Бор экан, йўқ экан, қадим замонда бир бой бор экан. У жуда бой экан, бир чуқурда ачиб қолган лой экан, сира сув ўтмаган сой экан, биров минмаган той экан, ёмғир ёғганда булутнинг орасида қолган ой экан, қозонга солса, доғ бўлмаган мой экан, кигиз-кўрпаси йўқ, одам ётмаган жой экан, биров ичкиси келмаган чой экан. Бу бой шунақа донғи кетган машҳури олам экан.
Бой юриб-юриб бир куни нима ҳам бўлиб ўлган экан. Учта ўғли уч ой-у ўн кунгача овора бўлиб, ҳақларини бўлган экан. Бу ўғилларнинг биттасига етти-саккиз поғонали шоти, биттасига эски чилдирма, биттасига ётса туролмайдиган, турса юролмайдиган учта кўр эшак теккан экан. Учовининг уч ой, ўн кунда бўлиб олган бор нарсаси шу экан. Бир кун шоти теккан укаси акаси билан уришиб қолган экан. “Сизларнинг олдиларингизда турганим шу бўлсин”, деб отасидан қолган шотисини олиб, елкасига солиб кетган экан. Наманган дарёсининг ёнига етган экан. Дарёга боргандан кейин “Мени ўтказиб қўйинг” деб, кемачига айтган экан.
Кемачи:
— Шотига бир мири, ўзингга бир мири берасан, бўлмаса ўтказмайман, — деган экан. Шоти эгаси:
— Ўтказиб қўйсанг, бир мири бераман, бошқа бера турган пулим йўқ, — деган экан.
Кемачи кўнмаганидан кейин, шотини ташлаб, устига ирғиб миниб олиб, кемачидан бурун дарёнинг нариги ёғига ўтиб олибди. У дарёдан ўтиб, шотини олибди, елкага солибди, жўнаб қолибди. Нарироққа борса, Наманганнинг ўрик-олмаси пишиб, тўкилиб, тагига тушиб турган экан. Тўкилганини олиб, саватга солиб, одамлар тепасига чиқиб қоқолмай турганида у шотиси билан етиб келган экан. Одамлар уни кўриб:
— Ўртоқ, шотини бизга ижарага қўй, мана бу меваларнинг тепасига чиқолмай ётибмиз, чиқсак, тушолмай ётибмиз. Олмага олти пул, ўрикка тўрт пулдан ижарани ола бер, еганинг яна ўзингники, — дебдилар.
У хурсанд бўлиб, шу айтган баҳога шотини ижарага қўйиб, чақаларга чўнтагини тўлғазиб, шотини олиб, елкага солиб, жўнаб, уйига етиб қопти. Уйига келса акалари:
— Хўш, қайда юрдинг, нима қилиб келдинг? — дебдилар. У:
— Сизлар мени ҳеч иш билмайсан, деб хўрладиларинг. Мана мен, мусофирчиликда юриб, шунча пул топиб келдим, — деб чўнтагидан тангаларни олиб, ўртага ташлабди.
Буни кўрган акалари “Буни қайдан олдинг?”, деб сўрабдилар. Укаси мусофирчиликдан топганини айтибди. Уни кўриб чилдирма теккан меросхўр акаси:
— Отамдан қолган чилдирмани олиб кетай, ўша ёқда қолиб кетай, — деб чилдирмани олиб, сафарга чиқиб кетган экан, биёбон чўлга етган экан. Қаёққа боришини билмасдан, бир жойга борса, суви йўқ эски тегирмон кўриниб қолган экан. Тегирмоннинг ичига кириб ётай деса, унинг ичи чанг-тупроқ экан. У ёқда ётсам чанг бўламан, бу ёқда ётсам гард бўламан, ундан кўра, дўлнинг ичига кириб ётайин деб, дўлнинг ичига кириб ётиб қолган экан. Бу жой айиқ-маймунларнинг кириб ётадиган жойи экан.
