Овчи, Кўкча ва Доно

I

Бир замонда бир овчи бор экан. Бир куни у далага чиқибди, ерга тузоқ қўйиб, ўзи бир пана жойда пусиб ўтирибди. Бир гала каптар учиб келиб, чинорга қўнибди, ерга тушиб донламоқчи бўлибди. Каптарлар орасида Кўкча деган кекса бир каптар бор экан. У каптарларга қараб «Пастга тушманглар тузоқ бор, илиниб қоласизлар», дебди.
Каптарлар Кўкчанинг сўзига қулоқ солмай, битта-битта учиб тушиб донлай бошлабдилар. Охири нафслари ғолиблик қилиб тўр остига кирибдилар. Кўкча шерикларидан ажралиб қолишни, ёлғиз яшашни ўзига эп кўрмабди. У ҳам пастга тушиб, тўр остига кирибди. Овчи секин-аста тўрнинг ипини тортибди, ҳамма каптар тўрга илинибди.
Кўкча шерикларига қараб:
— Энди бир сўзим бор, агар хўп десангиз, айтайии. Зора-мора қутулсак, — дебди.
Каптарлар:
— Хўп, айтинг, аввал сизнинг сўзингизга кирмай, шу балога йўлиқдик, энди нима десангиз шуни қиламиз, — дейишибди.
Кўкча, қараса, овчи қувиб келаётган экан. Каптарлар жуда баланд кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлибдилар.
Кўкча энди тўрдан қутулиш йўлини излаб турган экан, Доно исмли бир сичқон дўсти ёдига тушиб қолибди ва каптарларни шу томонга бошлабди. Каптарлар чўл-биёбонлар устидан ўтиб, тоғлардан ошибдилар, бориб-бориб Дононинг ини оғзига келиб қолибдилар. Кўкча Донони чақирибди. Доно чиқиб қарасаки, дўсти Кўкча эмиш. Доно дўсти Кўкчанинг илтимоси билан аввал Кўкчанинг шерикларини, кейин ўзини тўрдан қутқазибди. Сўнгра ҳол-аҳвол сўрабди. Кўкча бутун воқеани айтиб берибди.
Доно қадрдон дўстларини кутиш учун салқин ва хушҳаво ерга жой қилибди, дон-дун, ноз-неъматларни сероб қилибди.

II

Чинорда ўтириб ҳамма воқеани кўрган бир қарға: «Каптарлар бирор ерга бориб тушса, донига шерик бўларман», деган умид билан улар орқасидан учиб келган экан. Қарға Дононинг каптарларга берган ёрдамини кўриб, ҳайрон қолибди. Ўзича: «Дўст ёрдам берар экан, мен сичқон билан дўст бўлайин», деб ўйлабди. Сўнгра бориб Донони инидан чақирибди. Доно чиқиб қараса, бир қарға турган эмиш.
Доно эшикда турган қарғага қараб:
— Хўш, келинг биродар, — дебди. Қарға:
— Мен жониворларнинг ҳеч бирига қўшилмай, ёлғиз ўзим яшаб келаман. Ёр-биродарларим, жонкуярим йўқ; жониворлар ҳамиша мендан қочишади. Ёлғизлик жондан ўтди, қийналиб кетдим, ўйлаб-ўйлаб сиз билан дўст бўлишни маъқул кўрдим, орзумни қабул қилсангиз деб, умид билан келдим, — дебди.
Сичқон қарғага жавобан:
— Дуруст, лекин сиз мени қаерда кўрсангиз ейсиз, шунинг учун сўзингизга ишониш қийин, — деган экан, қарға:
— Тўғри айтасиз, дўстим, ростини айтсам, қаерда сичқон кўрсам тутиб ер эдим. Аммо дўстлик яхши экан, энди сизга сира зарар етказмайман, — деб чинакам ваъда берибди.
Доно бўлса, қарғанинг сўзига ишониб, инидан чиқибди, қарга билан қўл олишиб, дўст бўлибди, уни меҳмон қилибди.
Бир кун қарға дўсти Донони боғига таклиф қилибди. Доно борадиган бўлибди. Қарға Донони тумшуғида олиб бормоқчи бўлибди, лекин сичқон қийналмасин, деб уни чангалида авайлаб олиб кетибди. Бу боғ жаҳонда бор ҳамма мева дарахтлари билан безанган ажойиб жой экан. Хилма-хил гуллар хушбўй ҳид сочиб, бўстонни яшнатиб турар, шишадек тиниқ сувлар шилдираб оқиб турар экан. Турли-туман мевалар пишиб, тагига тушиб ётар экан. Қарға Донони яхшилаб зиёфат қилибди. Сичқон кўп хурсанд бўлиб, боғ ичида қарға билан томоша қилиб юрибди. Буни шу боғда юрган бир тошбақа кўриб қолибди. Уларга ҳаваси келибди. Салом бериб, улар олдига борибди. Ҳол-аҳволлaрини, сичқон билан қарға ўртасидаги иноқлик, меҳрибонлик сабабини сўрабди. Қарға тошбақага каптарлар воқеасини айтиб берибди.
Тошбақанинг ҳаваси яна ортибди. Дўстлик, биргаликнинг баҳоси йўқ, деб улар билан қадрдон дўст бўлишга сўз берибди. Қарға тошбақани ҳам кўп иззат-ҳурмат билан зиёфат қилибди.

