Бир подшоҳнинг қирқ ўғли бор экан. Бир куни подшоҳ катта ўғлини уйлантирмоқчи бўлибди. Буни эшитган бошқа ўғиллари, “Бизларни ҳам уйлантиринг, дейишибди. Подшоҳ қирқта ўғлига қирқта қизлик одамни қидиртира бошлабди. Бир неча йиллар қидиргандан кейин, ўз мамлакатидан олти ойлик йўлда бўлган бир подшоҳнинг қирқта қизи борлигини эшитиб, шу подшоҳнинг даргоҳига бир туя билан мастон кампирни совчиликка юборибди. Кампир олти ойлик йўлни иламон туя билан олти кунда босиб борибди. Подшоҳнинг ўрдасига келиб, эшик олдини супурибди. Подшоҳнинг хизматкорлари кампирни ушлаб подшоҳнинг олдига олиб киришибди. Подшоҳ кампирдан нимага келганини сўрабди. Кампир:
— Эй подшоҳим, сизнинг қирқта қизингиз бор экан. Шу қизларингизга совчиликка келдим, — дебди. Подшоҳ:
— Ҳақиқатан, менинг қирқта қизим бор. Уларнинг ҳаммасини туғишган қирқта йигитга бераман, — дебди. Кампир ҳам ўз подшоҳининг қирқта ўғли борлигини айтибди. Подшоҳ:
— Мен қизларимни беришга розиман, лекин бир шартим бор: подшоҳингиз ўз мамлакатидан менинг мамлакатимгача бўлган олти ойлик йўлга ариқ қаздириб, ўз сувини менинг сувимга қўшсин, — дебди.
Мастон кампир ўз мамлакатига қайтиб подшоҳга:
— Эй, подшоҳи олам, шу олти ойлик йўлга ариқ қазиб, ўз сувингизни ул подшоҳ сувларига қўшсангиз, қизларини берар экан, — дебди.
Подшоҳ бу шартга рози бўлибди.
Подшоҳ шаҳардаги ҳамма фуқароларни йиғдириб, ариқ ковлата бошлабди. Халқ бир ойда уч-тўрт тошлик йўлгача ариқ ковлабди. Подшоҳнинг ўғиллари ариқни тезроқ ковлатиш учун навбат билан меҳнат қилаётган одамлар устидан хўжайинлик қилиб туришибди. Бир қанча одамлар уйларидан, бола-чақаларидан ажралиб, подшоҳнинг зулмига чидай олмай, бу ишдан норози бўла бошлашибди. Бир кун одамларнинг: “Подшоҳнинг ўғиллари хотин олмай кетсин, ҳаммамизни уй-жойимиздан, бола-чақамиздан жудо қилди”, деб гаплашганларини подшоҳнинг кичик ўғли эшитиб, ариқ ковлаётган одамларнинг ҳаммасига жавоб бериб юборибди. Акалари буни кўриб, “Бизни хотинсиз қолдирдинг” деб бир муштдан уриб кетибди. Кичик укаси йиғлаб-йиғлаб ариқ ёнида ётиб, ухлаб қолибди. Саҳар вақти бир чол келиб, болани уйғотиб:
— Ҳа, ўғлим, нима учун бу ерда ётибсан? —дебди. Бола бўлган воқеани чолга гапириб берибди. Чол:
— Ўғлим, хафа бўлма, бу ариқни ковлаш қийин эмас. Лекин сенга бир насиҳатим бор, шуни бажарасан. Ковлаган ариғингизнинг бир томони ёз, бир томони қиш бўлади. Акаларинг тўйга борганда сен ўзинг бормай, пичоғингни бериб юборгин. Акаларинг келинларни олиб йўлнинг ярмига келганда ёмғир ёғади, ёмғирдан кейин қор ёғади, қордан кейин тош ёғади.
