Ота васияти (2)

Бир одамнинг уч ўғли бор экан, ўладиган вақтида катта ўғлини чақириб:
— Ўғлим, мен ўлсам уч кун гўримни пойлайсанми? — дебди. Ўғли:
— Йўқ, мен пойламайман, — дебди. Отаси ўртанча ўғлини чақириб:
— Ўғлим, мен ўлсам сен гўримни уч кун пойлайсанми? — дебди. Ўртанча ўғли:
— Йўқ, мен пойламайман, — дебди. Кичик ўғлини чақириб:
— Ўғлим, мен ўлсам уч кун гўримни пойлайсанми? — деб сўрабди.
Кичик ўғли:
— Ота, уч кун эмас, юз кун пойлагин десангиз ҳам пойлайман, — дебди. Васият тамом бўлгандан сўнг, ҳалиги одам ўлибди. Кичик ўғли отаси ўлгандан кейин гўрни пойлаб ётибди. Ярим кеча бўлганда бир оқ от осмондан яроқ-аслаҳа, кийим-кечак билан тушиб гўрни уч марта айланибди. Шу пайт бола уйғониб отни ушлабди. Бола отдан:
— Нима учун сен гўрни уч марта айландинг? —деб сўрабди. Оқ от:
— Мен отангнинг тириклигида унинг амрида юрардим, ҳозир отангнинг гўрини зиёрат қилиб чиқиб кетаман, — дебди-да, кетаётганида ёлидан бир тола юлиб, боланинг қўлига бериб:
— Қачон бошингга бир мушкул иш тушса, шу мўйни тутатиб йўқласанг, ҳозир бўламан, — дебди.
Бола эртасига кечаси яна бориб пойлаб ётибди. Яна ярим кечада осмонда бир қора от парвоз этиб ерга тушибди-да, гўр атрофидан уч марта айланибди. Бола ўрнидан туриб қора отни ушлабди ва:
— Нима учун сен келиб гўрни уч марта айландинг? — деб сўрабди.
Шунда от:
— Мен отангнинг оти эдим, қачон мингиси келса йўқлаб олар эди. Ҳозирда ўлган экан, шунинг гўрини зиёрат қилиб кетиш учун осмондан тушдим, энди мендан сенга бир нишона қолсин, — деб бир тола ёлидан юлиб, боланинг қўлига берибди.
— Қачон бошингга бирор мушкул иш тушса, мана шу мўйни тутатсанг, мен ҳозир бўламан, — деб учиб кетибди.
Учинчи куни бола яна бориб гўрни пойлабди. Ярим кеча бўлганда яна бир саман от осмондан тушиб, гўрни уч марта айланибди. Бу ҳам ясатиғлиқ экан. Бола саман отдан сўрабди:
— Нима учун отамнинг гўрини уч марта айландинг!
От айтибди:
— Мен отангнинг оти эдим, қайси вақтда зарур бўлиб қолсам, келиб хизматини бажо келтириб кетар эдим. Отанг ўлибди, унинг гўрини зиёрат қилиб кетиш учун тушдим, — дебди-да, у ҳам мўйидан бир тола юлиб, боланинг қўлига берибди.