Ҳадемай, тегирмон ичига айиқ-маймунлар кириб келаверибди, ичи зич тўлибди. Ҳаммадан кейин йўлбарс кириб келиб, дўлнинг ичига кириб ётай деб турганда, оёғи дўлда ётган чилдирмага тегибди. Чилдирма “даранг” этиб қаттиқ овоз чиқарибди. Йўлбарс қўрққанидан ўзини ерга отибди. Саккиз маймун, тўққиз айиқ: “Каттаконимиз мунча қўрқди, бунинг ичида бир бало бор шекилли”, деб ўзларини очилган эшикка урган экан, эшик жуфт бўлиб ёпилиб қолибди. Шу шовқинда йигит уйғониб қолибди. У эшикни очиб чиқиб кетай десам, айиқ-маймунлар ўзимни еб қўяди. Айиқ-маймунлар ўз билгича эшикни очолмайдилар, ташқарига қоча олмайдилар. Индамай турсам, булар мени еб қўяди, деб чилдирмани олиб чалаверибди. Айиқ-маймунлар қўрққанидан ўзларини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа уриб саросимада қолибди. У бўлса, ҳадеб чилдирмани чалаверибди. Шу билан тонг отиб қолибди.
Тонг вақтида, бир савдогар қирқ туя моли ва хизматкорлари билан ўтаётиб, чилдирманинг товушини эшитиб қолибди. Савдогар туяларини тўхтатиб, хизматчиларига: “Сизлар туяни боқиб ўтлатиб туринглар, мен тегирмонга кириб чиқай, у ерда базм бўлаётганга ўхшайди”, деб келиб тегирмоннинг эшигини очиб юборган экан, тегирмонга қамалиб, чиқолмай турган жониворларнинг ҳаммаси ўзини эшикка уриб, катталари савдогарнинг бошидан сакраб, кичиклари оёқлари орасидан ўтиб қочиб кетибди. Буни кўрган савдогар қўрққанидан рангида қон қолмай, анқайиб қолибди. Чилдирманинг эгаси ташқарига чиқса, эшик ёнида биров турган экан. Йигит чилдирмани ерга уриб савдогарнинг ёқасидан бўғиб қолибди. Савдогар:
— Нега менинг ёқамдан бўғасан? — деб сўрабди.
У:
— Эшикни очиб, айиқ-маймунларни сен қочириб юбординг, бу ёққа юр, — дебди.
Савдогар:
— Мени қаёққа олиб борасан? — дебди.
Чилдирмачи:
— Мени хон чақиртириб олиб, “Сен чилдирма чалишга уста экансан, шу айиқ-маймунларни ўргатиб берасан”, деб менга шу айиқ-маймунларни йиғиб берган эди, мен уларни шу ерга қамаб, машқ бериб, ўйин ўргатиб турган эдим. Хон “Қирқ кунда қирқ хил ўйин ўргатасан”, деган эди. Мен буларга йигирма беш кун ичида йигирма беш хил ўйинни машқ бериб, ўргатиб қўйиб эдим. Энди ўн беш куни қолганда, эшикни очиб, ҳаммасини қочириб юбординг. Буларни сен қайдан топиб берасан. Агар топиб беролсанг топиб бергин, топиб беролмайдиган бўлсанг, мен сени хоннинг олдига бошлаб бораман, — деб дўқ қилибди. Савдогар унинг бу гапига:
— Ўртоқ, мен билмай қолибман, анави турган қирқ туя мол меники, шундан йигирма туясини моли билан ол. Мени бу ғалвадан қутқар, —деган экан, чилдирмачи:
— Бекор айтибсан, бу ҳазил иш эмас, юр бу ёққа, — дебди. Савдогар ялиниб:
— Ўттиз туясини олинг, бизни қўйворинг, — деган экан. У яна:
— Мен буларни ўргатганимга хон менга кўп инъом бермоқчи эди. Бунинг устига яна жавобгарлиги бор, хоннинг олдига юр! — деган экан, савдогар:
— Бўлмаса, шу қирқ туя молимнинг барчасини олақол, индамай қўяқол, — дебди.
