жўнаб қолибди.
Шоҳ эрта билан мачитга бораётганида эшиги олдида иржайиб турган кампирни кўрибди. Шоҳ кампирга:
— Эй кампир, мен сизни хурсанд қилмагунча никоҳ қилдирмайман, боринг, уйингизда ўтираверинг, мен намозимни ўқиб чиқай, — деса кампир индамай илжайганича тураверибди. Подшоҳ маҳрамига:
— Кампирни уйига элтиб қўй!— дебди. Маҳрам кампирнинг енгидан ушлаб:
— Юринг, она, — деган экан, кампир чалқанчасига ағдарилибди ва кўйлаги ичидан хода кўриниб қолибди. Шоҳ қўрқиб, Қорасоч паридан хабар олишга одам юборибди. Бориб қарасалар, қизлар уйдан чиқолмай, арзларини этолмай, қамалиб ётган эмишлар.
Подшоҳ:
— Орқасидан қувиб ушлаб келинсин,— деб буйруқ берибди. Лашкарлар Қорасоч парининг орқасидан қувиб етолмай, қидириб тополмай ўз шаҳарларига қайтибдилар.
Шом подшосига Қорасоч парини доғули кампир олиб қочиб, ҳинд шоҳига топширгани маълум бўлибди. Нодир ҳам йўқолибди. Қодирнинг қиздан умиди узилиб, кўкрагини захга бериб ётибди.
Шом подшоси шаҳзода Қодирга бирор нарса бўлиб қолса, Рум шоҳи: “Қизингни ўзинг қочириб юбориб, менинг икки ўғлимни атайлаб ўлдиргансан” деб туҳмат билан ҳужум қилиши мумкин, деб ваҳимага тушибди.
Шом подшоси Қодирни ўз юртига қайтишга кўндирибди. Қимматбаҳо инъомлар берибди, ёнига тўрт паҳлавонни қўшиб Румга жўнатибди.
Қодир Тақиртош тоғи устига чиқаётганида қаршисидан келаётган Қорасоч пари билан Нодирга кўзи тушиб, севиниб кетибди. Улар қучоқлашиб кўришибдилар, Рум шаҳрига боришга қарор қилибдилар. Улар йўлда чарчаб катта чинор тагида дам олибдилар. Қодир билан Қорасоч пари уйқуга кетибди. Нодирнинг уйқуси келмасдан хаёл суриб ётган экан, чинор тепасига тўртта тўтиқуш келиб қўнибди. Улардан бири: “Буни қара, меҳнатни бу қилди-ю, ҳузурини анови кўради”, дебди. Иккинчиси: “Бу майли-я, шаҳзоданинг отаси буларнинг келишини эшитиб, ўғлим келиб ичсин, хотини менга қолсин, деб бўйи етган қизларга заҳар ушлатиб қўйибди”, дебди. Учинчиси: “Отаси ўғлим келсин, минсин, қўлига олсин, ўлсин, хотини менга қолсин, деб заҳарланган от, қуш тайёрлаб қўйибди”, дебди. Тўртинчиси: “Отаси ўғлим келса, чақсин, ўлсин, хотини менга қолсин, деб янги уй қуриб катта заҳарли чаён ташлаб қўйибди”, дебди. Ҳаммаси: “Биздан кейин гапирганлар тош бўлсин”, деб учиб кетибди.
Қодир билан Қорасоч пари уйқудан туриб, отга миниб Рум томон жўнабдилар. Бир неча кундан кейин шоҳнинг саройи кўринибди. Аста-секин карнай-сурнай овозлари эшитилибди.
— Бу ерда нима бўляпти? — деб сўрабди Қорасоч пари.
— Отам бизни кутиб оляпти,— деб шаҳзода мақтанибди. Шаҳарга яқинлашганларида ясанган қизлар зарҳал косаларда қимиз ушлаб:
— Шаҳзодамиз йўл юриб, чанқаб келяптилар, чанқовларини қондирсинлар, —дебдилар. Шаҳзода Қодир олиб ичмоқчи экан:
— Тўхтанг, ака,— деб Нодир шаҳзоданинг қўлидан тутибди, — Ҳинд шоҳининг саройида Қорасоч парини отга миндираётганимда бир ният қилган эдим. Биз соғ-саломат юртимизга борганимизда йўлда бирин-чи марта қизлар қимиз тутсалар, шуни ичмасдан тўкиб ташлайлик, деб. Рухсат беринг, мен тўкиб ташлай,— дебди.
Қорасоч пари Қодирга қарабди. Қодир унинг талабини қайтариб ичмоқчи экан. Нодир қўлидаги қамчини билан бир уриб, қимизни тўкиб юборибди. Қодир Нодирдан хафа бўлиб, отга қамчи урибди. Шаҳар дарвозасига яқинлашганида подшоҳ вазирлари билан уларни кутиб олишга чиқибди.