Шу вақтда бир оқ уй кўринади. Зинҳор-базинҳор шу оқ уйга киришмасин. Тез орада ҳаво очилиб кетади. Отангга шу гапларни тайинла, — дебди-да, таёғини от қилиб миниб, “Кўзингни юм” дебди. Бир пасдан кейин “оч!” дебди. Бола кўзини юмиб очса, шу олти ойлик йўлга ариқ ковланиб, икки подшоҳнинг суви бир-бирига қўшилибди. Чол болага яна” кўзингни юм!” дебди. Бола кўзини юмибди. “Кўзингни оч!” дебди. Бола кўзини очиб қараса, ўзини йиғлаб ётиб қолган ариқ бўйида кўрибди. Чол ғойиб бўлибди. Бола яна ариқ бўйида аввалгидай қилиб ётибди. Эртаси акалари ариқ бошига келиб қарашса, сув оқиб ётибди, сувнинг боши кўринмайди. Акалари болани уйғотиб оталари олдига олиб боришибди. Бола отасига:
— Ариқни мен ковлаб, икки сувни бир-бирига қўшдим, — дебди.
Подшоҳ ўғлидан хурсанд бўлиб, келинларни олиб келишга тайёргарлик кўриб, бир қанча аскарлари билан жўнабди. Бир неча ой йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, сувсиз саҳро чўл юриб, қизлар яшайдиган мамлакатга етиб боришибди. Подшоҳ буларнинг келаётганини эшитиб, йўлларига пояндозлар ташлаб кутиб олиш учун бир қанча аскарлари билан пешвоз чиқибди. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, бир кам қирқ йигитга қизларини никоҳ қилибди. Кичкина келинни эса пичоққа никоҳ қилишибди. Йигитлар бир қанча аскарлар билан келинларни олиб йўлга тушибдилар. Бир неча кун йўл юриб, йўлнинг ярмига келганда ёмғир ёға бошлабди. Ёмғирдан кейин қор ёға бошлабди, қордан кейин тош ёға бошлабди. Шу пайт оқ равот кўринибди. Подшоҳнинг катта ўғиллари шу равотга киришга ижозат сўрабди. Подшоҳ: “Укангизнинг насиҳати бор, кирмангиз” деб равотга киришга розилик бермабди. Акалари отасини койиб: “Сиз битта ўғлингиз деб бизларни ўлдирасизми”, деб қулоқ солмасдан қўрғонга киришибди. Подшоҳ ҳам ноилож орқаларидан кирибди. Булар ҳаммаси қўрғонга кириши билан ҳаво чарақлаб очилиб кетибди. Қўрғоннинг тўрт бурчагидаги тўрт қудуқдан сув отилиб чиқиб, пастга тушиб турибди, қозонларда паловлар пишган, дастурхонлар ёзилган, ширин шарбатлар, турли таомлар қўйилган, кўрпачалар солинган. Отлар учун ҳар бирига якка михлар қоқилган, охурларга емлар солинган. Лекин ҳеч ким йўқ экан. Равотга кирган одамларнинг ҳаммаси таомлардан еб, бу оқшом шу жойда ётибдилар. Эрталаб туриб, йўлга тайёрланиб дарвозадан чиқаётганларида бир аждарҳо келиб дарвозанинг оғзини тўсибди. Тилга кириб:
— Қани, бунинг ҳақини бериб кетинглар! — дебди. Подшоҳ:
— Пул керакми, дунё керакми, от керакми? Ол! —дебди. Аждарҳо:
— Менга пул ҳам, дунё ҳам керак эмас, кичик ўғлингни берсанг бўлади, бошқа ҳеч нарса олмайман, — дебди. Подшоҳ хафа бўлибди.
Лекин катта ўғиллари оталарига:
— Майли, бераман деб айтинг, йўл узоқ, бориб ололмайди, — деб подшоҳни кўндиришибди. Подшоҳ кичик ўғлини аждарҳога беришга рози бўлиб жўнаб кетишибди.
Ўн кун йўл юрганларидан кейин узоқдан бир нарсанинг учиб кетаётганини кўришибди. Учиб кетаётган нарса тез вақт ичида яқинлашибди. Қарасалар, кичик укасини аждарҳо домига тортаётган экан. Бола подшоҳ ёнига яқинлашганда “Ота, олиб келаётган келинингизни кимга берсангиз беринг” деб ўтиб кетибди-да, равотнинг олдида турган аждарҳонинг олдига борибди. Аждарҳо бола келиши билан боланинг белига икки марта айланиб бетини бетига қўйиб:
— Бир кунлик умрингдан кечасанми, қирқ кунлик умрингдан кечасанми? — дебди. Бола ўйлаб туриб:
— Қирқ кунлик умримдан кечаман, — дебди.
