Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан, тошбақа тарозбон экан, қурбақа ундан қарздор экан.
Қадим замонларда ажойиб бир шаҳар бор экан. Унга ҳеч қанақа ёв теголмагани учун бу шаҳарни Тинч шаҳар деб аташар экан. Подшоҳ шаҳарни ёвдан қўриқлаш учун ҳисобсиз лашкар, паҳлавонлар сақлар экан. Паҳлавонлар орасида Қаҳрамон деган бир йигитнинг донғи оламга тарқалган экан. Қаҳрамон паҳлавонлар ичида энг кичиги ҳам энг ботири ва кучлиси экан.
Тинч шаҳарга ёв ҳужум қилиб келса, Қаҳрамоннинг бир ҳамласи билан тумтарақай бўлиб кетар экан. Шунинг учун халқ Қаҳрамонни жуда ҳурмат қилар экан.
Кунлардан бир куни Тинч шаҳар подшосига узоқ мамлакат подшоҳи Забун шоҳдан чопар нома келтирибди. Подшоҳ номани ўқибди: “Мен ким Забун, Сиз улуғ мартабали шоҳга маълум қиламанки, менинг шаҳримда уч кундирки, номаълум бир дев пайдо бўлиб, бутун паҳлавонларимни қириб ташлади. Энди тинч халқни қираётибди. Сиз ўз забардаст паҳлавонларингизни юбориб, мени ва халқимни бу балодан қутқарсангиз, деб илтимос қилувчи, Забуншоҳ”.
Подшоҳ вазирларини, лашкарбошларини ва атоқли паҳлавонларини маслаҳат учун саройга чақирибди, номани ҳаммага эшиттирибди.
Кейин паҳлавонларга қараб: “Забуншоҳга ёрдам беришга ким талабгор?” деб сўрабди. Паҳлавонлардан овоз чиқмабди. Шоҳ яна қайтариб сўрабди. Яна ҳеч ким индамабди. Подшоҳ ғазаб билан учинчи марта сўрабди. Шунда Қаҳрамон ўрнидан ирғиб туриб, таъзим билан жавоб берибди:
— Шоҳим, аввалги икки марта сўраганингизда бу ерда ўтирган, мендан ёши улуғ полвонлар жавоб берармикан деб, одоб юзасидан жим турдим, аммо ҳеч ким ғинг демади, учинчи марта сўраганингизда ғайратимга чидолмай ўрнимдан турдим. Агар лойиқ топсангиз, менга ижозат беринг, номаълум дев билан олишиб, ўз кучимни ва толейимни бир синаб кўрсам.
Подшоҳ ижозат берибди. Қаҳрамон саройдан чиқиб, сафар жабдуқларини ҳозирлашга киришибди. Аслаҳа-яроғларини қирқ каркидонга ортибди, ўзи катта бир каркидонга миниб, йўлга равона бўлибди.
Қаҳрамон кеча-ю кундуз йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, чўлма-чўл, тоғма-тоғ юриб, бир баланд тоғга етиб келибди. Дам олай деб каркидондан тушибди. У ёқ-бу ёқни томоша қилибди. Бир ғорга рўпара келиб қолибди. Қараса, ғорга узун йўл тушган экан. Қаҳрамон ҳайрон бўлиб: “Бу қанақа ер экан?” деб ўйлаб қолибди. Кейин: “Ҳа, майли, нима бўлса бўлар, таваккал”, деб ғорнинг ичига кириб кетибди. Қараса, рўпарасида бир темир дарвоза турганмиш. Дарвозанинг ўртасида Қаҳрамоннинг номи ёзилган. Қаҳрамон ҳайрон бўлибди. Зўр билан темир дарвозани очиб ичкарига кирибди. Қараса, ичкарида бўйинларига йўғон занжир осилган ўн икки дев ётган эмиш.
— Сизларни ким банди қилди? — деб сўрабди Қаҳрамон. Девларнинг орасида Сангги деган бир барваста дев бор экан, ҳамма девлар ичида энг зўри ўша дев экан. Сангги дев:
— Бизни сенинг Саквон деган бобонг банд этиб, таслим қилиб кетган, — деб жавоб берибди.
