Олти аҳмоқ ва бир тўқмоқ

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда олти аҳмоқ ва бир тўқмоқ яшаган экан.
Улар биргалашиб сабзи экишибди. Тўқмоқ аҳмоқлардан:
— Сабзининг остини оласизларми ёки устиними? — деб сўрабди.
Аҳмоқлар сабзини биринчи марта экаётганлари учун нима дейишни билмай, ўйлаб-ўйлаб:
— Устини биз оламиз, дейишибди. Тўқмоқ сабзи ҳосилини пуллабди, қолганини эса мазза қилиб қиши билан еб чиқибди.
Келаси йили буғдой экишибди. Тўқмоқ яна сўрабди:
— Остини оласизларми ёки устиними? Аҳмоқлар бир овоздан:
— Энди остини оламиз, — дейишибди.
Бу гал ҳам аҳмоқлар зарар кўришибди. Тўқмоқ эса буғдойни сотиб, пул қилиб олибди.
Кунлардан бир кун улар ҳўкиз сўймоқчи бўлишибди. Улар ҳўкизни тўқмоқникида сўйишибди. Тўқмоқ ҳўкиз терисини олиб бозорга борибди ва уни арзонгинага сотиб, йўлда келаётса, бир кампир сув қайнатаётган эмиш. Тўқмоқ унга ёрдамлашмоқчи бўлибди. Кампир:
— Сен сувни қайнатиб тургин, мен сигир соғиб келай, — дебди. Шу пайтда кампир ўз ўйнашини ўрага бекитиб кетган экан. Буни тўқмоқ сезиб қолибди-ю, қайнаган сувни ўрага қуйиб юборибди, у ердаги эркак эса ўлиб қолибди.
Кампир келса, сув ҳалиям қайнамаган эмиш.
— Сувинг ҳалиям қайнамадими? — деб сўрабди кампир.
Тўкмоқ:
— Ўрада сичқон бор экан, устига қайнаган сувни қуйвордим, — дебди.
Кампир хафа бўлиб, роса йиғлабди. Кейин иккалови ўликни кўмишибди. Кампир тўқмоққа бўлган ишни ҳеч кимга айтмаслигини тайинлаб, эвазига катта пул берибди.
Тўқмоқ хурсанд бўлиб, уйига келиб, пулларни санаб ўтирса, олти аҳмоқ кириб келибди. Уларнинг кўзлари ўйнаб кетиб:
— Бу пулларни қаердан олдинг? — деб сўрашибди. Тўқмоқ:
— Сизлар менинг уйимда ҳўкизимни сўйдинглар. Бозорда нима пул, тери пул экан, сотиб пулим кўпайиб кетди, — дебди.
Бу гапдан олти аҳмоқ ҳовлиқиб кетиб, бориб ўз ҳўкизларини сўйишибди. Тўқмоқ ҳам бориб, улар сўйган ҳўкизнинг гўштидан мазза қилиб ебди. Аҳмоқлар терини бозорга олиб боришса, ҳеч ким сўрамасмиш ҳам. Арзонгинага сотиб келишибди.
Аҳмоқлар “тўқмоқ яна бизни алдабди” деб, ундан қасд олмоқчи бўлишибди. Уни ўлдириш учун уйига боришибди. Узоқдан аҳмоқларнинг, келаётганини кўрган тўқмоқ қочиб кетибди. Алам қилганидан аҳмоқлар унинг онасини ўлдиришибди.
Тўқмоқ йиғлаб-йиғлаб онасининг ўлигини эшакка ортиб, кўмишга мозорга олиб кетаётса, йўлда хирмонга дуч келибди. Эшаги хирмонга кириб кетиб қолибди. Хирмоннинг эгаси катта бой экан. Эшакнинг дон еяётганини кўрган бойнинг ўғли эшакка “қоч, қоч” деб узун чўп билан ура кетибди. Шунда бирдан ўлик ағанаб тушибди. Буни кўрган тўқмоқ:
— Онамнинг хунини тўлаб беринглар, — деб бақирибди.
Қўрқиб кетган бой бутун хирмонини, яна устига анча пул ҳам берибди. Тўқмоқ онасини кўмиб, уйига келиб пулларини ҳисоблаб ўтирса, яна аҳмоқлар келиб қолишибди. Улар ҳайрон бўлиб:
— Бу пулларни, шунча донларни қаердан олдинг? — деб сўрашибди.
