Ўтинчи чол

Ўтган замонда саксон яшар бир ўтинчи чол бор экан. Даладан бир кўтарим ўтин териб келиб, уни сотиб, хотини билан тирикчилик ўтказар экан. Бир куни ўтинини сота олмасдан бозорга ташлаб қайтиб келибди. Чол эшикдан кириши билан, хотини:
— Нима олиб келдингиз? Кечадан бери ҳеч нарса еганим йўқ, — дебди.
— Ўтинимни сотолмай, қуруқ қайтдим,— дебди чол.
— Ҳа, тўғри, қачон ўтин сота олсангиз овқат олиб келасиз-да, бўлмаса йўқ. Мана шундай вақтда уйда бирор нарса бўлса, пишириб-куйдириб ердик. Энди эртага икки қўшнини ҳашарга айтсангиз, улар икки кўтарим ўтин олиб келса, уни ёқармиз, сиз олиб келган ўтинни сотсангиз овқат бўлар,— дебди.
Камбағал хотинининг сўзини маъқуллаб, косибларни ҳашарга чақирибди. Улар ҳам рози бўлишибди. Эрта билан икки косиб чолнинг эшигига келиб чақирибди. Учови учта арқон олиб, ўтин теришга чиқиб кетишибди. Даладан ўтин териб, учови уч кўтарим ўтинни орқалаётганда шамол туриб, ўтинларини учириб кетибди. Чол: “Эр-хотин кеча оч ётган эдик, энди бугун ҳам оч қоламизми?” деб йиғлабди. Косиблар чолни юпатиб:
— Эй ота, йиғламанг, бугун эр-хотин икковингизга овқат топиб берармиз. Эртага шамол тингандан кейин яна келиб ўтин териб кетамиз,— дебди. Улар қайтиб келаётганларида бир чинорнинг тагида чуқур кўришибди. Қарашса, улар терган ўтинларни шамол келиб шу чуқурга ташлаган экан. Косиблар:
— Ота, мана бизнинг терган ўтинимиз, сиз тушиб олиб бериб туринг, биз тахлаймиз, — дейишибди. Чол уч кўтарим ўтинни олиб бергандан кейин оёғининг тагига қараса, уч хум олтин турган эмиш. Чол бу олтинларни шерикларидан яширмай, чуқурдан олиб чиқиб, уч боғ ўтиннинг орасига бир хумдан боғлабди.
Чол косибларга:
— Ўзингиз кўтарган хумдаги олтинлар ўзингизга, аммо ўтинни уйимга олиб борасизлар,— дебди. Икки косиб бир-бирига имо-ишора қилиб, чолни ўлдириб, унинг ҳам олтинини олмоқчи бўлишибди.
Косиблардан бири:
— Сен чолнинг ўтинини боғла, мен қўлини боғлайман, сўнг чоҳнинг бўйига олиб бориб сўйиб ташлаймиз-да, устига тегирмон тошини бостириб кетамиз. Аммо ўтинни уйига элтиб берамиз, — дебди. Иккови чолни судрай бошлаганда чол улардан:
— Нимага мени азоблайсизлар? — деб сўрабди. Бири туриб:
— Сизни ўлдириб олтиннинг ҳаммасини ўзимиз олмоқчимиз, — деб жавоб берибди. Чол:
— Болаларим, мени ўлдирманглар, менинг оёғимни гўр тортиб қолган қари чолман, бунинг устига хотинимнинг етти ойлик гумонаси бор. Қизми, ўғилми шуни бир кўрсам, ундан кейин ўлсам армоним йўқ,— дебди. Улар чолга қулоқ солмай:
— Йўқ, ўлдирамиз, — дейишибди. Чол ялиниб:
— Мен бу воқеани ҳеч кимга айтмайман, ишонинг. Фақат ўтинимни уйга олиб бориб берсангиз бўлгани,— дебди. Улар:
— Йўқ, сўямиз, — дейишибди. Чол туриб:
— Бўлмаса, хотинимга бир васиятим бор. Шуни бориб айтинглар: “Чол йўлда ўтин кўтариб кела туриб, уч жойда шамолдан йиқилиб тушганига аччиқланиб, бошини олиб бошқа бир шаҳарга кетди. Агар хотиним ўғил туғса, отини Дод қўйсин, қиз туғса, ўзи билиб от қўйсин, деб айтди”, денг.
Улар чолни ўлдириб, ўлигини чоҳга ташлаб, тегирмон тошини бостириб қўйишибди. Уч кўтарим ўтинни олтин билан кўтариб уйларига қараб кетишибди. Ҳалиги уч кўтарим ўтинни ўтинчининг уйига келтириб, чолнинг хотинига:
— Эрингизнинг феъли қурсин, бизни ҳам хафа қилди, ўзи ҳам уч жойда йиқилиб тушиб, аччиғидан бошқа бир шаҳарга бошини олиб кетди. Кета туриб: “Хотинимга айтинглар: бўйида гумонаси бор эди. Агар ўғил туғса, отини Дод қўйсин, қиз туғса ўзи билиб от қўйсин”, деди,— дебдилар.
Хотини йиғлай-йиғлай ўтинни олиб кириб кетибди. Косиблар ярим хумдан олтинни сарф қилиб, нақшин сарой солишибди. Улар ҳар шаҳардан гумашта орттириб, катта бой бўлиб, етти қирон подшоҳларга эътиборли бўлиб кетибдилар. Адрас кийимлар кийиб, пўта белбоғлар боғлашиб, кумушдан ҳасса ушлаб юрадиган бўлишибди.