Қаҳрамон Сангги девдан бу гапни эшитиб, девларнинг бўйнидан бандларини узиб ташлабди. Уларни озод қилибди. Девлар хурсанд бўлиб, Қаҳрамондан “Қаёққа кетяпсан” деб сўрабдилар. Қаҳрамон номаълум дев билан олишишга кетаётганини айтибди. Сангги дев Қаҳрамонга қараб:
— Сен бизни банддан озод қилдинг. Энди биз ўн икки дев хизматингда бўламиз, номаълум девни йўқ қилишга ёрдамлашамиз, — дебди.
Қаҳрамон уларни ёнига олиб, йўлга равона бўлибди.
Қаҳрамон йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири Забуншоҳнинг шаҳрига етибди. Қаҳрамон ёнидаги девларга қараб:
— Ҳар биттанг шаҳарнинг ҳар томонидан наъра тортиб кирасан. Номаълум дев кимнинг қўлига тушса ўлдирмасдан, Забуншоҳга олиб бориб топширсин! — дебди.
Девлар ўн икки томондан ҳужум қилиб, шаҳарга кирибдилар. Қаҳрамон бўлса, шаҳарнинг катта темир дарвозасини даст кўтариб, ирғитиб ташлабди, ҳайқириб шаҳарга кирибди.
Номаълум дев бу наъраларни эшитиб, дарҳол девларнинг олдига етиб келибди. Улар билан жанг қила бошлабди. Узоқ олишгандан кейин, охири ўн бир девни ярадор қилибди. Яраланмаган ёлғиз Сангги дев қолибди. Номаълум дев Сангги дев билан олишиб турганда, Қаҳрамон етиб келибди. Номаълум дев Қаҳрамоннинг овозини эшитиб, Сангги дев билан олишишни қўйиб, унга ҳамла қила кетибди. Иккаласи гурзибозлик қилишибди.
Жанг ажрим бўлмабди. Кейин найзабозлик қилишибди. Яна жанг бир ёқли бўлмабди. Шу зайилда етти кеча-етти кундуз дам олмай, ҳарб-у зарб қилишиб, охири гал қиличбозликка келибди. Қиличбозлик қилиша-қилиша охири Қаҳрамоннинг қиличи номаълум девнинг ўнг жимжилоғини узиб ташлабди. Номаълум дев Қаҳрамондан соғ қутулмаслигига кўзи етиб, афсус билан дарров кўздан ғойиб бўлиб кетибди.
Қаҳрамон ўз рақибининг бирдан ғойиб бўлганини кўриб жуда ҳайрон бўлибди. Кейин Сангги девга:
— Тезда ўн бир девни олиб, номаълум девни қаердан бўлса ҳам топиб кел, мен Забуншоҳ саройида бўламан, — деб буйруқ қилибди, ўзи Забуншоҳ саройига қараб жўнабди. Сангги дев бўлса, ёнига ўн бир девни олиб, номаълум девни ахтариб кетибди.
Номаълум девнинг овози ўчганини ва Қаҳрамоннинг ўз саройига келаётганини билган Забуншоҳ карнай-сурнай чалдириб, Қаҳрамонни тантана билан кутиб олибди. Кейин Қаҳрамоннинг шарафига етти кеча-ю етти кундуз эл-у юртга тўй берибди.
Булар шу ерда тўй қилиб тура турсин, икки оғиз гапни Сангги девдан эшитинг:
Сангги дев ўз шериклари билан номаълум девни қидириб, бормаган ери, қадам қўймаган манзили қолмабди. Сангги дев ўн бир кеча-ю ўн бир кундуз номаълум девни ахтариб, тополмабди. Ахири ноилож Қаҳрамоннинг олдига келиб: “Номаълум девни тополмадик”, дебди. Қаҳрамон бу хабарни эшитиб, хафа бўлибди. Кейин Забуншоҳга:
— Бу дом-у дараксиз бўлиб кетган дев қанақа дев эди? Нима учун у сизнинг шаҳрингизни вайрон қилди?— деб сўрабди. Забуншоҳ:
— Бу девнинг номи Аквон. У жуда забардаст, маккор ва золим бир дев. У бир куни менга совчи юбориб: “Қизи малика Зубайда Зулфиқорани менга берсин, унаса-унагани, унамаса халқини қираман, шаҳрини вайрон қиламан, ўзини ўлдираман, қизини асир оламан”, дебди. Мен: “Аквон дев одамзод эмас, шунинг учун қизим Зубайда Зулфиқорани унга бермайман”, деб совчиларни жўнатиб юбордим. Шундан кейин Аквоннинг ғазаби келиб, шаҳримга юриш қилди.
