Қирон ака

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшонинг биргина ўғли бор экан. У бир куни ухлаб ётиб, тушида бир парини кўрибди. Уйғонса, туши эмиш. Шундан кейин у гапирмабди ҳам, кулмабди ҳам. Подшо ўғлининг аҳволига ачиниб йиғлабди. Орадан бир неча кун ўтгач, подшо вазир-вузароларини чақириб:
— Кимки менинг ўғлимни гапиртирса ёки кулдирса, истаганини бераман, — дебди.
Бу сўз халойиқ орасига ёйилибди. “Подшонинг ўғлини мен кулдираман”, деб ҳар томондан одамлар кела берибди. Шаҳзодани кулдириш у ёқда турсин, ҳатто ҳеч ким гапиртира олмабди ҳам.
Подшо жуда хафа бўлиб: “Мен шундай катта подшо бўлсам, кексайган чоғимда бир ўғил кўрган бўлсам-у, уни ҳам гапиртира олмасам, мен подшо бўлиб нима қилдим”, деб ўйлаб, яқин одамларини чақириб: “Юртимизда келмаган бирор одам қолдими?” дебди. Бир вазири туриб:
— Эй, тақсир, келиб ўғлингизни кўрмаган бир кампир қолди, у фалон тегирмончининг онаси, ўтирса тура олмайди, турса юра олмайди, — дебди.
Подшо кампирга дарров навкарларини юбориб, уни тилла замбилда келтирибди. Кампир шаҳзодани кўриб, унга қараб:
— Ҳа, болам, тушингда пари кўрибсан-да, — дебди.
Шаҳзода бирдан кулиб юборибди, ўрнидан туриб, югуриб кампирнинг ёнига келиб:
— Энажон, сиз менга айтиб беринг. Қандай қилсам у парига етишаман, — дебди.
Кампир:
— Шаҳримиздан етти кунлик наридаги тоғнинг бошида менинг иним Қирон дев яшайди. Қироннинг ёнига борсанг, у сенга парини топиб беради, — дебди.
Подшо ўғлига қирқ хачир тилла бериб, қирқ хизматкорни ҳамроҳ қилиб сафарга жўнатибди. Улар етти кеча-етти кундуз йўл юриб, бир тоғнинг тагига етишибди, унда тунашибди. Ярим кечада шаҳзода уйғониб қараса, тоғнинг устида бир нарса йилт-йилт қилар эмиш. У ҳайрон бўлиб, хизматкорларга:
— Сизлар шу ерда туринглар. Мен ёлғиз ўзим бориб кўриб, билиб келаман, — деб тоғга чиқиб қараса, юзта полвон Қиронни арқонга боғлаб турган эмиш, Қирон эса қимирламай ётганмиш. Қирон ухлаб ётган экан. У бир кеча-ю бир кундуз ухлар экан. Шаҳзода атрофдаги кишиларга:
— Нега бунинг қўл-оёғини боғлаётибсизлар? Тағин ўзларинг ўлиб кетманглар, — дебди. Улар айтибди:
— Агар Қирон акани боғлаб олиб келмасак, подшоҳимиз бизни ўлдиради. У ”Юзтангнинг бошингни баравар узаман”, деган.
Шунда Шаҳзода:
— Эй, подшоҳинг бекор айтибди. Бу тоғнинг тагида қирқ хизматкор билан қирқ хачир тиллам бор. Ўшани олиб кета беринглар, — дебди.
Полвонлар шаҳзоданинг айтганини қилиб, тоғдан пастга тушиб кетибдилар. Шаҳзода Қироннинг қўл-оёғини ечиб, унинг уйғонишини кутибди. Бироз вақт ўтгач, Қирон уйғонибди. Қирон ёнида ўтирган болани кўриб, ундан:
— Бу ерда нима қилиб ўтирибсан, ким бўласан? — деб сўрабди.
Шаҳзода бўлган воқеаларни айтиб берибди.