Энди бир калима сўзни ўтинчининг хотинидан эшитинг. Вақт-соати етиб хотин бир ўғил туғибди, отини Дод қўйибди. Дод кунда бир яшаб, ойда бир яшаб еттига қадам қўйибди. Онаси Додни кўчага чиқармай, эшикка қулф солиб қўйиб, ўзи чарх йигириб кун ўтказар экан. Бир кун Дод кўчада ўз тенгқурларининг овозини эшитиб йиғлаб, онасига:
— Э она, мен ҳам чиқиб болалар билан ўйнаб келай,— дебди. Онаси:
— Менинг гапимга кирсанг чиқараман; бетингга ниқоб тортиб қўяман, шу ниқобинг билан ўйнайсан. Болалар ниқобингни оч деса “Очмайман” дегин,— дебди. Дод юзига ниқоб тортиб чиқиб, кечгача болалар билан ўйнабди. Сўнгра қорни очиб уйга кирибди:
— Она, нон беринг,— дебди. Онаси:
— Э болам, сенинг ташвишингни тортиб ўтирган эдим, уйда бир бурда нон йўқ. Энди отангнинг ҳунарини қилмасанг бўлмайди. Отанг ўтинчи эди. Энди иккимиз далага бориб икки кўтарим ўтин олиб келсак, биримизники овқат бўлса, биримизники қўр бўлади, — дебди.
Она-бола маслаҳатлашиб, иккови арқон олиб далага боришибди. Ўтин териб юриб, онасининг бели оғриб қолибди. Онаси:
— Мен бирпас ётиб дам олай, сен ўйнаб тур,— деб бир дарахт тагида ётиб ухлаб қолибди. Уйқусидан уйғониб қараса, боласи йўқ.
Боласини қидириб, “Дод” деб тўқайга кириб кетибди. Тўқайдан чиқиб “Дод” деб тоғ орасига қараб излаб кетибди. Тоғ орасидан чиқиб, “Дод” деб дарё ёқалаб кетибди. Ундан чўлга қараб “Дод” деб кетибди. Ўғлини топа олмай, боласининг доғида чўлда зор-зор йиғлаб кетаётган экан, олдидан саккиз юз аскари билан кийик овига чиққан бир подшоҳ чиқиб қолибди. Подшоҳ хотиннинг додини эшитиб иккита ясовулга: “У хотинни чаён чаққанми ё илон заҳар солганми ўзидан-ўзи “дод” деб йиғлаб юрибди, уни олиб келинглар!” деб буюрибди. Ясовуллар хотинни подшоҳнинг олдига олиб келишибди. Подшоҳ хотиндан:
— Нима учун дод деб йиғлайсан, илон чақдими, чаён чақдими?— деб сўрабди. Хотин:
— Боламни йўқотдим, оти “Дод” эди. Отини айтиб йиғлаб кетаётиб эдим,— дебди. Подшоҳ:
— Бошқа от қуриб кетдими, шу отни қўясанми,— дебди. Хотин эрининг икки қўшниси билан ўтин олиб келишга кетганда бўлган воқеани ва эрининг васиятини айтибди. Сўнгра болам билан ўтин теришга чиққан эдим, белим қотиб бирпас ётдим, ухлаб қолибман. Ўрнимдан туриб қарасам, болам йўқ,— дебди. Подшоҳ:
— Эринг билан ўтин териш учун ҳашарга чиққан қўшниларинг ҳозир борми? — деб сўрабди.
Хотин:
— Бор, улар бой бўлиб кетган. Бозор чорсида нақшли саройда турадиган, кумуш курсида ўтирадиган икки бой ўша қўшниларимиздир.
Подшоҳ: “Чолни ўша қўшнилар ўлдирган бўлса керак”, деб ўйлаб, учта ясовулни чақириб:
— Учовинг “Дод” деб шаҳарга уч томондан киринглар. Шаҳар ичида қайси бола “Ҳа” деса, тутиб, отга миндириб олиб келинглар — дебди. Учта ясовул “Дод” деб шаҳарга киришибди. Шаҳарда кабобпазнинг дўконида кабоб еб ўтирган бир бола “Ҳа” дебди. Ясовул боладан: “Отинг нима?” деб сўрабди. Бола:
— Дод, — дебди. Ясовул:
— Дод бўлмай ўл. Чўлларда онанг Дод деб йиғлаб юрибди, — дебди-да, Додни отга миндириб подшоҳнинг олдига олиб келишибди.
Подшоҳ ниқобдор болани кўриши биланоқ:
— Бетингдаги ниқобингни оч,— дебди: Бола:
— Эй подшоҳи олам, бетимдаги пардани очтириб нима қиласиз? Қандай гапингиз бўлса, айта беринг,— дебди. Подшоҳ:
— Агар отанг билан ўтинга чиққан кишиларни чақириб, отангнинг ўлигини топтириб берсам, ниқобингни очасанми? — дебди.
— Ниқобимни очиш ихтиёри менда эмас, онамда,— дебди бола.
Подшоҳ онасини чақириб:
— Болангнинг ниқобини очиш ихтиёри сенда экан, ниқобини очсин! — дебди. Онаси подшоҳга:
— Бу ёш бола бўлса, бунинг юзини кўриб нима қиласиз?— дебди.