Қаҳрамон бу сўзларни эшитиб ҳайрон бўлибди ва: “Шаҳрингизга ҳужум қилган Аквон дев экан, нега бўлмаса бизга юборган хатингизда унинг номини яшириб, номаълум дев деб ёздингиз”, деб сўрабди. Забуншоҳ:
— Бундай қилганимга сабаб шуки, агар Аквон девнинг номини ёзсам, уни эшитган полвонлар қўрқиб, менга ёрдам беришга келмайди, деб ўйладим, — деб жавоб берибди. Кейин Забуншоҳ:
— Бизни ўлимдан қутқардинг, сендан жуда миннатдормиз, баракалла, — дебди.
Шундан кейин Забуншоҳ Қаҳрамоннинг шарафига қирқ кеча-ю қирқ кундуз карнай-сурнай чалдириб, юртга томоша қилиб берибди.
Тўйдан кейин Қаҳрамон Забуншоҳга: “Мени жуда сийладингиз. Мени деб қирқ кеча-ю қирқ кундуз юртга тўй бердингиз, мен жуда хурсандман, аммо ўз юртимни соғиндим, агар рухсат берсангиз, энди ўз шаҳримга кетсам”, дебди.
Забуншоҳ Қаҳрамондан: “Яна бир неча кун туринг”, деб илтимос қилибди, аммо Қаҳрамон унамабди. Охири ноилож жавоб бериб, беҳисоб совғалар, иззат-у икромлар билан Қаҳрамонни ўз юртига жўнатибди.
Қаҳрамон совғаларни каркидонларга ортиб, каркидонига миниб, кечаси салқинда шаҳрим қайдасан, деб йўлга равона бўлибди.
Бир вақт Қаҳрамон шаҳардан чиқиб, тоғнинг этагига етган экан, орқасидан “Тўхта, Қаҳрамон!” деган овоз эшитилибди. Қаҳрамон каркидонини тўхтатиб, орқасига қайрилиб қараса, ниқобдор бир одам келаётган эмиш. Қаҳрамон уни кўриб, яна бирор душман бўлмасин, деб қиличини ғилофидан суғуриб, жангга ҳозирланиб турибди. Бир вақт ниқобдор Қаҳрамоннинг олдига етиб келиб, юзидан ниқобини олса, кеча кундузга айланиб кетибди. Қаҳрамон қараса, қаршисида моҳ талъатли ажойиб бир йигит турибди. Қаҳрамон ёш йигитнинг ҳуснига қойил қолиб сўрабди: “Гўзал йигит, кимсан? Нима учун мени тўхтатдинг? Менда нима ишинг бор?” Ниқобдор: ”Қаҳрамон, мен Забуншоҳнинг қизи Зубайда Зулфиқораман. Сенинг ботирлигинг, мардлигингга қойил қолдик. Энди сендан бир илтимосим бор: душман тирик бўлса, ҳамма вақт душманлик қилаверади, душмандан қутулмоқ учун уни ўлдириш, йўқ қилиш керак. Шунинг учун сен аввал, қаерда бўлмасин, Аквон девни топиб ўлдирсанг”, дебди.
Зубайда Зулфиқоранинг бу илтимоси Қаҳрамонга маъқул бўлибди. У Зулфиқорага:
— Мен шу соатдан бошлаб Аквон девнинг пайига тушаман. Етти қават ернинг тагига кириб кетса ҳам топаман, то унинг калласини олмагунча, келмайман, — дебди.
Шундай қилиб, иккаласи маслаҳатни бир ерга қўйиб, тонг билан шаҳарга қайтишибди. Зубайда Зулфиқора ўз кўшкига кетибди. Қаҳрамон бўлса, Забуншоҳнинг саройига борибди.
