Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо бор экан. У биринчи хотинининг устига ўз вазирининг қизини хотинликка олибди. Вазирнинг қизи жуда заҳар экан. У ҳадеганда кундоши билан уришавериб, ҳеч кун бермас экан.
Бир куни уларнинг уришиб турганлари устига подшо келиб қолибди. Айб кичик хотинида экан, шунга қарамай, подшо унга тегмабди. Айбсиз бўлса ҳам, катта хотинини тутиб олиб, роса калтаклабди. Кичик хотин кундошидан қутилиш пайига тушибди.
— Хотинингни ўлдирмасанг, мен сенга хотин бўлмайман, — деб туриб олибди кичик хотини. Подшо нима қилишини билмай, вазиридан маслаҳат сўрабди. Вазир:
— Подшоҳим, “яна уришганларингнинг устидан чиққудек бўлсам, икковингга ҳам жазо бераман”, — денг, хизматкорларингизга эса, катта хотинингизни қорга кўмишга, кичик хотинингизни унга кўмишга буйруқ беринг. Шунда катта хотинингиз қор тагида, совуқда қотиб ўлади, сиз қутуласиз, — деб маслаҳат берибди.;
Подшо бир куни яна хотинларининг уришаётгани устидан чиқиб, хизматкорларига:
— Олиб боринг, бирини қорга, бирини унга кўминг, — деб буйруқ берибди.
Хизматкорлар подшонинг буйруғини бажо келтириб, катта хотинини қорга, кичик хотинини унга кўмиб қўйишибди. Бир оздан кейин очиб қарасалар, ун тагига кўмилган вазирнинг қизи ўлиб қолган, қор тагига кўмилган катта хотин ўлмай қолган экан.