Подшоҳ икки ясовулига бойларни олиб келишни буюрибди. Ясовуллар бойлар олдига борибди, уларга сиёсат қилиб “Подшоҳ сизни чақирди”, деб икки бойнинг қўлларини орқасига боғлаб, отга миндириб подшоҳнинг олдига олиб келибди. Подшоҳ уларнинг оёқ-қўлларини ечтириб ерга туширтирибди. Подшоҳ икки бойдан:
 — Шу боланинг отасини қаерда ўлдирдинглар? Ростини айтсангиз, сизга зулм йўқ,— дебди. Бойлар:
“Бизга зулм йўқ экан”, деб чолни ўлдирганларига иқрор бўлишибди:
— Чинор тагида ўлдирдик, чоҳга ташладик, — дейишибди. Подшоҳ:
— Нима сабабдан ўлдирдинглар? — деб сўрабди. Бойлардан бири бўлган воқеани бирма-бир айтиб, чуқурда топилган олтиннинг ҳаммасини олмоқчи бўлиб, чолни ўлдирмоқчи бўлганларини, охирида чолнинг: “Мени ўлдирадиган бўлсаларинг, бир васиятим бор, бориб хотинимга шундай деб айтинглар: эрингизнинг феъли қурсин, бизни ҳам хафа қилди, ўзини ҳам хафа қилди. Уч жойда шамолдан йиқилиб тушди. Аччиғидан бошини олиб бошқа шаҳарга кетди. Кета туриб, агар хотиним ўғил туғса, отини “Дод” қўйсин, қиз туғса отини ўзи билиб қўйсин”, деди. Биз “васиятинг шуми” деб уни ўлдириб, чинор тагидаги чоҳга кўмиб, устига тегирмон тоши бостириб кетдик. Олтинни уйимизга олиб бориб, бир ярим хумдан бўлиб олдик. Чолнинг хотинига ўтинни олиб бориб бериб, чолнинг васиятини айтдик. Шу билан биз бойиб кетдик! — дебди. Иккинчи бой:
— Эй подшоҳи олам, султони бокарам, дунё ширин экан. Шу ишларни қилдик. Нима зулм қилсангиз, мана, олдингизда турибмиз, — дебди. Подшоҳ:
— Икки хум олтин турибдими?— дебди. “Турибди”, дейишибди бойлар.
Подшоҳ:
— Икки хум тиллани олиб келинглар,— деб икки ясовулга буюрибди. Ясовуллар икки хум олтинни олиб келишибди. Подшоҳ Додни чақириб:
— Мана бу бир хум олтин отангнинг ўлдирилгани учун, мана бу бир хум олтин отангнинг ўз ҳақи, ол, розимисан? — дебди. Дод:
— Мен отамнинг хунидан кечдим. Отамнинг ўз ҳақи — бир хум олтинни беринг, бошқаси керак эмас,— дебди. Дод бир хум олтинни кўтариб онасининг олдига олиб борибди. Подшоҳ бир хум олтинни бойларнинг ўзига бўлиб берибди. Подшоҳ Додни чақиртириб:
— Отангнинг ўлигини топиб бердим. Энди юзингдан пардангни оч, кўрай! — дебди. Дод:
— Қандай подшоҳсиз, мен етти яшар бола бўлсам, юзимни кўриб нима қиласиз?— дебди. Подшоҳ “Ниқобингни очмайсанми?”— деб қиличини суғуриб, Додга ҳамла қилибди. Бола қиличдан қўрқиб, юзини очиб юборибди. Подшоҳ боланинг юзини кўриб отнинг тагига йиқилибди. Бола саркардаларни чақириб:
— Улуғларинг беҳуш бўлиб йиқилди. Дарё бўйига олиб бориб ҳушига келтиринглар, — дебди. Саркардалар келиб, подшоҳни елпиб ҳушига келтиришибди. Подшоҳ “Дод қаерда?” деб сўрабди. Додни келтиришибди. Подшоҳ:
— Эй болам, қайси боғнинг гулисан, девмисан, паризодмисан, қандай гавҳар донадан пайдо бўлдинг? — дебди. Дод:
— Мана шу кампирдан бино бўлганман,— дебди. Подшоҳ:
— Етти иқлим подшоси бўлиб, сендек ҳусндорни Кўҳиқофдан ҳам топмадим. Менинг ўғлим ҳам йўқ, қизим ҳам йўқ. Сен менга ўғил бўл, олиб кетай. Авғон боғларимда, салтанат тахтларимда ўтир, сени подшоҳ қилай,— дебди. Дод туриб:
— Мен етти яшар боламан, эна сутим оғзимдан кетгани йўқ, ўрдага лойиқ эмасман, одамнинг сарасини ажрата олмайман. Менга шу чўлларнинг ихтиёрини берсангиз, мен ариқ чиқартириб, иморат солдириб, бева-бечораларга берсам, минг таноб ерни боғ қилиб, етти йилда обод қилсам. Ўн тўрт ёшга кирганимдан кейин келиб олиб кетарсиз,— дебди.
Подшоҳ Додга бир саноч олтин бериб “енди ота-бола бўлдик”, деб аскарларини, вазир-саркардаларини, ясовул-юзбошиларини олиб тоғга кийик овига кетибди. Дод энасига қараб:
— Эй онайи меҳрибоним, сизга шу ерга бир тол ёғочдан капа қилиб берай, сиз шу ерда истиқомат қилиб туринг. Мен бир-икки минг мардикор олиб келай,— дебди. Эртаси бир қанча мардикор олиб келиб Қўқон вилоятидан ариқ чиқартирибди; иморат қилдириб бева-бечораларга берибди. Етти йилда минг таноб ерга боғ қилдирибди. Бу боғ Доднинг боғи деб машҳур бўлибди.
Боғни тайёр қилиб ўтирганда, подшоҳ қирқта саркардасини юбориб Додни тилла қафасга, энасини кажава саватга солиб олдириб келибди. Доднинг онасига қирқта зинаси санги-марварид тошдан ясалган равоқ берибди. Энага хотин, қирқта каниз, қирқта чўри, қирқта қул унинг хизматини қилибди. Ҳар кун Доднинг энасига қирқта қўйнинг илигидан ош қилиб берибди.