Шу билан уч кунлик васият тамом бўлибди. Тўртинчи куни бола яна бориб гўрни пойлаган экан, ҳеч ким келмабди, шу билан гўрни пойлаш ҳам тамом бўлибди. Отадан қолган мол-дунёни уч ўғил бўлиб олишибди. Бу мол-дунёни сарф этиб, тамомлаб, энди улар уч оғайни юртнинг молини — подасини боқадиган бўлишибди. Шу билан тирикчилик ўтказиб юришибди. Лекин акалари шунда ҳам тўғри юрмасдан юртнинг сигири, бузоғини сотиб еб, сўйиб еб, халқни тинчитмай қўйишибди. Шунда эл катталари кўплашиб буларнинг учовини ҳам шаҳардан ҳайдаб юборишибди. Булар учови бошқа шаҳарга жўнашибди. У шаҳарда ҳам молларни йиғиб подачилик қилиб юришибди. Кичкина укаси мол боқиб юрганда, ҳалиги икки акаси шаҳарга томоша қилгани тушиб кетишибди. Шаҳарда улар бир ғавғога дучор бўлибдилар. Подшо бир равоққа қирқ поғоналик шоти қўйдирибди. У шотининг тепасига қизининг равоғини қурдирибди ва халойиққа жар солиб:
— Ҳар ким ҳо от билан, ҳо эшак билан, ҳо туя билан чиқиб қизимнинг қўлидан бир коса сув олиб ичса, унинг қўлидан нишонлик узукни олиб тушса, қирқ кун тўйини қилиб, эл-юртга ош бериб, никоҳ қилиб бераман, — дебди. Бу хабар юртга машҳур бўлибди. От минган ҳам жўнабди, эшак минган ҳам жўнабди, туя минган ҳам подшонинг эшиги тагига қараб жўнабди. Халойиқ кўрсаки, от, эшак, туя минганлар қирқ поғоналик шотига чиқа олмай, ерга қулаб тушаверибди. Бу ҳодисани кўрган иккала ака-ука подачи укаларининг олдига қайтиб келибдилар ва укаларига:
— Эй, ука, шаҳарда шундай томоша кўрдик, жуда ажойиб, — дебдилар. Шунда укаси:
— Қандай томоша экан? — деб сўрабди. Акаси:
— Подшо қирк поғоналик шоти қўйиб, ҳар ким от ўйнатиб чиқиб, қизнинг қўлидан бир пиёла сув ичса, узугини олиб қайтиб тушса, шу одамга қизимни қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб бераман, деб ваъда берибди. От минган ҳам, эшак минган ҳам, туя минган ҳам “чуҳ”, деб шотига чиқиш учун ҳаракат қилди, ҳеч қайсиси чиқолмади — йиқилди, майиб бўлиб қайтиб кетди. Шундай томошаларни бизлар кўрдик, ука! — дебди. Бу хабарни эшитган укаси:
— Эртага молни сизлар боқинглар, мен ҳам шаҳарга тушиб томоша кўриб келайин, — деса, акалари:
— Йўқ, сен кетсанг биз оч қоламиз, — деб унга жавоб беришмабди. Эртасига акалари яна ўша томошани кўргани кетишибди. Укаси кечгача молларни боқиб тўйғазиб, бир толнинг тагига тўплаб ётқизиб қўйибди. Оқ отнинг тутатқисини тутатибди. Осмондан ўша оқ от яроқ-аслаҳа, кийим-кечаги, сарпоси билан учиб тушибди. Подачи бола сарпони кийиб, яроқ-аслаҳани белига тақиб, отни миниб, подшонинг ўрдасига кириб борибди. Бориб, шотига отини тўғри қилиб “чуҳ!” деган экан, от ўйнаб иккам қирқ поғонага чиқибди, отнинг бошини тортиб қайтиб тушибди. Пастда турган оломон: ”Эй, бола, яна “чуҳ” дегин, “чуҳ” десанг чиқиб кетар эди”, деб қола беришибди. Бола қайтиб келиб молини ҳайдаб, боқиб юраверибди. Кечқурун акалари келиб болага:
— Бугун бир бўз отлиқ одам келиб шотига отни рўпара қилиб “чуҳ” деди. От иккам қирқ поғонага чиқди. Отнинг бошини қайтариб тушиб кетди, — деб укасига айтишибди. Укаси:
— Бугун менга жавоб берсаларинг, молни сизлар боқиб турсаларинг, мен ҳам томошани бир кўриб келсам, — деган экан, акаси:
— Эй, ука, сен кетсанг биз нима еймиз? — деб укасига жавоб бермабди. У кеча ўтибди, тонг отибди, акалари яна томоша учун шаҳарга кетибдилар. Бола молларни боқиб, тўйғизиб, толнинг тагига ётқизиб қўйибди. Бола саман отнинг тутатқисини олиб тутатибди. Шунда саман от яроқ-аслаҳалари, сарпоси билан осмондан тушибди. Бола сарпони кийибди, яроқ-аслаҳаларни белига тақибди. Отни миниб подшонинг ўрдасига кириб келибди. Одамлар кўрдики, бу от кечаги келган отдан қирқ чандон юқори. Бола шотига отни рўпара қилиб “чуҳ!” дебди. Бир кам қирқ поғонага от ўйнатиб чиқибди. Отнинг бошини тортиб кетига қайтарибди. От шотидан тушиб кетибди. Одамлар: ”Номард экан, баччағар, “чуҳ” деса чиқиб кетар эди-я”, дейишибди. Кун кеч бўлибди, халойиқ томоша тамом бўлди, деб уйига қайтиб кетибди. Акалари қайтиб бориб, укасига:
— Кечаги от бугунги келган отнинг ярим баробарича ҳам эмас, ўзи саман, ”чуҳ” дейи-ши билан бир кам қирқ поғонага ўйнаб чиқди, агар яна бир “чуҳ” деса қирқ зинага бемалол чиқиб кетар эди, отнинг бошини тортиб, қайтиб тушиб кетди, — дейишибди. Шунда укаси:
— Бугун сизлар молни боқиб турсаларинг, мен ҳам бориб шу томошани бир кўриб келсам, — дебди. Шунда акалари:
— Сен кетсанг биз нима еймиз? — деб укасига жавоб беришмабди.