Чилдирмачи:
— Бу билан бўлмайди. Гапни кўпайтирма, бу ёққа юр! — деган экан. Савдогар шошганидан:
— Бўлмаса, энди, шу тагимдаги отимни ҳам олақол, мени шу ишдан қутқарақол, — дебди. Шунда чилдирмачи:
— Бу молларни хонга ўзим топшираман, сиз бу ёқ билан кета қолинг, — дебди.
Шунинг билан савдогар қирқ туяси билан молидан ажраб, бир ёққа кетиб қолибди, бутун мол ва туяларини олиб, чилдирмачи иккинчи ёққа кетиб қолган экан, уйига етиб қолган экан.
Унинг ака-укаси кўриб, ”Бунча молни қайдан олдинг?” деб сўраган экан. У:
— Мусофирчилик яхши бўлар экан. Шунча молни топиб келдим, — деган экан. Буни кўриб учта кўр эшак теккан биродари:
— Мусофирчилик бундай яхши бўлар экан, мен ҳам мол топиб келай, — дебди. У эшакни миниб, лақ-у луқ илиб олиб, катта йўлни билиб олиб, иккита эшакни олдига солиб ҳайдаб кетган экан. Шундай қилиб, йўл юриб кетган экан, узоқ жойга етган экан. Бир вақт эшаклари оч қолиб, ётса туролмайдиган, йўлга юролмайдиган бўлиб қолибди. Нарироққа борса, бир сичқон кўринибди. У сичқонга қараб:
— Сичқонбой, — дебди. Сичқонбой:
— Ҳа, нима дейсиз, ҳой, — дебди.
— Мана бу эшагим ётиб туролмайди, йўлига юролмайди, шуни сен олгин. Бир куни бўлмаса, бир куни фойданг тегиб қолар, — дебди.
Сичқон:
— Фойдам тегса тегиб қолар, ҳа, қолдирсанг қолдириб қўя қол, — дебди. Шу сўз билан у бир эшагини сичқонга бериб кетиб қолса, нарироққа етиб қолса, бир қўнғиз отнинг тезагини юмалатиб келаётган экан. У қўнғизга қараб:
— Қўнғизбой, — дебди, — мана шу эшагим юролмай қолди, у менга катта дардисар бўлди. Шуни олсанг бир кун бўлмаса бир куни фойданг тегиб қолар, — дебди. Қўнғиз:
— Ҳа, фойдам тегса тегиб қолар, ташлаб кета қол, — дебди.
Қолган эшагини миниб жўнаб қолибди. Бир мунча жойга етиб қолибди, эшагининг оёғи лойга ботиб қолибди. Ўзи ётиб қолибди. У ҳайрон бўлиб турса, рўпарасидан уйқу пайдо бўлибди. У уйқуга қараб:
— Уйқу, эшагим йўлда юролмай, менга катта дардисар бўлиб қолди. Шуни ўзинг олақол, бир куни фойданг тегиб қолар, — дебди. Уйқу:
— Одамнинг кўзига яқин боролмай, ухлатолмай ҳайрон бўлиб юриб эдим. Майли, ташлаб кетақол, — дебди.
Меросхўр қолган эшагини уйқуга бериб, кетиб қолса, бир шаҳарга етиб борса, бир баққолни кўриб қолибди. Баққолнинг ёнига бориб нон тилагани уялиб, рўпарасига ўтириб олибди. Баққол:
— Сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан? — деб ундан гап сўрабди.
Бола:
— Отам ўлган, онам ўлган етим, уялмаган бетим, ўғли йўққа ўғил, қизи йўққа қиз бўламан, деб юрибман, — дебди.