Подшоҳ Додга:
— Энди қўлимга тушдинг, ота-бола бўлдик, бетингдаги ниқобингни олиб, тахтимга ўтир! — дебди.
Дод:
— Менга онамдан жавоб олиб келишга рухсат беринг, ундан кейин ниқобимни очай,— дебди. Подшоҳ рухсат берибди. Дод онасининг ёнига югуриб бориб:
— Э онам, меҳрибоним, подшоҳ “юзингни оч”, деди. Унда донолар, вазирлар, қирқта сандалнишинлар, ясовуллар, понсодлар, юзбоши-саркардалар ўтирибди. Улар олдида юзимни очсам, подшоҳнинг яна ҳуши кетиб қолса, бирор душман чиқиб подшоҳни ўлдириб кетса, мен жавобгар бўлиб қолмай тағин,— дебди.
Шунда онаси:
— Эй, Дод болам, оғзингни оч бўлмаса,— дебди. Дод оғзини очибди.
Энаси бир туфлабди:
— Бор болам, энди бориб ниқобингни очиб ўтира бер,— дебди. Дод подшоҳнинг салтанат тахтига чиқиб подшоҳнинг ўнг томонига бориб, ниқобини юзидан олиб ўтирибди. Шунда одамлар Доднинг ҳусни-жамолини кўриб таҳсин-офарин ўқиб, подшоҳга: ”Ўғлингиз қутлуғ бўлсин”, дейишибди. Подшоҳ булар устидан дур сочибди. Дод Авғон боғига ов қилиш учун кирибди. Доднинг ҳуснини ўрдаклар, чурраклар томоша қилиб, кетидан юришибди. Ўрдак, чурракдан қочиб туяхонага кирибди, унда ҳам карвонлар Доднинг ҳуснини томоша қилишибди. Ундан чиқиб ичкари ўрдага кирибди, ундаги қизлар Доднинг ҳуснини кўриб, уни қувлаб кетишибди. У ердан кўча дарвозасига чиққан экан, эшикдаги қирқ-та шотир унинг ҳуснини томоша қилиб қува берибди. Ундан подшоҳнинг чиллахонасига кириб қутулибди. Чиллахонада бағрини захга бериб ётиб ухлаб қолибди. Тушида Кўҳиқофдан бир паризод бир қўлида кабоб, бир қўлида шароб ушлаб учиб келиб, шаробни ичириб, кабобни едириб кетибди. Подшоҳзода чўчиб уйғониб ўнг томонига, сўл томонига қараса, ёнида паризод йўқ эмиш. Дод шикасталик билан ўрнидан туриб қушхонага кириб, подшоҳнинг қушини қўлига қўндирибди. Чакасни белига қистириб, камон, ўқ-ёйларни белига тақибди, подшоҳнинг отхонасига кирибди. Тулпор отни етаклаб чиқибди. Унга миниб, ёр ишқида тоғ ичига кириб кетибди. Тоғма-тоғ, чўлма-чўл, кўлма-кўл юриб бир тилсимли тоғга кириб қолибди. Унда уч кеча-ю уч кундуз юрибди. Охирида тоғ орасидан бир кийик чиқиб чўлга қочибди. Дод кийик орқасидан қувлаб, у ҳам чўлга чиқиб қолибди, кийикни топа олмай йўл юрибди. Ёлғиз ўзи чўлма-чўл, кўлма-кўл, етти кеча-ю етти кундуз йўл юриб, бир дарёнинг бўйига етибди. Белидаги чакасни ерга суқиб, қушни қўндирибди. Дарё бўйида дам олиб ўтирса, рўпарасида салласининг печи елкасига, соқоли кўксига тушган, қўлида хасса ушлаган малла тўнли, бетидан нур ёғилиб турган бир мўйсафид чол пайдо бўлибди. Дод мўйсафидга салом берибди. Мўйсафид:
— Ўғлим Дод, бу тилсим дарёси олдида турманг, бунда девлар бор. Сиз ошиқликнинг ишқида келган экансиз. Севган қизингиз парилардан. Лекин буни олиб чиқишнинг иложи йўқ,— дебди. Дод чолга қараб йиғлаб байт ўқибди. Чолнинг раҳми келиб:
— Мен топиб берай. Кўзингни юм, етти дамдан кейин оч,— дебди.
Дод кўзини юмиб, етти дамдан кейин очиб қараса, ўзини дарёнинг нариги томонида кўрибди. Чол:
— Ўғлим, ҳов ўша кўринган танаси зумраддан, шохи лаъли-ёқутдан, барги забаржаддан бўлган дарахт ёнидаги қўрғоннинг ичига кирсанг, унда жами девлар-парилар ухлаб ётганини кўрасан. Оёғинг тагида гавҳар шамчироқлар бўлади, унга назар кўзингни солмай, ундан ўтганингдан кейин, қирқ бир ҳужра бор, унда ҳам гавҳар шамчироқлар бор, бунга ҳам қарама. Охирги ҳужрага кирсанг, токчада учта қовоқ турибди. Ўртадаги қовоқни менга олиб келиб бер, — дебди.