Қирон:
— Юр бўлмаса, мен ўтин қилиб берай. Сен ёқиб ўтир, оловнинг ёруғи билан пари қизни сенга олиб келиб бераман, — дебди. Қирон кўп ўтин йиғибди. Шаҳзода оловни гуриллатиб ёқиб ўтирибди. Қирон йўлга равона бўлибди. Шаҳзода қирқ кеча-қирқ кундуз олов ёқиб ўтирибди. Қирқ бир кун деганда Шаҳзоданинг уйқуси келибди, бир боғ ўтинга бошини қўйиб ухлаб қолибди. Бир кеча-кундуз ухлаб уйғонса, олов ўчиб қолган эмиш, ҳар томонга кул сочилиб кетган эмиш. Ҳайрон бўлиб, энди қандай қилиб олов ёқаман, деб ўртада қолган кулни ковласа, муштумдай чўғ қолган экан. Чўғни олиб, дўпписига солса, чўғ осмонга отилиб, дўпписига тушар эмиш. Шаҳзода қўрқиб кетибди. Нима қиларини билмай, шошилиб қолибди. Бола орқасига қараса, Қирон келиб, кулиб қараб турган экан. Шунда Қирон болага бир қути бериб:
— Сенинг истаганинг шу қутининг ичида, тағин йўлда оча кўрма, очсанг қочиб кетади, кейин пушаймон бўлиб юрма! — дебди. Бола қутини олиб йўлга тушибди. Юриб-юриб чарчабди, бир ерда дам олибди.
Шаҳзода: “Мен Қиронга ишониб қутини олиб келаётибман. Қути жуда енгил, ҳам кичкина-ку, ичида пари борми, йўқми, бир очиб кўрайин-чи”, дебди. У қутини очиб кўрса, ичида пари ўтирган эмиш. Пари шаҳзоданинг юзига ҳам қарамабди, ўз тиззасига бошини қўйиб ўтирибди. Шаҳзода унга “Тур, отга мин, кетамиз”, деса ҳам индамабди. Шаҳзода парига ялиниб-ёлворибди. Охирида пари:
— Сиз менга номаҳрамсиз, аввал мени никоҳ қилиб олинг, сўнгра сўзлашамиз, — дебди.
Шаҳзода ҳайрон бўлиб:
— Сени бу ерга ёлғиз қўйиб, таниш бўлмаган жойда қаердан домла топаман. Балки мен қайтиб келгунча қочиб кетарсан, — дебди. Пари:
— Йўқ, қочмайман, сиз домла топиб келгунингизча мен шу ерда ўтираман, — дебди.
Шаҳзода:
— Хайр, бўлмаса, — деб отини миниб, домла қидириб кетибди.
Юриб-юриб, бир темир қўрғонга етибди. Эшикни тақиллатса, бир дев чиқибди. Шаҳзодани дарров ушлаб, зиндонга ташлабди, отини сўйиб ебди. Пари Шаҳзода кетган замониёқ қочиб кетган экан.
Кунлар, ойлар ўтибди. Бир кун Қирон туш кўрибди. Тушида бола девнинг зиндонида ётган эмиш. Қирон тонгда уйғонибди, уйғонибди-ю, бир яхши отга миниб йўлга чиқибди, бир қанча вақт йўл босиб, девнинг қўрғонига бориб, дарвозасини урибди. Дев чиқибди. Қиронга таъзим қилибди.
Қирон:
— Шу ерга отлиқ одам келдими? — деб сўрабди.
Дев:
— Ҳа, келди, отини едим, ўзини зиндонга ташладим. Отига от бераман, ўзи ўликми, тирикми билмайман. Буни толеингиздан кўрасиз, — дебди.
Қирон зиндоннинг ичига арқон ташлаган экан, Шаҳзода арқонга тирмашиб зўрға чиқибди. Дев Қирондан қўрққанидан шаҳзодага бир отини эгарлаб берибди. Шаҳзода Қирон билан йўлга чиқибди. Улар йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб, Қироннинг уйига етибдилар. Бир-икки кун ўтгач, Шаҳзода Қирондан парини яна олиб келиб беришини сўраб ялинибди. Қирон унга бир кам қирқ ҳужранинг калитини бериб: “Мана бу калитларни ол, мен келгунча ҳужраларни очиб, ичини томоша қилиб тургин: мен парини олиб келаман”, дебди. Қирон кетиб етти кеча-етти кундуз деганда парини олиб келиб, Шаҳзодага никоҳлаб қўйибди.