Баққол:
— Бўлмаса менга ўғил бўл, менинг ўғил-қизим йўқ эди, — дебди. Бола унинг бу таклифига кўнибди. Кейин баққол уни уйига бошлаб борибди, кўрпачага ўтқазибди, нон-пон егизибди, шунинг билан бола боққолникида ётиб қолибди.
Эртасига болага об-у овқат егизиб, ундай-бундай дегизиб, олтита молни олиб, олдига солиб, “Мана шу молни ҳайдаб кетасан, бир чақиримча жойга етасан, у ёғида чўл бор, бу ёғида кўл бор, эҳтиёт бўл, моллар чўкиб-нетиб кетмасин”, деб тайинлаб болани юборган экан.
У шаҳарнинг хони катта бир боғнинг дарвозасига бир ноғора илдириб қўйган экан. Ҳар ким уни чалса, қирқ ёлғонни айтишга мажбур қилинган экан. Ёлғоннинг уддасидан чиққан киши хоннинг қизини олар экан. Уддасидан чиқмаган ўлдирилар экан. Бу тўғрида подшо жарчи чақиртириб қўйган экан. Бу гапни баққол болага тайинламаган экан. Бола молларини ҳайдаб кетаётган вақтда, ноғорани кўриб қолган экан. У “Акам ноғора чалганидан бир кечадаёқ бойиб қолган эди, мен нимага чалмайман”, деб ноғорани чалиб юборган экан. Буни эшитган бир сипоҳи келиб: “Қани, бу ёққа юр”, деб уни ҳайдаб хоннинг олдига келтирибди. Хон болага қараб:
— Қирқ ёлғонни тўқийсан, тўхтатмасдан ўқийсан, агар бири кам қирқ бўлса ҳам, ўлдириб юбораман, — деган экан.
Бола бироз ўйлаб туриб, шундай деб сўз бошлабди:
— Бор экан, йўқ экан, бир катта тўқай бор экан. Бу тўқайнинг ичида на чўп, на гиёҳдан асар бор экан. У тўқайнинг ичида учта мерган топганини ҳар кимга берган, тўкилиб қолса терган, қулочини керган, бирининг оти Абдусамад аканинг ўғли Эрали Эрган, бирининг оти Мирсайид аканинг ўғли Шерали Шерган ва бирининг оти Нурмат аканинг ўғли Нурали Нурган, гапни ҳар ёққа бурган экан. Учаласи ҳеч нимаси йўқ тўқайга боришиб, ов овлашиб, ҳеч кимни тополмай, нечта овни отолмай юрган эканлар. Қиморбоз эканлар, ошиқ ташлашиб довлашиб, суви йўқ ариқдан балиқ овлашиб, ўт ёқмасдан балиқни пиширишиб, уни емасдан илгари лунжини шиширишиб, шунинг билан тўйишиб, маслаҳатни бир жойга қўйишиб юрган эканлар. Бироз фурсат ўтгандан кейин улар: “Учовимиз бир жойда юриб, бир нима кўриниб қолса, учовимиз баравар ўқ отиб, қайсимизнинг ўқимиз текканини билмасдан, бир-биримиз билан жанжаллашиб ўтиришимиз яхши эмас, учовимиз уч ёққа юрайлик, нимани топсак ўртага солишиб, баравар бўлишиб, индамай қолишиб кетаверайлик; ҳаммамиз экилмаган катта толнинг тагида топишайлик”, деб маслаҳат қилишиб, учови уч томонга кетган экан. Биттаси нарироққа борса, катта гумбазга катта қуш қўниб турган экан. У: “Бу қуш чиройли қуш экан, уни ўлдирмай тириклай ушлаб олай”, деб камонини ташлаб, ҳунарини хушлаб, аста-секин бориб, қушнинг оёғини маҳкам ушлаб олган экан. Қуш бақувват — полвон қуш экан, уни кўтариб осмонга олиб чиқиб кетибди. Жуда юқорига етибди. Мерганимиз қушнинг оёғини қўйвориб ўзини ташлаворай деса, ўлишга ақли етиб қолибди. У кўзларини юмиб кетаверибди. Кетганда, қанча ерга етганда, оёғи ерга теккандай бўлибди. Кўзларини очиб