Дод чолнинг айтганидай бориб охирги ҳужрага кирибди, ўртадаги қовоқни олиб келиб чолга берибди. Чол:
— Эй болам, сенинг тушингда кўрган ёринг шу. Энди кўзингни юм, — дебди. Бироздан кейин “кўзингни оч!” дебди. Дод кўзини очиб қараса, ўзини оти олдида кўрибди. Чол яна: “Сен ўн тўрт кунлик йўлни босиб келдинг, энди мен сенга бир дуо ўргатай, тез етасан”, деб унга дуо ўргатибди. Дод қовоқни қўлтиғига қисиб отига минибди. Чол: “Ўғлим, олгин — олдирма, тўлгин — тўкилма, йўлда ҳаргиз қовоққа ҳазил қилма, яна ўз бошингга жабр-у жафони ортдирма”, дебди. Дод йўлда чол ўргатган дуони ўқибди, бир қанча йўл босгач, отининг бошини тўхтатиб: “Мен тушимда паризодни кўрган эдим. Жодугарга учрабман. Қуруқ қовоқни нима қиламан”, деб ерга ташламоқчи бўлиб ушлаганда, қовоқнинг ичидан “Вой, нозик баданим” деган товуш эшитилибди. Дод дарров тилла қиличини суғуриб олиб қовоқни бандидан очибди. Қараса: ой деса оғзи бор, кун деса кўзи бор, шириндан-шакар сўзи бор, ўнг бетида чапараста холи бор, неча алвонлар кийган, қирқ кокилига дури жавоҳирлар тақилган бир паризод қиз ўтирибди. Йигит парини кўриб, ҳушидан кетиб йиқилибди. Паризод уни елпиб ҳушига келтирибди. Дод:
— Бўйингдан айланиб кетай гавҳарим, топилмас қимматбаҳо дурри ғалтоним. Қайси боғнинг гулисан, қайси чаманнинг булбулисан, девмисан, паримисан, инс-жинсмисан, қайси гавҳар донадан пайдо бўлгансан? — деб сўрабди. Паризод:
— Чолнинг сўзини қулоғингизга олмай ўзингизга жабр-жафо орттирдингиз. Энди мени уч хил йўл билан уйингизга олиб борасиз, — дебди. Дод:
— Зарварақ тўнимни ёпиб, заррин рўмолни парда қилиб, отга миндириб олиб кетаман, — дебди. Қиз:
— Мен отга минишга муносиб эмасман, соябон аравага муносибман, — дебди. Йигит:
— Бўйингдан айланай, гавҳарим. Шаҳар яқин қолди. Шаҳарга етганда сизни бир томга чиқариб қўйиб, отам саройидан қирқта қиз-жувонларни аравага солиб келиб, карнай чалдириб олиб кетаман. Саксон зинали равоққа қўяман. Равоқнинг зиналари мармар тошдан, тепаси қизил маржондан, кунгуралари лаъли-ёғутдан, — дебди. Малика рози бўлиб, отнинг орқасига мингашиб шаҳарга жўнашибди. Шаҳарга яқин қолганда бир томга қизни қўйиб, ўзи шаҳарга арава олиб келишга кетибди. Паризод бетидаги пардасини очиб атрофга табассум билан қарабди. Бу жойнинг рўпарасидаги уйда бир кампир турар экан. У жодугар экан. Бир еганда қирқта қўйнинг гўштини еб, ҳар сув ичганда бир меш сув ичар, нафасига бир жувоз айланар экан. Шу кампирнинг уйига бир ёруғ шуъла тушибди. Кампир, “Бу қандай шуъла экан, билай-чи”, деб сув оладиган кўзасини кўтариб, кўчага чиқибди. Жодугар кампирнинг кўзи паризодга тушибди. Қиз кампирга салом берибди. Кампир:
— Ҳа, онанг айлансин, пастга тушиб шу кўзада ариқдан сув олиб бер, — дебди. Қизнинг аччиғи келиб:
— Мен сизнинг чўрингиз эмасман,— дебди. Кампир:
— Сен менга сув олиб бергани булоқ бошига борсанг шуъланг сувга уриб қолса, мен шу шуъланг ёруғида чарх йигириб, овқат қиларман, деган эдим,— дебди. Паризод кампирга:
— Мен паризодман, бир думалайман илон бўламан, бир думалайман каптар бўламан, бир думалайман кампир бўламан,— дебди.
Кампир:
— Бунчалик ҳунаринг бўлса, қани каптар бўл-чи,— дебди. Паризод бир юмалаб оёғи қизил маржондан, қаноти лаъли ёқутдан, тумшуғи забаржаддан бир каптар бўлибди, яна юмалаб қадимги асл ҳолига келиб паризод бўлибди.
— Мени Дод қанча машаққатлар билан топиб олиб келди. Сиз менга сув олиб бер, дейсиз,— дебди.
Кампир, “Қўй, олиб бермасанг ўзим оламан”, деб зарда билан кўзасини кўтариб булоқ бошига кетибди. Маликанинг кампирга раҳми келиб:
— Тўхтанг, она, мен ўзим олиб борай,— деб кампирнинг орқасидан борибди. Кампирнинг қўлидан кўзасини олиб, булоқдан сув олаётганда, кампир келиб қизнинг орқасидан бир тепибди. Қиз сувга тушиб, ғойиб бўлибди. Кампир кўзасини ерга уриб синдириб томга чиқибди. Қизнинг заррин рўмолини юзига парда қилиб ўтирибди. Бироздан кейин Дод беш юз саркарда, қирқ қиз-жувон билан ҳар хил ўйинлар қилиб келиб қолибди. Келиб қараса, қизнинг ўрнида кўзи чакса гуруч дамлайдиган қозондай бир кампир ўн тўрт кишилик жойни эгаллаб ўтирган эмиш. Йигит юзини очиб қарабди, қўрққанидан ўзини пастга ташлаб юборибди.
Саркардалар Доднинг юзига сув пуркаб ҳушига келтиришибди. “Эй подшоҳзода, сизга нима бўлди?” деб сўрашибди. Дод уларга кампирнинг таърифини айтишга номус қилиб, ўрнидан ирғиб туриб, кампир олдига бориб:
— Сен ўша паризодмисан ё ўзгамисан? — дебди. Кампир:
— Мен ўша сиз олиб келган паризодман,— дебди.