Қирон ҳар куни овга чиқиб юрар экан, у овга кетганда шаҳзодага бир кам қирқ ҳужранинг калитини берар экан, аммо бир ҳужранинг калитини бермас экан. Кунлардан бир кун Қирон овга чиқиб кетаётганида Шаҳзода:
— Қирқинчи ҳужранинг калитини берсангиз, бошқа ҳужраларнинг калитини бермасангиз ҳам майли, — дебди. Қирон аввалига калитни бермабди, Шаҳзода сира қўймагандан кейин Қирон қирқинчи ҳужранинг калитини ҳам беришга мажбур бўлибди. Шаҳзода билан қиз ҳужрани очиб қараса, иккита қора от турган эмиш. Ҳар бири бир ғиштнинг устида етти хил ўйин кўрсатиб турар эмиш. Пари Шаҳзодага:
— Юринг, отларни миниб, суғориб келамиз, — дебди.
Шаҳзода:
— Қўй, тағин қочиб кетмасин. Қочса, қандай қилиб ушлаймиз, — дебди.
— Э, юринг, нима қиларди, бу отлар қочиб кета олмайди, — дебди пари. Иккиси отни ечиб, тизгинидан ушлаб, суғоришга олиб борибди.
Қироннинг боғида бир ҳовуз бор экан. Отлар шу ҳовуздаги сувнинг ҳаммасини ичиб қўйибдилар. Шаҳзода ҳайрон бўлиб: “Энди отларни жойига олиб кириб боғлаймиз”, деб турганида, икки от бир думалаб иккита каклик бўлибди. Шаҳзоданинг хотини эса бир думалаб каптар бўлибди, учови қўшилиб учиб кетибди. Шаҳзода йиғлабди. Бироздан кейин Қирон келибди. Шаҳзода яна Қиронга ялинибди, йиғлаб: “Энди сира гапингиздан чиқмайман”, дебди. Қирон Шаҳзодани тилагига етказиш учун яна йўлга равона бўлибди. Юриб-юриб бир тоғга борса, унда бир эшик кўринибди, эшикни тақиллатиб:
— Оч эшикни, кампир! — дебди. Уйнинг ичидан бир кампир, “Қирон жувонмарг келгандир”, деб эшик томон йўналибди. Бу ёқда Қирон ташқаридан туриб:
— Қирон келди, олов келди, икки уканг қани, қаерда турибди, тезроқ айт, — дебди.
Кампир:
— Анови эшикдан кирсанг, мендан кичик синглим ўтирибди, ўша билади, — дебди. Унинг ёнига борса, у ҳам: “Анови синглимдан сўра”, — дебди.
Ўша тоғнинг тагида етти эгачи-сингил бор экан, Қирон уларнинг ҳаммасидан пари билан каклик суратига кириб қочган девларни сўраб чиқибди. Ҳаммаси “Билмайман”, деб жавоб берибди. Энг кичкинаси ҳам “Мен билмайман”, деган экан, Қирон:
— Қироннинг кучини билганинг йўқми ҳали? —деб қиличини кўтарибди.
— Йўқ, йўқ, ўлдирма мени, мен айтсам, унинг эшиги менинг эшигимнинг ёнидаги эшик, — дебди.
Қирон унинг кўрсатган эшигига кирса, бир катта боғ: боғнинг ўртасида бир устун. Устунга бир қафас осиғлиқ экан. Қафасда эса пари ўтирган эмиш. Дев келиб парига салом бериб кетар экан. Бирпасдан кейин шамол-тўполон билан ака-ука дев келибди, келибди-ю, думалаб каклик бўлибди. Ҳалиги тилла қафасга ўзини уриб, тап этиб ерга тушибди. Қирон секин бориб, икковини икки қўлига қисиб, тилла қафасни бошига қўйиб, уйига қайтибди.
Қирон парини Шаҳзодага қайтадан никоҳлаб берибди. Икки девни эса ҳужрага қамаб, эшигини қулфлаб қўйибди. Иккиси ҳам боягидай от бўлиб, охурдан бедани еб тура берибди.
Қирон Шаҳзодани бир болали бўлгунча ўз ёнида олиб турибди. Шаҳзода болали бўлгач, “Отанг, онанг соғингандир”, деб уйига жўнатибди.
Подшо йиғлаб-йиғлаб кўзи кўр бўлиб қолган экан. Ўғлининг пари хотини билан қайтганини эшитиб севинибди. Пари подшонинг кўзига бир най билан пуфласа кўзи очилибди. Подшо боласи, келини ва неварасини кўриб, димоғи чоғ бўлибди. Шаҳзода отасининг тахтига ўтириб, давр-давронлар суриб, мурод-мақсадига етибди.