Омонат

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир эр-хотин бор экан. Бир куни хотини оғир касал бўлиб қолибди. У йигит хотинини жуда ҳам яхши кўрар экан. Хотини қазо килгач, уни кўмиб, гўрининг тепасидак кетмай, хафа бўлиб ўша ерда ётаверибди. Соч-соқоллари ҳам ўсиб кетибди. Бир пайт қари чол келиб қолибди ва ундан:
— Бу ерда нима қилиб ўтирибсан, ўғлим? — деб сўрабди. Йигит:
— Менинг бир яхши хотиним бор эди, ўлиб қолди. Шунга аза тутиб, хафа бўлиб ўтирибман, — дебди.
— Ўғлим, агар мен хотинингни тирилтириб берсам, сен ярим умрингни унга беришга розимисан? — деб сўрабди чол.
Йигит рози бўлибди. Шундан кейин чол унинг хотинига жон ато этибди. Хотини тирилибди. Йигит хотинига:
— Мен сени деб бир неча кундан бери шу ерда уйқусиз ўтирибман. Энди бирпас тиззанга бош қўйиб, дам олсам, — дебди.
Йигит хотинининг тиззасига бош қўйибди-ю, кўзи уйқуга кетибди. Шу пайт йўлдан отда подшо билан вазир ўтиб қолишибди. Подшо хотинни кўриб, ундан сўрабди:
— Эй, соҳибжамол, сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан?
— Тиззамда ётган киши — менинг эрим, дам оляпти, — дебди хотин.
— Шу бадбашара одам сенинг эрингми? Шуни ҳам эр қилиб юрибсанми? Мен билан кетмайсанми? — деб сўрабди подшо.
— Жоним билан кетаман, — дебди хотин.
Подшо уни отга миндириб олиб кетибди. Йигит уйғониб уйқудан турса, хотини йўқ эмиш. Йўлга чиқиб қараса, отнииг излари бор экан. Йигит ўша изларнинг кетидан кетаверибди. От излари уни подшо саройига олиб кирибди. Йигит подшо саройига кириб қараса, тахтда подшо ёнида хотини ўтирган эмиш, Йигит подшога:
— Мен ухлаб ётганимда, сиз менинг хотинимни олиб кетиб қолибсиз. Унга рухсат беринг, — дебди.
— Бу сенинг хотининг эмас. У мен билан бирга қолади, — дебди подшо.
— Мен унга ярим умримни берган эдим. Менга қайтиб беринг, — дебди йигит.
— Сени хотининг эканлигини қандай исбот қиласан? Гувоҳ топиб келгин, — дебди подшо.
Йигит нима қилишини билмай, хафа бўлиб чиқиб кетибди. Йўлда ҳалиги чолни учратиб қолибди. Чол:
— Ҳа, ўғлим, нима қилиб юрибсан? — деб сўрабди. Шунда йигит чолга бўлган воқеани айтиб берибди.
— Қўй ўғлим, хафа бўлма, ҳозир бирга борамиз, —дебди чол.
Иккови йўлга тушибдилар. Подшо ҳузурига киришибди. Унинг хотини ясан-тусан қилиб, тахтда ўтирган экан. Чол:
— Эй подшо, бу йигитнинг хотинига рухсат бергин,— дебди.
У хотинга ҳам бу тахт, зеб-зийнатлар, ҳашамлар жуда ёқиб қолган экан, у ҳам подшонинг гапини тасдиқлабди.
Чол хотинга:
— Бу йигитнинг омонатини бергин, — дебди.
— Омонатингни олсанг олавер, — дебди хотин.
— Омонатимни олдим, — дебди йигит ҳам.
Шу пайт хотин бирдан ҳушсизланиб, ўзидан кетиб қолибди. У ўлган экан. Шундай қилиб, хотин подшога ҳам, йигитга ҳам насиб этмабди.