— Бўлмаса, яна юзингни кўрай, —дебди. Кампир:
— Мен сизга ҳозир юзимни кўрсатмайман, қачон мени никоҳингизга оласиз, мендан бир ўғил кўрасиз, шу ўғил етти ёшга кирганда отангиз тўй қилиб беради, шу куни юзимни кўрсатаман. Унгача юзимни кўрсатмасликка қасам ичганман. Менда ҳали ҳунар кўп: бир юмалайман каптар бўламан, бир юмалайман илон бўламан, бир юмалайман кампир бўламан, бир юмалайман тағин паризод бўламан, мана, ҳозир бир юмалаб кампир бўлдим,— дебди. Дод:
— Бир юмалаб илгариги паризод бўлинг, мен сизни подшоҳ саройига олиб бораман,— дебди. Кампир:
— Хоҳласангиз шу, хоҳламасангиз кўк каптар бўлиб Кўҳиқофга учиб кетаман,— дебди. Дод ўйлаб туриб:
— Етти йил кутиш йигит кишига нима гап, аравага тушинг!— дебди.
Кампир:
— Аравага ўзингиз кўтариб солинг! — дебди. У кампирни кўтараман деб етти юмалаб ағдарилиб тушибди. Энага хотинлар кўплашиб подшоҳзодани кўтариб олишибди. Кампир подшоҳзодага:— Отни ўзингиз миниб олинг,— дебди. Дод отга миниб “чув” деб бир қамчи уриши билан, қудуқнинг ичидан бир қора от чиқиб, унинг олдига келиб гир-гир айлана берибди. Шу ердаги одамлар отни кўриб офарин қилибди. Дод ўзи минган отдан тушиб, қудуқдан чиққан отнинг бўйнидан қучоқлаб силай берибди. Кампир буни кўриб:
— Бу отни чиқариб, қудуқдан чиққан қора отни аравага қўшинг! — дебди. Энагалар қора отга тилла юганлар кийгизиб, аравага қўшибди. Подшоҳзода отга миниб бир қамчи уриб ўрдага кетибди. Ҳар қирқ одимни бир одим қилиб ўрдага етибди. Подшоҳ буларга дурри жавҳарлар сочибди. Қиз-жувонлар ўлан айтишиб келишиб, келинни равоқнинг тепасига олиб чиқиб кетишибди. Кампир заррин рўмолни юзига парда қилиб, чимилдиқнинг ичида юзини кўрсатмай ўтирибди. Дод қудуқнинг ичидан чиққан отни якка қозиққа бойлаб қўйибди. От сувлиғини чайнаб турибди.
Подшоҳзода от олдидан кета олмай отнинг бетидан, от Доднинг бетидан ярим кечагача силаб чиқибди. Кампир канизакларга айтиб подшоҳзодани чақиртирибди. Дод кампирнинг олдига салом бериб кирибди. Кампир туриб:
— Эй подшоҳзода, ё ўша қора отни денг, ё мени денг. Бўлмаса кўк каптар бўлиб учиб кетаман, мени десангиз вақтлироқ никоҳингизга олинг, фарзанд кўришнинг орзусини қилинг,— дебди.
Подшоҳзода кампирдан бу сўзни эшитиб, қўлига заррин рўмолча олиб зор-зор йиғлаб, отасининг салтанат тахтига чиқибди. Подшоҳ ўғлининг ҳолини кўриб:
— Сизга ким зулм, алам етказди. Зулм етказганларни олиб келиб калласини олиб, каллани минорага ураман,— дебди. Подшоҳзода:
— Э подшоҳ, мен Кўҳиқофдан бир қовоқ олиб келаётиб, йўлда очдим. Ичидан бир қиз чиқди. Шаҳарга кирганда уни бир томга қўйиб ўзим ўрдадан соябон арава олиб келгунимча, қизнинг ўрнида бир кампир пайдо бўлиб қолибди. Келиб юзини очиб қарасам, кўзи чакса гуруч дамлайдиган қозондай бир кампир ўн тўрт кишилик жойни эгаллаб ўтирибди; бу кампир бир юмалайман кампир бўламан, бир юмалайман илон бўламан, бир юмалайман, кўк каптар бўлиб ўн саккиз минг оламни айланиб келаман, бир юмалайман паризод бўламан, дейди. Мен кампирга: “Яна паризод бўлинг, дўст-душманнинг олдида мен сизни қандай қилиб шу ҳолингизда ўрдага олиб бораман”, дедим. Кампир: “Мен ҳуснимни кўрсатмасликка қасамёд қилганман, мени шу ҳолимча никоҳингизга оласиз, ўғлингиз етти яшар бўлиб, отангиз тўй қилиб берган куни асли ҳуснимни кўрсатаман. Хоҳламасангиз бир юмалаб кўк каптар бўлиб, Кўҳиқофга учиб кетаман”, дейди. Энди мен йиғламай ким йиғласин. Уни асли паризодлигида яхши кўриб қолган эдим. Йўлда бир қудуқдан қора от чиқиб гир-гир айланиб турди. Отдан тушиб қора отни қучоқлаб силай бердим. Жами одамлар отни кўриб таҳсин қилишди. Шунда кампир илгариги отни аравадан чиқариб қудуқдан чиққан отни аравага қўштирди. От қирқ одимни бир одим қилиб ўрдага етказди. Келгандан кейин ҳам от билан ўйнаб турсам, кампир чақириб “Тезда никоҳингизга олинг”, деди. Мен қандай қилиб бу кампирни никоҳимга оламан, ҳар ким севганини олади-да,— дебди. Подшоҳ айтибди:
— Кўп хафа бўлманг, бир иложини қилармиз. Расми паризодлар дуо ўқиб ҳар турга кира беради, ўғлим. Бир илож қилиб ўғил кўришга ҳаракат қилинг! — дебди. Подшоҳ қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй томоша қилиб никоҳ ўқитибди.