— Бўлмаса, фалон мамлакатда бир подшоҳнинг қизи бор. Шу қизни қирқ кун ичида менга келтириб берасан, келтирмасанг ўзингни ейман, — дебди.
Бола аждарҳодан қирқ кунлик жавобни олиб, йўлга равона бўлибди. Бир неча кун йўл юриб бир жойга келса, йўлда жуда кўп чумолилар юрган эмиш. Бола уларни босиб ўта олмай, кечгача чумолиларнинг ўтиб бўлишини кутиб ўтирибди. Кечқурун чумолилар ўтиб бўлгандан кейин охирида чумолиларнинг подшоҳи боланинг олдига келиб:
— Ҳа, йигит, нима учун бу ерда ўтирибсиз?— деб сўрабди.
— Мен чумолиларни босмай деб уларнинг ўтиб кетишини кутиб ўтирибман, — дебди бола. Чумоли:
— Сенга раҳмат, мабодо биз ҳам бир кунингга ярармиз, — дебди-да, болага бир ҳовуч сомон берибди. Бола сомонни олиб, яна бир неча кун йўл юргандан кейин иккита шернинг олишаётгани устига бориб қолибди. Қараса, шерлар бир қуённи ушлаб олиб, қандай қилиб бўлиб ейишни билмасдан олишаётган экан. Бола шерлардан қуённи сўраб олиб, қуённи ёнидаги пичоғи билан икки бўлиб берибди.
Шерлар:
— Раҳмат, одамзод ўғли, шу қуённи бўлиб ея олмасдан уч кундан бери овора эдик, — деб боладан хурсанд бўлиб:
— Мана ол, бир кунингга ярармиз, — деб устларидаги юнгларидан узиб берибдилар. Бола яна юриб-юриб, кечқурун бир қишлоққа борибди. Кечаси ётиш учун бир кампирдан жой сўрабди. Кампир жой бериб:
— Ҳа, ўғлим, қаердан келаётибсан, нима иш қилиб юрибсан? — дебди. Бола олдин нимага келганини кампирга айтмабди. Кампир қистагандан кейин подшоҳ қизини олишга келганини айтибди. Кампир хафа бўлиб:
— Ўғлим, бу ишни қўй. Жуда оғир иш, буни бажариш жуда қийин. Ёш йигит экансан, бекорга ўлиб кетасан. Бир неча қийин шартлари бор, уларни бажара олмайсан. Мана, қара, еттита якка михда етти от турибди. Мана шу етти отни етти ўғлим миниб юрар эди.
Ўғилларим шу подшоҳнинг қизини оламиз деб подшоҳнинг шартларини бажара олмасдан, бирин-кетин ўлиб кетишди. Бир ўзим шу ҳовлида қолдим. Қўй, ўғлим, подшоҳнинг қизидан бошқа қизлар кўп. Шулардан бирига сени уйлантираман, сени ўзимга ўғил қилиб оламан, — дебди.
Бола кампирга:
— Ҳай она, нима бўлса ҳам мен шу подшоҳ қизининг шартларини бажаришга бел боғлаганман, шу шартларни бажаришга мажбурман, — дебди.
Эрталаб, кампирнинг йиғлаб-ялинишига қарамай, подшоҳ даргоҳига бориб, довулини чалибди. Подшоҳнинг одамлари келиб, болани шоҳ олдига олиб борибдилар.
Подшоҳ боладан:
— Сен менинг қизимни олишга келган бўлсанг, учта шартим бор.