Подшоҳни кўрган замон булар дарров отдан тушиб, таъзим қилибдилар. Шоҳ Қорасоч парини кўрган замон отдан тушолмай, ўғли билан кўриша олмай туриб қолибди. Вазирлардан бири қимматбаҳо анжом, от ва қарчиғай қуш келтириб шаҳзодага:
— Шаҳаншоҳимизнинг йўл устидаги совғаларини қабул қилишингизни сўраймиз,— деб таъзим қилибди. Шаҳзода Қодир қушни олиб отга минмоқчи бўлганида, Нодир тўхтатиб:
— Эй, шаҳримизнинг улуғ зотлари, биз йўлда кўп қийинчиликларга учраб, азоблар чекдик. Ана ўшанда мен бир ният қилган эдим: шу азоб-уқубатлардан қутулиб, шаҳримизга етиб олсак, шаҳаншоҳнинг биринчи совғаларини худойи қилайлик деган эдим,— дебди. Вазирнинг ёнидан қиличини олиб, от билан қушни бурдалаб, устига майда қум сепиб, қимматбаҳо буюмларни кўмиб юборибди. Буни кўрган подшоҳ аччиғи чиқса ҳам, Қорасоч пари олдида ҳеч нарса деёлмай, жаҳл билан изига қайтиб кетибди. Қодир, Нодир ва Қорасоч пари билан махсус тайёрланган уйга кирибди. Нодир ҳушёрлик билан чаённи кута берибди.
Қорасоч пари ёлғиз ўзи туш пайтида уйларни салқин қилиб, қизил гиламлар устига духоба тўшаклар солиб, қора сочларини оппоқ ёстиққа ёйиб, икки қўлининг панжаларини бир-бирига жуфтлаб, ширин уйқуда ётган экан. Гилам устидан югуриб келаётган ўн бир бўғинли чаён амиркон махсига ёпишиб, юқорига ўрмалабди. Атлас кўйлак устидан юриб, кўкрак устида тўхтаб, найзаларини чиқариб, заҳарини йиға бошлабди. Ўрмалаб кўйлак ёқасидан ичкари кирмоқчи бўлганида қизнинг нафаси уни орқасига қайтарибди. Чаён елкадан ўрмалаб мия томон бораётганда, Нодир уйга кириб, бирдан қизнинг миясига ўрмалаб бораётган чаёнга кўзи тушибди ва чаққонлик билан чаённи икки бўлиб ташлаган экан, чаённинг бир томчи заҳари Қорасоч парининг юзига сачрабди. Нодир шошилиб, заҳар ёйилиб кетмасин деб рўмолча билан Қорасоч парининг юзидаги заҳарни артиб турган экан, шаҳзода Қодир кириб, турган жойида қотиб қолибди.
— Мен сени дўстим, ўз укам, деб меҳр қўйсам, сен менга хиёнат қилиб юрган экансан,— дебди. Қорасоч пари чўчиб уйғонибди, ҳеч нарса тушунмай ҳайратда қолибди.
— Ўзингнинг қора ифлос найрангларинг билан мени алдаб юрган экансан. Отанг отамнинг давлатига хиёнат қилганидек, сен ҳам менга хиёнат қилдинг. Энди сен ҳам отангнинг ёнига бор,— деб Нодирни қилич билан чопиб ташламоқчи бўлганида Қорасоч пари сакраб туриб, шаҳзоданинг қўлини ушлаб, Нодирга:
— Нима воқеа бўлди? Менга тушунтиринг,— дебди.
Нодир Қодирга узоқ тикилиб:
— Ўтиринг, акажон, ўтиринг, синглим! Мен бутун воқеани айтиб берай, эҳтимол, менинг сўзларимни эшитиб бўлганингиздан кейин, бир-биримиз билан сўзлаша олмасмиз, кўриша олмасмиз. Бунинг учун сизларга қилган гуноҳимни кечиринглар, сизларнинг ҳурматларингизга сазовор бўладиган бирорта хизмат қилолмадим. Воқеа бундай:
Биз ҳинд подшосининг мамлакатидан чиқиб, Шомдан келаётиб катта чинор тагида дам олдик. Сиз Қорасоч пари билан ухладингиз, мен уйғоқ эдим. Шу чинорга тўртта тўти қуш қўниб, бириси: “Буни қара, меҳнатни бу қилди-ю, ҳузурини анови кўради”, деди. Ишонмасангиз тиззамдан у ёғи тош бўлсин. Иккинчиси айтди: “Бу ҳам майли-я, отаси заҳарли қимиз қилиб, қизлар қўлига бериб қўйибди,ўғлим келсин, ичсин ўлсин, хотини менга қолсин деб”; шунинг учун ўша қимизларни тўкиб ташладим. Ишонмасангиз белимдан у ёғи тош бўлсин. Учинчиси айтдики: “Отаси заҳарланган от, анжом, қуш ясаб қўйибди, ўғлим келсин, минсин, ўлсин, хотини менга қолсин, деб”; уни ҳам чопиб ўлдирдим. Ишонмасангиз кўкрагимдан у ёғи тош бўлсин. Тўртинчиси: “Отаси янги иморат солиб, чаён ташлаб қўйибди, ўғлим келсин, чақсин, ўлсин, хотини менга қолсин деб”. Кечадан бери чаённи пойлаб юрар эдим, мана шу бугун Қорасоч пари ухлаб ётган эди, сочлари устидан ўрмалаб юрган экан, шамширим билан четга олиб бир урган эдим, икки бўлиниб бир томчи заҳари синглимнинг юзига сачради, заҳари тарқалиб кетмасин, деб рўмолча билан заҳарни артиб олаётган эдим, сиз келиб қолдингиз, — деб икки бўлиниб ётган чаённи кўрсатибди. Ишонмасангиз тош бўлай, деб бор вужуди тошга айланиб қолибди.