Подшоҳзодани маст қилиб кампирнинг олдига киргизишибди. Подшоҳзода эртасига яна қора от ёнига чиқиб, бўйнидан қучоқлаб силай берибди. Бир охурга шарбат, бир охурга шакар тўкиб берибди. Ойлардан ой ўтиб кампирнинг ҳалиги қора отга боши қоронғи бўлиб қолибди. Подшоҳзодани чақириб:
— Қассобни олиб келиб, шу қора отни сўйдириб бер. Гўштини кабоб қилиб ейман, — дебди. Подшоҳзода ноилож, қассобни чақиртириб келиб:
— Шу отни сўйиб беринглар, — дейиши билан қассобнинг қўлидан пичоғи билан болтаси тушиб кетибди. Қассобнинг кўзига от паризод бўлиб кўринибди.
— Тақсири олам, бу от эмас, паризод-ку. Мен бу отни сўя олмайман, мен ўз жонимдан қўрқаман,— деб қассоб қайтиб кетибди. Хизматчилар яна бошқа қассобни олиб келишибди. Подшоҳзода қассобга:
— Шу отни сўйиб беринг! — дебди. Отни кўриши билан бу қассобнинг ҳам қўлидаги пичоғи билан болтаси тушиб кетибди, ўзи беҳуш бўлиб йиқилибди. Қассоб ўрнидан туриб:
— Ўрдангизда шундай бир паризод юрса, шуни сўйдирмоқчисиз, жинни бўлдингизми? — дебди. Подшоҳзода: “Бу нима гап, менинг олдимга жинни қассоблар келади. Иккови ҳам бу отни паризод деб сўймади”, деб қассобга қараб:
— Шу отни қандай қилиб бўлса ҳам сўясиз! — дебди. Қассоб подшоҳзодадан қўрқиб:
— Мен отни сўйсам, бошимга келган балоларга балогардон бўласизми?— дебди. Подшоҳзода:
— Албатта, балогардондирман,— дебди. Қассоб “Қандай қилай, ҳукми подшоҳ вожиб экан”, деб отнинг оёғига арқон солиши билан от ўзи беозор йиқилибди. Қассоб отнинг бўйнига пичоқ тортибди. Отнинг бўйнидан уч жойга уч томчи қон сачрабди. Шу уч томчи қон ўрнидан уч туп терак кўкариб чиқиб, ҳар бири беш қулочдан бўлибди.
Кампирнинг олдидан бир каниз чиқиб:
— Отнинг жигаридан берар экансиз, — дебди. Қассоб жигарини олиб берибди. Қассоб бир ён нимтасини теридан ажратаётганда яна бир каниз чиқиб:
— Отнинг бир сонини берар экансиз,— дебди. Шундай қилиб кампир отнинг гўштини еб тамом қилибди.
Подшоҳзода отидан ажралганига хафа бўлиб, йиғлаб тахтига чиқибди. Ойлардан ой ўтиб, тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат, тўққиз дақиқадан кейин бир ўғил туғилибди. Болани бешикка белайдиган бўлишибди. Кампир подшоҳзодани чақириб:
— Болангизни бешикка белашади. Шу теракларни кесиб, мана бу равоқнинг тўрт тарафидан тўрт эшик ва бир бешик қилиб беринг, — дебди. Подшоҳзода дарахтни кестириб эшик ҳам, бешик ҳам қилдирмоқчи бўлиб уста чақирибди. Уста келиб, дарахтларни кўриши билан арра, тешаси қўлидан тушиб кетибди.
— Эй подшоҳзода, булар паризод-ку, ўрдангизда шу уч паризод яшаса нима қилади? — дебди. Подшоҳзода:
— Кессангиз ҳам кесасиз, кесмасангиз ҳам кесасиз! — дебди. Уста туриб:
— Бошимга тушган балоларга гирифтор бўлсанг кесай, — дебди. Подшоҳзода қабул қилибди. Шунда олтита арракаш уч теракка арра қўйибди. Тераклар беозор ўзлари йиқила берибди. Дарахтлардан тахта тилибди; бешик ясайдиган бешик ясабди, дурадгорлар эшик ясабди, эшикни кампирнинг равоғига олиб чиқиб қуриб берибди. Дурадгорларга бир дона гавҳар берибди, улар чиқиб кетибди. Бешикни олиб келиб, болани йўргаклаб, бешикка солиб, устидан дурлар сочибди. Болани бешик сиқиб ўлдирибди. Кампир дод деб йиғлаб, қочиб чиқмоқчи бўлганда, эшик кампирни сиқиб қолибди. Дод келиб кампирни ажратиб олибди. Дод бешикдан болани кўтариб чиқиб келаётганда энагалар унга:
— Эй подшоҳзода, ҳали ёшсиз, кўп бола кўрасиз, ўликни кўтарганингиз билан тириладими? Қора кигизни ювган билан оқарадими? — деб болани қўлидан тортиб олишибди.