Забуншоҳ Қаҳрамоннинг қайтиб келганини кўриб, жуда хурсанд бўлибди. Аммо Қаҳрамон нима учун қайтиб келганини Забуншоҳга билдирмабди:
— Иложи бўлса, жами қуръачиларингизни йиғдириб, қуръа очдирсангиз, Аквон дев қаёққа қочганини менга билиб берсалар, — дебди. Забуншоҳ қуръачиларни чақириб, қуръа очдирибди. Қуръачилар Аквон девнинг етти зулмат дарёсининг нариёғидаги Қавс деган бир шаҳарга ўтиб кетганидан хабар берибдилар. Қаҳрамон қуръачилардан:
— Бу етти зулмат дарёсидан қандай қилиб ўтиб бўлади, — деб сўрабди. Қуръачилардан бири:
— Етти зулмат дарёсидан ўтишнинг ҳеч иложи йўқ, аммо семурғ деган бир қуш бор, фақат ўшагина олиб ўта олади. Лекин семурғни бу ишга ҳеч ким кўндира олмайди, — деб жавоб берибди. Қаҳрамон:
— Семурғнинг уяси қаерда? — деб сўрабди. Қуръачилар:
— Шаҳарнинг чеккасида бир юз етмиш ёшга кирган бир мўйсафид бор. Ўшандан бориб сўрасанг, айтиб беради, — дебдилар. Қаҳрамон саройдан чиқиб, тўғри ўша мўйсафиднинг олдига бориб, муддаосини айтибди. Чол Қаҳрамонга семурғнинг яшаш ерини айтиб:
— Семурғ ҳар йили бола очади, аммо ҳар йили унинг болаларини бир аждар келиб еб кетади. Агарда сен ўша аждарни ўлдириб, семурғнинг болаларини ўлимдан қутқарсанг, семурғ ҳам етти зулматдан сени ўтказиб қўяди, — дебди.
Қаҳрамон чолдан бу сўзларни эшитиб, яроғ-аслаҳаларини тақиб семурғ уя солган манзилга қараб равона бўлибди.
Қаҳрамон йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири катта бир тоғга етибди. Тоғ жуда баланд экан, унинг чўққисида бир катта чинор бор экан, семурғнинг уяси ўша чинорнинг учида экан. Семурғ бир ой, бир ярим ой йўқ бўлиб кетиб, болаларига овқат йиғиб келар экан. Худди ана шундай семурғ уйида бўлмаган вақтларида аждар унинг болаларини еб кетар экан.
Қаҳрамон тоғга чиқибди. Чинорнинг ёнига келиб, семурғнинг уясига кўз солибди. Семурғ болалари аждарнинг келишидан қўрқиб, йиғлаб туришган экан. Қаҳрамон атрофни қараб чиқиб, ҳали аждардан дарак йўқлигини билибди ва “Ҳойнаҳой аждар яқинда келса керак”, деб чинорнинг яқинидан бир чоҳ қазиб, ичига тушиб, аждарни пойлаб ётибди.
Бир вақт узоқдан бир нарса дарёга ўхшаб, ялтираб кўринибди. Бу аждар экан. У пишқириб оғзидан ўтлар сочиб, яқинлаша бошлабди. Уни кўриб семурғ болалари чирқиллашиб, қалтирашиб, оналарини йўқлай бошлабдилар.
Қаҳрамон аждар келаётганини билибди.
Қаҳрамон ўқ-камонини тайёрлаб кутиб турибди. Бир вақт аждар етиб келиб, чинорга тирмашиб чиқа бошлабди. У семурғнинг болаларига яқинлашиб, энди ейман деб қўлини чўзган пайтда, Қаҳрамон камондан кетма-кет икки ўқ узибди. Икки ўқ ғизиллаб бориб аждарнинг икки қўлидан тешиб ўтиб чинорга қадалибди. Аждарнинг қўллари чинорга михланиб қолибди. Аждар оғзидан ўт сочиб, тўрт оёғи билан ҳаракат қилган экан, Қаҳрамон камондан яна кетма-кет тўртта ўқни бўшатиб, оёғини ҳам чинорга тақа-тақ михлаб ташлабди. Шундан кейин ғазабланган аждар семурғ болаларини дамига тортгани оғзини очибди. Қаҳрамон камондан устма-уст еттита ўқни бўшатиб, аждарнинг бошини ҳам чинорга михлабди. Миясидан етти ўқ тешиб ўтган аждар семурғ болаларининг қаршисида худди дарахтга кериб қўйилган мол терисидай бўлиб ўлиб қолибди.