III

Боғнинг бир томонидаги баланд тепа бағрида бир кийик юрар экан? У қарға, сичқон ва тошбақанинг тотув бўлиб юришганини кўриб, қарғанинг маконига қараб йўл олибди. Улар яқинига келиб, сўз қотибди Уни ҳаммалари хурсандлик билан кутиб олибдилар. Қарға кийикни дастурхонга таклиф қилибди ва ўзаро гаплашиб ўтиришганда кийик, қарға, сичқон, тошбақанинг бир-бирлари билан ҳамжинс бўлмасалар ҳам нима учун бунчалик иноқликларининг сирини билишга келганини айтибди.
Қарға бўлиб ўтган воқеаларни кийикка бирма-бир ҳикоя қилиб берибди. Сўнгра кийик ҳам улар билан дўстлик ипларини боғламоқчи бўлибди. Дўстлар қабул қилибдилар. Ҳаммалари бошқатдан ўринларидан туриб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашиб, кийикни юқорига ўтқазиб, унга кўп илтифот қилибдилар. Шу пайтда Доно каптарларни хотирлабди. Қарға каптарларга бир хат ёзиб беришни Донодан сўрабди. Доно хурсанд бўлиб хат ёзиб, уни қарғанинг ўнг оёғига боғлабди. Қарғага оқ йўл тилаб, ҳаммалари уни кузатишибди. Қарға каптарларнннг маконига келиб хатни берибди. Каптарлар хатни ўқиб, қарға билан учиб, боққа келиб қўнибдилар. Дўстлар кўришиб, сўрашиб, ширин-ширин суҳбатлашиб ўтирибдилар.
Бир замон кийик, сайр-томошага чиқиб кетибди. Лекин ҳадеганда келавермабди. Дўстлар хавотир олибдилар. Шунда Кўкча қарғага қараб:
— Кийикдан шу чоққача дарак йўқ, ундан хабар олиш керак, — дебди. Қарға кийикни кўп ахтарса ҳам тополмабди. Ахири хафаликдан нима қиларини билмай, ҳайрон бўлиб келаётганда, бир ерга кўзи тушибди, қараса, бечора кийик золим овчининг қўйиб кетган тузоғига оёғидан илиниб ётган эмиш. Тезда учиб бориб, дўстларини бу воқеадан хабардор қилибди. Улар жуда хафа бўлиб, бир-бирлари билан маслаҳат қилибдилар.
Кўкча бундай деб маслаҳат берибди:
— Қарғавой, сен сичқонни чангалингда олиб бор, сичқон кийикнинг тузоғини қирқсин.
Бу гап ҳаммага ёқиб тушибди. Қарға сичқонни чангалига олиб учиб кетибди, орқасидан Кўкча ҳам учибди. Буларга тошбақа эргашиб қолибди. Кўкча тошбақага ҳарчавд бормагин деса ҳам бўлмабди. Қарға сичқонни кийик илинган жойга обориб қўйибди. Сичқон кийикнинг оёғидаги ту-зоғини қирқа бошлабди. Кўкча ўйлаб туриб:
— Дўстим Доно, кийикнинг оёғидаги тузоқнинг ҳаммасини қирқма, уч толасини қолдир. Тағин овчи буни биздан кўриб, зарар етказадиган бўлмасин. Овчи келгач, кийик бир зўр бериб уч толасини узиб кетаверади, — дебди.
Доно Кўкчанинг айтганини қилиб, уч тола ипини қолдирибди. Аввал қарға сичқонни кўтариб учибди. Унинг кетидан каптар учибди. Улар боққа келиб қўнишибди. Қарға сичқонни чангалидан ерга секин қўйибди.
Овчи тузоққа илинган кийикни кўриб, югуриб келган экан, кийик бир интилишдаёқ уч тола ипни узиб қочибди. Овчи ноумид бўлиб, тузоқни олиб кетмоқчи бўлган экан, тошбақани кўриб қолиб, уни хуржунга солибди. Кийик аллақачон қарғанинг боғига етиб келган экан. Дўстлари қарасаларки, тошбақа йўқ змиш. Кўкча:
— Мен унга ҳарчанд бормагин десам, кўнмаган эди. Бор, қарға хабар олиб кел! — дебди.
Қарға кийик илинган жойга бориб, қараса овчи тошбақани хуржунга солиб, оғзини маҳкам бўғиб кетаётган эмиш. Тезда келиб дўстларига айтибди. Кўкча яна маслаҳат берибди. Дўстлар Кўкчанинг маслаҳатини маъқул топиб, шундай қилибдилар: қарға сичқонни кўтариб учиб кетибди. Кийик овчининг олдидан чўлоқланиб ўтаверибди. Овчи кийикни кўриб хурсанд бўлибди ва «Тузоқдан қочиш вақтида оёғи синиб чўлоқ бўлиб қолган экан, энди уни ушлаб оламан», деб кийикнинг орқасидан югурибди. Кийик ҳам оқсоқланиб қочаверибди. Ахири овчи жуда чарчабди, елкасидаги хуржунни ташлаб, кийик орқасидан роса югурибди. Қарға сичқонни хуржун яқинига элтиб қўйибди. Сичқон хуржунни тешиб, тошбақани қутқазибди. Тошбақа бир катта тошнинг тагига кириб беркинибди. Қарға сичқонни боққа олиб бориб қўйибди. Сўнгра кийикнинг олдига бориб: «Иш битди, энди қочавер!» дебди. Кийик қочиб кетибди. Овчи кийикнинг гардига ҳам етолмай қолибди. Кийик билан каптар иккиси қарғанинг боғига боришибди. Дўстлар хурсанд бўлишиб, дўстлик самарасидан баҳраманд бўлиб, боғда тинч умр кечира бошлабдилар.