Воқеадан хабардор бўлган Қорасоч пари Қодирга:
— Ҳали сенинг юрагинг шундай қора, шундай ярамасми, сени деб оғир азоблар чеккан, ёш жонидан кечган, виждонли дўстингга сендан келган оқибат шуми? Сени заҳарлаб йўқ қилмоқчи бўлган ўз отангнинг чангалидан қутқариб қолган пок йигитнинг тош бўлиб ётишини қара! — дебди.
Қодир қилган ишларига пушаймон еб, кўзларидан тўхтовсиз ёш оқизиб ўтирганида Қорасоч пари Қодирга:
— Тур ўрнингдан, мамлакатга жар сол. Ҳамма ҳакимларни чақир, хазинадаги дунёларни сарф қил. Нодирни ўз аслига қайтар. Агар ўз аслига қайтмас экан, Қорасоч пари сенга ҳаром, ўз юртига кетади, — дебди.
Шаҳзода Қодир бутун мамлакатга жар солдирибди, ҳеч қандай натижа бермабди. Кечаси Қодир ухлаб ётар, Қорасоч парининг уйқуси келмас экан. Шу пайтда уйнинг икки бурчагидан оқ ва сариғ илон чиқиб, бир-бири билан сўзлашибди. Оқ илон сариқ илонга:
— Ер юзидаги жониворлар бизга қаҳр-ғазаб билан қараб, бизни душман дейдилар, ҳолбуки, ўзлари бир-бирларига ашаддий душманлик қиладилар. Буни қара, меҳнатни қилиб-қилиб, тош бўлиб ётибди. Яна бунинг тош бўлганидан хабар топган подшоҳ ҳар соатни ғанимат билиб, ўғлини ўлдириш учун пайт пойлаб юрибди, — дебди. Сариқ илон сўзга кириб:
— Буни аслига қайтариш мумкин, лекин жуда оғир. Бунинг учун дунёдаги энг золим одамни топиб, шунинг қонига чўмилтириб, тўтиқушлар қўнган чинорнинг тагидаги булоққа шўнғитиб олса, аслига қайтади, — дебди ва илонлар ўз инларига кириб кетибдилар.
Қорасоч пари бу воқеадан Қодирни хабардор қилибди. Шу пайт эшик очилиб, подшоҳ қўлида ханжар ушлаган ҳолда кириб, Қодирга ҳужум қилибди. Шаҳзода Қодир подшоҳнинг оёғига ўзини ташлаб:
— Отажон, ахир мен сизнинг фарзандингизман-ку, нима гуноҳим бор, — деб ёлворибди. Подшоҳнинг ғазабига ғазаб қўшилиб, шаҳзода Қодирнинг юрагига ханжар санчибди. Қодирнинг жонсиз гавдаси гилам устига чўзилибди. Подшоҳ ваҳший ҳайвонларча ҳайқириб, Қорасоч парини бағрига босмоқчи экан, қиз заҳарли ҳанжарни тортиб олиб, золимнинг кўксига урибди.
Қорасоч пари:
— Дунёда бундан ҳам ортиқ золим бўлмайди, — деб тош бўлиб ётган Нодирни кўтариб шоҳнинг қонига чўмилтириб, бошига қўйиб:
— Хайр, зулм ботқоғига ботган шоҳ саройлари,— деб чинор томон йўл олибди. Бориб чинор тагидаги булоққа тошни шўнғитган экан, Нодир акса уриб ўз ҳолига келибди. Қорасоч пари хурсанд бўлиб, Нодирга қарабди. Нодир ҳайрон бўлиб:
— Акам қани, нега биз бу ердамиз?— деб сўрабди.
Қорасоч пари шаҳзода Қодирнинг отаси қўлида ҳалок бўлганини айтибди.
Қорасоч пари қаршисида турган икки отни кўрсатиб:
— Юринг, отга мининг, азиз Нодирим, ҳамма воқеани ўз элимда айтиб бераман,— дебди. Улар Шом шаҳри томон жўнабдилар.
Бир неча кун йўл юриб шаҳарга кирар эканлар, карнай-сурнайлар овози эшитилибди. Нодир:
— Бу қандай садолар?— деб Қорасоч паридан сўрабди.
— Бу Шом шаҳрининг халқлари икки ёшнинг бахтли ҳаёт бошлашини табриклаётган севинч садоларидир,— деб жавоб берибди Қорасоч пари.
Иккиси отга қамчи уриб, шаҳарга кириб кетибди ва мурод-мақсадига етибди.