қараса, қуш бир хумга қўниб турибди, унинг оёғи ерга тегиб турибди. Мерган хумга қараса, унинг ичи лиқ тўла танга, ҳаммаси манга, дебди, қўйнига, ҳамма ёғига солибди, ўзини ўзи кўтаролмайдиган бўлиб қолибди. У қушнинг оёғини тағин ушлаб олиб, “Қув!” деган экан, қуш осмони фалакка кўтарилиб учиб кетиб қолибди, бояги гумбазга аста-секин етиб қолибди. У қушдан ажраганидан кейин камонини олибди, елкасига солибди. Шунинг билан мерган кетиб қолибди, экмаган катта толнинг соясига етиб қолибди. У ерда дам олиб ўтирган экан, ҳалиги мерганлар иккита йўқ қуённи ушлашиб, бир-бири билан муштлашиб, келиб қолибди. Улар бунга қараб: “Қани, нима топиб келдинг?” дебдилар. У қўйнидан, белидан тангаларни олиб ўртага ташлабди. Улар иккови бунча тангаларни санаб, ҳисобидан қандай чиқамиз, ундан кўра ҳовучламасдан қисмлаб бўлиб олақолайлик”, деб, йигирма қисмдан олтмиш қисмни бўлишиб олиб, чўнтакка солибдилар. Иккала мерган тангаларни жойлаштирганларидан кейин, “Буни қайдан олдинг?” деб танга келтирган мерганни қисти-бастига олибдилар. Уларнинг бу саволига танга келтирган: “Тўқайнинг нариги четига борсам, бир гумбазнинг тепасида бир катта қуш турган экан. Мен қушни ушлаб олай десам, қуш мени ушлаб олиб, осмонга кўтариб кетди. Мен индамай кетавериб эдим, бир жойда оёғим ерга тегиб қолди. Кўзларимни очиб қарасам, қуш бир хумга қўниб турибди. Қарасам, унинг ичи тўла танга экан. Тангани қўйнимга ва чўнтакларимга солиб, қушнинг оёқларини тағин ушлаб олдим. Шу қуш мени ҳалиги гумбазга келтириб қўйди, кейин бу ерга келиб сизларни топдим. Энди индамай кетаверинглар”, дебди. Иккала мерган: “Хумда яна қолдими?” дебдилар.
— Анчаси қолган, — дебди кенжа мерган. Биттаси:
— Бўлмаса, эртага мен олиб келаман, — дебди. Униси туриб:
— Мен олиб келаман, — дебди. Танга келтиргани:
— Жанжал қилманглар, эртага учовимиз ҳам борайлиг-у, кўтарганча олайлиг-у, бир-биримизга индамай қолайлик, — дебди. Овчидан бири:
— У қуш учовимизни ҳам кўтара оладими? — дебди. Бориб келган:
— Ҳа, кўтаради, у полвон қуш, — дебди.
Шу гап билан учови кетган экан, булар қарасалар, қуш ўша гумбазда турган экан. Илгари бориб келган:
— Мен бориб қушнинг оёғини ушлаган вақтимда, биринг менинг орқамдан бориб оёғимдан ушла, ундан кейин биринг кейингингнинг оёғини ушла! — дебди.
Шундай қилиб, булар қушнинг ва бир-бирининг оёқларига тирмашган экан, қуш буларни бай-байлатиб, ҳай-ҳайлатиб, осмонга кўтариб кетган экан. Булар жуда баланд кўтарилганда, энг пастдаги мерган ерга қараса, ер кўринмабди. Энг пастдаги овчи қушнинг оёғини ушлаган юқоридаги овчига қараб:
— Сенинг гапинг билан биз бунчалик овора бўлиб кетаётибмиз. Хумнинг катталиги қандай бор, — деб сўраган экан, қушнинг оёғини ушлаган овчи, “хумнинг катталигини кўрсатаман, деб қулочини керганда қушнинг оёғини қўйиб юборибди. Булар айланиб-айланиб тушиб, бири шафтолининг шохига, бири ўрикнинг шохига, бири олманинг шохига илиниб қолган экан.