— Бозорда нима пул, ўлик пул экан. Сенлар менинг онамни ўлдирдинглар. Бу пуллар ўшаники, — дебди.
Олти аҳмоқ бориб ўз оналарини ўлдиришибди. Бозорга олиб бориб, “ким олади, сотамиз”, деб бақириб юришибди. Одамларнинг жаҳли чиқиб, уларни сўкиб-сўкиб бозордан ҳайдаб юборибди.
Аҳмоқлар оналарини кўмиб келгач, “тўқмоқ бизни яна алдабди-да” деб, унинг уйига ўт қўйишибди.
Тўқмоқ хафа бўлиб, уйининг кулларини аравага ортиб йўлда кетаётса, кампирларга дуч келибди. Улар:
— Бизни миндириб кетгин, болам, — деб туриб олишибди.
Тўқмоқ:
— Мен буғдой олиб кетаётибман, сизларни устига миндирсам, у кулга айланиб қолса, нима қиламан? Ҳақини тўлайсизларми? — дебди.
Кампирлар ҳайрон бўлиб:
— Бунақа бўлиши мумкин эмас. Майли, бўпти ҳақини тўлаймиз, — дейишибди. Етиб боргач, тўқмоқ қопларни кўрсатиб, кампирларга:
— Мана қаранглар, буғдой кулга айланиб қолибди. Энди тўлаб беринглар, — деб туриб олибди.
Кампирлар ҳам охири пул йиғиб беришибди. Тўқмоқ уйига келиб, пулини ҳисоблаб ўтирса, аҳмоқлар келиб қолишибди.
— Бу пулларни қаердан олдинг? — деб сўрашибди.
— Уйимнинг кулини сотдим, — дебди тўқмоқ. Олти аҳмоқ дарҳол уйларига ўт қўйишибди. Унинг кулларини йиғиб, бозорга олиб бориб:
— Ким кул олади, ким кул олади? — деб бақириб юришибди.
Бозорда ҳамма уларни масхара қилиб кулибди. Улар, “Биз яна алдандик”, деб тўқмоқни топиб, уни ўлдиришга аҳд қилишибди.
Тўқмоқ аҳмоқларнинг чопиб келаётганларини кўриб, дашт томонга қочиб кетибди. Чопиб кетаётиб бир чўпонга дуч келибди. Чўпон:
— Нега улардан қочиб келяпсан? — деб сўрабди. Тўқмоқ:
— Улар мени бек қилмоқчи эдилар, мен эса бек бўлишни истамайман, — дебди.
Чўпон:
— Мен бек бўлишни истайман, — дебди-да, тўқмоқнинг кийимларини алмаштириб кийиб олиб, олти аҳмоққа рўпара бўлибди.
Олти аҳмоқ “ҳали сени бек қиламизми”, деб чўпонни ўлдириб, сувга отиб юборишибди.
Тўқмоқ эса қўйларни боқиб, ўз кунини кўриб юраверибди. Бир куни у қўйларни ҳайдаб ўз қишлоғига борибди. Аҳмоқлар уни кўриб ҳайрон бўлишибди.
—    Қаердан келяпсан? Шунча қўйни қаердан олдинг? — деб сўрашибди.
Тўқмоқ:
— Дарёнинг тагидан ҳайдаб чиқдим, — дебди ва аҳмоқларни дарёга олиб борибди. Уларга ўз қўйларининг аксини кўрсатибди. Аҳмоқлар “қўй кўп экан-да” деб ўзларини сувга ташлашибди.
Шундай қилиб аҳмоқлар сувда чўкиб, ўлиб кетишибди. Аҳмоқларнинг хотинлари эса тўқмоқнинг ёнига келиб, “эрларимизни топиб берасан”, деб туриб олишибди. Аҳмоқлар хотинларига тамға босиб қўйган экан. Тўқмоқ уларни қозига олиб бориб:
— Булар отамнинг чўрилари, ишонмасангиз, тамғасига қаранг. Улар қочиб кетишмоқчи, — дебди.
Қози хотинларга бундан буён тўқмоқнинг чўриси эканликларини айтиб, қоғоз ҳам қилиб берибди.
Аҳмоқнинг хотинлари тўқмоққа чўрилик қилиб умр ўтказишибди.