Семурғ болалари аждарнинг бундай ҳолга тушганига ҳайрон бўлишиб: “Бизга бундай яхшилик қилган ким экан?”— деб уяларидан бошларини чиқариб қарасалар, бир одамзод камонини бўйнига илаётган эмиш, семурғ болалари: “Аждарни ўлдириб, бизни ўлимдан қутқарган шу одамзод бўлса керак”, деб Қаҳрамонни ўз ёнларига чақирибдилар. Қаҳрамон семурғ болаларининг олдига чиқибди. Семурғ болалари Қаҳрамоннинг мардлигига қойил қолиб: “Эй одамзод, аждарни ўлдириб, бизни ўлимдан қутқаришдан мақсадинг нима?”—деб сўрабдилар. Қаҳрамон семурғ болаларига ўз бошидан кечирган воқеаларни бирма-бир айтиб берибди. Кейин: “Менинг сизларга қилган бу яхшилигим учун семурғ мени етти зулматдан ўтказиб қўярмикан?” деб сўрабди. Семурғ болалари:
— Албатта, ўтказиб қўяди. Агар онамиз унамаса, биз ўзимиз биринчи марта қанот чиқариб учганимизда сени ўтказиб қўямиз, — деб жавоб берибдилар. Шундай қилиб, маслаҳатни бир ерга қўйиб, семурғнинг келар вақтини кутибдилар.
Бир кун ҳаво булут бўлиб, бўрон туриб, чақмоқ чақиб, жала қуйиб ҳамма ёқ тўс-тўполон бўлибди. Қаҳрамон: “Бу нима гап?” деб сўрабди. Семурғ болалари:
— Қўрқма, нафасидан бўрон қўзғалиб, оҳидан чақмоқ чақилиб, кўз ёшидан жала қуйилиб онамиз келаётибди, — деб жавоб берибдилар. Кейин: “Онамиз ёнимизда одамзод турганини кўриб, бирдан дарғазаб бўлмасин”, деб Қаҳрамонни қанотларининг остига яшириб қўйибдилар.
Бир вақт семурғ етиб келибди. Қараса, болалари тирик, аждар ўлиб ётибди. Бу аҳволни кўргач, жуда хурсанд бўлиб кетибди. Кейин болаларидан: “Аждарни ким ўлдирди?” деб сўрабди. Болалари:
— Бир қошиқ қонимиздан кечсанг айтамиз, — дебдилар.
Семурғ: “Кечдим, айтинглар”, дебди. Семурғ болалари қанотлари остидаги Қаҳрамонни чиқариб: “Аждарни ўлдириб, бизни ўлимдан қутқарган Қаҳрамон мана”, деб оналарига кўрсатибдилар, Қаҳрамон ўз қаршисидаги қанотлари юз газ, оёқлари қирқ газ, бўйи ўн газ баҳайбат қушни кўриб, бирдан кайфи учиб кетибди. Семурғ:
— Қўрқма, болаларимга қилган яхшилигинг учун раҳмат сенга, тила тилагингни, — дебди. Қаҳрамон:
— Мени етти зулматдан ўтказиб қўйишингизни сўрайман, — дебди.
Семурғ:
— Жуда қийин бир ишни сўрадинг, майли, шу икки боламни ўлимдан қутқарганинг учун сени етти зулматдан ўтказиб қўяман. Бўлмаса, сен икки ойга етарли овқат ва сув тайёрла, етти кундан кейин йўлга тушамиз, — дебди.
Қаҳрамон етти кун ичида икки ойлик озиқ-овқат ва сув ҳозирлаб, семурғнинг олдига олиб келибди. Уларни семурғнинг устига ортибди. Семурғ болалари билан хайрлашиб, устига Қаҳрамонни миндириб, Қавс шаҳрига қараб учибди.