— Шу гапнинг бирорта ростини топиб беринг, мен обкетай, этакка солиб кетай, — деб хонга таъзим қилган экан. Хон:
— Сен қирқ ёлғон сўрасам, минг ёлғонга ўхшатиб гапирдинг, — деб куёв қилмоқчи бўлган экан. Ўн кеча-кундузли тўй-томоша бўлиб турган вақтда, бир вазирнинг ўғли хоннинг қизини олишга ҳаракат қилиб юрган экан, лекин ўзи ноғора чалолмай, қирқ ёлғонни удда қилолмай, қизни ололмай юрган экан. Вазирнинг ўғли бу тўйни эшитиб қолиб, бир кампирнинг олдига бориб, йиғлаб “Қизни бу мусофирдан ажратиб менга олиб беришнинг йўли борми?” деб, йўл қидириб маслаҳат солган экан. Кампир вазирнинг ўғлига қараб:
— Болам, сен буни ҳазил фаҳмлайсанми, сен менга бош-оёқ сарпо, юз тилла пул берсанг, қўлини теккизмасдан олиб бераман, — деган экан. Вазирнинг ўғли:
— Юз тилла пул билан бош-оёқ сарпо сиздан айлансин, — деб уларни кампирга етказиб берган экан.
Тўйнинг саккиз куни ўтганда, кампир шу пул ва кийимларни олиб, паранжи-чимматини ёпиниб кетган экан, тўйхонага етган экан. У битта хизматчисининг олдига бориб:
— Айланай болам, сиз куёв йигитни чақириб беринг, битта опангиз, қуллуқ бўлсинга келди, деб айтинг, — дебди. У хизматчи куёвнинг олдига бориб:
— Анов ерда сизни бир опангиз йўқлаб турибди, — дебди. Шу гапга куёв чиқиб:
— Нима дейсиз, опажон? —дебди. Кампир:
— Бу ёққа келинг, болам, бу ёққа келинг, — деб орқасидан эргаштириб, одам йўқ жойга келгизиб, “Ўтиринг, болам”, деб ўтқазиб:
— Хонбаччадан уйланибсиз, қуллуқ бўлсин, айланайин жон болам, — дебди.
Куёв:
— Қуллуқ, — дебди.
— Айланай болам, хонбачча билан ҳамгап бўлишнинг таомилини биласизми? —деб сўрабди.
Куёв:
— Йўқ, мен билмайман, — дебди.
Кампир:
— Билмасангиз ўргатиб қўяй, ёш экансиз, бекорга ўлиб кетманг, шуни ўргатгани келдим, жон болам, — дебди.
Куёв:
— Вой, айланай, жон онам, ўргатиб қўйинг бўлмаса, — дебди.
Кампир:
— Таомили шуки, хоннинг қизини никоҳ қилиб, сиз қиз билан бўлганда қирқ кунгача тескари қараб ётасиз, уйга кирганингизда ерга қараб кирасиз, чиққанингизда ҳам ерга қараб чиқасиз. Шу қирқ кун ичида хоннинг қизига ҳеч қарамайсиз. Томоқ есангиз ҳам тескари қараб ўтириб енг. Таом еб бўлгандан кейингина бет-қўлингизни ювасиз, — деб гапни бурро қилиб бурилтириб, қулоғига урилтириб, чиқиб кетган экан, икки кун ўтган экан. Шунинг билан хон қизини у йигитга никоҳ қилиб берган экан.