Шу шартларни бажара олмасанг, каллангни оламан. Қўй, уринма, йўлингдан қолмай кетавер, — дебди. Бола подшоҳга:
— Шартингизни айтинг, бажараман, — дебди. Подшоҳ:
— Учта шартдан бири — қирқ қоп тариқни ерга септириб бераман, битталаб териб берасан; иккинчи шартим — отамдан қолган иккита бўрдоқи ҳўкизим бор. Шуларнинг гўштини эрталабгача еб, суягини келтириб берасан; учинчи шартим — дарвозага яқин жойда отамдан қолган тўрт пудлик кўза ерга кўмилган, оғзи очиқ, ичида ҳеч нарса йўқ. Шунинг олдидан ўтиб, қайтгунинггача ичида тилла қайнаб турсин. Мана шу шартларимни бажарсанг, қизимни бераман, — дебди.
Биринчи шартни бажариш учун қирқ туяга қирқ қоп тариқни орттириб юбориб бир хавар ерга септирибди. Хизматчилар болани қолдириб, ўзлари қайтибди. Бола шунча тариқни қандай териб тамомлаш иложини топа олмай, ўйлай-ўйлай қўли билан тера бошлабди. Пешингача ёнкап тариқ терибди. Пешин вақтида, бир жойга ўтириб, яна ўйлай бошлабди. Бирдан чумолилар берган сомон эсига тушиб қолибди. Ёнидаги чақмоғини олиб чақиб сомонни тутатибди. Сомоннинг тутуни чумолиларнинг бурнига кириб, ҳамма чумолилар йиғилиб боланинг олдига келиб:
— Нима хизмат, буюринг, — дебди.
— Эй жониворлар, менинг бошимга мушкул иш тушди. Мана шу хаварга сепилган қирқ қоп тариқни териб беринглар, — дебди.
Бола қопнинг оғзини очиб турибди, чумолилар тариқни териб қопга сола бошлабди. Кечгача қирқ қопга тариқни тўлғазиб, чумолилар ўз жойларига кетишибди. Бола қирқ қоп тариқни туяларга ортиб, подшоҳ ўрдасига олиб келибди. Боланинг бу ишидан ҳамма хурсанд бўлибди. Иккинчи куни, иккинчи шартни бажариш учун подшоҳ отасидан қолган иккита новвосни чиқариб:
— Мана шу новвосларнинг гўштини эртагача еб, суякларини қопга солиб келтириб бер! — дебди.
Бола ҳўкизларни етаклаб, бир жойга олиб бориб боғлаб қўйибди. Кечаси ҳўкизлар ёнига келиб қандай еб тамомлашни билмай хафа бўлиб, ўйлаб ўтириб шерларни эслабди. Шерларнинг юнгини тутатибди. Шерлар “Лаббай, хизматингга тайёрмиз” деб боланинг олдига етиб келишибди. Тонг отгунча икки шер икки ҳўкизнинг гўштини тамомлабди. Бола суякларни қопга тўлдириб саҳарда подшоҳ ўрдасига келиб: “Қорним очиб кетди, қани яна ейишга бирор нарса борми?” деб чақирибди. Хизматкорлар болани подшоҳ олдига олиб кирибди. Бола суякларни подшоҳ олдига қўйибди. Одамлар буни кўриб “Бу девми ёки бошқа бирор нарсами” деб ҳайрон қолишибди.
Подшоҳнинг буйруғи билан болага бир тоғора қатиқ билан саккизта нон келтириб берибдилар. Боланинг ҳақиқатан қорни оч экан, ана-мана дегунча бир тоғора қатиқ билан саккизта нонни еб қўйибди. Подшоҳ болага учинчи шартни буюрибди. Малика эса, бу йигитнинг иккита шартни бажарганидан жуда хурсанд бўлиб, йўлига чиқиб турибди. Йигит подшоҳнинг учинчи шартини қандай бажаришни билмай, хафа бўлиб, ўйланиб чиқиб келаётса, подшоҳнинг қизи учрабди. Қиз қўлидаги гавҳар узукни йигитга бериб:
— Эй йигит, мана шу узукни дарвоза ёнидаги кўзанинг олдидан ўтаётганингизда унинг ичига ташланг, лекин орқага қарамай, кетаверинг. Сиз қайтиб келгунингизча тилла қайнаб чиқаверади, — дебди. Йигит узукни олиб кетибди. Кўза ёнига бориб узукни ташлаб, қиз айтганча орқасига қайрилиб қарамасдан дарвозадан чиқиб кетибди. Подшоҳнинг хизматчилари кўзадан олтин қайнаб чиққанини кўриб, йигитнинг орқасидан бориб уни бардор-бардор қилиб кўтариб, подшоҳ олдига олиб келишибди. Хизматкорлар подшоҳга:
— Подшоҳи олам, қизингиз ана шу йигитники, — дейишибди.