Дод кўз ёшини оқизиб, ташқарига чиқиб кетибди. Эшикдан чиқса, бир қаландар турган эмиш. У қаландарга чўнтагидан бир дона дур олиб узатибди. Қаландар дурни олмай айтибди:
— Эй, подшоҳи аъзам, шу тараша, шох-шаббаларни менга берсангиз, мен уни ёқиб, ҳақингизга дуо қилсам,— дебди. Дод:
— Ол, ёқавер, — деб қаландарга беш арава шох-шабба, тарашаларни инъом қилибди. Қаландар уларни йиғиштирмоқчи бўлиб турганда шох-шабба, тарашалар осмонга кўтарилиб учиб кетибди. Подшоҳзода билан қаландар ҳайрон бўлиб қолибди. Қаландар ўз йўлига кетибди. Уйига келса, ўзининг чордевори ўрнида қирқ зинали катта сарой пайдо бўлиб қолибди. Қаландар саройни кўриб, ҳушидан кетибди; яна ҳушига келиб ўз уйини аниқлаш учун қўшнилариникига кирибди.
Қўшнисининг уйида беш киши ўтирган экан. Қўшниси қаландарни кўриб:
— Уйинг бошингни есин. Уйингни дев-парилар босиб кетди, — жонимизни ҳовучлаб ўтирибмиз, — дебди. Қаландар уйидан хабар олай деб ичкарига оёқ учи билан кирибди. Қараса, равоқнинг тепасидан бир паризод икки дев билан тушиб келяпти. Паризод уйнинг эгаси қўрқиб кира олмай турганини кўриб, девларга жавоб бериб юборибди. Паризод қаландарни уйга таклиф қилиб:
— Эй меҳрибон ота, кираверинг, шу жой, шу давлатлар сизники, энди шунга лойиқ усти-бош кийинг, — деб бир бўхча заррин кийимлар бериб кийинтирибди. Қаландар давлатли бўлибди.
Кунлардан бир кун қиз қаландарга:
— Эй ота, ичкари кириб сандиқни очинг, ундаги дурри-гавҳарлардан олиб сарф қилиб мамлакатга ош беринг. Подшоҳларни ҳам чақиринг, подшоҳзода Додни ҳам чақиринг. Ҳар қайсисига зарварақ тўнлар кийгизиб юборамиз, — дебди.
Қаландар қирқ кунлик харажатни уч кунда тайёр қилибди. Қирқта дошқозон қурибди. Авғон боғда қирқ кеча-ю қирқ кундуз туйнугидан тутун чиқармайдиган камбағалгача ош берибди. Подшоҳ “гадойникига бораманми?” деб келмай, қирқта саркардаси билан подшоҳзода Додни юборибди. Подшоҳзода зар-салтанат билан келибди. Қаландар қиз олдига кириб:
— Қизим, подшоҳнинг ўзи келмади, шаҳзода қирқта саркардаси билан келди, — дебди. Қиз:
— Подшоҳ келмаса ҳам майли. Зиёфатни катта қилинг. Меҳмонларга етти иқлимга арзийдиган кийимлар кийгизинг. Подшоҳзодага шоҳона либос кийгизинг, чиқиб кетиш олдида иморатларни томоша қилдиринг, кейин подшоҳзодани менинг равоғимга олиб чиқинг, — дебди.
Қаландар подшоҳзодага иморатларни томоша қилдирибди. Қизнинг равоғига олиб чиқибди. Паризод неча алвон кийимлар кийиб, ўзига оро бериб ўтирган экан.
Подшоҳзода билан паризод бир-бирларига салом бериб, иккиси ҳам ҳушларидан кетиб қолибди. Подшоҳзода ҳушига келиб паризодга қараб, уни севиб, саҳроларда кезиб юрганларини, юраги зардобга тўлганини айтиб байт ўқибди. Паризод:
— Ҳа, подшоҳзода, калла деб қовоқни кийиб олган экансиз-да. Битта жодугар кампирнинг сўзига кириб, бола қилганингизга раҳмат. Қудуқнинг ичидан чиққан қора от мен бўламан, билмай аравага қўшдингиз. Қирқ одимни бир одим қилдим. Қора отни жодугарга сўйиб берганингизда уч терак бўлиб кўкариб чиқдим. Бешик билан эшик қилдирдингиз, бешикдаги болани қисиб ўлдирдим, эшикда кампирни сиққанимда ажратиб олдингиз — билмадингиз, уялганимдан қўйиб юбордим. Боланинг доғини тортиб, кўздан ёш оқизиб ташқарига чиқдингиз. Қаландар келди, шох-шаббани унга инъом қилдингиз. Шох-шабба ўзича йиғиштирилиб осмонга чиқиб кетиб, қаландарнинг ҳовлисига тушди, — деганда, Подшоҳзода:
— Тўхтанг, маликам, бундан ортиқ менга гап йўқ, — деб ўқдай отилиб пастга тушибди. Отига миниб ўрдага келибди. Кампирнинг олдига кириб:
— Ҳа, жодугар, қани, ҳунарингни кўрсат, каптар бўлиб кўр-чи, — дебди. Кампир:
— Мен ҳали ҳунаримни кўрсатмайман. Ҳали тағин ўғил кўраман, шунинг тўйида кўрсатаман, — дебди. Подшоҳзода кампирнинг бош ювиб ўтирган жойидан сочидан бураб пастга олиб тушибди. Жаллодларни келтириб кампирни бир энликдан қирқиб ташлатибди. Подшоҳзода отаси олдига чиқиб:
— Э ота, меҳрибоним, суюнчи беринг, ёримни топдим, — дебди. Подшоҳ дарҳол карнай-сурай қўйдирибди. Дод қирқта соябон аравага қиз-жувонларни солиб, ўйин-кулгилар билан ёрини олиб келибди. Қирқ кеча-кундуз тўй қилиб, Дод паризодга уйланибди. Подшоҳ Додни ўз ўрнига подшоҳ қилибди. Мурод-мақсадга етибди.