Семурғ Қаҳрамонни зулмат ичига олиб кириб кетибди. Қаҳрамон икки ой ичида бир марта ҳам ёруғлик кўрмабди. Пастга қараса, сув; осмонга қараса, зулмат. Қаҳрамон йўл-йўлакай семурғга ўнг ёнига қараса — овқат, чап ёнига қараса — сув бериб борибди. Овқат, сув энди тугай деганда, ёруғликка чиқибди. Қаҳрамон пастга қараса, катта бир шаҳар кўринибди. Семурғ:
— Ана, Қавс шаҳрига етдик,— деб пастга тушиб, шаҳардан ташқарироқ бир ерга қўнибди.
Бу шаҳарнинг ери пўлатдан экан. Шаҳарнинг сирини билмаган одам юролмас экан. Чунки Аквон бу ерга кўчиб келгандан кейин, ҳойнаҳой, Қаҳрамон излаб келиб, мени қўймайди деб, шаҳар атрофини тилсимланган пўлат сим билан ўраб қўйган экан. Бу тилсимларга кимда-ким тегиб кетса, улар дарров овоз чиқариб, Аквон девни огоҳлантирар экан.
Қаҳрамон семурғнинг устидан тушиб, шаҳарга яқинлашибди. Билмасдан симга тегиб кетибди. Бирдан симлардан овоз кўтарилиб, шаҳар ичидан катта-катта барзанги девлар чиқиб, Қаҳрамонга ҳамла қила бошлабдилар. Қаҳрамон ҳам қўлига қиличини олиб, жангга кириб кетибди.
Семурғ қараса, Қаҳрамоннинг ёлғиз ўзи мингтача дев билан жанг қилаётибди. Семурғ “Қаҳрамон ёлғиз, девлар кўп, агар Қаҳрамонга ёрдам бермасам, девлар кўплик қилиб кетар”, деб тезда тоғга учиб бориб, тоғдан катта-катта тошларни кўчириб келиб, девларнинг устига ёғдира бошлабди. Девларнинг кўпи шу замониёқ тил тортмай ўлибди. Тирик қолганлари тум-тарақай бўлиб, ҳар томонга қочибди. Қаҳрамон бўлса, девларни тутдай тўкибди. Бир вақт қараса, буларнинг ичида Аквон дев йўқ. Қаҳрамон девларнинг қонидан кечиб юриб, Аквон девни қидира бошлабди. Охири уни бир ғорда бир тўда девлар билан ичкилик ичиб, базм қилиб ўтирган ҳолда топибди. Аквон дев ноилож Қаҳрамон билан жангга тушибди. Иккаласи қирқ кеча-ю қирқ кундуз дам олмай жанг қилибди, охири Қаҳрамон Аквоннинг тинкасини қуритибди, калласини қилич билан шартта кесиб, катта бир қанорга солибди. Кейин қанорни орқалаганича семурғнинг олдига етиб келибди. Семурғ яна Қаҳрамонни орқасига миндириб, осмонга кўтарилибди; етти зулматдан ўтиб Забуншоҳнинг шаҳрига келиб қўнибди. Қаҳрамон семурғга кўп раҳматлар айтиб, хайрлашиб, Аквоннинг калласи солинган қанорни орқалаб, шаҳар ичига кириб кетибди. Семурғ эса, болаларининг олдига қайтибди.
Қаҳрамон тўғри Забуншоҳнинг саройига йўл олибди. “Қаҳрамон Аквон девни ўлдириб, бошини олиб келибди”, деган гап бир пасда бутун шаҳарга тарқалиб кетибди. Бу гап ҳаш-паш демай Зубайда Зулфиқора ва Забуншоҳнинг қулоғига ҳам бориб етибди. Шундан кейин Зубайда Зулфиқора ўз канизаклари, Забуншоҳ ўз вазир-вузаролари билан катта тантаналар билан Қаҳрамонни кутиб олибдилар.
Қаҳрамон бир неча кун саройда дам олибди. Кейин Забуншоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, Зубайда Зулфиқорани Қаҳрамонга берибди.
Забуншоҳ Тинч шаҳарнинг подшоҳи ва унинг полвонларини ҳам тўйга чақирибди. Ҳамма Қаҳрамонга офаринлар айтибди.
Тинч шаҳарнинг подшоҳи хушвақт бўлиб, полвонлари билан ўз шаҳрига жўнабди.
Қаҳрамон Зубайда Зулфиқора билан узоқ йиллар яшаб, мурод-у мақсадига етибди.