Подшоҳ бутун шаҳар халқини йиғиб, тўй-у томошалар қилиб, қизини йигитга никоҳлаб берибди. Аждарҳога берган ваъдаси тўлишига бир кун қолганда, йигит бир оҳ тортибди. Қиз йигитга:
— Эй йигит, нега бунчалик қаттиқ оҳ тортасиз? — дебди. Йигит аждарҳога берган ваъдасини қизга айтмасдан:
— Ота-онам эсимга тушди, — дебди. Эрта билан, тонг отгандан кейин йигит қизга:
— Мени десанг бирга кетасан, бўлмаса ихтиёринг, — дебди. Қиз ҳам кетишга рози бўлибди. Иккови подшоҳдан жавоб олиб, йўлга тушишибди. Бир қанча йўл юргандан кейин, йигитнинг жуда ҳоли танг бўлиб, ранги қоп-қора бўлиб кетаверибди. Қиз йигитнинг ҳолини кўриб:
— Нимага бунчалик қаттиқ пакар бўлиб кетяпсиз? — дебди.
Шунда йигит чидамай, ўзларининг аждарҳо олдига кетаётганларини айтибди:
— Тез етиб бормасак, аждарҳо икковимизни ҳам еб қўяди, — дебди. Қиз йигитдан жуда хафа бўлиб:
— Эй йигит, нега шу вақтгача бу гапларни менга айтмадингиз, унинг иложи қўлимизда эди, ҳали ҳам кеч эмас. Энди сиз чопиб бориб отамнинг кичик ҳужрасини очасиз, ҳужранинг ичида бир сандиқ бор, сандиқнинг ичида бир каптар бор. Шу каптарнинг калласини кесасиз. Томоғидан бир қурт чиқади, қуртни ўлдирасиз. Ана шундагина аждарҳо ўлади, бўлмаса иккимизни ҳам ейди, — дебди.
Шу гапни айтиб бўлиши билан аждарҳо қизни домига торта бошлабди. Йигит эса кучининг борича подшоҳ ўрдаси томон чопибди. Ўрдадан ҳужранинг калитини топиб, ҳужранинг қулфини очибди. Ҳужранинг ичига кириб, токчада турган сандиқни очиб, каптарни ушлай деганда, каптар учиб кетибди, йигит дарров ҳужранинг эшигини бекитиб қўйиб, каптарни зўрға ушлаб олиб, калласини кесибди, томоғидан қуртни олиб ўлдирибди. Ҳужрадан чиқиб ўрдада турган отга миниб қиз ёнига кетибди. Йўлда келаётиб “Қизга нима бўлди экан, аждарҳо ютдими, ўликми, тирикми” деб ўйлаб, хафа бўлиб қиз олдига келиб қараса, қиз билан аждарҳонинг ораси уч қадам қолганда аждарҳо ўлибди. Қиз эса ҳушидан кетиб қолибди. Йигит югуриб келиб қизни кўтариб олиб ўтирса ҳам ҳушига келмагандан кейин кўзидан ёш оқиб қизнинг юзига томиши билан, қиз кўзини очиб, йигитни кўриб хурсанд бўлибди. Йигит:
— Аждарҳо ўлибди, жонимиз фойдага қолди, аждарҳодан қутулдик, аждарҳонинг макони бизга керак эмас, ўз юртимизга кетамиз, — дебди.
Бир неча кун йўл юриб, отасининг мамлакатига келибди. Подшоҳ ўғлининг келаётганини эшитиб хурсанд бўлиб, кутиб олибди. Қайта бошдан қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй бериб мурод-мақсадига етибди.