Куёв кириб қизнинг ёнида тескари қараб ёта берибди. Кампирнинг айтганини бажариб, уйга киргандан кўчага чиққунча ерга қараб, овқатдан кейин бет-қўлларини ювиб юраверибди. Беш-тўрт кун ўтганда, қиз қўни-қўшниникига чиқиб юрганда, улар қиздан куёвнинг аҳволини сўрабдилар. Қиз хафа бўлиб: “Куёв бўлмай, ахир омон бўлсин, менга сира айланиб қарамайди, эрта билан ўрнидан турганда, бет-қўлини ювиб, соқолини тарамайди. Шундан биламанки, у отамнинг буюрган ишига ҳам ярамайди”, деган экан. Бу гап қўшнидан-қўшнига, қулоқдан-қулоққа тарқаб, хонга ҳам эшитилибди. Бу гапни эшитган хон дарғазаб бўлиб, куёвни олдига чақирибди. Хон бу ҳақда вазирларига қараб:
— Куёвимиз ҳеч ёққа қарамас эмиш, уч кун-тўрт кунда бетини зўрға ювиб, соқолини тарамас эмиш. Уни куёв қилганимга пушаймоним бор. Шу ишни нима қилсак бўлар экан. Сизлар нима дейсизлар, — деган экан. Вазирлар “Ўзингиз биласиз”, деган эканлар. Хон:
— Агар ўзим билатурган бўлсам, шуни ҳукмикушга буюрсаммикин деб, ўйлаяпман, — дебди. Вазирлардан биттаси туриб:
— “Фалон хон куёвини ўлдирибди”, деган иснод гапнинг халқ ўртасида тарқалиши яхши эмас. Ундан кўра, ўзига ўн туя молни бериб йигирма туя қилиб келсанг келгин, бўлмаса ўша ёқда егин, деймиз. Шунинг билан ўша ёқда қолиб кетар. Кейин бошқани куёв қилиб олармиз, — деб маслаҳат берган экан.
Шу маслаҳат билан болага ўн туя мол бериб, кеткизиб юборган экан. Бола жўнаб кетгандан кейин, орадан икки ой ўтган экан. Кунлардан бир кун вазирнинг ўғли хоннинг қизини олишга совчи юборибди. Хон вазирнинг ўғлига қизини бермоқчи бўлибди. Вазирнинг ўғли тўй-томоша қилдириб, қизни олган экан.
Илгариги куёв уч эшагини сичқонга, қўнғизга, уйқуга берган эди. Улар шум кампирнинг ҳийласидан хабардор бўлиб, эшакларнинг ҳақини бўйнидан соқит қилиш тўғрисида маслаҳат қилишибди. Никоҳ кечаси улар уйга келишибди. “Куёвни ухлатиш биздан бўлсин”, деб уйқу куёв кириши биланоқ, уни қотириб ухлатиб қўйибди. Сичқон бўлса, унинг бутун баданларини тишлаб, кўкартириб қўйибди. Қўнғиз ҳам жим турмай, куёвнинг ичига кириб олиб, уни беҳузур қилган экан. Эрта билан вазирнинг ўғли кетиб, келмай қолган экан.
Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин биров тасира-тусир от чоптириб келиб, хоннинг олдига кириб:
— Тақсир, суюнчи беринг, — дебди. Хон:
— Нима суюнчилик гап топиб келдинг, гапир, — дебди. У одам:
— Ўн туя мол бериб, йигирма туя мол билан келгин деган куёвингиз йигирма туя мол қилиб келибди, — дебди. Хон унга қанча суюнчи бериб кеткизиб, нарироққа етказиб, унинг истиқболига одам чиқартирибди. Шунинг билан бирга, “Кимки подшонинг қизи куёвга тегиб чиққан”, деган гапни гапирса, боши ўлимда, моли талонда, деб шаҳарга жарчи қўйибди.
Куёв келгандан кейин, хон қайтадан тўй-томоша қилдириб, қизини илгариги куёвига берган экан. Шунинг билан у куёв бўлиб индамай қолган экан.