У кеча бориб ётибдилар, тонг отибди. Акалари яна томошага қараб кетибди. Укаси молни боқиб тўйғазиб, тўплаб олиб келиб, бир толнинг тагига ётқизибди. Учинчи қора отнинг тутатқисини тутатибди. Қора от осмондан яроқ-аслаҳалари, кийим-сарпоси билан тушиб келибди. Бола сарпони кийибди, яроқ-аслаҳаларни белига тақибди. Отни миниб, подшонинг ўрдасига кириб келибди. Маъраканинг ичига кириб, отини айлантириб ўйнатибди. Сўнгра отнинг бошини шотига рўпара қилиб “чуҳ” дебди. От ўйнаб қирқ поғонага чиқиб, қизнинг тахтига етибди. Йигит отдан тушиб қизнинг қўлидан бир коса сув ичиб, унинг қўлидаги узугини олиб қайтиб тушибди. Бола ўз жойига қайтиб, отни қўйиб юбориб, ўз подасини боқиб юра берибди. Акалари қайтиб келиб подшонинг уйида тўй-томоша бўлгани, қанча от, эшак, туя, одам ўлгани ҳақида укасига бирма-бир баён этибдилар.
— Биринчи от иккинчисига қараганда ҳеч от эмас, аммо бугун учинчи бир от кириб келди. Ўрдада ўйин қилиб, қирқ поғоналик шотига чиқди. Баҳодир йигит ҳам отдан тушиб, подшонинг қизи қўлидан бир коса сув ичиб, қўлларидан узукни олиб тушиб кетди.
Укаси:
— Сизлар шунча яхши томошани кўрдинглар, менга ҳам бир кун жавоб берсаларинг мен ҳам шундай томошани бир кўриб келсам, — деганда, акалари тўй тамом бўлганини айтибдилар.
Уч ака-ука аввалгича молларни боқиб юраверибдилар. Кунларнинг бирида подшо юртга:
— Кимда-ким қизимнинг қўлидан сув ичган, узугини олган бўлса, ўрдага келиб ўзини танитсин, тўйни бошлаймиз, — деб хабар берибди.
Подшо бир одамнинг қўлига обдаста ва чилопчин бериб: “Ҳар ким қўлини ювса, қизимнинг қўлидан олган узукни кўрсанг, менга хабар берасан”, — дебди. Ҳар куни эл-юртни чақириб ош-нон тортиб, ўттиз кунгача ош бериб, одамларнинг қўлларига сув берибди. Ҳеч кимдан бу нишона узук чиқмабди. Подшо:
— Ҳеч одам қолмадими? —деб сўрабди. Вазир:
— Агарда қолган бўлса, қишлоқда мол боқиб юрган подачилар қолгандир, — деб жавоб берибди. Подшо уларни ҳам айттириб келишга буюрибди. Бир вазир бориб уларни олиб келибди. Қўлига сув қуйиб қарасалар, ҳалиги подшонинг қизи қўлидаги узук кичик ўғилнинг қўлидан чиқибди. Икки ака:
— Қандай қилиб бизнинг укамизга бу узук тегиб қолибди, — деб ҳайрон бўлибдилар.
Бола отасининг гўрини уч кун пойлаганда бўлган сир-асрорни айтибди. Шунда акалари биз отамизнинг васиятини қулоғимизга олмадик, деб пушаймонлар қилиб, укасининг тўйини томоша қилибдилар.
Қирқ кун тўй-томоша қилиб, подшо қизини унга никоҳлаб берибди.
Орадан бир ой ўтибди. Подшо ўлибди. Унинг ўрнига куёвини юрт подшоҳи қилиб кўтарибдилар. Акалари укасининг бу давлатга эга бўлганини, ўзларининг расволигини кўриб:
— Ҳар ким ота васиятини қулоғига олмаса, ана шундай расвойи олам бўлиб, кўчада қолар экан, деб афсусланибдилар. Кенжа ўғил мурод-мақсадига етибди.